Ар-Риёд тeрроризмга қарши

Сўнгги пайтларда халқаро терроризм жаҳон жамоатчилиги эътиборидаги энг муҳим глобал муаммо бўлиб қолаётгани сир эмас. Бугун террордан жабр кўраётган ҳар бир давлат ушбу офатга қарши дунё миқёсида кураш олиб бориш зарурлигини тўла англаб етмоқда ва бу йўлда амалий чора-тадбирлар кўришга ҳаракат қилмоқда.

Саудия Арабистони қироллиги ҳам террор офатини ўз «танаси»да синаб кўрган мамлакатлардан бири. Охирги йилларда ушбу муқаддас замин тупроғида ҳам бир қанча қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилдики, бу террор миллат, давлат ва дин танламайдиган даҳшатли хавф-хатар эканини яна бир карра тасдиқлади.

БМТ Бош Ассамблеясининг яқинда бўлиб ўтган 59-сессиясида Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири ўринбосари доктор Низор бин Убайд Маданий маъруза билан иштирок этди. Ар-Риёд ҳукумати вакили ўз маърузасида Саудия Арабистонининг терроризмга қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларига алоҳида тўхталган ҳолда, қиролликнинг халқаро масалаларда тутган позициясига ҳам ойдинлик киритди.

Саудия қироллиги халқаро терроризмга қарши курашга давлат сиёсатиниг муҳим бир бўғини сифатида эътибор қаратиб келмоқда. Мамлакат Араб оламида биринчилардан бўлиб терроризмга қарши кураш тўғрисидаги битимни имзолади, Ислом конференцияси ташкилотининг айни шу масалага бағишланган ҳужжатини қабул қилди. Умуман, Ар-Риёд ҳукумати ҳозиргача халқаро ташкилотлар томонидан терроризмга қарши қабул қилинган 9 та битим ва шартномага қўшилди.

2003 йили сайёрмизда 208 та қўпорувчилик ҳаракатлари содир этилди, терактлар оқибатида 625 киши ҳалок бўлди, 3646 киши жароҳатланди.

Ўтган йили Осиё қитъасида – 80 та, Европада – 33 та, Лотин Америкасида – 20 та, Африкада – 6 та, Яқин Шарқда – 67 та теракт амалга оширилди. Рақамлар тасдиқлаб турибдики, Осиё қитъаси, хусусун, Яқин Шарқ ҳудуди террордан энг кўп жабр кўраётган минтақа бўлиб қолмоқда.

Яқинда Саудия ҳукумати пойтахт Ар-Риёд шаҳрида жаҳон мамлакатлари иштирокида терроризмга қарши кураш мавзусида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси билан чиқди. Бу ҳақда БМТ Бош Ассамблеясида ахборот берган мамлакат Ташқи ишлар вазири ўринбосарининг таъкидлашига қараганда, 2005 йилнинг 5 февральида ўтказилиши режалаштирилаётган халқаро конференцияга дунё давлатлари ва халқаро ташкилотлар таклиф этилади. Халқаро учрашув доирасида жаҳоннинг ривожланган давлатлари террорга қарши кураш борасида эришган илғор усуллар, тажрибалар ўрганилади ва муаммо ечими бўйича ўзаро музокаралар олиб борилади.

Ҳақиқатан ҳам, айни пайтда ушбу умумжаҳоний муаммога қарши кураш бўйича ўзаро ахборот алмашув ва ҳамкорликни йўлга қўйиш, халқаро терроризмни назарий ва амалий жиҳатдан ўрганиш, унинг молиявий манбалари ва илдизларини аниқаш энг асосий вазифалардан бири бўлиб қолмоқда. Бу мақсадга эса бир давлат миёқсидаги ҳаракат билан эришиб бўлмайди. Чунки бугун мактаб ўқувчисига ҳам маълумки, терроризм миллий даражадан чиқиб, аллақачон глобал миқёсдаги муаммога айланиб улгурган.

Ар-Риёд ҳукумати ҳам айни шу жиҳатга урғу бермоқда ва халқаро ҳамжамиятни террорга қарши курашда бирдам ва якдил бўлиб саъй-ҳаракат қилишга даъват этмоқда.

Ҳозирга пайтда дунё ҳамжамияти диққат-эътиборидаги яна бир муҳим масала, шубҳасиз, Яқин Шарқда нотинч вазият бўлиб турибди. Кўпдан буён давом этиб келаётган Фаластин-Исроил ихтилофи туфайли минтақа ҳали ҳам тинч-осойишта ҳаёт кечириш бахтидан маҳрум.

Бундан бир неча йил олдин АҚШ томонидан араб-исроил ихтилофини бартараф этиш учун «Йўл харитаси» режаси таклиф қилинганди. Бунга кўра, 2005 йилгача икки томонлама тўқнашувларга барҳам берилиши ва Фаластин давлати ташкил этилиши зарур эди. Бироқ «Йўл харитаси» режаси ҳам бунгача олиб борилган музокаралар каби ниҳоясига етмай, аро йўлда қолиб кетди. Айни пайтда эса БМТ ва халқаро ташкилотлар норозилигига қарамай, Ғазода ҳимоя деворлари қурилмоқда ва аҳолининг мажбурий кўчириш сиёсати олиб борилмоқда. Ар-Риёд ҳукуматининг фикрича, Яқин Шарқдаги мураккаб вазиятни ракета зарбалари ёхуд қуролли ҳаракатлар билан бартараф этиш имконсиз. Нотинч ҳолатни тугатиш учун, энг аввало, тинч музокаралар йўлини маҳкам тутиш лозим.

Шу муносабат билан Саудия қироллиги Яқин Шарқни оммавий қирғин қуролидан холи ҳудуд сифатида сақлаб қолиш ташаббуси билан чиқмоқда ва жаҳоннинг етакчи мамлакатлари ҳамда БМТ каби халқаро бирлашмаларни бу йўлда минтақа аҳолисига ёрдам кўрсатиш, ядро қуролига эга бўлиш йўлида ҳаракат қилаётган айрим давлатларни назорат қилишга чақирмоқда.

Қироллик ҳукуматининг қарашига кўра, минтақадаги халқларнинг тўкин-фаровон, тинч-осойишта яшаши учун инсон жамиятини ривожлантириш ва иқтисодий тараққиётга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Бу йўлда эса четдан келган ғоялар ва фикрлар эмас, ҳар бир мамлакатнинг ички эҳтиёж ҳамда табиий талабларидан келиб чиққан ислоҳотларгина асқотади.

Собиржон Ёқубов