БМТ: Барча қулайликлар ташилоти

Тўғри, кўпчилик БМТ амалга ошираётган ишлар тўғрисида журналистлар орқали танишиб боришга кўниккан. Шу боисдан ҳам БМТ асосан дипломатик таклифлари, жаҳондаги етакчи лидерларнинг Марказий ассамблеядаги чиқишлари, табиий офат қурбонларига кўрсатаётган ёрдамию, шунингдек, (кўп ҳолларда муваффақиятли бўлмасада) БМТнинг тинчликпарварлик фаолияти билан мувофиқлашиб кетган. Бироқ мазкур ташкилот иши билан газеталар орқалигина таниш бўлмаганлар эса БМТнинг асосий фаолият қисми унинг биз кўникиб қолган вазифаларига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини қайд этмоқдалар. «Бу ер — қоғозбозлар ўрни бўлиб, улар жаҳондаги муаммолар билан имкон қадар камроқ муносабатда бўлишга уринадилар. Йўқса, Ню-Ёрк, Париж ёки Женевадан кетиш ёхуд Шарқий Тиморнинг қай буржигадир бориб қолишдан нима наф, — дейди ташкилотнинг собиқ ходимларидан бири. — Масалан, БМТ Боснияда тинчликпарварлик миссиясини ўрнатишга бел боғлаганда, у ерга ташкилотнинг бор-йўғи 19 нафар котибият ходимлари ташриф буюрганди. Албатта, улар бу «қайноқ нуқта»га борганлари учун қўшимча ҳақ ҳам олдилар. Аммо яхшилик қилишдан манфаат кўзлаш керак эмаску».

Вақт

Аслида БМТнинг Ню-Ёркдаги штаб-квартирасининг ўзидагина деярли 9000 ходим ишлайди. Бироқ уларнинг бари анчайин банд одамлардир. Улар асосан Марказий ассамблея ҳар йили қабул қиладиган юзлаб тавсифномалар ҳисобидан кун кўришади. БМТ аппарати собиқ ходимларидан яна бири эса бу қандай юз беришини қуйидагича изоҳлайди:
«Ҳаммаси ниҳоятда оддий. БМТ департаменти вакили ўзаро дўстона муносабатга мойил бўлган делегатлардан бири билан учрашади ва унга Марказий ассамблеяда кўриб чиқилиши лозим бўлган бирор-бир резолюцияни таклиф этади. Масалан, «Марказий Африкадаги ўрмонлар миқдорининг камайиб кетишининг жаҳонга таъсири» қабилида. Матн, албатта, аллақачон тайёрлаб қўйилган. Унга БМТнинг юқоридаги жараёнларнинг аҳолига етказиши мумкин бўлгн зараридан хавотирда экани тўғрисида ҳам бир-икки банд киритилади. Қисқаси, аҳвол шунчалик сиёсий аниқликда ифодаланадики, бирор-бир мамлакат бунга қарши лом-мим деёлмайди. Матн охирида эса БМТ бош котибидан кейинги ассамблеяда мазкур мавзуга доир маъруза қилиб беришини таклиф этувчи банд ҳам бўлади.
Таклиф бир овоздан қабул қилинади. Ва шу билан бирга БМТ департаментининг ҳаракатдаги котибияти йил давомида янги иш билан таъминланади. Яна денг ҳамма — Африка иқтисодиёти соҳасида иш юритувчи ходимлардан тортиб, мазкур муаммога бағишланган ҳужжатларни ташкилотнинг барча иш тилига ўгириши лозим бўлган таржимонларгача.

