Эркин Аъзам. Отдош одам

http://n.ziyouz.com/images/erkin_vohidov.jpgОти бир хил отдошлар ўртасида қандайдир руҳий уйғунликми, қадрдонликми бўладиганга ўхшайди, назаримда. Аслида ундай эмасдир-у, кимсан Эркин Воҳидовга ўзимни яқин тутганим учун менга – яна бир Эркинга шундай туюлар. Бу яқинлик, бу илиқлик мактабдан, илк бор дарсликда Эркин Воҳид (айнан шундай!) деган имзони учратганимда бошлангандир; қарангки, мен – Эркин, укамнинг исми эса Воҳид эди.
Ваҳоланки, исмлар уйқашлиги анчайин бир сиртқи аломат, кишининг тақдиру ҳаётида ҳеч нимани англатмас – отдошлик деганлари омад отига ўтқазиб қўймайди-ку сизни. Лекин улуғ бир инсонга лоақал ана шундай яқинлик ҳам яхши-да, тўғрими? Дейлик, менга ўхшаб, “Энг яхши Эркинга – энг ёмон Эркиндан” дея китобингизга эркалик билан дастхат ёзиб берсангиз ҳам бўлаверади.
Агар ўзаро ботиний бир ришта бўлмаса, Эркин Воҳидовдек довруқли инсон менга шунча яхшилик, адабий тақдиримга шунча ғамхўрлик қиларми эди денг! У кишининг таклифи, у кишининг шарофати ила бир эмас, икки жойда талай йил бирга ишламоқ насиб этибди: “Ёшлик” журнали ҳамда Ғафур Ғулом номидаги нашриётда.
Қизиғи шундаки, ҳар иккала ҳолда ҳам мен ишдан бўшаб, бекор юрган эдим. Ёш ижодкорларнинг йигирма-ўттиз йиллик орзуси рўёбга чиқиб, “Ёшлик” журнали таъсис бўлди. Бу ёшлар учунгина эмас, бутун адабий Ўзбекистон миқёсида катта воқеа эди. Бугун энди уч-тўрт шоввоз гапни бир жойга қўйиб, бемалол журнал ёки газета очиши мумкин, нашриёт ташкил қилиши мумкин. Кейин, йил ўтиб-ўтмай уларнинг фаолияти тақа-тақ тўхташи ҳам ҳеч гап эмас. Бу каби янгиликларни биров билиб, биров билмай қолади. Бироқ у кезларда қирқ-эллик йиллик газета-журнал таҳририятларига ниҳояти бир кичик адабий ходим ўрни зарур бўлганда ҳам азза-базза Масковнинг рухсати даркор эди.
“Ёшлик” журналининг дунёга келиши нақадар шов-шув қўзғаганини шундан ҳам билса бўлар. Арзанда бу нашрга барча бирдай кутган одам, севимли шоиримиз Эркин Воҳидов бош муҳаррир этиб тайинлангани эса ёшларни шоён руҳлантириб юборди. Бизга ўхшаб “ижодий таътил”да юрганларнинг кўнглида орзу ғимирлаб қолди денг: “Мен ҳам шу журналда ишласам! Кимсан, Эркин Воҳидовга шогирд тушсам!” Бу каби ўй-хаёллар каминанинг ҳам кўнглидан ўтгани табиий. Лекин, бугунги таъбирни қўлласак, “кастинг” катта эди, “сен телбага сон қайда”! Шунданмикан, келиб Эркин Воҳидовга учрашаркансиз, деб телефон қилганларида ишониб-­ишонмай уйдан чиққанман. Ўша вақтда иккитагина тўпламим нашр этилган, биров таниб, биров танимас эди. Эркин ака ҳам ғира-шира билардилар, чоғи; отдошлигимиз туфайли ёдларида қолган бўлсам керак. (Кейин эшитишимча, ишга таклиф этилгунимга қадар унча-мунча маълумотномаю тавсияномалар олинган экан.)
