«Ёдингиздами, ўтган асрда яшаган авлодлар фашизм ва коммунизмни нафақат ракеталар ва танклар ёрдамида, балки кучли иттифоқ ва мустаҳкам ишонч туфайли ҳам мағлуб эта олишган. Чунки фақат куч-қудратга таяниб, ўзини ҳимоя қилмоқ мумкин эмаслигини улар яхши билишган. Ўзимизни хатарлардан ҳоли, хавфсиз ҳис этмоғимиз учун энг аввало адолат билан иш юритмоғимиз, камтар ва ҳалол бўлмоғимиз, бошқаларга яхши ўрнак кўрсата олиш ва ўз-ўзимизни назорат қила билишга одатланмоғимиз зарур».
АҚШнинг 44-Президенти Барак Обама инаугурация маросимида нутқ сўзлар экан, унинг чуқур мулоҳазали, оташин фикрлари ҳеч кимни бефарқ қолдирмади.
У ўзига хос нотиқлик иқтидори, инсон руҳини кўтарувчи сўзамоллиги, етук билимдонлик ва зукколик сифатлари туфайли ҳам Президентлик сайловларида муваффақиятга эриша олди.
Ўзига хос ноёб таржимаи ҳолига қарамай, Демократик партия томонидан Президентликка номзодини илгари сурган ва кўзланган маррани забт этган Обама номи АҚШ тарихида ва сиёсий ҳаётида янги саҳифа очди.
Тарихга АҚШнинг биринчи афроамерикалик Президенти сифатида номи битилган Обама бошқа давлат раҳбарларидан келиб чиқиши, ҳаётда кўрган-кечирганлари, тўплаган тажриба ва сабоқларига кўра ажралиб туради. Отаси – кениялик фермерлар авлодига мансуб, онаси – асли Американинг марказий қисмидан бўлган ўзига тўқ оила фарзанди. Икки ирқ ва икки хил дунёқарашга мансуб ота-онанинг никоҳидан дунёга келган Обама ўзининг ёрқин ҳаракат дастури, алангали сайловолди нутқлари билан мамлакат миқёсида катта эътибор қозонди.
У 2004 йилда ўтказилган демократларнинг миллий анжуманида сўзга чиқиб шундай деган эди: «Ер юзида либерал Америка ҳам, консерватив Америка ҳам йўқ, Америка Қўшма Штатлари деган мамлакат бор. Курраи заминда оқ Америка ёки қора Америка деб ажратиб қўйилган ҳудуд йўқ. Лотин Америкаси ёки Осиё Америкаси дейиш ҳам ноўрин. Фақат Америка Қўшма Штатлари деб аталувчи ягона мамлакат бор. Биз ҳаммамиз битта халқмиз ва барчамиз мустақиллигимиз рамзи ҳисобланган битта байроққа содиқ бўлишга онт ичганмиз. Шу мамлакатни ҳимоя қилишга жазм этганмиз».
Ўша йили у Иллинойс штатидан АҚШ сенатига сайланганди. Орадан тўрт йил ўтиб эса президентлик курсисига интилаётган демократ сафдошлари қаторида у ҳам ўзини катта сиёсатда синаб кўришга қарор қилди ва мамлакатнинг биринчи раҳбари лавозими учун бўладиган навбатдаги сайловларга номзодини қўйди. Нотиқлик санъатини мукаммал эгаллагани, фикрни аниқ ифода эта олиш иқтидори, ёшларни ташаббускорликка руҳлантириш қобилияти унга омад келтирди. У ХХИ аср талабларига тўла жавоб бера оладиган энг муносиб номзод сифатида эътироф этилди. Обама сайловолди дастурида асосан икки мавзуга қаттиқ урғу берди. Биринчиси, мамлакатни бошқариш борасидаги одатий, анъанавий вашингтонча усулни ўзгартириш бўлса, иккинчиси, ғоявий қарашлари, ижтимоий ва ирқий келиб чиқишидан қатъи назар барча америкаликларнинг битта мақсад йўлида бирдамлашуви масаласи эди.
