26 август куни АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистондаги фермерлар ва ўғит ишлаб чиқарувчиларга 2 миллион доллар ёрдам кўрсатишини маълум қилди. АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, бу маблағ аҳолининг заиф қатламларини ўсиб бораётган глобал озиқ-овқат инқирозидан ҳимоя қилиш, мамлакатда ишлаб чиқарилаётган ўғит ҳажми ва сифатини оширишга йўналтирилади.
“Юқори сифатли ўғитлар нархининг ошиши ёки танқислиги фермер хўжаликларининг маҳсулдорлиги, ҳосилдорлик, фермерлар даромади, ҳатто иш ўринларининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади. Бу омиллар озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг ошишига олиб келади. Ажратилаётган маблағ ҳисобидан USAID мамлакатда ўғитларни арзонлаштириш, уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш учун янги технологияларни жорий этиш ҳамда ўғитлардан самаралироқ фойдаланишни ўргатиш орқали Ўзбекистон фермерларини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда, – дейди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм.
Мазкур кўмак Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатлари ҳамда президент Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатнинг ўзини ўзи таъминлаш борасидаги интилишларига ҳамоҳангдир. Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги салоҳиятини кучайтириш орқали USAID бошқа мамлакатларнинг мамлакат иқтисодиётига ҳаддан ташқари таъсирининг олдини олишга ҳам ёрдам беради.
Ўтган йил давомида ўғитнинг жаҳон нархи энг юқори кўрсаткичлардан деярли икки баравар ошди, бу эса пандемия бошланганидан бери 200 фоиз ўсишни ташкил этди. Шуни инобатга олган ҳолда, USAID Ўзбекистондаги ўғит ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, сифатни яхшилаш ҳамда маҳаллий, минтақавий бозордаги улушини ошириш учун техник кўмак кўрсатади, янги технологияларнинг жорий этилишини молиялаштиради. Шунингдек, 5 минг фермер ва қишлоқ хўжалигида илғор тажрибалар борасида тренинглар ташкил этилади.
Ушбу маблағ Германияда бўлиб ўтган G7 саммитида президент Жо Байден томонидан эълон қилинган глобал озиқ-овқат инқирози таъсирини бартараф этиш учун АҚШ томонидан ажратилган жами 2,76 миллиард долларли кўмакнинг бир қисмидир. Бу маблағ G7 етакчилари томонидан глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ажратилган тахминан 4,5 миллиард доллар ёрдамнинг ярмидан кўпини ташкил қилади.
Ўзбекистон озиқ-овқат, ўғит ва ёқилғининг жаҳон нархлари ошиши натижасида юзага келган аҳоли турмуш тарзининг пасайиши, очлик ва тўйиб овқатланмасликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун ёрдам олаётган элликка яқин давлатдан биридир.
Маълумотларга қараганда, 2022 йил 24 февралда Россиянинг Украинага босқини бошланганидан бери АҚШ глобал озиқ-овқат хавфсизлиги инқирозини бартараф этиш учун қарийб 7,6 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратди.
Шу мавзудаги мақолалар:
АҚШ Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашга 10 миллион доллар ажратди. 03.02.2022
USAID ва Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги тадқиқот бошлади. 17.11.2021
USAID: янги кўп миллион долларли лойиҳа учта стратегик мақсадга қаратилган. 06.10.2021