Янги журнал Ёзувчилар уюшмасининг Пушкин кўчаси муюлишидаги биносида иш бошлаган эди. Эркин ака санжоброқ мажлисхонанинг тўридаги омонат столда қоғоз кўриб ўтирган эканлар. Барчага маълум хушсуханлик, ўзидан кичикка ҳам иззат-эътибор… Бош муҳаррир журналнинг бўлажак ижодий қиёфаси, бу борадаги режа-мўлжаллардан сўзлади, наср бўлимига қўйилажак талабларни айтди. “Мудир ким бўлади, бўлим мудири?” деб сўрадим ишга жойлашганимга ишонч ҳосил қилгач. “Сиз-да, сиз”, дедилар Эркин ака худди тушимга киргандек.
Иш юзасидан гоҳо ёшликка хос тезоблик, маҳмаданагарчиликлар қилиб бош муҳарриримизнинг ғашига текканим бор гап. Эсласам, ҳали-ҳамон юзларим ловуллаб, хижолатдан терга тушаман. Ўшандай пайтларда у киши балки бошдаги қарорларидан пушаймон ҳам бўлгандирлар, аммо қарийб беш йиллик ҳамкорлик мобайнида буни бирор марта сездирганлари йўқ.
Давлат бошига Черненко дегани келиб, даққи мафкурачилардан эмасми, компартиянинг навбатдаги пленумида адабиёт жабҳасидаги оғишлар, жумладан, ҳаётнинг чигал томонларини акс эттиришга ружу қўйилаётгани қаттиқ танқид қилинди. Бу гаплар Масков нашрларига тегишли эди, албатта. Лекин, қоидага кўра, иттифоқчи республикалар ҳам унга лаббай деб жавоб бериши керак. Бизнинг одатдаги қолип­ларга мойилроқ адабиётимизда эса бунга мисол йўқ ҳисоби, аммо топиш шарт! Журналимизнинг галдаги сони режалари муҳокамасида асосий эътибор шунда бўлди. Аксига олгандек, ўжарроқ бир муаллифнинг режага кирган қўш ҳикоясидан бири “Алам”, иккинчиси “Ўлим” деб аталар экан, ўқиб ўтирилмай иккиси-да қурбон бўлди. Биз, сезгир муҳаррирларнинг таклифига кўнмагани учун жазо! Қарангки, каминанинг “Жавоб” деган нарсаси ҳам шу сонга мўлжалланган эди. “Ўзи­нгизники нима ҳақда, Эркинжон?” деб сўради бош муҳарриримиз. “Ўзимники ҳам шундай…” дедим нафасим ичимга тушиб.
Алам қилди, албатта. Неча кунлар қўл ишга бормай юрди. Араз.
Орадан икки ойми-уч ой ўтиб, навбатдаги сонга йирикроқ нарса топилмай, “Бир ўқийлик-чи”, деб раҳбаримиз масъул котиб орқали ўша қиссани сўратдилар. Ишончсизлик билан элтиб бердим. Эртасигаёқ чақириб, қўлёзмани қўлимга тутқаздилар. Бундай қарасам, қалам урилмаган. Демак, ё қайта ишлаш керак, ё бутунлай маъқул бўлмаган! “Нима қилай буни?” дебман беихтиёр. “Нима қилардингиз – босмага, наборга!” дедилар кишини ҳайратга солиб. “Ҳаётнинг чигал томонлари-чи?..” Эркин ака худди ўзларига ўзлари гапиргандек дедилар: “Чигаллик бўлмаса, дард бўлмаса, ундай асар кимга керак?!”
Қиссани мошинкада ўзим кўчирган эдим. Қайсидир саҳифасининг охиридаги абзацга кўндаланг чизиқ тортиб қўйилибди – ўчирилган. Кейинги саҳифа ҳам айнан шу абзац билан бошланарди. Такроран терилган экан-да. Бошқа бирорта эътироз йўқ…
Ўша кезларга оид тағин бир ҳангома ҳеч эсдан чиқмайди. Буниси энди ўзимизнинг марказқўм “маҳсулот”и. Туриб-туриб танқид ва ўз-ўзини танқидни янада кучайтиришга қарор қилинди. Катта-кичик ташкилоту корхоналарда ярим ҳазил, ярим чин “ур-йиқит” бошланиб кетган.
