Белорус раҳбари Александр Лукашенконинг айни пайтда олиб бораётган сиёсати айрим халқаро кузатувчилар ва таҳлилчилар томонидан бўронда қолган кема капитанининг хатти-ҳаракатларига қиёсланяпти. Кема сардори унга ишонч билдирган кишиларни хавфдан олиб чиқа олармикин?..
«Европанинг сўнгги диктатураси» деб аташаётган мамлакат ҳаётига назар
Европа жамиятларида диктатура, яккаҳокимликка кескин қарши муносабат шаклланган. 12 йилдан бери Александр Лукашенко раҳбарлик қилиб келаётган Белорус Республикасини Ғарб давлатлари аллақачон яккаҳокимлик тузумида яшаётган давлатлар таснифига киритишган. Мамлакатни халқаро сиёсий давраларда «Европанинг сўнгги диктатураси» деб аташ урф бўлган…
Маслагида собит президент
Белорус Республикаси президенти Александр Лукашенко қатъиятли, ўз мақсадидан қайтмайдиган ва маслаги йўлида кўп нарсаларни қурбон қилиши мумкин бўлган раҳбар сифатида танилган. 12 йиллик Лукашенко президентлиги даврини таҳлил қилганда, унинг давлат раҳбарлик йилларида мамлакатда кескин ижтимоий-сиёсий вазият ҳукмронлик қилгани, ҳукумат ва унга мухолифатда бўлган кучлар ўртасида доимий кураш давом этганини кузатиш мумкин.
1994 йили Белорус тарихида илк маротаба ўтказилган президентлик сайловида Лукашенко яққол ғалабага эришганди. Ўша пайтларда Олий Кенгаш депутати бўлган сиёсатчининг парламент минбаридан туриб ҳукумат раҳбарларини коррупция ва порахўрликда айблаб сўзлаган оташин нутқлари ғалаба омили бўлган эди. Ҳарқалай, халқ ўз манфаати йўлида муқаддас қадриятларни ҳам сотишга тайёр амалдорларни қаттиқ танқид қилган арбобдан катта нарсалар умид қилган эди. Шу тариқа Александр Лукашенко республика президенти сифатида иш бошлади.
Президент ва парламент ўртасида аввал-бошдан мавжуд бўлган келишмовчилик 1996 йили юқори нуқтага чиқди. Қонун чиқарувчи идора Лукашенкога импичмент (президентни ваколат муддатидан олдин истеъфога чиқариш) эълон қилишга яқин қолган бир пайтда давлат раҳбари зудлик билан икки палатали парламент ташкил этиш масаласида референдум эълон қилди. Шу тариқа Лукашенкога қарши кайфиятда бўлган Олий Кенгаш тарқатиб юборилди. Унинг ўрнига икки палатали Миллий мажлис иш бошлади. Лукашенко ҳам Конституцияга киритилган ўзгаришга кўра, 1996 йилдан янги муддатда президент вазифасини бажаришга киришди.
1999 йили яна катта норозилик намойишларини ўтказган мухолифат президентнинг ваколат муддати тугагани, 1996 йилги Конституцияга киритилган ўзгартириш ноқонуний эканини даъво қилди ва бир пайтлар бош вазир вазифасида ишлаган Михаил Чигирни президентликка номзод сифатида илгари сурди. Бироқ бутун мамлакатни қамраб олган намойишлар Михаил Чигир ва унинг оила аъзолари қамалганидан бошқа ҳеч қандай натижа бермади…
2001 йили Белорусда иккинчи марта президентлик сайлови бўлиб ўтди. Лукашенко 76 фоиз овоз тўплаб яна давлат раҳбари лавозимини сақлаб қолди. Европа давлатлари ва АҚШ одатдагидек сайлов натижаларини тан олмади.
Мухолифат борми, мухолифат?..
