ЕИ–Озарбайжон: Брюсселдаги музокараларда қандай масалалар муҳокама этилди?

14 декабрь куни Озарбайжон президенти Илҳом Алиев Брюсселда Европа иттифоқи кенгаши раҳбари Шарль Мишель билан музокаралар ўтказди. Озарбайжон расмий ахборот агентлиги хабарига кўра, учрашувда Брюссель ва Боку ўртасидаги ҳамкорлик муҳокама этилди. Хусусан, ЕИ Озарбайжон ҳамда Арманистон муносабатларини изга солишда кўмакка тайёрлигини билдирди. Музокаралар жараёнида Арманистон билан чегараларни демаркация ва делимитация қилиш масалалари ҳам диққат марказида бўлди.

Қайд этилишича, Озарбайжон ЕИ билан энергетика хавфсизлиги соҳасида тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилмоқда. Бу борада ҳудудий яхлитлик ва ички ишларга аралашмаслик тамойилларига риоя этилмоқда.

ЕИ Арманистон билан муносабатларни илиқлаштиришда воситачилик қилмоқда. Буни Брюсселда ЕИ, Озарбайжон президентлари ҳамда Арманистон бош вазири Никол Пашинян иштирокида уч томонлама музокара ўтказилгани ҳам тасдиқлайди. Расмий Боку эса ЕИнинг бу борадаги ташаббусига хайрихоҳлик билан қарамоқда. Хусусан, президент Илҳом Алиев Испаниянинг EFE нашрига берган интервьюсида ЕИнинг чегараларни делимитация қилишдаги ташаббусини қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.

“ЕИ кўп нарсага қодир. Биз бу имкониятлардан фойдаланишга тайёрмиз ва ЕИга одил воситачи сифатида ишонч билдирамиз”, – деган И.Алиев.

Кузатувчиларга кўра, Боку ЕИдан бирор бир молиявий кўмак сўрамаяпти. Бу ҳолатни Шарль Мишель жорий йил июль ойида Бокуга сафари пайтида ҳам тасдиқлаган. Сўнгги газ инқирози эса ЕИнинг Озарбайжон билан ҳамкорликни янада кучайтиришини тақозо этади.

Сирасини айтганда, ЕИ урушдан кейинги муносабатларн қайта йўлга қўйишга ҳисса қўшиш истагида. Эслатиб ўтамиз, Озарбайжон армияси Қорабоғда 2020 йил 27 сентябрдан 9 ноябрга қадар кечган жангларда қарийб 30 йил ишғол остида бўлган ҳудудларини қайтариб олди. 2020 йилнинг 10 ноябрида Озарбайжон, Арманистон ҳамда Россия ўртасида уч томонлама битим имзоланди. 44 кунлик уруш якунида Қорабоғдаги 5 та шаҳар, 4 та посёлка ҳамда 286 та қишлоқ яна Озарбайжон тасарруфига ўтди.

И.Алиев Брюсселда уч томонлама битим шартларининг бажарилишини ҳам муҳокама қилган. Хусусан, НАТО бош котиби Йенс Столтенберг билан учрашувдан кейинги матбуот анжуманида мазкур битимга мувофиқ Зангезур коридорини очиш лозимлигини ёдга солган.

C.Cалим