Араб давлатларининг ягона валюта жорий этиш қаршиликка учраяпти

Сўнгги пайтларда Форс кўрфазида жойлашган араб мамлакатларининг жаҳон сиёсатида таъсири ошаётгани кузатиляпти. Бу ҳолатни бутун дунё миқёсида нефтьга бўлган талабнинг кескин ўсиб бораётгани билан изоҳлаш тўғрироқ бўлса керак. Лекин «қора олтин» сотиб олувчи давлатларнинг бахтига Форс кўрфазида жойлашган давлатлар ҳар доим ҳам бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишавермайди. Аксарияти монархия тузумида яшаётган давлатлар иқтисодий манфаат ва миллий сиёсат важидан кўп масалаларда тил топиша олишмайди.

Ўтган ҳафта Қатар пойтахти Доха шаҳрида ташкил этилган Кўрфаз давлатлари ҳамкорлик кенгаши (Гулф Cооператион Cоунcил)нинг йиллик йиғинида ҳам ана шу тушунмовчилик яна бир бора намоён бўлди.

Кенгашга аъзо давлатлар ўртасида ягона валюта жорий этиш тўғрисидаги қарор, шубҳасиз, мазкур анжуманда қабул қилинган энг муҳим ҳужжат эди. Келишувга кўра, кўрфаз давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо бўлган олти мамлакат – Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Кувайт, БАА ва Уммон 2010 йили ягона пул бирлигига ўтиши керак (ҳозирча янги валюта қандай номланиши ҳам аниқ эмас).

Бир қарашда аъзо давлатлар томонидан ҳужжат имзолангани ҳамма муаммо ҳал бўлганидан далолатдек: кенгаш қарори қабул қилинди. Амалга оширилиши керак бўлган муддат аниқ-равшан белгиланди. Лекин муҳим қарор қабул қилингани ҳам ҳали амалий чора-тадбирларга кафолат эмас.

Биргина мамлакат миқёсида миллий валюта жорий этиши жараёни қанчалик оғир кечади. Шундай экан, бир неча давлатнинг умумий тўловга ўтиши хамирдан қил суғургандек осон кечмаслиги турган гап. Қолаверса, яна икки йилдан кейин ягона валютага ўтишни иддао қилаётган давлатлар таваккалчиликдан мулоҳазакорликни устун қўядиган, сиёсатда етти эмас, етмиш ўлчаб иш юритадиган «оғиркарвон» араб мамлакатлари эканини ҳам эътибордан қочирмаслик керак.

Бу ҳолат давлатларнинг умумий оилага бирлашганини ҳам англатади. Шу маънода ягона валюта жорий этилиши давлатларнинг миллий манфаатларига дахл қилиши ҳам эҳтимолдан холи эмас. Чунки умумий пул амал қилган шароитда бир давлатда рўй берадиган иқтисодий қийинчилик ёки инқирозлар қўшни давлатда ҳам акс-садо беради. Бошқача айтганда, ҳар бир давлат ўз ҳамкорининг қувончига ҳам, қайғусига ҳам тенг шерикликни бўйнига олади.

Балки шу боисдир, ҳозирданоқ кўрфаз давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлардан Уммон ва Бирлашган Араб Амирликлари мазкур лойиҳага қўшилмаслигини билдирган. БАА ўз қарорини ягона валютани жорий этиш катта тайёргарлик талаб этиши, Амирлик 2010 йилгача бундай кенг миқёсдаги чора-тадбирларга улгуролмаслиги билан изоҳлаган. Уммон султонлиги эса умумий валюта мамлакатнинг иқтисодий манфаатларига тўғри келмаслигини ошкора айтган.