Обаманинг ота-онаси келиб чиқишига кўра бири-биридан мутлақо фарқ қилади. Онаси Энн Данхем Канзас штатидаги кичик бир шаҳарчада туғилиб ўсган. Оиласи билан Гавайи оролларига кўчиб ўтгач, у кениялик талаба катта Барак Обама билан танишади. Бу пайтда Обама Гавайи университетида таҳсил оларди. 1959 йили ёшлар турмуш қуришади ва 1961 йили 4 августда Гонолулу шаҳрида кичик Обама дунёга келади. Орадан икки йил ўтгач, оила бошлиғи Гарвард Университетида ўқишини давом эттириш ниятида жўнаб кетади. Таҳсилдан сўнг эса оиласини Гавайида қолдириб, ватани Кенияга қайтади ва ҳукумат идораларидан бирида иқтисодчи бўлиб хизмат қила бошлайди. Шундан кейин кичик Обама отаси билан бор-йўғи бир мартагина 10 ёшида дийдорлашади.
Обама 6 ёшга тўлганида онаси иккинчи бор турмуш қуради. Индонезиялик нефть саноатчиси Лоло Соэторо уларни Индонезия пойтахти Жакартага кўчириб олиб кетади. Обама тўрт йил пойтахтдаги мактаблардан бирида таҳсил олади. Аммо кейинроқ Гавайига қайтиб кетади. Мактабнинг юқори синфларида ўқир экан, у онасининг ота-оналари – бувиси ва бобосиникида яшайди.
«Отамнинг орзулари» деб номланган илк китобида Барак Обама ҳаётининг мазкур йилларини таърифлар экан, ўспиринлик йилларининг шахду шиддати ва ҳаяжонлари одатдагидан кўра қайноқроқ ва кучлироқ бўлганини таъкидлайди. Чунки бу даврда у ҳар иккала ирқнинг миллий-маданий меросини ўрганиш, англашга ҳаракат қилди. У пайтларда АҚШда бу масалага у қадар эътибор берилмас эди. Оқ танли америкаликлар каби қора танли халқ вакилларининг ҳам ўзига хос туб илдизлари, бой мероси мавжудлиги Обама учун масалани кенг кўламда таҳлил қилиш имконини берди. Орадан йиллар ўтиб, ҳар икки ирқ ҳаёт тарзини, дунёқарашини чуқур ўрганган Обама мазкур масалани сиёсий майдонга олиб чиқа олди.
«Барак шундай фавқулодда қобилиятга эгаки, у ҳатто сира чиқиша олмайдиган бир- бирига зид нарсаларни ҳам ўзаро келиштириб, мувофиқлаштириб, яхлит ҳолга келтира олади, бир мақсад йўлида бирлаштира билади, – деган эди унинг ҳуқуқшунослик факультетида бирга таҳсил олган сабоқдошларидан бири Кассандра Баттс »Ню-Ёркер« журнали мухбирига берган интервьюсида. – Унинг табиатига хос бу жиҳатнинг шаклланишида Баракнинг ҳаётий тажрибаси, таржимаи ҳоли муҳим аҳамият касб этган. Оилада уни оқ танлилар тарбиялашган. Кейинроқ катта ҳаётга қадам қўяр экан, теварак-атрофнинг унга қора танли инсон сифатида бошқачароқ муносабатда бўлаётганини сезган».
Мактабни тамомлагач, Обама Гавайини яна тарк этиб, икки йил Лос-Анжелесдаги Ғарбий коллежда таҳсил олади. Сўнг Ню-Ёркка кўчиб ўтади. Бу ерда Колумбия университетига ўқишга кириб, 1983 йилда санъат соҳасида бакалавр дипломини олади. «Ўшанда коллежни тамомлаганимдан сўнг менинг юрагимни ғалати бир ғоя забт этди ва сира тинчлик бермади, – деган эди кейинчалик Обама ўша кезларни ёдга олар экан. – Мен катта ўзгаришлар қила олишим учун жойларга бориб ишлашим керак» .
Ўз шахсиятини шакллантириш иштиёқида, ҳаётдаги аниқ мақсадни белгилаб олиш ва унга интилиш илинжида Обама Ню-Ёркдаги ишини ташлашга қарор қилди. У консалтинг ширкатида молиявий назоратчи вазифасида хизмат қиларди.
Шундан сўнг у Чикагонинг жанубий қисмида жойлашган афроамерикаликлар яшайдиган қашшоқ даҳада жамоат ташкилотчиси сифатида иш бошлайди. Қачондир Чикагонинг саноати ривожланган марказларидан бири ҳисобланган бу ҳудудда маҳаллий пўлат ишлаб чиқариш заводининг ёпилганлиги туфайли ишсизлик авж олган эди. Шаҳарча аҳли қўл учида кун кўрар, фақат хизмат кўрсатиш соҳалари орқалигина тирикчилик қиларди.
