Финляндиялик дипломат Тери Ҳакала Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили этиб тайинланди. Европа Иттифоқи Кенгашининг тегишли қарори кўра, у жорий йил 1 июлдан ўз вазифасини бажаришга киришади. Бу ҳақда ЕИнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси матбуот хизмати хабар берди.
Айни пайтда ЕИнинг минтақа давлатлари билан ҳамкорлиги хавфсизлик, қонун устуворлиги, атроф-муҳит, сув ресурслари, иқлим ўзгариши, таълим, аёллар масалалари, инсон ҳуқуқлари каби соҳаларни ўз ичига олган. ЕИнинг Марказий Осиё стратегиясига мувофиқ, ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш, инвестицияларни рағбатлантириш ҳамда барқарор алоқани ривожлантириш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Махсус вакил минтақа мамлакатлари билан расмий Брюсселнинг ҳар томонлама ҳамкорлигини ривожлантиришга ҳисса қўшади.
Т.Ҳакала кўп йиллик дипломатлик фаолияти давомида Финляндия ташқи ишлар вазирлиги ҳамда ЕХҲТ тизимида масъул вазифаларни бажарган. Жумладан, Финляндиянинг Арманистон, Озарбойжон, Грузия Ҳиндистон каби мамлакатлардаги элчиси, ТИВнинг Россия, Шарқий Европа ва Марказий Осиё департаменти раҳбари, ЕХҲТнинг Грузиядаги миссияси раҳбари каби лавозимларда ишлаган. Сўнгги йилларда эса Финляндия ТИВда махсус элчи вазифасини бажарган.
Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакил Жосеп Боррель раҳбарлигида фаолият юритади ва унинг умумий ташқи ва хавфсизлик сиёсатини амалга ошириш бўйича ишларига кўмаклашади.