Лотин Амeрикаси АҚШга қарши бирлашяпти

Геосиёсатда «Кимки Лотин Америкасига эгалик қилса, у дунё бошқаруви калитини қўлга киритади» деган қараш мавжуд. Сўнгги пайтларда жаҳонда етакчи бўлишга очиқ ҳаракат қилаётган АҚШ ва Россия ўртасида минтақа учун курашнинг кучайиб бораётгани мазкур мунозарали фикрни тасдиқлаётгандек… Шафқатсиз рақобатга асосланган бу курашда Вашингтон томони кўпдан буён бой бериб келяпти. Бунинг бош сабаби эса Лотин Америкаси мамлакатларида бирин-кетин сўл қанот сиёсий партиялари ҳукумат тепасига келаётгани ва «америкача либерализм»­га қарши бўлган етакчиларнинг ўзаро ягона иттифоққа бирлашаётганидир…

Колумб бошлаб берган йўл

Дунё харитасида Лотин Америкаси деган жуғрофий ном Христофор Колумбнинг машҳур денгиз саёҳатларидан кейин пайдо бўлди. Бироқ жаҳонда ҳукмронлик қилиш орзуси, олтин васвасаси «Янги дунё» деб аталган ҳудуднинг халқаро майдондаги ўрни ва аҳамиятини қисқа фурсат ичида ошириб юборди. Ўтмиш пайтда улкан империя саналган Буюк Британия, Испания, Франция каби давлатлар Лотин Америкаси учун қонли урушлар олиб боргани маълум.
Бугун дунё сиёсати манзараси ўзгарган. Бир пайтлар гегемон мавқе эгаллаган империялар ўз ўрнини айнан Колумб кашф этган диёрда пайдо бўлган давлатга бўшатиб берган. Бироқ сиёсий манзара ўзгаргани билан сиёсий мақсадлар ҳозир ҳам ўша-ўша: биринчилик даъвосидаги давлатлар ҳали-ҳануз Лотин Америкасини стратегик аҳамиятга молик ҳудудлардан бири сифатида ўзгача қадрлашади.
Америка қитъасининг асосий қисмини эгаллаган ва 20 га яқин давлатни ўз ичига олган Лотин Америкасида 400 миллиондан ошиқ аҳоли истиқомат қилади. Бизнингча, ана шу биргина рақамнинг ўзи ҳудуд нечоғли муҳим аҳамиятга эга эканини тасаввур қилиш учун кифоя.

«Катта таёқ»дан «яхши қўшничилик»ка

ХХ аср бошларидан Лотин Америкаси ҳудудида АҚШ нуфузи ошганини кузатиш мумкин. Эндигина мустақилликка эришган ва ҳали ўзини таш­қи босимлардан муҳофаза қилишга қодир бўлмаган Бразилия, Аргентина, Чили, Мексика каби ҳудуд давлатлари Қўшма Штатларнинг иқтисодий ва сиёсий таъсир доирасига тушиб қолди. Оқ уй бу ерда дастлаб қўрқитишга асосланган «катта таёқ» сиёсатини олиб борди. Лотин Америкаси мамлакатлари ўз эркини талаб қила бошлаган бир пайтда зўравонликнинг ўзига хос маданий кўриниши бўлган бу сиёсат «доллар дипломатияси»га алмаштирилди. Яъни, мамлакатлар энди иқтисодий тобеликка маҳкум этилди. Шу тариқа Биринчи ва Иккинчи жаҳон уруши даврида Лотин Америкаси Вашингтон томонида бўлди.
Қўшма Штатларнинг машҳур президентларидан бири Франклин Делано Рузвелт даврида Лотин Америкасига нисбатан янги «яқин қўшничилик» сиёсати ишлаб чиқилди. Шиддат билан ўзгараётган муҳит ва одамлар ошкора босимларни кўтара олмай қолган эди.
Урушдан кейинги даврлар Лотин Америкаси тарихидаги қоронғи саҳифалар билан ёдда қолди. Ҳудуди ва шунга яраша иддаоси ҳам кичик бўлган Чилидан тортиб Аргентина, Бразилия каби йирик давлатларда ҳокимият тепасига келган диктаторлик тузуми даврида минтақа бутунлай ташқи таъсир остида бўлди. Бу даврда умуммиллий манфаатлардан кўра шахсий ҳокимиятни сақлаб қолишни устун қўйган диктаторлар ўз давлатларини қўшқўллаб «катта оға»ларга топшириб қўйишди.
1990 йиллардан Лотин Америкаси мамлакатларида диктаторлик режимлари ағдарилиб, демократик ҳукуматлар ташкил этилиши билан сиёсий етакчилар яна миллий манфаат ҳақида бош қотира бошлашди.

