Россияда 18 сентябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловида “Единая Россия” партияси вакиллари ғалаба қозонди. Бу ҳақда Россия Марказий сайлов комиссияси раиси Элла Памфилова оммавий ахборот воситаларига маълум қилди.
Сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга фуқароларнинг 47,88 фоизи ёки 52 миллион 700 минг 992 нафари иштирок этди. Ҳисоб-китобларга қараганда, “Единая Россия” партияси – 343, Россия Коммунистик партияси – 42, Россия либерал-демократик партияси 39 мандатни қўлга киритди. “Справедливая Россия” партияси эса янги чақириқ Давлат Думасида 23 та депутатлик ўрнини эгаллади. Шу тариқа сайловда энг кўп мандатга эга чиққан “Единая Россия” партияси парламентнинг қуйи палатасида конституциявий кўпчиликни ташкил этди.
Марказий сайлов комиссияси хулосасига кўра, айрим қонун бузилишларига қарамай, парламент сайлови очиқ, ошкора ва адолатли тарзда ўтди. Комиссия раиси Э.Памфилова, айни чоқда, cайлов тизимини такомиллаштириш, хусусан, овоз бериш жараёнига электоратни кўпроқ жалб этиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга ошириш лозимлигини таъкидлаган.
Пойтахт Москвадаги сайлов участкаларидан бирида овоз берган Президент Владимир Путин сайловда фаоллик кўрсатган фуқароларга миннатдорлик билдирган. Давлат раҳбари Россия учун осон бўлмаган бугунги бир вазиятда электорат “Единая Россия” вакилларига ишонч билдиргани партия зиммасига улкан масъулият юклашини таъкидлаган.
Оммавий ахборот воситаларида Давлат Думаси спикери лавозимини ким эгаллаши борасида турли тахминлар илгари сурилаётган эди. 23 сентябрь куни Думада партиялар етакчилари билан учрашган Владимир Путин мазкур масалага ҳам ойдинлик киритди. Мамлакат етакчиси ҳозирга қадар Кремль маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келган Вячеслав Володинни қуйи палата раиси лавозимига таклиф этди.
“Вячеслав Викторович парламент ишини жуда яхши билади, негаки, узоқ йиллар депутат сифатида фаолият юритган. Қолаверса, Президент маъмуриятида ишлаган вақтида ҳам касбий мажбуриятидан келиб чиқиб, депутатлик корпуси, фракция раҳбарлари ва партиялар билан мунтазам мулоқотда бўлиб келган”, – дея номзодни тавсифлади В.Путин.
Таҳлилчиларга кўра, Вячеслав Володин тез муддатда Давлат Думаси спикерлигига тасдиқланиши аниқ. Чунки у Президент маъмурияти ва парламентда ишлаган кезлар мамлакат сиёсий ҳаётидаги кўплаб ўзгаришлар ташаббускори сифатида ҳурмат қозонган. Масалан, у сиёсий партиялар тўғрисидаги қонунни либераллаштиришда жонбозлик кўрсатган. Таъкидлаш жоизки, мухолиф партия вакиллари ҳам унинг номзодини қўллаб-қувватламоқда. Хусусан, либераллар етакчиси Владимир Жириновский ҳамда коммунистлар вакили Валерий Рашкин спикерликка номзод ўзини ташкилотчи ва ташаббускор арбоб сифатида кўрсата олганини эътироф этган.
Дунё геосиёсатида қалтис ўйинлар авж олаётган ҳамда мамлакат ички ҳаётида ўзига хос ислоҳотлар талаб этилаётган бир паллада Россия Давлат Думасини бошқариш осон эмас, албаттта. Бизнингча, янги спикер олдида энг аввало турли партия ва ҳудуд манфаатларини ҳимоя қилаётган депутатларнинг тилини топиш ва уларни ягона ғоя йўлида бирлаштиришдек машаққатли вазифа турибди. Бундан ташқари, Думанинг янги раҳбари қонунчилик тизимини такомиллаштириш, хусусан, жамият учун ҳаёт-мамот аҳамиятига эга жабҳаларда қонун ҳужжатлари ишлаб чиқиш йўлида ҳам кўп тер тўкиши лозим.
Эслатиб ўтамиз, Давлат Думаси – Россия Федерацияси Федерал Кенгашининг қуйи палатасидир. Қонунчилик идорасининг 450 нафар аъзоси халқ томонидан беш йил муддатга сайланади. Мамлакат Конституциясининг 103-моддасига мувофиқ, Давлат Думаси федерал қонунлар қабул қилиш, Президентнинг ҳукумат раисини тайинлашига розилик бериш, ҳукумат ҳисоботини тинглаш, амнистия эълон қилиш, айрим давлат мансабдорларини тайинлаш каби ваколатларга эга.
Собир Салим