Ишончим комилки, ҳар қандай давлат раҳбарининг асосий вазифаси ўз халқини ҳимоя қилишдир. Мен шунга аминманки, бу масаланинг бизнинг асримизда самарали ечим топиши америкача йўлбошчиликнинг янги талқинини ҳамда хавфсизликни таъминлашнинг ўзгача тамойилларини талаб этади. Токи, бу тамойиллар эскирган, аҳамиятини йўқотган фикрларга эмас, балки бўлиб ўтган ишлардан олинган сабоқларга таянсин.
Барак Обама
Орадан бир қанча вақт ўтиб, ўз номзодини президентликка тавсия этар экан, Барак Обама шундай эслайди: «Мен ўша қашшоқ даҳада ишлаб юрар эканман, бутун умрим бўйи олган сабоқларимдан ҳам кўра кучлироқ малака ва маълумотга эга бўлдим. Айнан ўша ерда мен ўз мақсадим, эътиқодим моҳиятини англаб етдим».
Обама бу ерда хизмат қилар экан, кўзга кўринарли ютуқларга эришди. Жамоат ташкилотчиси сифатида барча саъй ҳаракатларини асосан оддий одамларнинг жамиятдаги фаоллигини ошириш ва буни рағбатлантиришга, сиёсий ва иқтисодий имкониятларни кенгайтиришга йўналтирилган маҳаллий стратегияларни ишлаб чиқиш ва уларни юқори идоралар ҳукми-эътиборига ҳавола қилиш, амалий ижросини рўёбга чиқаришга қаратди.
Мазкур вазифани бажариш жараёнида Обама кўп тўсиқларга учради. Хонавайрон бўлган аҳоли яшаш жойларида ҳаёт тарзини яхшилаш учун қонунчилик соҳасида мукаммалроқ билимларни эгаллаш, баландроқ сиёсий мартабаларни забт этиш лозим экан. Ана шу хулосага келган Обама Гарвард университетининг ҳуқуқшунослик факультетига ўқишга киради. У бу ерда ҳам бошқалардан ажралиб турарди. Серғайрат ва ташаббускор йигитни тез орада университетнинг обрўли нашрларидан бири «Гарвард ло ревю» га президент этиб тайинлашди. Унга қадар қора танли талабалардан ҳеч ким бундай мартабага муносиб кўрилмаган эди. Барак Обама 1991 йили университетни муваффақиятли якунлади.
Таҳсил мобайнида топган юксак обрў-эътибори билан Обама ҳар қандай яхши ишнинг бошини тутиши мумкин эди. Аммо Барак унга қадрдон бўлиб қолган Чикагога қайтди. Бу ерда у «Сидли энд Остин» юридик ширкатида фуқаролар ҳуқуқлари соҳасида амалиёт билан машғул бўлди ҳамда Чикаго Университетида талабаларга конституция ҳуқуқидан сабоқ берди.
Ширкатда ишлаб юрар экан, худди шу ерда Мишел Робинсон билан танишади. Мишел ҳам Гарварднинг ҳуқуқшунослик факультети битирувчиси эди. 1992 йилда улар турмуш қурадилар.
Сўнгра Обама Чикагодаги сайлов жараёнларида иштирок этади. Демократик партиядан президентликка номзоди қўйилган Билл Клинтоннинг сайлов кампаниясида иштирок этиб, сайловчиларни руйхатга олиш ишлари билан шуғулланади.
Давлат хизматига мустаҳкам садоқатини сақлаб қолган Обама 1996 йилда илк бор юқори мансабларга ўтказиладиган сайловларга ўз номзодини овозга қўйди. Шу йили у сайловда муваффақият қозониб, Чикагодан Иллинойс штати сенатига энг муносиб номзод деб топилди.
Обама жамоат ташкилотчиси бўлиб ишлаган даврларидаги қарашларидан келиб чиқиб, кейинги фаолиятида ҳам қатор масалаларга кенг кўламда ёндошишга ҳаракат қилди. Унинг назарида ҳақиқий сиёсатчи – оддий фуқароларнинг талаб ва истакларини юқори қатламларга етказувчи йўлбошчи, катта-катта гуруҳларни бир мақсад йўлида бирлаштирувчи ташаббускордир. У бундан буёнги сиёсий қарашларида ҳам ана шу тамойилларга содиқ қолди.