2004 йил — Лукашенко президентлиги даврининг 10-санаси. Белорус раҳбари кетма-кет икки муддатда президентлик қилган шахс учинчи марта ҳам сайловда қатнашиши мумкинлиги масаласида умумхалқ овоз бериш тадбири — референдум ўтказди. Референдумда кутилганидек… халқ бир овоздан Лукашенко учинчи муддатда ҳам президентлик қилиши мумкинлигини ёқлаб овоз берди.
Узоқни кўзлаб амалга оширилган бу сиёсий тадбир 2006 йилнинг 19 мартида ўз мевасини берди. Мамлакатда ўтган президентлик сайловида Александр Лукашенко яна ғалаба қозонди: сайловчиларнинг 82 фоизи унга ишонч билдирди. Демократик кучлар конгрессидан Александр Милинкевич, «Грамада» партиясидан Александр Козулин президентлик учун кураш олиб борди. Бироқ мухолифат катта умид ва илинжлар билан иштирок этган сайлов кўнгилдагидек натижа келтирмади.
Минскнинг Октябр майдонида 10 мингга яқин киши иштирокида ўтган намойиш ҳали кўпчиликнинг ёдидан кўтарилмаган. Бу Лукашенкони сайлов натижаларини сохталаштиришда айблаган мухолифатнинг ўзига хос норозилик ифодаси эди.
Маълум бир сиёсий мақсадга эришиш йўлида ўтказиладиган намойишлар баъзида Ғарб давлатларида ҳам натижасиз тугаётган бир пайтда диктатурада айблашаётган ҳукуматдан нима ҳам кутиш мумкин?..
Норозилик чиқишлари натижаси шу бўлдики, кечагина президентлик учун курашган Милинкевич, Козулин каби ўнлаб сиёсий етакчилар ва воқеаларни ёритиш учун Октябр майдонига келган 22 (!) журналист ҳибсга олинди.
Белорус мухолифати мана 12 йилдирки, Лукашенко ҳукумати билан сиёсий кураш олиб боради. Бироқ бироз эркинроқ фикр билдира бошлаган оммавий ахборот воситаларининг зудлик билан ёпиб қўйилаётгани, амалдаги ҳукуматни ёқламаган фуқаролар тазйиқ ва таъқибга учраётгани, мухолифат фаолияти учун шарт-шароитнинг мавжуд эмаслиги ва сиёсий рақобатдаги ғирромлик — буларнинг барчаси яккаҳукмронликни мустаҳкамлашга хизмат қиляпти, холос.
Синовлардан ўтган кураш усули
Белорусда мухолифат билан кураш борасида ўзига хос кураш йўли танланган. Давр синовларидан ўтган бу усулга кўра, қайсарлик йўлини танлаган сиёсий арбобларга тўрт девор орасида, панжара ортида ўз фикр-қарашларини яна бир бор сарҳисоб қилиш имкони берилади. 1999 йили президентликка даъво қилган Михаил Чигир тақдири ҳақида юқорида айтилди. 2001 йилги сайловда давлат раҳбарлигига номзод бўлган, бир пайтлар Ташқи иқтисодий алоқалар вазири бўлган Михаил Маринич ҳам кўп ўтмай жиноий айблов билан қамоққа олинди.
Жорий йилнинг 19 мартида ўтган учинчи президентлик сайловида Лукашенкога рақиб бўлган «Грамада» партияси етакчиси Александр Козулин қисмати ҳам бошқа мухолиф етакчилариникидан фарқ қилмади. Ҳукуматга қарши норозилик чиқишлари уюштирганликда айбланган сиёсий етакчи 13 июль кунги суд йиғинида беш ярим йилга озодликдан маҳрум этилди.
Белорусда амалдаги ҳукуматга ва Лукашенкога қарши бўлган шахсларнинг изсиз йўқолиши ҳам одатий ҳолга айланган. Собиқ Ички ишлар вазири, президентнинг мухолифи Юрий Захаренко, бир вақтлар бош вазир ўринбосари бўлган ва президент билан чиқишолмай истеъфога чиққан Виктор Гончар ва яна ўнлаб арбоблар беному нишон йўқолган.
