Марказий Осиёнинг барқарор тараққиёти кўп жиҳатдан улкан сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий салоҳиятга эга Ўзбекистон билан ҳамкорлик даражаси ва сифатига боғлиқ. Шу боис Қозоғистон ўз ташқи сиёсатида Ўзбекистон билан ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратади.
Бу ҳақда Қозоғистон Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев ёзган “Вақт синовидан ўтган дўстлик” мақоласида сўз юритилади.
“Қозоғистон ҳам, Ўзбекистон ҳам Марказий Осиё минтақасидаги етакчи давлатлар бўлиб, барча йўналишлар бўйича фаол ҳамкорлик йўлини тутган. Бу борада Абадий дўстлик ҳақидаги (1998) ва Стратегик шериклик тўғрисидаги шартномалар (2013) асосий пойдевор вазифасини ўтамоқда. Президентимизнинг 2013 йил июнь ойидаги Ўзбекистонга ташрифи нафақат сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, сув-энергетика, экология, маданий-гуманитар, ҳарбий-сиёсий ва бошқа соҳалардаги ўзаро ҳамкорликнинг асосий принциплари ва устувор йўналишларини мустаҳкамлаган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома имзолангани билан муҳим, балки икки мамлакат ички ишлар ва божхона хизматлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатлар имзолангани билан ҳам аҳамиятлидир”, – деб ёзади Қозоғистон элчиси.
2016 йил 14-15 апрелида Н. Назарбоевнинг Ўзбекистонга навбатдаги ташрифи чоғи ҳам президентлар халқаро ва минтақавий сиёсатнинг асосий муаммолари юзасидан позицияларини яна бир бор аниқлаб олди. Бундан ташқари, Қозоғистон Президенти Н.Назарбоев ШҲТнинг юбилей саммитида иштирок этиш учун Тошкентга ташриф буюрди.
“Давлат раҳбарларининг мунтазам учрашувлари халқаро ва минтақавий муаммоларга баҳо бериш борасида мамлакатлар позицияларини сезиларли яқинлаштиради. Хусусан, расмий Тошкент 2017-2018 йилларда Қозоғистоннинг БМТ Хавфсизлик Кенгашида муваққат аъзолигига сайланиш таклифини қўллаб-қуввватлади, Остонада ўтадиган ЕХРО-2017 Халқаро кўргазмасида иштирок этишга розилик берди, БМТ Бош Ассамблеясининг 70-юбилей сессиясида Қозоғистоннинг Ядро қуролидан холи, тинчликка эришиш бўйича Умумдекларацияси резолюциясини биргаликда илгари суришни таъминлади”, – деб ёзади элчи Е. Утембаев.
Дипломат Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримовнинг вафотини қозоғистонликлар чуқур қайғу ила қабул қилганини айтади.
“Минглаб қозоғистонликлар чегарадан ўтиб қондош қўшниларига ҳамдардлик сўзларини билдириш учун яна турнақатор навбатда турди. Ҳозир ҳам чегарада тумонат одам, чунки ўзбек халқи иродаси билан мамлакат Президенти сайланди. Нурсултон Абишевич биринчилардан бўлиб Шавкат Миромонович Мирзиёевни муносиб ғалаба билан табриклади, Қозоғистонга расмий ташриф билан келишга таклиф этди, истиқболдаги мақсадларга эришишда муваффақият тилади. Мустақил Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи бошланмоқда. Қозоғистонликлар мазкур воқеа муносабати билан яқинлари, танишлари ва қадрдон қўшниларини табриклашга ошиқмоқда. Қолаверса, мазкур воқеа яна бир тантана – Қозоғистон Республикаси мустақиллигининг 25 йиллик тўйи билан уланиб кетмоқда. Байрамларда қўшнилар ҳамиша бирга. Демак, чегара яна одамлар билан гавжум бўлади. Зеро, мустақиллик ҳар қандай давлатнинг бош байрами”, – дейди дипломат.
Мақолада икки давлат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар хусусида ҳам атрофлича мулоҳаза юритилган.
“Савдо-иқтисодий ҳамкорлик қардошлик муносабатларимизнинг асосидир. Бу борадаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш йўлида 50 дан зиёд давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжат имзоланган. Энг муҳими, давлатларимизнинг минтақаларимиз ўртасидаги ҳамкорлигини фаоллаштириш, маҳсулот ва хизматларни ташқи бозорга олиб чиқиш учун қўшма корхоналар барпо этиш зарур. Элчихона ҳам шу масала билан шуғулланмоқда”, – деб ёзади Е.Утембаев.
Қайд этилишича, жорий йил 22 сентябрда савдо-иқтисодий ҳамкорликни фаоллаштириш масалалари Қозоғистон бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Маминнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғи муҳокама қилинди. Музокаралар якунида Қозоғистон Республикаси ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишлари хусусида икки томонлама ҳужжат имзоланди.