2000 йилда Обама илк бор АҚШ конгрессига ўз номзодини илгари сурди. Унинг рақиби кучли эди. Чикаго вакиллар Палатасининг аъзоси демократ Боби Раш билан бўлган бу курашда Обаманинг омади чопмади. Мувафаққиятсизликка учрагач, ҳафсаласи пир бўлган Обамага турмуш ўртоғи Мишелнинг таклифи айни муддао бўлди. У АҚШ сенатига номзодини қўйиш ва яна бир бор сиёсий фаолиятида юксалиш сари қадам ташлашга қарор қилди.
Глобализация шароитидаги замонавий дунёда Америка халқининг хавфсизлигини таъминлаш бевосита бутун ер юзи аҳлининг хавфсизлигини сақлаш билан чамбарчас боғлиқдир. Агарки, наркотик моддалар савдоси ва коррупция Лотин Америкасидаги мавжуд демократияга таҳдид солаётган экан, буни Америкага даҳли йўқ деб айтолмаймиз. Индонезия қишлоқларида яшайдиган қашшоқ одамлар чорасизликдан ҳаттоки парранда гриппи билан зарарланган товуқларни бозорга чиқаришга мажбур бўлаётган эканлар, бу муаммони бизга тааллуқли эмас деб бефарқ қололмаймиз. Токи Покистонда жойлашган диний мактабларда ёш болалар онгига ёвузлик ва нафрат ҳислари сингдирилаётган экан, бу бизнинг фарзандларимиз учун ҳам хатарлидир.
Барак Обама
АҚШ сенатига 2004 йил сайловлари Иллинойс штатида бир йил аввал бошланди. Иллинойсдан сайланган ўша пайтдаги сенатор, республикачи Питер Фитсжералд кейинги сайловларда қатнашмаслигини маълум қилган эди. Сенатор курсиси учун дастлабки сайловларда етти нафар демократик партия вакиллари ва саккиз нафар республикачи кураш олиб борди. Обама ўз партиядошлари орасида энг кўп 53 фоиз овоз тўплаб, қолган олтита сафдошини ортда қолдирди.
Ўша вақтда АҚШ сенатидаги 100 та ўриндан 51таси республикачиларга тўғри келар, демократлар бу кўрсаткични ошириш, ҳеч бўлмаганда тенглаштириш ҳаракатига тушган ва бунга астойдил уринаётган эдилар. Шу боис Демократик партиядан президентликка номзоди қўйилган Жон Керри ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратди. Ташаббускор, ақл заковати ва қобилияти етарли, бунинг устига етук нотиқ бўлган Обама аллақачон Жон Керри назарига тушган, унинг ишончини қозонган эди. Шунинг учун Керри Обамага Демократларнинг анжуманида чиқиш қилишни топширди.Обама ҳар доимгидай буни қойил қилиб уддалади. Унинг ёрқин фикрлари, қатъий ишонч ила билдирган кескин мулоҳазалари анжуман иштирокчиларига жон киритди. « Менинг назаримда, – деган эди у, – партиялар ўртасидаги можароларга чек қўйиш, сиёсат йўлидаги худбинлик, номуссизлик ва юзсизликдан тийилиб, кишиларга умид ва ишонч бера оладиган сиёсатни олиб бориш лозим». Мазкур ҳаққоний ва бетакрор нутқ Обамани оммавий ахборот воситаларининг ҳам диққат марказига олиб чиқди. Журналистлар энди уни Демократик партиянинг келажакдаги ёрқин юлдузи дея бутун мамлакатга танитдилар. Ўша йили куз ойларида бўлган сайловларда Обама умумий сайловчиларнинг 70 фоиз овозини қўлга киритиб, АҚШ сенатига ўтказилган сайловларда ғалаба қозонди. Бу кўпчиликни мутаассир қилган жуда катта ғалаба эди. Обама Иллинойс штатининг 102 та округидан 93 тасида мутлақ ғолиб бўлган, унга овоз берганлар орасида оқ танли сайловчилар сони рақибиникидан икки баробар кўп эди. Бу натижалар
Обама янги авлод сиёсатчиси сифатида сиёсат майдонига чиқиб келаётгани ва дадил одимлаётганининг яққол ифодаси эди.