Пуллар

Ўз меҳнатлари эвазига эса БМТ қоғозбозлари муносиб мукофот оладилар. Тўғри, махсус билимсиз бу пулларнинг аниқ рақамини фақат тахмин қилиш мумкин. Чунки ташкилотнинг расмий сайтида БМТдаги иш ҳақига доир масалалар Миллатлар Лигасининг урушга қадар бўлган раҳбарларидан бири номи билан аталувчи Ноблмер принтсипига асосан белгиланар экан. Ушбу тартибга мувофиқ тарзда ташкилот, ҳаттоки энг юқори маош олувчи мамлакатлар ходимларини ишга таклиф қилиш имконига эга бўлиши керак. Шу боис маошлар рақобатбардош бўлиши шарт.
Бу эса йиллик энг кам (32 минг $) ҳамда энг юқори (116 минг $) бўлган иш ҳақидаги БМТ функционерларининг асосий даромадини ифодаламайди. Ахир бу маошларда ходимларга бериладиган турли-туман қўшимча ҳақлар кўрсатилмагани каби, ҳар бир ходимнинг солиқ ва дипломатик иммунитетга эга бўлиши, турар жой ва исталган транспорт воситасидан текин фойдаланиши мумкинлиги ҳам киритилмаган. «Кўп ҳолларда рағбатлантириш ва қўшимча ҳақлар берилаётган маошнинг 100% миқдорига тенг бўлади. Масалан, 50 минг $ маош оладиган одам ишонч билан ҳақиқатда унинг ойлиги 100 минг $га тенг эканлигини айта олади», — дейди БМТ агентликларидан бирининг ходими.
Ноблмер принтсипи фақатгина БМТ аппарати ходимлари ва уларнинг махсус агентларигагина тегишлидир.
Ташкилот ваколатхонасига эга ҳамда тинчлик ва инсонпарварлик ҳаракатларини амалга ошираётган мамлакатларда эса ходимларга фақат маҳаллий нарх бўйича маош тўланади. Шу боисдан ҳам Ню-Ёркдаги ақл бовар қилмас даражадаги «дала ҳаракатлари» учун кенгайтирилган штатлар бўлишига қарамай, Босния ва Косовадан тортиб Покистон ва Шарқий Тиморгача ҳалокатли тарзда мутахассислар етишмайди. «Ўйлашимча, БМТ миссияси билан ҳамкорликда иш юритишга розилик билдирганларнинг кўпчилиги маошлар ўртасидаги кескин фарқни билиб қолгач, тез орада бу лавозимни тарк этадилар. Чунки БМТ ходимлари ва тинчликпарварлари ойига ўртача ҳисобда 9 минг $ олган бир пайтда, маҳаллий аҳоли вакиллари бўлган ишчиларнинг ойлиги бор-йўғи 149$ни ташкил этади», — дейди БМТнинг Шарқий Тимордаги фаолиятини кузатиб борган Австралия эксперти Крис Тейлор.

