Мексика пойтахти ҳокими Луис Санчес полиция тўғрисида янги қарорга имзо чекди. Бунга кўра, пойтахт Мехико полициясида хизмат қилаётган ҳар бир ходим ойида камида битта китоб ўқиши керак. Мазкур талабга жавоб бермайдиган полициячилар ўз-ўзидан ишдан озод этилади.
Мехико шаҳрида бошқа пойтахтларга қараганда жиноятчилик даражаси анча юқори, чунки полициянинг ўзи коррупция ботқоғига ботган, кўп ҳолларда қонун посбонларининг ўзи жиноятларга қўл уради. Бунинг устига, пойтахт полициясида ишлаётган 1100 ходимниг асосий қисми саводсиз: ўқиш-ёзишни ҳам билмайди. Мехико ҳокими Луис Санчеснинг сўзларига кўра, ўз лавозимига нольойиқ тинчлик посбонларини китоб ўқишга ўргатиш орқалигина тарбиялаш мумкин.
Айни пайтда полициячиларни ўқиш-ёзишга ўргатиш учун махсус ўқув курслари ташкли этилмоқда. Қонун посбонларининг саводини чиқариш осон бўлмаслиги аниқ. Чунки биргина пойтахт полициясида ишлаётган ходимларнинг ҳар бештадан биттаси мактаб таълимини ҳам кўрмаган.
Мехико ҳокими томонидан полициячилар мажбурий тарзда ўқиши учун Сервантеснинг «Дон Кихот», Антуан де Сент-Экзюперининг «Кичкина шаҳзода» ва Октавио Пасанинг «Ёлғизлик лабиринти» асарларини ўқиш тавсия этилди.
Дарвоқе, шаҳар раҳбари айрим уддабурон ходимлар хийлаларига йўл қўймаслик учун махсус гуруҳ ҳам ташкил этди. Бу гуруҳ полициячилар мутолаа нормасини нечоғли тўлиқ ва пухта бажараётгани текшириб боради. Эндиликда полиция хизматчилари ўзлари билан пистолет, бронежилет, қўл кишани каби ўта муҳим аслаҳалар қаторида китобларни ҳам олиб юришга мажбурлар. Акс ҳолда, ҳар ойда ўтказиладиган имтиҳонлардан ўтолмай, ишсиз қолишлари мумкин.