Сенатдаги фаолияти мобайнида у ҳукуматнинг Ироқда олиб бораётган ҳарбий ҳаракатлари тўғрисида бир нечта танқидий фикрлар билдирган эди. «Ҳар қандай уруш эътиқод ва ғояларга эмас, балки сиёсатга асосланган бўлади» деганди у. Яна Конгресс иш фаолиятида ахлоқ-одоб тамойилларига амал қилишни кучайтириш, қуролли кучлар фахрийларига ғамхўрликни такомиллаштириш ва янгича, ноанъанавий электр манбаларидан фойдаланишни йўлга қўйиш каби масалаларни кун тартибига олиб чиқишга эришганди.
Америка Қўшма Штатлари тинч ва тотувликда бирга яшаш учун янги даврни очишга интилади ва бу даврда АҚШ Ислом дунёси билан ўзаро манфаат ва ҳурмат асосида муносабатлар ўрнатиш ниятида.
Барак Обама
Демократик партиянинг 2008 йилда барча 50 та штатда ўтказилган дастлабки сайловлари кўп жиҳатдан тарихий аҳамият касб этди. Гарчи авваллари ҳам президентлик лавозимига афроамерикаликлар ва аёллар номзоди илгари сурилган эсада, бу сафар мисли кўрилмаган натижа қайд этилди: якунловчи босқичга етиб келганлар орасида аёл киши ҳам, афроамерикалик ҳам бор эди. 2007 йилда Обама ва демократик партиядан кўрсатилган бошқа етти нафар номзод ўзларининг сайловолди дастурларини бошлашди.
Ўтказилган сўров натижалари Барак Обама шуҳрат чўққисининг Ҳиллари Клинтондан кейинги иккинчи поғонасида эканини кўрсатганди. Бироқ, Обама сайловолди кампаниясининг илк босқичларидаёқ жойларда сайловчилар билан учрашувлар ташкил этиб, уларни ўз тарафдорлари қаторига қўша олди. У айниқса ёшлар орасида катта обрўга сазовор бўлди. Унинг интернетдан унумли фойдаланиб, кўпчиликнинг овозини тўплай олганлиги ҳам бу борада жуда қўл келди. Гарчи Ҳиллари хонимнинг сайловчилар орасидаги шуҳрати беқиёс бўлсада, Обама ишлаб чиққан янгича ўзига хос стратегия унинг мутлақ ғалабасини таъминлади. 2008 йилнинг 3 январьида Аёва штатида ўтказилган партия йиғилишида Обама кўп миқдорда овозга эга бўлиб, Клинтон хонимдан устунликка эришди. Кейинги ғалабани у 5 февральда қўлга киритди. Бир вақтнинг ўзида 22 та штатда ўтказилган «примарй» сайловларида юқори кўрсаткичларга эришди. Бу кун Обама тарафдорлари учун «суперсешанба» номини олган ва жуда катта тарихий воқеа бўлган эди. Навбатдаги муваффақият Обамани 10 февраль куни кутиб турар эди. Ўша кунги мусоҳабалар натижасида у обрўсига обрў қўшиб, Клинтон хонимнинг шавкати ва шуҳратига бироз соя ташлади.
Барак Обама АҚШ тарихида ўтган барча давлат раҳбарлари орасида энг ёши ва навқиронидир. Кўплаб америкаликларнинг фикрича, Обама мамлакат туб бурилишлар, юксак ўзгаришларга катта эҳтиёж сезаётган бир паллада сиёсат майдонига чиқди. «Вашингтон пост» газетасининг сиёсий шарҳловчиси Э.Дж. Дионн Америкада юзага келган мазкур кайфият ва Обама номзоди ўртасидаги ўзаро омадли мутаносибликни шундай таърифлайди:
«Бу вақтда тажриба эмас, балки кескин ўзгаришлар эҳтиёжи кун тартибига чиққан эди. Сайловолди нутқларида майда тафсилотларни ойдинлаштириш эмас, балки қаттиқ туртки бера олиш муҳимроқ эди, қимматлироқ эди. Яхши кунларга шунчаки қайтиш эмас, балки ўтмиш билан алоқани кескин узиш ва янгиланиш ваъда қилинган эди. Айнан ана шу сифатлар юксак мукофотга лойиқ деб топилди».
