Бельгия, Испания, энди Латвия… Таниқли ўзбек фоторассомининг навбатдаги шахсий кўргазмаси очилди

Латвия пойтахти Рига шаҳрида таниқли ўзбек фоторассоми Ҳусниддин Атонинг “Ўзбекистон – Буюк ипак йўли чорраҳасида” номли фотокўргазмаси очилди.

Рига шаҳар ҳокимлиги маданият департаменти ва Ўзбекистон элчихонаси томонидан Конгресслар саройида ташкил этилган маърифий тадбирда Латвия сиёсий, иқтисодий ва маданий доиралари вакиллари, журналистлар, шунингдек, ушбу мамлакатда таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар иштирок этди.

Очилиш маросимида сўзга чиққан Ҳусниддин Ато ўз асарларида “қадимий тарих, бой маданият, ривожланган санъат, Ўзбекистоннинг меҳмондўст халқи ҳаётини намойиш этиш”га интилишини таъкидлади.

“Умид қиламанки, бугун намойиш этиладиган фотосуратлар Ўзбекистонга ҳали ташриф буюрмаганларни саёҳат қилишга илҳомлантиради ва мамлакатимизга ташриф буюрганларни эса илиқ хотираларини эслатади”, – деди ижодкор.

Рига шаҳри ҳокимлиги таълим, маданият ва спорт бўлими бошлиғи Байба Шмита йиғилганларни қутлар экан, Рига ва Тошкент ўртасида савдо-иқтисодий ва маданий-ижтимоий соҳаларда самарали ҳамкорлик йўлга қўйилганини таъкидлади.

Шунингдек, у 2019 йил май ойида Тошкентда Ҳусниддин Атонинг Латвияда ўтказилган “Қўшиқ ва рақс фестивали” ҳақидаги фотокўргазмаси ташкил этилганини ҳам ёдга олди.

Қайд этилишича, ушбу кўргазма икки дўст халқлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшади.

Кўргазмада намойиш этилган 60 дан ортиқ фотосурат ташриф буюрувчиларда катта қизиқиш уйғотди. Улар нафақат ўзбек халқининг ўзига хос маданияти, урф-одатлари, балки сайёҳлик салоҳияти, дунёга машҳур тарихий масканлари ва мамлакатнинг бой мероси ҳақида ҳикоя қилади.

Фотокўргазма жорий йил 15 ноябрга қадар давом этади.

Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, санъат соҳасида халқаро эксперт ва фоторассом Ҳусниддин Ато мамлакатимиз ва хорижда ўтказилган кўплаб ижодий танловларда совриндор бўлган, шахсий кўргазмаларини ўтказган. Хусусан, жорий йил июнь ва октябрда фоторассомнинг Бельгия ва Испанияда кўргазмаси ташкил этилган.