Озарбойжон Арманистон билан Тоғли Қорабоғ бўйича музокараларни ҳозирча тўхтатади. Бу ҳақда Озарбойжон Ташқи ишлар вазири Элмар Мамедёров Россия ТИВ Дипломатия академиясидаги чиқишида маълум қилган.
Э.Мамедёров Арманистонда жорий йил 2 апрель кунии ўтадиган парламент сайловидан кейин музокаралар бошланишини айтган.
“Мана, 30 йилки, Озарбойжон ва Арманистон ушбу муаммо билан рўбарў келмоқда. Кеча биз Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров билан Тоғли Қорабоғ зиддиятини бартараф этиш йўлларини муҳокама қилдик. Бу масала нафақат биз – Ташқи ишлар вазирлари, балки Озарбойжон ва Россия давлат раҳбарлари учрашувида ҳам муҳокама этилади”, – деган Э.Мамедёров.
Озарбойжон Ташқи ишлар вазирига кўра, зиддиятни ҳал этиш учун Арманистон сиёсий иродасини намойиш этиши лозим.
“Зиддиятни бартараф этиш билан машғул томонлар муаммонинг илдизини яхши билади. Ихтилофни ҳал этиш учун биринчи навбатда Арманистон босиб олинган ҳудудлардан ўз қўшинини олиб чиқиши ва минтақада хавфсизлик таъминланиши лозим. Сўнгра мажбуран кўчирилган озарбойжонликлар ўз она ерига қайтарилиши керак. Коммуникация ва темир йўл тармоқларини тиклаш лозим. Буларнинг бари минтақанинг иқтисодий тараққиётига хизмат қилади. Кейин эса Тоғли Қорабоғ мақоми билан боғлиқ масалани кўриб чиқиш лозим”, – деган Озарбойжон ТИВ Э.Мамедёров.
Икки мамлакат қўшини тўқнашган фронт чизиғидаги таранглик ҳақида гапираркан, Э.Мамедёров Арманистон қўшинлари оккупация қилинган ерларни тарк этиши шарти билан бу борада мониторинг ўтказишни таклиф қилган.
Эслатиб ўтамиз, расмий Боку Тоғли Қорабоғ ва унга туташ 7 та туман (Озарбайжон ҳудудининг 20 фоизи) Арманистон қуролли кучлари томонидан босиб олинган деб ҳисоблайди ҳамда қўшни давлат ҳарбийлари оккупация қилинган ҳудуддан чиқиши лозимлигини талаб қилади. Арманистон эса тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикаси манфаатларини ҳимоя қилиб келади.
Гарчи 1994 йилда келишув имзоланган бўлса-да, тўқнашувлар рўй бериб туради. Таҳлилчилар тинчлик келишуви жуда мўрт экани ва исталган пайт тўқнашув рўй бериши мумкинлигидан хавотир билдиради.
Расмий Бокуга кўра, Тоғли Қорабоғ муаммоси БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1993 йил 30 апрель, 1993 йил 29 июль ва 1993 йил 14 октябрда қабул қилган резолюциялар асосида тинч йўл билан ҳал қилиниши лозим.
С.Салим
Шу мавзудаги мақола:
Элмар Мамедёров: “Ҳақиқатдан йироқ баёнотлар тинчлик музокараларини йўққа чиқаради”. 04.02.2017