Таҳририятимизда ўтган ана шундай танқид мажлисига марказқўмдаги мафкурачи опахонлардан бири назоратчи вакил бўлиб келди. У киши ҳали бу жабҳада хийла ҳаваскор, айрим сафдошлари сингари эркакчасига қўл силкий-силкий гапни кесиб гапиролмас, айниқса, Эркин аканинг салобати босибми, кеча тушган келинчак мисол ийманиброқ ўтирар эди. Аммо барибир “юқорининг одами”! Ўйин қоидасини бузмай, ҳамма бир-бирини енгилгина чилпиб ўтган бўлди: келган одам бирпасдан кейин кетади, қолиб бирга ишлайдиган ўзимиз-да.
Сўз навбати менга етди, келиб-келиб чекимга раҳбаримизни – Эркин акани танқид қилиш мушкулоти тушган. Нима дейин, у кишидан бирор-бир ёмонлик кўрганим йўқ, неки бўлса иш юзасидан бўлган, ўзларига эса ҳурмат-эътиқодим баланд. Гапни айлантира бошлаганимни сезиб, ийманчоқ опадан принципиал садо чиқди: “Сиз қўрқманг, ука, Эркин Воҳидович акамиз танқидни тўғри тушунадилар”. Бу далдаси ҳам самара бермагач, у ўзига керакли жавобни энди суғуриб олмоққа ўтди: ишга кеч қолганингизда уришадиларми, ҳуда-беҳуда койийдиларми, баъзан қўполлик қилиб турадиларми?.. Йўқ, йўқ, йўқ. Вакил қаламини тишлаб ўйга толди: нима десак экан-а унда? Ниҳоят, зарур ифода топилиб, блокнотга бундай тушди: “Журнал жамоасига муносабатда ўта бағрикенг, ишга талабчанлик ўрнига гоҳо кўнгилчанликка боради…”
Мажлис якунидаги яна бир гап ёдда қолган. “Зўр журнал чиқаряпсизлар, Эркин Воҳидович, ўқиб турамиз, раҳмат сизларга! – деди масъул ходим танқид руҳини унутиб, хушҳоллик билан. – Лекин биттагина истак бор эди. Мана, дейлик, йигит билан қизни тасвирлаб келасизлар-келасизлар-да, охири ноаниқ бўлиб қолади: улар бирга кетадими, ёки… Бир жумлагина гап қўшиб, шуни аниқроқ ёзса бўлмасмикан-а? Илтимос-да бу”.
Мажлис аҳли “илтимос”дан лол қолган, кулиб юбормаслик учун ҳамма базўр тишини тишига босиб ўтирар эди. Эркин акага қарадим, у киши асло сир бой бермай, одатдагича жилмайиб турардилар. “Жуда яхши, – дедилар кейин мулойимлик билан, – жуда яхши. Биз буни албатта ҳисобга оламиз. А, йигитлар? Очерк-­почерк ёзганда-да…”
Энди ўйласам, ўша давр ўйинларининг бегуноҳ бир ўлжаси, аслида соддагина, кўнгилчан аёл экан у…
Мурод Муҳаммад Дўст “Галатепага қайтиш”ини ёзган, лекин қайси журналда бостиришни билмай боши қотиб юрган эди. Ўқиган одам дафъатан нима демоққа ҳайрон – одатий асарлардан эмас эди. Ўйлай-ўйлай бош муҳарриримизга кўрсатадиган бўлдик. “Дўстингизнинг яхши қалами бор экан, шунинг ҳурмати чиқарайлик. Лекин озроқ иши бор”, дедилар Эркин ака ва асарни яхлитлаштиришга доир таклиф-мулоҳазаларини айтдилар. Суюнчи олиб муаллифга етказдик.
Аммо у кезлар журнал ёки нашриётда чоп этиладиган йирикроқ асар жамоат муҳокамасидан ўтмоғи шарт эди. Адабиётимизнинг ўша даврдаги айрим “қозикалон”лари асарга бутунлай қарши, ундан ғуррадек бўртиб турадиган бирор коммунистик ғоя қидиришар, муаллифнинг янгича услуби ҳам уларнинг ғашини қўзғамоқда эди.
