Швейцариянинг Давос шаҳрида ўтказилган Бутунжаҳон иқтисодий форуми қарийб 40 йиллик фаолияти давомида бугунгидай доираси кенг, мавзуси долзарб бўлмаган. Форум 2008 йилда вужудга келган ва тобора кучайиб бораётган жаҳон молиявий инқирози пайтига тўғри келгани унинг аҳамияти ва нуфузини яна бир карра оширди.
Ўтган йилнинг ўрталаридан бўй кўрсата бошлаган инқироз АҚШда катта миқдордаги ипотека кредитларининг ўз вақтида қайтарилмаслиги оқибатида келиб чиққанди. Уй-жой кредитлари бериш билан шуғулланувчи ташкилотлар бозорни тўла ўрганмай, иқтисодий талабларни етти ўлчаб бир кесмагани улкан миқдорда камомад юзага келишига сабаб бўлди. Оқибатда инқироз АҚШ, Европа, Осиёдаги кўплаб «бели бақувват» банкларни «ишдан чиқарди», унинг реал секторга таъсир қилиши эса аҳоли даромадининг камайишига олиб келди.
Шуни алоҳида қайд этиш керакки, бу жараёнда энг катта муаммолардан бири – ишсизликнинг ҳаддан ташқари кучайиши бўлди. Бутунжаҳон меҳнат ташкилоти маълумотларига кўра, сайёрамизда 2005 йилда ишсизлар сони 191 миллион кишига етган бўлса, 2006 йилда бу кўрсаткич қарийб 4 миллионга ошган. Бугунги кунга келиб эса, уларнинг сони 210 миллиондан ошиши кутилмоқда. Бундай юқори кўрсаткич яқин ўн йиллар давомида кузатилмаган эди.
Россиялик иқтисодчи Михаил Бергернинг фикрича, бугунги вазият бошқаларидан мутлақо фарқ қилади. Боиси, ҳозирги молиявий инқирозни бартараф этиш мақсадида ҳам сиёсатчилар, ҳам президентлар, ҳам халқаро ташкилотлар биргаликда кураш олиб бормоқда. Шу жиҳатдан асрнинг энг катта муаммосини ҳал этишга қаратилган мазкур форум аввалгиларига нисбатан анча жиддий руҳда ўтди. Курорт шаҳарда 1971 йилдан буён ўтказиб келинаётган Давос форумларини халқаро саммит ёки конференцияларга қиёслаш қийин. Давос – жентелменлар клуби бўлгани учун унда ҳеч қандай қарор қабул қилинмайди. Бу ерда бўлиб ўтган ҳозирги форум эса, мамлакатлар учун жиддий қарорлар қабул қилишда ўзига хос саммит вазифасини ўташи кутилган эди.
Мазкур форумда қарийб 40 нафар давлат раҳбарлари, 1400 нафардан ортиқ турли халқаро компания вакиллари – жами 2600 делегат иштирокидаги йиҚин бизнес-раҳбарлар тарихидаги энг катта учрашув бўлди. Унда соҳа мутахассислари, сиёсатдонлар инқироздан чиқиш борасида турли таклиф-мулоҳазаларни кўриб чиқишган. Хусусан, кўпчилик бундай вазиятда молия ташкилотлар фаолияти бўйича назорат ва кузатувни кучайтириш кераклигини ёқлаб чиққан. Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор: миллий тизимлар устидан назоратни ошириш асрлар давомида шаклланган эркин иқтисодий муносабатларга жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
Айни пайтда дунё миқёсида молиявий инқироздан чиқиш учун ҳукуматлар томонидан катта миқдорда маблағлар ажратилмоқда. АҚШ ҳукумати томонидан баъзи ҳусусий банклар сотиб олинмоқда, айрим давлатлар эса қийин аҳволда қолган банкларга сармоялар ўтказаяпти. Куни кеча Австралия ҳукумати кейинги 4 йилда мамлакат инфраструктурасини ривожлантириш учун 26,5 миллиард доллар ажратишини маълум қилган. Давосда Япония бош вазири Таро Асо кунчиқар давлати ҳукумати Осиё-Тинч океани ҳудудидаги давлатлар учун 17 миллиард доллар миқдоридаги молиявий ёрдам кўрсатишини айтган. Сўнгги хабарларга кўра, инқироз Буюк Британиядаги кўплаб хусусий мактаблар фаолиятига ҳам жиддий таъсир кўрсатган. Ўозир расмий Лондон мазкур муассасаларни ўз қарамоғига олмоқда.