7-8 октябрь кунлари Ўзбекистон делегациясининг Остонага жавоб ташрифи амалга ошди. Қозоғистон бош вазири Б.Сагинтаевнинг Ўзбекистон бош вазири ўринбосари У.Рўзиқулов билан учрашувида савдо-иқтисодий муносабатларнинг барча йўналишлари, жумладан, нефтни қайта ишлаш, кимёвий тармоқларда ҳамкорликни жадаллаштириш, сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олинди.
2015 йил якунига кўра, Ўзбекистон савдо айланмасида Қозоғистоннинг умумий ҳиссаси 12 фоизни (Хитой ва Россиядан кейин) ташкил этди. Ўзбекистон Давлат статистика қўмитаси маълумотига қараганда, 2016 йилнинг биринчи ярим йилида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 1,1 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган. 2015 йилнинг ўша даври билан таққослаганда бу кўрсаткич 22,5 фоизга қисқарган. Буни глобал иқтисодиётдаги танглик билан изоҳлаш мумкин. Аммо транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорлик мазкур рақамларни сезиларли даражада ўзгартириши мумкин. Қозоғистон учун Ўзбекистоннинг йирик транспорт лойиҳалари – тезкор темирйўл магистраллари тармоғи (Ўзбекистоннинг шимоли-ғарбий – жануби-ғарбий йўналиши), Ангрен-Поп темир йўл магистрали, Қамчиқ довони орқали автотрассанинг кенгайтирилиши, Навоий шаҳри аэропорти базасидаги Халқаро интермодал логистика марказининг ривожланиши муҳим аҳамиятга эга.
“Яқинда мен Навоий вилоятига амалий ташриф билан бордим. Навоий эркин иқтисодий зонаcи доирасида кўплаб инновацион корхоналар самарали фаолият кўрсатмоқда. Вилоят фаоллари билан учрашув чоғида Учқудуқ – Қизилўрда темир йўл тармоғини қуриш истиқболларини муҳокама қилдик. Мазкур йўналиш Қозоғистоннинг ғарбий ва шарқий қисмидаги мавжуд темир йўлларини тўлдирувчи яхшигина йўналиш бўлиши билан бирга, Қозоғистон маркази, Россия Урали ва Сибирини Ўзбекистон билан боғлаш имконини беради. Истиқболда эса Туркманистон, Афғонистон ва Эронга биргаликда чиқишнинг реал имкониятидир. Албатта, мазкур масала чуқур ўрганишни талаб этади, аммо унинг ҳаётга татбиқ этилиши икки ва кўп томонлама ҳамкорликнинг янги қирраларини очади”, – деб ҳисоблайди Қозоғистон элчиси.
Таъкидлаш керакки, ўзбек-қозоқ чегараолди савдоси ҳам бирмунча кенгайди. Айни пайтда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида учрашувлар ўтказиш йўлга қўйилган. Жумладан, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ўзбек тадбиркорлари ва ишбилармонларини қозоқ шериклари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларидан хабардор қилишга йўналтирилган тадбирни ташкил этди, шунингдек, икки мамлакат ишбилармон доираларининг ўзаро ташрифини уюштирди. 2013-2015 йиллар мобайнида қозоғистонликларнинг 3 маротаба, ўзбек делегациясининг 2 маротаба ўзаро борди-келдиси уюштирилди. Жорий йил бошидан бери элчихона томонидан ўзбек тадбиркорларининг уч маротаба, қозоғистонлик тадбиркорлар гуруҳининг икки маротаба Тошкентга сафари амалга оширилди.
Дипломатга кўра, давлат раҳбарлари Марказий Осиёда сувдан адолатли фойдаланиш тизими масалаларида ягона позицияни тасдиқлайди. Мазкур позиция минтақадаги барча сув-энергетика муаммоларини фақат халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва минтақадаги барча мамлакатларнинг манфаатларини албатта ҳисобга олган ҳолда ҳал қилиш зарурлигига асосланади. Дарёларнинг юқори қисмида қурилиши режалаштирилаётган ҳар қандай гидротехник иншоотлар БМТ шафелигида халқаро мустақил экспертизадан ўтказилиши шарт ҳамда Амударё ва Сирдарёнинг қуйи қисмида жойлашган мамлакатлар билан ўзаро келишиб олиниши лозим.
“География бизни қўшниларга, тарих – қардошларга, вақт – стратегик иттифоқчиларга, иқтисодиёт эса – шерикларга айлантиргани бежиз эмас. Доим шундай бўлиб қолади, чунки бошқача бўлиши мумкин эмас”, – дея хулоса қилади Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Ерик Утембаев.
Ерик Утембаев узоқ йилларда буён Қозоғистон давлат идораларида фаолият юритиб келмоқда. Ўзбекистонга келгунга қадар у Қозоғистоннинг Эрон, Бельгия, Люксембург, Польша мамлакатларидаги элчиси, ЕИ ва НАТОдаги ваколатхонаси раҳбари лавозимларида фаолият юритган. У 2016 йил апрелдан Тошкентда ишлаб келмоқда.