Наср кенгаши аъзолари атай хуфяроқ йўсинда Ёзувчилар уюшмасининг номдор бир котиби хонасига тўпланди. Энг катта насрчи адибимиз ҳам, Ғафур Ғулом нашриётини ўтқазиб-турғизадиган опахону акахонлар ҳам шу ерда. Улар насрчилар йиғинида Эркин акани кўриб андак таажжубланганлари, айни чоқда алланечук сипо тортганлари кечагидек эсимда. Лекин барибир қўлёзмани аяб ўтиришмади, яроқсизга чиқаришди-қўйишди. Ҳаммаси ёш муаллифга гўёки ачиниш билан қарайди денг: Масковларда ўқиб келган одам ҳам шунақа нарса ёзадими!..
Муҳокама сўнгида Эркин акамиз сўз олиб, барчани лол қолдирдилар: “Асар бизга маъқул. “Ёшлик” журнали унга харидор. Баъзи мулоҳазаларимиз асосида Муроджон қўлёзмани қайта кўриб беришга рози. Асарга устоз Озод Шарафиддинов сўзбоши ёзяптилар!”
Бу қарор-хулосани у киши худди ҳозиргина асар юзасидан билдирилган нордон фикрларни эшитмагандек, ҳеч ким билан мунозарага киришмай, баайни даврани шунчаки бир хабардор қилиб қўяётган каби холис, беозор оҳангда айтдилар. Кенгаш аҳли баттар таажжубда қолиб, негадир бирор эътироз қилолмай, елка қиса-қиса тарқалди.
Бош муҳарриримизни ёлғончига чиқариб қўймаслик учун шу заҳоти қўлёзмани кўтариб Озод аканикига чопдик. Асар домлага маъқул бўлиб, сўзбоши ёзиб бердилар. Энди ўша ваҳимали муҳокамалар замони ҳам, бошқаси ҳам ўтди, “Галатепага қайтиш” “Ёшлик” журналида эълон қилиниб, адабиётимиз ўзига хос бир асар билан бойигани қолди.
Хуллас, ниятимиз йўлдош бўлиб, шу тариқа журнал тилга тушди, ўша йиллардаги нашрлар орасида байроқдорлик қила бошлади. Бугун энди сабабу сирини сўраганларга Эркин ака машҳур “Юность” журналига раҳбарлик қилган Валентин Катаев тажрибасини мисол келтириб, “Муҳими – ходимларга халақит бермаслик, яъни ҳадеб уларнинг ишига аралашавермаслик”, дейдилар. Журнал аҳли ҳам шу ишончнинг қадрига етарди, бош муҳаррир номига гард юқтирмасликка тиришиб ишларди.
Биласизки, бундай ҳолат одатда узоқ давом этмайди, албатта нимадир бўлади. Бўлди. Эркин акамиз кўтарилиб кетдилар – Ғафур Ғулом номидаги каттакон нашриётга бош бўлдилар. Биз ғўралар эса ўзимизча буни тушунолмай хуноб: “Ёшлик” зўр эди-ку, обрўли эди-ку, у серғалва жойда нима бор?!
Биров бир нима дегани йўқ, Эркин акага ўрганиб қолган эканмизми, қўл совиб, ишни йиғиштирдик. Бекор ўтирган кунларимизнинг бирида чошгоҳ маҳали уйга Хайриддин Султонов кириб келди. У ўша кезлари Ғафур Ғулом нашриётида бош муҳаррир ўринбосари эди. Бафуржа гурунгга чоғланаётганимни кўриб, “Бўлинг, сизни опкетгани келдим. Устоз сўраяптилар”, деди.
Нашриётга етиб борганимизда тушлик пайти бўлиб қолган, директор бошлиқ тўрт-беш киши – муовинлару таҳририят мудирлари икки-уч мошина бўлиб аллақайга лағмонхўрликка отланиб туришган экан. Биз ҳам қўшилдик. Ич қизийди денг: нега чақирибдилар-а? Аммо на йўлда, на овқат маҳали бу ҳақда сўз очилди. Тушликдан қайтгач, кабинетларида икков қолганимиздагина қарорлари маълум бўлди: “Ишга келасиз!” Важ-корсонларимни қалаштира бошлаган эдим, илгаригига ўхшамаган бир жиддияту қатъийлик билан такрорладилар: “Келасиз, тамом! Ҳаммаси яхши бўлади”.