Молиявий инқироз пайтида мижозлар банкларга қўйган пулларини қайтариб олиш пайига тушадилар. Бу, сўзсиз шундайига ҳам қийин аҳволда турган банкларнинг нақд сармоясига таъсир кўрсатади ва ҳатто уларни банкрот ёқасига олиб келади. Шунинг учун, баъзи давлатлар банклардаги пул эгаларига кафолатлар бермоқда. Боисики, молиявий инқироз оқибатида банклар қийин аҳволда қолса, иқтисодда барқарорсизлик пайдо бўлади. Вазиятдан чиқишнинг энг мақбул йўли – бу ишчи-ходимларни ишдан бўшатиш амалиётидир. Минглаб, балки миллионлаб бўшатилган ходимлар ҳам бундай пайтда қараб ўтиришмайди, аксинча, ишсизлик суғуртасидан фойдаланишга ўтади. Бу эса суғурта компаниялари учун етарлича бош оҚриққа айланиб, улкан миқдордаги талабларни бажара олмасликка олиб келади. Иқтисодий танглик ҳукм сурган бундай вазиятда давлатнинг банкларни қутқариш режаси энг камчиқим ва осон йўл саналади.
Давосдаги форум доирасида кўп ва хўп гаплар айтилди. Жиддий тортишувлар ҳам кузатилди, вақти-вақти билан аҳоли томонидан айрим давлатлар инқирознинг олдини олиш борасида чора-тадбир кўрмаётганликни важ қилиб, норозилик намойишлари ҳам ўтказиб турилди. Буюк Британия бош вазири Гордон Браун дунё давлатлари раҳбарларидан ўзларига ишонч ва доимо ҳаракатда бўлишга чақирди.
– Бизга ҳар бир минтақада инқироз ҳақида олдиндан огоҳлантирувчи тизим зарур, – дейди Гордон Браун. – Биз молиявий бошқарувнинг янги тизимини ишлаб чиқишимиз керак ва унда асосий эътибор нафақат банклар, балки бошқа молиявий ташкилотлар, муассасалар жавобгарлигига қаратилиши лозим.
Аҳамиятли жиҳати шундаки, Г.Браун жаноблари бу қандай тизим бўлиши, қайси тамойилларга асосланиши ҳақида гапиргани йўқ.
Германия кантслери Ангела Меркел хоним ҳам инқироз якунлари бўйича бутунжаҳон иқтисодий хартиясини имзолашни таклиф қилган. Унинг фикрича, бундай хартия янги тизимни вужудга келтиришда муҳим омил бўлади. Аммо тизимнинг аниқ кўринишлари ҳақида сўз юритилмади.
Хуллас, иқтисодий форум ҳозирча инқирозни батамом бартараф этиш борасида жўяли чора топа олганича йўқ. Ҳар бир давлат ўз имконияти доирасида кўраётган тадбирлар эса ушбу глобал муаммони ечиш учун етарли эмас, албатта. Эсингизда бўлса, 2008 йилнинг ноябрь ойида Вашингтонда, жаҳон ялпи маҳсулотининг 85 фоизини ишлаб чиқарадиган 20 та йирик давлат иштирокида бўлиб ўтган саммит глобал молиявий инқирознинг кўлами тобора кенгайиб бораётганини тасдиқлади. Саммитда бўлиб ўтган муҳокамалар шуни кўрсатдики, бугун жаҳон молиявий инқирозининг олдини олиш ҳақида сўз бораётгани йўқ, балки ундан қандай қилиб чиқиш йўллари изланмоқда, холос. Яъни, бу масалада вазият шу даражага етдики, энди аввалги марраларга қайтиш ҳақида сўз юритишга асос қолмади.
Муҳокамаларда инқирозни келтириб чиқарган сабаблар таҳлили бўйича саммит иштирокчиларининг ягона ёндашувга эга эмаслиги, шу боис ушбу глобал молиявий инқирознинг жиддий ва узоқ давом этадиган оқибатларини бартараф этиш юзасидан умумий ва самарали дастур ишлаб чиқиш ҳақида гапиришга ҳали эрта экани аён бўлганди. Давос форуми ҳам шулардан фарқ қилмади, дейиш мумкин.
Беҳбуд Ботиров