Барак Обама АҚШ президенти сифатидаги сиёсий фаолиятини бошлаган илк кунлариданоқ жиддий ва жўяли қарорлар қабул қилишга ҳаракат қилди. У ўзининг дастлабки режаларини иқтисодий инқироз оқибатларини бартараф этиш, вазиятни имкон қадар юмшатишга йўналтирди. Президент Обама Конгресс олдига иқтисодиётни соғломлаштиришга оид қонун лойиҳасини тезлик билан қабул қилиш талабини қўйди. Унга кўра, яқин икки йил ичида 3 млндан ортиқ иш ўринларини ташкил этиш ёки сақлаб қолиш, 95 фоиз ишчи-хизматчиларга солиқларни тўлаш борасида тез фурсатларда имтиёзлар бериш ва бошқалар назарда тутилган.
«Америкада ислоҳотларни энг аввало таълим тизимидан бошлаш керак, – дея фикр билдиради Обама »Вашингтон пост” газетасининг 2009 йил 5 февраль сонида босилган ва Америка халқининг миллий ифтихорига айланган мақоласида. – Чунки таълим-тарбиянинг сифати мукаммал эмаслиги туфайли болаларимиз керагича билимга эга бўлолмаяптилар. Чаласаводлилик оқибатини биз мамлакатимизнинг турли жойларида қулаётган кўприклар, вайрон бўлаётган тўғонлар мисолида кўришимиз мумкин.
Обама бошчилигидаги ҳукуматнинг ташқи сиёсати ҳам ижобий тус олмоқда. Президентнинг баёнотига кўра, АҚШнинг янги ҳукумати Афғонистон ва Покистон ҳудудида жойлашган террористик гуруҳлар, жумладан Ал-Қоидани яксон этиш борасида мазкур мамлакатлар ҳукуматлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиш ниятида. Ҳамкорлик доирасида бу икки мамлакат халқига молиявий кўмак бериш ҳам назарда тутилмоқда. АҚШ конгресси Покистонда демократияни мустаҳкамлаш, янги йўллар, замонавий мактаблар, касалхоналар барпо этиш каби мақсадларга 1,5 миллиард доллар маблағ ажратиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини қабул қилиш арафасида турибди.
Обама Ироқ ҳудудидан АҚШ қуролли кучларини босқичма-босқич олиб чиқиб кетишни режалаштирмоқда. Шимолий Каролинада жойлашган АҚШ денгиз пиёда қўшинлари корпуси аъзолари олдида чиқиш қилар экан, Обама АҚШнинг Ироқдаги ҳарбий миссияси 2010 йил ўрталарида ниҳоясига етишини маълум қилди. – Бундан буён мамлакат келажагига дахлдор муҳим қарорларни ироқликларнинг ўзлари қабул қилишлари лозим, – деди Обама. Шунингдек, ироқлик қочоқларга ёрдам бериш ва минтақа мамлакатлари, шу жумладан Эрон ва Сурия билан ҳам ҳар томонлама ўзаро манфаатли алоқалар йўлга қўйилишини билдирди. Янги ҳукумат яна ўз олдига Эроннинг ядро қуроли ишлаб чиқиш борасидаги интилишлари олдини олиш, Исроил ҳамда араб дунёси ўртасида мустаҳкам тинчлик муносабатлари ўрнатиш масалаларига ҳисса қўшиш ниятида эканини ҳам баён этмоқда.
Янги президент маъмурияти Куба ҳудудида жойлашган Гуантанамо ҳисбхонасини ёпиш тўғрисида кўрсатма берди. Бу ердаги маҳбусларни АҚШ қонунчилигига кўра бошқа енгил тартибли турмаларга кўчириш, ишларини судга ошириш ва қонунда назарда тутилган ҳолда бошқа чоралар қўллаш масаласи кўриб чиқилмоқда. Обама ҳукумати Буш маъмурияти даврида террорга алоқадорликда гумон қилинган маҳбусларни сўроқ қилиш пайтида қўлланилган қийноқларни ҳам бекор қилмоқчи эканини маълум этди. Оқ уйнинг янги маъмурияти бундан буён Женева конвенциясига зид бўлган бундай ҳолларга йўл қўйилмаслигини ўз назоратига олишини билдирмоқда.
Барак Обама АҚШ ҳаётида ва дунё сиёсий жараёнида туб бурилишлар ясай олади ва янги авлод сиёсатчиси деган эътирофни оқлайди деган умиддамиз.
Нодира Абдуллаева