Қўшимча ҳақлар

Жаҳондаги коррупцион жанжалларга доир ахборотлар тез-тез бериб борилади. Кўпчилик порахўрликнинг бу даражага етганидан ҳайратдан ёқа тутади. Аммо БМТ фаолияти билан таниш бўлганлар бундан заррача ҳам ҳайрон бўлмайди. «Ташкилотнинг расмий вакиллари бундай ҳодисаларга нисбатан: «Битта қуртлаган олмани деб бутун бошли дарахт ҳақида хулоса чиқариш ярамайди, дейдилар. Аммо аслида эса бунақа эмас, — дейди ню-ёрклик экспертлардан бири. — Магарки сиз улкан ташкилот барпо этсангизу, унга ташқи назоратсиз фаолият юритиш ҳамда жавобгарлик ва ҳисобот топширишнинг оддийгина тартибларига ҳам бўйсунмай ишлаш имконини берар экансиз, ҳақиқий коррупциялашган ташкилотга эга бўласиз».
Ҳа, коррупция учун чегараланмаган имкониятларнинг бисёрлигининг ўзи ҳам БМТда ишлашга жалб этувчи сабаблардан бири ҳисобланади. Ташкилотдаги ва унинг бўлимларидаги ҳақиқий порахўрлик ҳудудлари ҳақида ҳеч ким билмайди. Бироқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти амалдорларининг 10 минг $дн кам бўлмаган совға-саломни қабул қилмасликларининг ўзи кўп нарсани англатмасмикан? Ва нафақат БМТ амалдорларигина худди «Савдога алишиладиган нефть» дастурининг собиқ раҳбари Бенон Севан билан бўлгани каби ҳақиқий жиноий иш билан қўлга олинган ҳолда ҳам ўз хизмат вазифасида қолиши, маош ва қўшимча иш ҳақидан маҳрум бўлмасликлари мумкин. Ва фақат БМТдагина миллионлаб доллар «йўқотилиши» ва бунинг учун ҳеч ким жазоланмаслиги мумкин. Масалан, БМТдаги энг катта миқдорда «йўқотилган» пул — 1994 йилда Сомалида бўлиб, бу деярли 4 млн. $ эди. Қизиғи, тинчликпарварлик операцияларини амалга ошириш учун молиялаштирилган мазкур пулларни топиш учун Скотленд — Ярдда махсус бўлинмасининг ходимлари ҳам жалб этилганига қарамай, ҳали-ҳамон йўқолган миллионлар ўғрисини топишнинг иложи бўлмайди. Худди шундай ҳол Комбожада ҳам содир бўлади. БМТ вакиллари бу ерда ўз ускуналарини (автомобильлар, компютерлар, алоқа воситалари) «йўқотиб» қўйишади. Ва бу «эҳтиётсизлик» 4 млн. $га тенг бўлгани боис Комбожадаги тинчликпарварлик операциялари ташкилот тарихидаги энг қимматга тушган ишлардан бири бўлиб қолади.
Яна бир мисол тариқасида ташкилотнинг собиқ бош котиби испаниялик Федерико Маёрнинг ЮНEСКО ташкил топган кун санаси — 16 ноябрьнинг бутунжаҳон Қаноат куни деб нишонланишининг ўзини олсак. Бу ҳақда ташкилотнинг собиқ ходимларидан бири қуйидагиларни гапириб берган: «Биз биргина ўша байрам байроғини аъзо мамлакатларнинг барчасида кўтарилиши лозим бўлган олтита толерантлик лойиҳасининг ўзигаёқ олам-жаҳон маблағ сарфладик. Бироқ бу билан нимага эришдик? Ҳеч ким бунинг нималигини сўрамади ҳам».
Яна бир жанжалли воқеа ҳам айнан Маёр номи билан боғлиқ бўлган. Истеъфога чиқишидан бир неча кун илгари у юздан ортиқ кишини юқори маошли ишга ўтказган ва янги штатларга қабул қилган. Бу эса (умумий бюджети 800 млн. $ни ташкил этувчи) ЮНEСКО учун 11 млн. $га тушган. Ташкилотнинг янги бош директори лавозимига келган Контиро Матсуури ўзидан олдинги раҳбарнинг бу буйруғини бекор қилгач эса, унинг бу ҳаракатидан ранжиган икки нафар ходим ташкилотнинг Париждаги штаб-квартирасининг ўзидаёқ норозилик сифатида очлик эълон қилган.

Ислоҳотлар

БМТ, ЮНEСКО ва бошқа қатор агентликлардаги жанжалли воқеалар, шунингдек, барча халқаро кўзбўямачилардаги (Ироқ воқеларидан тортиб, БМТнинг Жанубий-Шарқий Осиёдаги тсунами ва Покистонда содир бўлган зилзилаларга нисбатан ҳаракатигача) юзага келган нохуш вазиятларни ифодаловчи қониқарсиз ишлардан сўнг, ташкилот раҳбариятидан аҳволни ўзгартириш талаб этила бошланди. Бунга жавобан эса бош котиб Кофе Аннан нимадир чора кўришга ваъда бериш билан ҳамда БМТ ходимларидан ҳалолроқ ишлашларини сўраш билангина чегараланди, холос.
«Жаноб Аннаннинг бу чақириқлари жаноб Горбачёвнинг бир пайтлар Совет Иттифоқи фуқароларини камроқ ичишга қилган даъвати каби таъсирли бўлади», — деб кинояли изоҳлайди бу ҳолни ню-ёрклик тадқиқотчилар. Ҳозирча БМТдаги коррупция билан курашиш натижалари бор-йўғи ташкилот амалдорларининг шу вақтга қадар олиб келишган камида 10 минг $лик совға-саломлардан ўзларига фақат 125 доллардан қиммат бўлмаганларини қолдиришга рухсат бериш билан чегараланган. Очиғи, бу таклиф ҳам ҳали бор-йўғи кўриб чиқиш арафасида турибди, холос.

«Власть» журналидан Дилфуза Қўзиева таржима қилди.