5 ноябрь куни Бухоронинг қадимий “Арк”ида жойлашган Бухоро давлат бадиий-меъморчилик музей-қўриқхонасида “Бухоро маданиятининг қайта тикланган дурдоналари” кўргазмаси очилди. Унда АҚШ элчиси Жорж Крол жаноблари ҳамда давлат бадиий-меъморчилик музей-қўриқхонаси директори Абдурашид Закрилаев, тарихчи-археологлар, реставраторлар ва журналистлар иштирок этди.
АҚШ элчихонаси бу музей коллекциясидаги бадиий буюмларни сақлаш ва асраб-авайлаш учун Маданий меросни асраш бўйича элчи жамғармасидан 50 600 АҚШ доллари миқдорида грант ажратди. Музей бу маблағни тош асридан то ўрта асрларгача тегишли бўлган археологик бадиий буюмларни қайта таъмирлашга сарфлади. Бадиий буюмлар кўп йиллар илгари археологик қазилма ва тадқиқотлар давомида кашф этилган бўлиб, улар қаторига сопол идишлар, турли хил тангалар, шунингдек, Вараҳша, Пойкенд, Варданзе ва Учкулоҳ масканларидан топилган суратлар ҳамда Шаҳристон қалъасидан топилган кўплаб гил буюмлар киради.
Ушбу ёдгорликларнинг катта қисми Бухоро давлат бадиий-меъморчилик музей-қўриқхонаси, Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти ва Санкт-Петербургдаги Эрмитаж давлат музейининг таъмирловчи усталари томонидан реставрация қилинди.
Лойиҳа доирасида 732 та буюм қайта тикланди. Очилиш маросимида уларнинг бир қисми намойиш этилди.
“Бухоронинг ёши 3000 дан ошади, бизнинг давлатимиз тарихи эса 200 йиллик холос. Бухоро тарихининг унутилган саҳифалари АҚШ ўтмиши ҳақидаги ахборот кўламидан кўпроқдир. Буюк тарихий аҳамиятга эга, қадимги Ўзбекистон ҳудудида яшаган халқларнинг маданияти, кундалик турмуши ва анъаналарини ўзида намоён этувчи Бухорода жойлашган ушбу музейдаги бадиий буюмларни қайта тиклашга ёрдам бериш биз учун шарафдир”, – деди очилиш маросимида элчи Крол жаноблари.
Маданий меросни асраш бўйича элчи жамғармаси Ўзбекистонда қадимий ва тарихий биноларни қайта тиклаш, ноёб қўлёзма ва музей коллекцияларини баҳолаш ва сақлаб қолиш, муҳим аҳамиятга молик археологик қадамжоларни асраб-авайлаш ва қўллаб-қувватлаш, анъанавий ҳунармандчилик усулларини ҳужжатлаштириш каби 11 та лойиҳани маблағ билан таъминлаган.