«Америкача либерализм»нинг умри тугадими?

Лотин Америкаси сиёсий саҳнасида охирги пайтларда сўл кайфиятдаги сиёсий партиялар мавқеи тобора мус­таҳкамланиб бормоқда. Мамлакатни ривожлантиришнинг социалистик вариантини ёқлаётган Венесуэла, Боливия каби давлатлар раҳбарлари «америкача либерализм» даври якунлангани, энди «империализм» уларни алдай олмаслигини билдиришмоқда. «Империализм» деганда қайси давлат назарда тутилаётганини ўқувчилар сезиб турган бўлсалар керак.
Бир пайтлар васий ва ҳомий вазифасини бажарган давлатдан воз кечган минтақа мамлакатлари ҳар қанча сиёсий мустақиллик даъво қилмасин, барибир буюк иттифоқчисиз узоққа боролмаслиги аниқ. Дипломатиянинг ана шу ёзилмаган қоидаси Лотин Америкасида Қўшма Штатлардан кейин яна бошқа бир буюк давлат таъсири ошишини тақозо қилади. Демак, минтақа давлатларининг эндиги таянчи Россия…

Москва ҳамкорини яккалаб қўймади

Венесуэла — Америка қитъасидаги Оқ уй ҳукуматига очиқ қарши бўлган давлат. Мамлакатни 1998 йилдан бери идора қилиб келаётган президент Уго Чавес АҚШни босқинчилик сиёсатида айблайди ва халқаро ҳамжамиятни Жорж Буш режимига қарши курашга чақиради. Турли шов-шувли чиқишлари, можароли баёнотлари билан танилган Уго Чавес ҳаттоки Америка президенти унга қарши суиқасдга ҳозирлик кўраётганини ҳам иддао қилади.
Хуллас, нефть заҳираси бўйича минтақада биринчи, газ заҳираси бўйича дунёда саккизинчи ўринни эгаллаган истиқболи нурли Венесуэла аллақачон Вашингтон амлокидан чиқиб кетган. Бу Уго Чавеснинг ўтган ҳафта Россияга қилган ташрифи мобайнида яна бир карра исботланди.
Федерацияга ташриф давомида Уго Чавес Москва билан 1 миллиард долларлик ҳарбий шартномаларга имзо чекди. Битимга кўра, Венесуэла Россиядан 24 та Су-30 қирувчи самолёти ва 53 та Ми-35 вертолёти сотиб олди. Бундан ташқари, Лотин Америкаси давлатига 100 минг дона Калашников автомати етказиб берилди. Яқин кунларда эса Венесуэлада АК-103 автоматини ишлаб чиқарувчи завод ҳам ишга тушади.
Бир пайтлар тўлалигича Америка ҳарбий техникасидан фойдаланган Венесуэланинг эндиликда Россия билан росмана иттифоқ тузаётгани Вашингтон томонидан хотиржам қабул қилинаётгани йўқ, албатта. Владимир Путин ва Уго Чавес ўртасида ҳарбий шартнома имзоланиши арафасида Оқ уй маъмурияти томонидан Каракас ҳукуматининг бу қадар кўп ҳарбий техника сотиб олиши минтақадаги вазиятга салбий таъсир кўрсатиши ҳақида билдирилган хавотир Москва томонидан рад этилди. Ҳар­қалай, рақиб ҳарбий техникасидан бутунлай воз кечиб, тўла Россия аслаҳалари билан қуролланаётган, боз устига, ўз ҳудудидаги улкан нефть конларини ўзлаштиришдек манфаатли ҳамкорликка таклиф этаётган давлатни Москва оғир вазиятда яккалаб қўймади.