Миллий манфаат важидан мазкур лойиҳани орқага сураётган ҳар икки давлатни ҳам тушунса бўлади. Масалан, Уммон султонлиги охирги йилларда барқарор иқтисодий тараққиётга эришяпти. 2006 йили султонликнинг ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши 6,6 фоизни ташкил этди. Ушбу кўрсаткич, кенгаш давлатларидан, дейлик, Саудия Арабистонида 4,3 фоизга тўғри келди. Демак, Уммон мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий тафовутлардан ҳам кўз юмиб ягона валютага ўтадиган бўлса, қўшниларнинг зарарини ҳам ўзиники деб билмоғи керак бўлади. Турган гапки, «Бир киши ҳамма учун, ҳамма бир киши учун» қабилидаги бундай мушкетёрча ёндашув кўрфаз давлатларига маъқул келмайди.

Бу ўринда миллий валюталарининг қадр-қиммати борасида сезиларли фарқ мавжудлигидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Масалан, БААнинг дирхами ёки Кувайтнинг динори қўшни мамлакат пулларидан кўра қудратли, айни пайтда АҚШ доллари билан ҳам бемалол рақобатлаша олмоқда. Бундай ҳолатда ҳар икки давлатнинг ягона валюта тўғрисидаги таклифларни жўр овоздан қўллаб-қувватлашини тасаввур этиш қийин.

Европа Иттифоқи давлатларида амал қилаётган евро тажрибаси ҳам умумий пулнинг муомалага киритиш жуда мураккаб жараён эканидан далолат беради. Европа учун умумий пулни таъсис этиш ғояси ўтган асрнинг 70-80-йилларида пайдо бўлган эди. Лекин ушбу таклиф рўёбга чиқиши учун чорак асрдан зиёдроқ муддат керак бўлди. Евро муомалага киритилиб, қадр-қиммати анча мустаҳкамланганига қарамай, Иттифоқнинг энг қудратли давлатларидан бири бўлмиш Англия ҳали-ҳануз ўз фунт стерлингидан воз кечмаган. Шу маънода Кўрфаз давлатлари ҳам ягона пул борасида бир тўхтамга келолмаётгани табиий ҳолат.

Мазкур масалада ҳар бир араб давлати аравани ўзи истаган томонга тортаётганининг яна бир сабаби, ҳозирда амалда бўлган барча миллий валюталар АҚШ доллари билан боғланган. Айни кунларда доллар курсининг тушиши ва бунга қарши ўлароқ нефть нархининг кўтарилиб бораётгани кўрфаз давлатлари учун улкан даромад манбаи бўлиб қоляпти. Молиявий ўйинлар ортидан келаётган фойдадан воз кечишга эса минтақа давлатлари ҳали тайёр эмас.

Дарвоқе, Қатарда ўтган анжуманда 2008 йилнинг 1 январьидан Кенгашга аъзо олти давлат ўртасида умумий бозорни ташкил этиш тўғрисида ҳам декларация қабул қилинган. Бу эса янги йилдан кўрфаз давлатлари ўртасида иқтисодий чегаралар олиб ташланиб, одамлар ва товарларнинг эркин ҳаракати йўлга қўйилади деганидир. Соддароқ айтганда, агар мазкур декларация амалга татбиқ этиладиган бўлса, Cаудия Арабистони фуқароси Баҳрайнда ишлаб, Кувайтда қимматбаҳо қоғозлар сотиб олиш, Қатарда истиқомат этиш ва бир пайтнинг ўзида Уммонда кўчмас мулк харид қилиш имконига эга бўлади.

Африка қитъаси 1945 йилдан бери ягона валюта (афро)ни муомалага киритиш бўйича музокаралар олиб боришдан чарчамаяпти. Узоққа бормайлик, Россия ва Белорус сўнгги беш-олти йил ичида умумий валюта (рубл)га ўтиш муддатини неча маротаба узайтириб, неча маротаба ортга сурди. Шу маънода кўрфаз давлатлари томонидан 2010 йилда умумий валюта жорий этиш тўғрисида ҳужжат имзоланиши ҳам жиддий ишга киришилганини англатади, холос. Асосий мақсадга эришгунга қадар қанча вақт ўтиши эса Яратганнинг ўзига маълум.

Собиржон Ёқубов,
«Ҳуррият»дан олинди.