Саломга яраша алик
Европа Иттифоқи давлатлари ва АҚШнинг расмий Минскка бўлган муносабати март сайловидан кейин янада ёмонлашди. Лукашенко ҳукуматига қарши намойишлар оммавий ҳибслар билан якунлангач, дипломатик мажбурият остида қилинаётган «салом-алик» ҳам тўхтади. АҚШ ҳам, Европа Иттифоқи ҳам Александр Лукашенко ва Минск ҳукуматининг айрим юқори лавозимли вакилларини ўз ҳудудига қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилди. Ўз фаолияти даврида Европага бир мартагина расмий ташриф билан борган Белорус президенти яна кўҳна қитъага бормоқчи бўлса, ЕИнинг бирор бир давлати унга виза бермаслиги аниқ. Лукашенконинг Колумб кашф этган диёрга бориши тўғрисида эса гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Иттифоқчилик нима бўлади?
Россия ва Белорус азал-азалдан бир-бирига яқин ҳамкор бўлган давлатлар экани маълум. Буни Александр Лукашенко учинчи бора президентлик сайловида ғалаба қозонган пайтда уни табриклаган саноқли давлат раҳбарлари қаторида Владимир Путин бўлганидан ҳам билиш мумкин. Икки давлат ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисида битим имзоланганига эса 10 йил бўлаяпти. (Россия-Белорус иттифоқи тўғрисидаги битим ҳўв мўйсафид Елтсин даврларида имзоланган). Бироқ охирги пайтларда ана шу икки дўст-иттифоқчи давлат ўртасида айрим зиддиятли масалалар ҳам пайдо бўлиб қоляпти.
Лукашенко учинчи муддатга президент бўлгандан кейин Россиянинг «Газпром» компанияси Белорусга сотилаётган газ нархини 150-200 долларга ошириши тўғрисида маълум қилди (Россия Белорусга 1000 куб метр газни сув текин нархда — 46, 68 долларга етказиб беради). Кўпчилик кузатувчилар Россиянинг эски ва қадрдон қўшнисига бу тахлит кескин муносабат билдиришини Минскнинг 1996 йилги иттифоқчилик тўғрисидаги битим шартларини бажарамаётгани билан изоҳлашаётгани бежиз эмас.
Икки давлат раҳбари ўртасида имзоланган битимга кўра, 2003 йилда Белорусда Россия рубли муомалага чиқарилиши, 2005 йили томонлар Россия-Белорус иттифоқ давлатининг Конституциясини эълон қилишлари зарур эди. Бироқ ҳозиргача иттифоқ борасидаги режаларнинг аксарияти қоғозда қолиб кетяпти. Шунингдек, шартномага мувофиқ, Белорусга қарашли «Белтрансгаз» негизида 2004 йилдаёқ белорус-рус компанияси ташкил этилиши зарур эди. Лекин томонлар ҳали ҳам компанияни баҳолашда бир фикрга келиша олмаяпти (Минск компанияга Москва 2,5 миллиард доллар улуш қўшиши лозим деяётган бўлса, Россия томони 300 миллион доллардан кўпига рози эмас).
Айни масалаларда ўз муносабатини ошкор қилган президент Лукашенко «ўзига тўқ» Белорус ҳеч қачон Россия таркибига кирмаслигини маълум қилди. Икки давлат ҳудудида ягона валюта жорий этиш масаласида эса Лукашенко шундай фикр билдирди: «Арава ҳеч қачон отнинг олд томонига қўшилмайди. Бу масалани, аввало, иттифоқ давлатнинг референдумда қабул қилинадиган Конституция лойиҳасига киритиш зарур».
Хуллас, ҳозирча Россия-Белорус иттифоқи борасида жиддий янгилик кутилмаяпти. Москва томони эса Минскка қандай муносабатда бўлиш маъқуллигини муҳокама қиляпти.
Собиржон Ёқубов