Кенгайиб бораётган иттифоқ

Бундан ўн йиллар олдин ҳам Оқ уй сиёсатдонлари бу қадар мураккаб ҳолатга тушишмаганди. Чунки минтақада Вашингтонга қарши кайфиятдаги биргина Куба давлати бор эди. Қайсар ва ўзбилармон Фидел Кастро ҳар қанча уринмасин, барибир ёлғиз эди. Ёлғиз отнинг эса чанги чиқса ҳам, донғи чиқмайди…
Бугунги кунда эса Лотин Америкасида Қўшма Штатларга қарши бутун бошли иттифоқ шаклланди ва тобора мустаҳкамланиб бормоқда.
Боливияда ўтган сўнгги президентлик сайловида сўл партия етакчиси Эво Моралес ғалабага эришди. Кастро ва Чавес билан яқин дўстлик алоқаларига эга бўлган янги президент ишни хорижий сармоядорлар қўлига ўтиб кетган нефть ва газ саноатини ҳукумат назоратига олишдан бошлади. Айни пайтда Моралес Венесуэла томонидан тузилган иттифоқда фаол иштирок этяпти.
Минтақанинг энг йирик давлати Бразилияда эса мўътадил қарашли Лула да Силва маъмурияти ҳукумат тепасида. Да Силва гарчи Вашингтон сиёсатига очиқ қарши бўлмасада, лекин мус­тақил ва эркин бошқарув тарафдори.
Ҳалигача генерал Пиночет етказган жароҳат оғриқлари билан яшаётган Чилида ҳам йил бошида ўтказилган президентлик сайловида сўл кучлар ғалабага эришди. Социалистлар партияси раҳбари Мичел Бачелет хоним мамлакат тарихидаги илк аёл президент бўлди.
100 миллиондан ошиқ аҳоли истиқомат қилаётган Мексикада ўтган ойда бўлган президентлик сайловида сўл партия вакили Андреас Обрадор рақиби Филип Калдерондан бор-йўғи 0,5 фоиз кам овоз олди. Бироқ Мексикада кечаётан ҳозирги сиёсий жараёнлар сўл кучларнинг бу муваффақиятсизлиги ҳам муваққат эканидан далолат бераётгандек…

Қаззофий, Лукашенко ва Уго Чавес

Сўл иттифоқ ташкилотчиси бўлган Венесуэла раҳбари Уго Чавес Оқ уйга қарши курашга қаттиқ бел боғлаган кўринади. Каракас етакчисининг сўнгги хорижий сафарларини таҳлил қилганда, Сиз ҳам ана шундай хулосага келишингиз аниқ.
Уго Чавес бир муддат аввал Ливияга расмий ташриф билан келди. Триполида уни Ливия раҳбари, халқаро доираларда АҚШга қарши сиёсатдон сифатида танилган полковник Муаммар Қаззофийнинг ўзи кутиб олди ва қабул қилди.
Сафарнинг мантиқий давоми сифатида Венесуэла раҳбари ўтган ҳафта Белорус пойтахти Минскка ташриф буюрди ва Оқ уй томонидан диктатор деб эълон қилинган ҳамда Америка ҳудудига кириши тақиқланган Александр Лукашенко билан учрашди. Учрашув давомида таш­қи таҳдидлар ва империализмга қарши кураш борасида икки давлат ўртасида стратегик иттифоқ тузилди.
Лотин Америкасида серсоқол Фидел Кастро орзу қилган дамлар келди гўё. Бироқ ана шундай қувончли кунларда, таассуфки, «шакарқамиш ороли» доҳийсининг қўлидан иш келмайди. Бироқ кекса Кастро ҳеч афсусланмаса ҳам бўлади. У худди ўзи каби сер­ғайрат, серҳаракат ва айнан ўзидек шошқалоқ, шов-шувларга ўч издош тайёрлади. Ҳарқалай, жиддий ишларда унга ишонса бўлади. Ахир, Кастронинг издоши бутун бошли Америкага қарши иттифоқ ташкил этишдек мураккаб вазифани уддаладику…

Собиржон ЁҚУБОВ

П. С. Яқин кунларда Лотин Америкасининг Перу, Эквадор, Никарагуа каби давлатларида ҳам президентлик сайлови бўлиши кутиляпти. Агар ушбу мамлакатларда ҳам сўл кучлар зафарга эришса, демократияни ҳатто Яқин Шарқ ва Афғонистонга экспорт қилиш ҳаракатида бўлган давлатга қийин бўлиши аниқ…