10 август куни Тошкентда Европа Иттифоқи молиялаштираётган лойиҳа доирасида БМТ Тараққиёт дастури, Ўзбекистон Республикаси Гидрометеорология хизмати маркази билан ҳамкорликда давлат идоралари ҳодимларининг иқлим ўзгариши билан боғлиқ хавф ва таҳдидлар тўғрисида хабардорлигини ошириш бўйича тадбир ташкил этилди. ЕИ делегацияси матбуот хизмати хабарига кўра, тадбирда соҳа мутахассислари томонидан Фарғона водийсида иқлим ўзгариши натижасида юзага келадиган хатарлар мавзусида ўтказилган сўровнома натижалари эълон қилинди.
Ижтимоий тадқиқот Фарғона водийсида фаолият олиб борувчи соҳа вакилларининг иқлим ўзгаришига билан боғлиқ хавфлар, табиий офатлар ва тегишли мослашув чоралари ўртасидаги ўзаро боғлиқлик бўйича хабардорлиги етарли даражада эмаслигини кўрсатди. Респондентларнинг атиги 20 фоизи иқлим ўзгариши хавфларидан хабардор эканини тасдиқлаган. Республикадаги аҳоли энг зич жойлашган ва табиий ресурслардан фойдаланиш бўйича интенсивлиги юқор ҳисобланган Фарғона водийсида иқлим ўзгариши жараёнлари беқарор экани хавотир уйғотмай қўймайди.
Тадбир иштирокчилари минтақада иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва уларга мослашиш бўйича тизимли чора-тадбирларни қабул қилиш муҳим эканини таъкидладилар. Эътиборга молик жиҳати, сўровномада иштирок этган 92% респондент иқлим ўзгариши инсон саломатлигига, айниқса, аёллар турмуш даражасига салбий таъсир кўрсатишини айтиб ўтган.
Анжуман давомида иқлим ўзгаришига мослашиш ва унинг оқибатларини юмшатиш бўйича янги ёндашувлар, ғоя ва ташаббуслар юзасидан фикр ҳамда тажриба алмашилди. Тадбир якунида қарор қабул қилувчилар ва ўрта бўғиндаги тармоқ мутахассисларининг бу борадаги билим ва хабардорлигини ошириш мақсадида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.
Қайд этиш жоизки, БМТ Тараққиёт дастури Европа Иттифоқининг молиявий кўмагида “Марказий Осиёда иқлим ўзгариши ва барқарорлик” минтақавий лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳадан кўзланган мақсад Фарғона водийси, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон республикалари билан чегарадош ҳудудларда барқарорликни таъминлаш ва иқлим ўзгаришига чидамли ривожланиш моделларини қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен 2021 йил ноябрь ойида Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Европа Иттифоқи – Марказий Осиё форуми иштирокчиларига йўллаган мурожаатида ҳам минтақа аллақачон иқлим ўзгаришларидан азият чекаётганига эътибор қаратган. Еврокомиссия раҳбари ЕИ Марказий Осиёга яшил энергия ва экологик тикланиш бўйича ҳам кўмак беришини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йил январь ойида Германияда ЕИ шафелигида “Яшил Марказий Осиё” анжумани бўлиб ўтган. Ушб анжуманда ҳам ЕИнинг глобал иқлим ўзгаришига қарши курашдаги етакчилиги ва бу жараёнда Марказий Осиёга кўмак масаласи муҳокама этилган.
Шу мавзудаги мақолалар:
Ўзбекистон–Европа Иттифоқи: муҳим битим бўйича музокаралар муваффақиятли якунланди. 07.07.2022
Европа Иттифоқи Марказий Осиёдан нима истайди? 04.07.2019
Европа Иттифоқи Марказий Осиёда янги дастурни амалга татбиқ этишга киришмоқда. 04.07.2019