АҚШ ва Ўзбекистон ядро контрабандасига қарши биргаликда курашмоқда

АҚШ ва Ўзбекистон вакиллари ядровий қурол ва бошқа радиоактив моддалар савдоси билан шуғулланувчи жиноятчилар таҳдид ва унга қарши курашиш масалаларини муҳокама қилиш мақсадида 1 февраль куни Тошкентда учрашди. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.

Мазкур учрашув томонлар 2012 йил март ойида тасдиқлаган ядро контрабандасига қарши кураш бўйича қўшма режа доирасидаги ҳамкорликнинг давомидир. Қўшма режада ядро ва радиоактив моддалар контрабандасига оид ҳолатларнинг олдини олиш, аниқлаш ва курашишда ҳукуматлар амалга оширадиган саъй-ҳаракатлар ўз аксини топган.

Муҳокамаларда кўзда тутилган вазифаларнинг муваффақиятли амалга оширилиши ҳамда бу соҳадаги келгуси ҳамкорлик хусусида суҳбатлашилди.

АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорлик келгусида контрабанданинг олдини олишда ёрдам беради, потенциал ядро контрабандачиларини аниқлаш ва уларга қонуний чора кўришни таъминлайди ҳамда нафақат икки мамлакат, балки дунё ҳамжамияти хавфсизлигига хизмат қилади.