Ўша куниёқ буйруқ чиқди: кўптомлик нашрлар таҳририятининг мудири этиб тайинландим. Кейин билсам, нашриётнинг ўзида ҳам, ташқарида ҳам бу лавозимни кўзлаб юрганлар кам эмас экан.
Устозимизнинг ишончини оқладикми-­йўқми, ҳарқалай, у киши бошқа ишга ўтиб кетганларидан сўнгра ҳам яна уч-тўрт йил қолиб ноширлик қилдик.
Эркин ака бир куни қўнғироқ қилиб қолдилар: “Фарғонани бир айлантириб келсам нима дейсиз? Дўстларингиз ҳам боришади – Хуршиджонлар”.
Бу дунёнинг асти тугамайдиган ташвиш­лари, айниқса, ўша вақтдаги жамоат ишлари, бир ёқда журналга тегишли юмушлар, хуллас, одатдаги танглик-тиғизлик – бир ёқларга бориб ўйнаб келгани вақт қайда дейсиз! Лекин Эркин акага йўқ деб бўлармиди! Шундай таклифни рад этиб, кейин пушаймон қилмайсизми?
Алқисса, икки Хуршиду (Дўст ва Даврон) икки Эркин – тўртовлон “Қайдасан, гўзал Фарғонам” дея йўлга тушдик. Сафаримизга расмийроқ тус бермаса бўлмасди, Эркин Воҳидов катта одам, қолганлар ҳам чакана эмас, кимсан – депутат! Олий ўқув даргоҳларида, ишлаб чиқариш корхоналарида бўлган қизғиндан-қизғин учрашувлар. Айниқса, Марғилондаги дилкаш кунлар! Қариндошларининг тўйи устига бориб қолган эканмиз, ул ажиб издиҳом, ул иззат-­икрому файзиёб машваратларни айтинг. Эркин акамизни Фарғона аҳли даврасида кўрмоқ бир бўлакча эди.
Бугун ўйлаб қарасангиз, устозимиз бизни Фарғона зиёратига бекор таклиф қилмаган экан. Дунё ташвишлари ҳамон битгани йўқ, битмаслиги ҳам маълум, ўшандаги Фарғона сафари эса бир умр ёддан чиқмас хотира бўлиб қолди.
Кейинчалик Эркин ака билан олий маҳкамаларда бирга ўтириш ҳам насиб этди. У кишининг ўзини тутиши, минбарга чиққанда лўнда-лўнда, барчанинг кўнглидагини кутилмаган бир йўсин, бир нозиклик билан ифода этиб бериш­лари бизга мактаб, бизга андоза эди. Яшириб нима қилдик, каттароқ амалдорни кўрганда унча-мунчамиз бирдан кичрайиб, овозимиз ингичкалашиб, икки букилай деб қоламиз, шундай эмасми? Энг олий мансабдорлар билан рўбарў келганда ҳам Эркин акамизнинг асло саросимага тушмай, теппа-тенг муомалада бўлганларига кўп бора гувоҳман. Ўша камтаринлик, ўша самимияту ўша хушсуханлик – заррача ортиқ эмас. Инсоний қадрини, шоирлик шаънини юксак тутган одамнинггина қўлидан келади бу иш!
Ҳали-ҳануз баъзи бир вазиятларга дуч келинганда, Эркин ака мана шунда нима деган бўлардилар, нима қилган бўлардилар, дегандек ўй-андишалар ўтади кўнгилдан. Йўқ, беҳуда, беҳуда. Ҳарчанд отдош бўлмайлик, ҳарчанд у кишига ҳавас қилиб, ўзимизни маслакдош санамайлик, барибир бошқа-бошқа одамлигимиз аён бўлиб қолади. Беихтиёр кўнгилни бир тасалли ва фахр туйғуси қамрайди: майли, Эркин акадек бўлолмасак-да, у кишига интилиб, у кишига ҳавас қилиб яшаш ҳам ғанимат-ку! Эркин ака мисоли одамлар билан замондошлик ҳам бир мартаба эмасми бизга? Шундай. Худди шундай!

«Ёшлик» журнали, 2016 йил, 12-сон