ЮНЕСКО бош қароргоҳида бўлиб ўтган Ижроия кенгашнинг 216-йиғилиши якунида 64 та ҳужжатлар тўплами, жумладан, Ўзбекистон бошчилигида илгари сурилган икки ҳужжат ЮНЕСКО “Жаҳон хотираси” реестрига киритилди. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги хабар берди.
1992 йилда ЮНЕСКО томонидан ташкил этилган “Жаҳон хотираси” реестри қоғоз, аудиовизуал, рақамли ёки бошқа ҳар қандай форматдаги қимматли ҳужжатлар йўқолишининг олдини олиш, уларни авайлаб-асраш ва кенг жамоатчиликка етказишга қаратилган дастур ҳисобланади. Эндиликда Бухоро амирлигининг қушбеги маъмурияти архивлари тўплами ҳамда Мавлоно куллиёти ҳам ушбу рўйхатдан жой олди.
Бухоро амирлигининг қушбеги маъмурияти архивлари тўплами Марказий Осиё ҳукмдорларининг Бухородаги энг йирик архивлари йиғиндисидир. Унда ҳозирги Ўзбекистон, Туркманистон, Тожикистон, қисман Афғонистон ҳудудида 200 йилдан ортиқ вақт давомида содир бўлган тарихий воқеалар акс этган ҳужжатлар ўрин олган. Тўпламда Бухоро амирлигининг Россия, Буюк Британия, Туркия, Эрон, Афғонистон, Япония, АҚШ ҳамда Хива ва Қўқон хонликлари билан дипломатик алоқалари ҳақида ҳам муҳим маълумотлар бор. Ўзбекистон Марказий давлат архивида сақланаётган тўплам араб, форс, ўзбек чиғатойи, рус ва бошқа тилларда ёзилган 9,5 мингга яқин жилддан (200 мингга яқин алоҳида ҳужжат) иборат.
Мавлоно куллиёти эса XIII асрда яшаган буюк мутасаввиф, шоир, файласуф ва илоҳиётчи олим Мавлоно Жалолиддин Румий асарларининг тўлиқ тўпламидир.