Европа Иттифоқи Ўзбекистоннинг тўртинчи йирик савдо ҳамкори бўлиб турибди. 2015 йил якунига кўра ўзаро савдо айланмаси 1 миллиард 792 миллион еврони ташкил этди. Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари, элчи Эдуардс Стипрайс 25 январь куни Тошкент ўтган Америка савдо палатасининг ойлик учрашувида маълум қилди.
Шу тариқа 2015 йил якунида ЕИ Ўзбекистон ташқи савдосининг 12 фоиз улушига эгалик қилиб, Хитой, Россия ва Қозоғистондан кейин ўринни эгаллаган.
Ўзбекистон билан савдо борасида ЕИ мамлакатлари орасида Германия етакчилик қилмоқда – унинг мамлакатимиз билан савдо айланмаси 440 миллион еврони ташкил этган.
Ўзбекистонга энг кўп етказиб берилувчи Европа маҳсулотлари учлиги машина, асбоб-ускуна ва механизмлар (608 млн евро), кимё саноати маҳсулотлари (421 млн евро), озиқ-овқат ва тирик ҳайвонлардан (123 млн евро) иборат. ЕИ мамлакатлари Ўзбекистондан харид қилган маҳсулотлар орасида эса кимё саноати маҳсулотлари (177 млн евро), тўқимачилик ва кийим-кечак (35 млн евро), мева-сабзавот ва бошқа қишлоги хўжалиги маҳсулотлари (23 млн евро) бор.
Қайд этиш жоизки, ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида 1996 йилда шериклик ва ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланган. Мазкур ҳужжатда ЕИ ва Ўзбекистон ўртасида импорт ва экспортга қўлланиладиган бож ва йиғимлар, тўғридан-тўғри ва билвосита солиқлар, сотув, харид, маҳсулотларни етказиб бериш, ички бозорда тақсимлаш ва фойдаланиш бўйича қулай муҳит яратилиши белгиланган.
Элчи Э.Стипрайс ўз чиқишида томонлар ҳозирги савдо ҳажмини қониқарсиз деб тан олгани ва уни кўпайтириш учун ҳаракат қилаётганини қайд этди. ЕИ ва Ўзбекистон савдо-иқтисодий муносабатларни рағбатлантириш йўлида бир қатор жиҳатларга эътибор қаратмоқда.
Биринчидан, томонлар икки томонлама савдо-иқтисодий муносабатларни мавжуд институционал механизмлар доирасида ривожлантириш учун мунтазам очиқ мулоқот ўрнатган. Бундан ташқари, айни пайтда Савдо ва инвестициялар бўйича кенгаш ташкил этиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Кенгашга расмийлар қаторида маҳаллий ишбилармонлар ҳамда Европа компаниялари вакиллари жалб этилади.
Иккинчидан, ЕИ мавжуд тўсиқларни олиб ташлаш орқали Ўзбекистондан тайёр маҳсулот сотиб олишни рағбатлантиради.
Учинчидан, ўзаро маҳсулот айирбошлаш ҳажмини кўпайтириш учун ЕИ молиявий кўмагида Ўзбекистонда қатор лойиҳалар амалга оширилаётир.
Қайд этилишича, Ўзбекистон ЕИдан ҳар йили миллионлаб евролик молиявий ёрдам олади ва бу маблағ биринчи навбатда иқтисодий ривожланишга йўналтирилади.
Элчи Э.Стипрайсга кўра, Ўзбекистонга молиявий кўмак миқдори 2014-2020 йилларда 168 миллион еврони ташкил этади. Шу тариқа бу кўрсаткич 2007-2013 йиллардаги қараганда 124 фоизга ошди. 2014-2020 йиллар оралиғида ЕИнинг Ўзбекистонга иқтисодий ривожланиш соҳасидаги кўмак дастури доирасида қишлоқларни ривожлантириш лойиҳалари амалга оширилади. Мазкур лойиҳалар маҳаллий фермерлар экспорт салоҳиятини орттиришга хизмат қилиши кутилмоқда. Шу тариқа Қозоғистон, Россия, Хитой, Жанубий Корея каби давлатларга қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини янада ошириш имкони туғилади.
Элчи Э.Стипрайс маҳаллий ишбилармонларнинг бошқарувчилик салоҳиятини оширишга қаратилган “Менежмент таълими дастури” хусусида ҳам маълумот берди. ЕИнинг мазкур дастур доирасида 2013-2017 йилларда Ўзбекистон фирма ва компаниялари раҳбарлари, шунингдек, маҳаллий бизнес уюшмалари экспертлари учун Европада амалиётлар ташкил этилди. Танлов асосида саралаб олинган 152 иштирокчи ЕИнинг 20 давлатидаги компания ва ташкилотларда малака оширди. Амалиёт давомида ўзбекистонлик менежерлар европалик ҳамкасблари билан тажриба алмашди, замонавий бошқарув услубларини ўрганди. Шу билан бирга, ўзбекистонлик ишбилармонлар ЕИдаги шериклар билан шартномалар имзолаб, қўшма корхоналар тузиш бўйича мустаҳкам алоқа ўрнатди.
Элчи Э.Стипрайс ўз маърузасида ўзбекистонлик ишбилармонларни ЕИга сармоя киритишга чақирди. Таъкидланишича, Жаҳон банки ҳар йили эълон қиладиган қулай бизнес муҳити бўйича рейтингда ЕИнинг 16 давлати юқори ўттизликка кирган. Бу жиҳатдан, ЕИнинг 500 миллион нуфусли бозори хорижий сармоядорлар учун қулай маскандир.
Ўз чиқиши якунида элчи Э.Стипрайс иштирокчиларнинг ЕИнинг Буюк Британия чиққанидан кейинги келажаги, Европада ўзбек талабаларининг таҳсил олиши учун имкониятлар, ЕИ давлатларининг Шенген битими ҳудудида янги хавфсизлик чоралари жорий этаётгани каби турли мавзудаги саволларига жавоб қайтарди.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола:
Эдуардс Стипрайс – Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси янги раҳбари. 20.09.2016