Кеча Америка Қўшма Штатларида кўпдан буён кутилаётган катта сиёсий ҳодиса рўй берди: Америка аҳли мамлакат президентлигига энг муносиб деб топган етакчи шахс учун овоз берди.
Президентлик сайловида Республикачилар партияси вакили Жорж Буш ва Демократлар етакчиси Жон Керри фаворит сифатида иштирок этди. Шунингдек, 2000 йилги сайловда 3 фоиз овоз йиғишга муваффақ бўлган мустақил партия вакили Ралф Нейдер бу сафар ҳам ўз омадини синаб кўришга қарор қилди. Қуйида ушбу уч номзоднинг халқаро ва ички сиёсатнинг энг муҳим масалалари бўйича қарашларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
Ироқ масаласида
Жорж Буш Ироқ уруши мамлакатдаги кўп йиллик диктаторлик ҳокимиятига хотима ясади ва Яқин Шарқда демократик қадриятлар қарор топишига йўл очди, деб ҳисоблайди.
Жон Керри Ироқ урушини Буш ҳукуматининг катта хатоси деб баҳолайди. Унинг фикрича, тўрт йил давомида Ироқдан Америка қўшинларини олиб чиқиб кетиш керак. Мамлакат тинчлигини сақлаш учун эса НАТО кучларидан фойдаланиш зарур.
Ралф Нейдер «Ироқ ботқоқлиги»дан зудлик билан Америка аскарларини олиб чиқиб кетиш кераклигини таъкидлайди. Унинг фикрига кўра, Ироқ иқтисодиётини Америка корпорациялари томонидан босиб олинишини ҳам тўхтатиш зарур. Ироққа эса Араб ва мусулмон мамлакатларининг тинчликпарвар қўшинлари киритилгани маъқул.
Террорга қарши кураш борасида
Жорж Буш ўз сайлов дастурининг бош тамойилларидан бири террорга қарши кураш эканини эълон қилган. Унинг президентлиги даврида миллий хавфсизлик вазирлиги ташкил қилинди. Давлат бюджетининг салмоқли қисми ушбу мақсад йўлида сарфланди. Шунингдек, Оқ уй раҳбари фуқароларни назорат қилиш, уларнинг фаолиятини кузатиб боришда махсус хизматларга катта ваколатлар берган «Ватанпарварлик акти»ни (Патриот Аcт) ҳам қабул қилди.
Жон Керри террорга қарши курашни кучайтириш учун биринчи навбатда махсус хизмат тизимини ўзгартириш ҳамда Миллий гвардия ваколатини кучайтириш лозим, деб ҳисоблайди. Демократлар вакили Афғонистон масаласига жиддий эътибор қаратиш кераклигини таъкидлайди.
Унинг фикрига кўра, Буш томонидан имзоланган «Ватанпарварлик акти»га ҳам ўзгартиришлар киритиш керак. Чунки актга кўра қўпорувчилик ҳаракати содир этганликда гумон қилинаётганларни эҳтиёт чораси сифатида ҳибсда сақлаш мумкин ва бу, демократлар етакчиси фикрича, инсон ҳуқуқларига зиддир.
Ралф Найдер террорга қарши кураш фуқаролар, хусусан, америкалик мусулмонлар ҳуқуқининг қўпол равишда бузилишига олиб келяпти, деб ҳисоблайди. Найдер ҳам «Ватанпарварлик акти»га ўзгартириш киритилишини истайди.
Мудофаа бўйича
Жорж Буш раҳбарлиги йилларида Қўшма Штатлар мудофаа мақсадида Корея уруши даврида сарфланган маблағдан ҳам кўпроқ молиявий манбаларни сарф этди. Президент мудофаа учун ажратилаётган маблағларни янада кўпайтирмоқчи ва Ракета қарши мудофаа (РҚМ) Миллий тизимининг биринчи босқичини 2004 йилнинг охирида якунламоқчи.
Жон Керри Қуролли кучларни кенгайтириш, соҳага замонавий технологиялар киритилишини ёқлайди, лекин давлат бюджетидан мудофаа мақсадлари учун кўп маблағ сарфланишини қоралайди. Керри, шунингдек, РҚМ тизими кенгайтирилишини танқидий баҳолайди.
Ралф Нейдер — ҳарбий мақсадларда сарфланаётган миллиардлаб доллар маблағни қисқартириш тарафдори. Унинг фикрича, мудофаа учун сарфланаётган пулларни ижтимоий мақсадларга йўналтириш халқ учун фойдалироқдир.
Соғлиқни сақлаш соҳасида
Жорж Буш соғлиқни сақлаш хизматидан фойдаланиш имконига эга бўлмаган нафақахўр ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли гуруҳига солиқ бўйича имтиёзлар беришга ҳаракат қилди. Ёрдамга муҳтож кишилар рецепт бўйича дори-дармон сотиб олиши учун чегирмалар белгилади.
Жон Керри соғлиқни сақлаш суғуртасига эга бўлмаган фуқароларни камайтириш зарурлиги ва бу йўлда давлат бюджетидан молиявий маблағ ажратилиши зарурлигини таъкидлайди.
Ралф Нейдер соғлиқни сақлаш тизимида тижорий компаниялар иштирок этишига танқидий муносабат билдиради. Агар президентликка сайланса, ана шундай тижорий компаниялар фаолиятига нуқта қўймоқчи.
Бюджет масаласида
Жорж Буш 2000 йили президентлик вазифасини бажаришга киришган пайтда Америка бюджетила камомад йўқ эди. Ҳозир эса бюджет тақчиллиги бир неча миллиард долларни ташкил этмоқда. Республикачилар вакили дефицитни камайтириш йўлида ўн йилга мўлжалланган дастурни амалга оширмоқда.
Жон Керри бюджет тақчиллигини камайтиришга ваъда бермоқда. Демократлар етакчиси Оқ уй раҳбарлигига эришса, Буш томонидан олиб борилган бой аҳоли гуруҳига солинаётган солиқларни камайтириш сиёсатини зудлик билан тўхтатмоқчи.
Ралф Нейдер бой компаниялар ва давлатманд фуқароларни кўпроқ солиқ тўлашга мажбур қилмоқчи. Унинг фикрига кўра, атроф-муҳитни ифлослантирувчи, тамаки маҳсулотлари ва спиртли ичимликлар ишлаб чиқарувчи компаниялар ҳаммадан кўп солиққа тортилиши зарур.