АҚШ Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашга 10 миллион доллар ажратди

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашни қўллаб-қувватлаш мақсадида янги дастурини ишга туширди. Беш йилга мўлжалланган дастурнинг умумий қиймати 10 миллион АҚШ долларига тенг. Бу ҳақда АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабар берди.

“USAID Ўзбекистон ҳукуматини инсон капитали салоҳиятини ривожлантириш йўлида олиб бораётган ишларида қўллаб-қувватлайди ҳамда мамлакат ёшларини меҳнат бозорига муваффақиятли кириб келишида ўз ҳиссасини қўшиш имкони яратилганидан жуда мамнун”, – дейди мазкур халқаро агентликнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори Микаэла Мередит.

Янги ташаббус 2022 йил январь ойида бошланган бўлиб, мактабларнинг 8-11-синф ўқувчиларига Ўзбекистон иқтисодиётида малакали ишчи ёки тадбиркор сифатида ишлаш учун зарур кўникмаларга эга бўлиш имконини беради. Дастур ўқувчиларнинг мактабни битирганларидан сўнг ишга муваффақиятли ўтишини таъминлашга қаратилган.

Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари томонидан амалга оширилаётган дастур қизлар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг иш жойларидаги ролларини янада оширишга, уларнинг салоҳиятини юксалтиришга қаратилган. Дастур, шунингдек, хусусий сектор билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, Халқ таълими вазирлиги ходимларининг дастурнинг ҳар бир босқичида иштирок этиши ва унинг барқарорлигини таъминлаш учун салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Америка кенгашлари ушбу ташаббуснинг барча жабҳаларида USAIDнинг таълим бўйича асосий ҳамкори Халқ таълими вазирлиги билан яқиндан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, дастурни мувафаққиятли амалга ошириш учун халқаро ва маҳаллий ташкилотлар жамоаси лойиҳага жалб этилади. Ёшлар меҳнат ресурсларини ривожлантириш ва тадбиркорлик соҳасида глобал даражадаги тажрибага эга бўлган техник ҳамкор сифатида – “World Learning” халқаро ташкилоти хизматларидан фойдаланилади.

Лойиҳанинг беш йили давомида Америка кенгашлари меҳнат бозорининг ўзига хос эҳтиёжларини тушуниш, натижаларни мониторинг қилиш ва уларни баҳолаш, аёллар ва қизлар ва ногиронлиги бор шахсларни меҳнат бозорига жалб этилишини таъминлаш учун маҳаллий экспертлар билан ишлайди. Шунингдек, маслаҳатчи, мураббий сифатида жалб этиладиган ва амалиёт ўташ жойларини таъминлайдиган компаниялар, хусусий сектор билан ишлашда давлат идораларига кўмаклашади.

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш ва минтақавий савдони ошириш, саломатлик учун жиддий хавф-хатарлар, жумладан, COVID-19ни бартараф этиш, ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига оқилона ёндашиш салоҳиятини ошириш йўлида ҳамкорлик қилади.

Шу мавзудаги мақолалар:

“Муқобили йўқ ускуналар”. USAID Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигига 30 та GeneXpert ҳадя қилди. 16.12.2021

USAID ва Ўзбекистон халқ таълими вазирлиги тадқиқот бошлади. 17.11.2021

USAID: янги кўп миллион долларли лойиҳа учта стратегик мақсадга қаратилган. 06.10.2021