Элмар Мамедёров: “Ҳақиқатдан йироқ баёнотлар тинчлик музокараларини йўққа чиқаради”

Арманистон ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбарининг дипломатик этикага тўғри келмайдиган баёнотлари Озарбойжон билан тинчлик музокараларига салбий таъсир этади. Бу ҳақда Озарбойжон Ташқи ишлар вазири Элмар Мамедёров Trend агентлигига берган интервьюсида маълум қилган.

Э.Мамедёров арманистонлик ҳамкасбининг оммавий ахборот воситалари орқали Озарбойжон билан муносабатларга доир билдирган фикрларини танқидий баҳолаган.

“Арманистон Ташқи ишлар вазирининг дипломатик этика қоидаларига номувофиқ баёнотлари музокаралар жараёни моҳиятини инкор этади. Унинг ҳақоратомуз баёнотлари зиддиятли характер касб этмоқда. Бу каби милитаристик ва агрессив баёнотлар фақат ички аудиторияга қаратилган”, – деган Озарбойжон Ташқи ишлар вазири.

Қайд этилишича, туҳмат ва айблов тусидаги баёнотлар минтақада тинчлик ўрнатиш йўлидаги саъй-ҳаракатларга салбий таъсир этади.

“Бу каби соғлом мантиққа тўғри келмайдиган, ҳаяжонли ва деструктив баёнотлар вазиятни баттар издан чиқариш, кескинликни янада кучайтириш ва охир-оқибат музокараларни йўққа чиқаришга сабаб бўлади”, – деб ҳисоблайди Э.Мамедёров.

Таъкидланишича, қўшни мамлакат раҳбарияти бу тарзда сиёсат юратидиган бўлса, ихтилофни бартараф этиб, барқарорлик ўрнатиш жуда мушкул кечади.

“Арман халқи ва халқаро ҳамжамият Арманистон раҳбариятининг бундай хатти-ҳаракатига ўзи баҳо бериши ва хулоса чиқариши лозим”, – деган Озарбойжон ташқи сиёсат маҳкамаси етакчиси.

Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.

Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.

Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.

С.Салим

Шу мавзудаги мақола:

Озарбойжон Ташқи ишлар вазири: Исломофобияга қарши курашни кучайтириш лозим. 19.10.2016