Буюк Британия ташқи ишлар вазири Борис Жонсон Сурия ҳудуди – Шарқий Ғута ва Идлибдаги гуманитар инқироз юзасидан баёнот берди. Бу ҳақда Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.
“Сурияда инсонларнинг қурбон бўлиши ва вайронагарчиликлар кўлами аллақачон ақл бовар қилмас даражага етди. Сўнгги ҳафталарда биз Шарқий Ғута ва Идлибдаги янги азоб-уқубатлар, жумладан, кимёвий қурол қўлланганидан воқиф бўлдик”, – деди Борис Жонсон.
Қайд этилишича, Идлибга Сурия ва Россия кучлари томонидан авиазарбалар берилаётгани оқибатида тиббий муассасалар вайрон бўлмоқда, кўп сонли тинч аҳоли қурбон бўлмоқда. Буюк Британия ташқи ишлар вазирига кўра, бу ҳолга зудлик билан барҳам бериш керак.
“Бутун дунё Асад режими, Россия ва Эронни кузатиб турибди: ушбу қирғинбаротни тўхтатиш, шу билан бирга, хавфсизликни таъминлаш, гуманитар ва бирламчи тиббий ёрдам кўрсатишга имкон бериш калити сизнинг қўлингизда. Ҳолбуки, айни пайтда Суриядаги миллионлаб одамлар бундай ёрдамдан маҳрум этилган. Шу пайтга қадар буни таъмин этмаганингизни фақат виждонсизлик деб аташ мумкин”, – дейилади Буюк Британия ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари баёнотида.