Туркия Сурияда қачон ҳарбий амалиёт бошлайди? Профессор Алтун масалага ойдинлик киритди

Сурияда янги ҳарбий амалиёт ўтказиш вақти ва жойини Туркиянинг ўзи ҳал қилади. Бу ҳақда Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари, профессор Фахриддин Алтун Норвегиянинг “Aftenposten” газетасига берган интервьюсида гапирган.

Профессор Алтун PKK террор ташкилотининг ҳарбий қаноти (YPG) жангарилари сўнгги вақтларда Туркия ҳарбийлари ҳамда Суриянинг тинч аҳолисига нисбатан ҳужумлар амалга ошираётганини ёдга олган.

Туркия девони вакили Россиянинг Суриядаги аксилтеррор амалиёти бўйича позициясига доир саволга жавоб берар экан, икки суверен давлатнинг бир қатор масалалар бўйича позицияси муштарак бўлмаслигини табиий ҳол деб атаган.

Қайд этилишича, президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошчилигида Туркия ўз манфаатларини марказий ўринга қўядиган, зарур деб билганида ўз муаммосини ўзи ҳал қиладиган давлатга айланди.

“Албатта, манфаатдор давлатлар ўртасида қандайдир фикр алмашуви мавжуд. Бироқ, охир-оқибат, Туркия ташлайдиган ҳеч бир қадам бировнинг рухсати ёки розилигига боғлиқ эмас”, – деб таъкидлаган Ф.Алтун.

Суҳбатда Швеция ва Финляндиянинг НАТОга қўшилиши борасида расмий Анқаранинг позициясига ҳам ойдинлик киритилган.

“Агар Швеция ва Финляндия ўз ваъдаларини бажаришига амин бўлсак, уларнинг НАТОга аъзолиги тасдиқланади. Бугунги кунга келиб биз аниқ сана ҳақида гапира олмаймиз. Биз улар Туркияни иттифоқчи сифатида кўришлари ва керакли чораларни амалга оширишлари исботини кутамиз”, – деган Туркия президенти девонининг Ахборот-коммуникация бошқармаси раҳбари.

Шу мавзудаги мақолалар:

НАТОга аъзо бўлишни кўзлаган Швеция ва Финляндия Туркиянинг талабларини бажаришга рози бўлди. 29.06.2022

Туркия президенти “The Economist” нашри учун мақола ёзди. 31.05.2022

Фахриддин Алтун тизимли дезинформацияни демократик давлатларга таҳдид деб атади. 16.12.2021