Туризм дунё иқтисодиётининг етакчи соҳаларидан бирига айланди. Бу ҳақда Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим 16 февраль куни Истанбулда иш бошлаган III Жаҳон туризм форуми (World Tourism Forum Global Meeting) очилишидаги нутқида сўзлаган.
Бош вазирга кўра, Туркия ҳукумати туризмни шунчаки иқтисодий тараққиёт манбаи деб билмайди.
“Туризм бу турли халқлар ва маданиятларни яқинлаштирувчи, халқаро муносабатларни мустаҳкамловчи соҳадир. Туризм қотиб қолган хато қарашларни йўққа чиқаради”, – деган Б.Йилдирим.
Қайд этилишича, Туркия ҳукумати сўнгги йилларда 15 мингга яқин тарихий ёдгорликларни реставрация қилди. 2002 йилдаги вазият билан таққослаганда, мамлакатдаги музейлар сони 198 тадан 220 тагача, аэропортлар эса 26 тадан 55 тага етди. Айни пайтда Истанбулда дунёдаги энг йирик бўлиши кутилаётган учинчи аэропорт бунёд этилмоқда.
Бош вазир терроризм туризм соҳасига тўсиқ бўла олмаслигини таъкидлар экан, Туркияга сафар қилиш АҚШга сафар қилиш каби, Истанбулга саёҳат қилиш Парижга саёҳат қилиш каби хавфсиз эканига урғу берган.
Б.Йилдирим соҳани ривожлантириш учун мамлакат раҳбарияти ва туризм жабҳаси вакиллари зиммасида масъулиятли вазифалар турганини қайд этган.
Туркия Президенти шафелигида Истанбулда ўтказилаётган Жаҳон туризм форуми 18 февралга қадар давом этади. Глобал анжуман ташкилотчилари орасида Туркия Бош вазири девонига қарашли Матбуот ва ахборот бош бошқармаси ҳам бор.
Матбуот ва ахборот бош бошқармаси маълумотига кўра, туризм соҳасидаги нуфузли тадбир 3 мингдан ортиқ иштирокчини бир ерга жамлаган. Жумладан, анжуманда 20 га яқин мамлакатнинг туризм вазирлари, сиёсатчилар, жаҳон бозорда ўз ўрнига эга туристик компаниялар вакиллари, сармоядорлар, олимлар, мутахассислар ҳамда соҳага ихтисослашган журналистлар қатнашмоқда.
Тадбирда маъруза қилувчи меҳмонлар орасида Facebook асосчиси Марк Цукерберг, Буюк Британия собиқ Ташқи ишлар вазири Дэвид Милибэнд, Буюк Британия собиқ Ички ишлар вазири Жек Строу, Яндекс бош директори ва асосчиси Аркадий Волож каби машҳур шахслар ҳам бор.
2014 йилда ташкил этилган Жаҳон туризм форуми доирасида йил давомида битта глобал ва учта минтақавий анжуман ўтказилмоқда. Бу йил учинчи бор уюштирилаётган форум орқали жаҳонда туризмнинг бугунги ҳолати ва эртанги истиқболини муҳокама қилиш, соҳадаги глобал технологик янгиланиш ва ўзгаришларни кўриб чиқиш, Туркиянинг туризм соҳасидаги ривожланишни халқаро миқёсда танитиш ва шу орқали дунё бозорида мамлакатнинг ўрнини кенгайтириш мақсад қилинган.
Сўнгги пайтларда Туркия раҳбарияти туризм соҳасини янада ривожлантиришга алоҳида аҳамият бермоқда. Мамлакат Маданият ва туризм вазирлиги маълумотига кўра, 2016 йилнинг 11 ойида Туркияга 24 миллиондан ошиқ сайёҳ келган. Демак, бу кўрсаткич 2015 йилдагидан 30,8 фоизга ошган. Туркия жаҳонда сайёҳларни жалб этиш бўйича Франция, АҚШ, Испания, Хитой ва Италиядан кейин олтинчи ўринда бормоқда. Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон эса Туркияни яқин муддатда бу борада сайёрамизнинг учинчи давлатига айлантириш режасини эълон қилган. Туркия етакчиси туризм даромадини яқин муддатда 50 миллиардга, 2023 йилда эса 86 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйган.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақола:
Туркия сайёҳлик бўйича дунёнинг учинчи давлати бўлади…ми? 04.02.2017