Америка Қўшма Штатлари ўтган ўн беш йил ичида ОИТС/ОИВга қарши глобал кураш учун 80 миллиард доллардан ортиқ маблағ сарфлади. Бу ҳақда АҚШнинг муваққат ишончли вакили Алан Мельцер 1 декабрь – Халқаро ОИТС қарши кураш куни арафасида маълум қилган.
Қайд этилишича, мазкур кўмак АҚШнинг ОИВ ва сил касаллиги билан курашишга қаратилган саъй-ҳаракатлари ҳамда ОИТС, сил ва безгакка қарши курашиш бўйича бутунжаҳон жамғармасига қўшган ҳиссасини ўз ичига олади. Натижада, бугунги кунгача 16 миллиондан ортиқ кишининг ҳаёти сақлаб қолинди, миллионлаб кишиларга ОИВ инфекцияси юқишининг олди олинди. Қолаверса, дунё мамлакатлари ОИВ тарқалишини назорат этиш мақсади сари янада яқинлашди.
Вашингтон ушбу касалликка қарши курашда Тошкентга ҳам кўмак бермоқда.
“Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонда бу ҳалокатли касалликка қарши 2001 йилдан буён маҳаллий ва халқаро ҳамкорлар билан бирга курашиб келмоқда. Бунинг натижасида биз биргаликда кўплаб кишилар ҳаётини сақлаб қолдик. Қўшма дастурларимиз туфайли Ўзбекистондаги яна кўплаб кишилар бу касалликни ўз вақтида аниқлаш, сифатли парвариш, ҳаётий зарур антиретровирус даволаниш ҳамда ўз жамоаларидан ижтимоий кўмак олишга муваффақ бўлди. Биргина 2017 йили Ўзбекистондаги 20 мингдан ортиқ киши Қўшма Штатлар асосий ҳамкор саналган Глобал жамғарма механизми орқали антиретровирус даволаниш имконига эга бўлди”, – дейди Алан Мельцер.
АҚШ дунёдаги кўплаб ҳамкорлар билан ишлаб, ОИВ/ОИТСга қарши кураш бўйича ҳаракатларни тубдан ўзгартирди. ЮНЭЙДС маълумотига кўра, 2004 йилдаги энг юқори кўрсаткичдан буён, бутун дунёда ОИТС билан боғлиқ ўлим икки бараварга камайди. 1996 йилдан эса янги ОИВ инфекциялари 47 фоизга қисқарди.
Эътиборга молик яна бир жиҳат шундаки, АҚШ ОИВ/ОИТС ҳақидаги қотиб қолган нотўғри тасаввурларни ҳам ўзгартиришга уринмоқда.
“ОИВ/ОИТС гепатит ё сил сингари бир инфекция бўлиб, АҚШ бу касалликни очиқ муҳокама қилишга, унга чалинган беморлар эса қўрқув ва ё таъқибсиз у ҳақда эркин гапира олиши учун шароит яратишга чақиради. ОИВ ва ё ОИТСга чалинганларни камситиш нафақат инсон қадр-қимматини таҳқирлаш, балки ушбу пандемияни назорат қилишга оид глобал саъй-ҳаракатларга ҳам путур етказиш демакдир”, – деб таъкидлайди АҚШнинг муваққат ишончли вакили.
Қайд этилишича, Қўшма Штатлар ўз ёрдамини Президентнинг ОИТСга қарши фавқулодда кураш режаси (PEPRAF) орқали амалга оширади. Ушбу дастур доирасида 250 мингдан ортиқ тиббиёт ходимлари ОИВ билан боғлиқ ҳамда бошқа тиббий хизматлар кўрсатиш ва уларни такомиллаштириш бўйича малакасини оширди, ҳамкор мамлакатлар учун соғлиқни сақлашга алоқадор ҳозирги ва келгуси муаммоларни ҳал килишда мустаҳкам инфратузилма барпо этилди. PEPRAF туфайли ОИВ ва ОИТСга қарши курашда зарур бўлган ҳаётий препаратларни олиш эндиликда осон ва арзон бўлиб, у ҳаёт сифати ва ушбу инфекцияни назорат қилишни яхшиламоқда.
АҚШ дипломатига кўра, бугун мазкур хасталикка қарши курашиш борасида тарихий имконият туғилмоқда.
“Ўн беш йил аввал ОИТС ўлимга маҳкумликни англатарди. Ҳозирги кунда эса, замонавий тарихимизда биринчи марта, пандемияни вакцина ва ё даволашсиз назорат қилган ҳолда, қачондир имконсиз деб кўрилган нарсани амалга оширишдай тарихий имконият туғилди. АҚШ ва унинг бутун дунёдаги ҳамкорлари шу мақсадга эришиш учун тинмай меҳнат қилмоқда”, дейди А.Мельцер.
1 декабрь дунёда ОИТСга қарши кураш куни сифатида нишонланади. Мазкур санада жаҳон бўйлаб ушбу касалликдан вафот этган қарийб 39 миллион киши ёдга олинади. Маълумотларга қараганда, бу касаллик ярим миллиондан ортиқ америкаликнинг умрига зомин бўлган. ЮНЭЙДС ҳисоботига кўра, 2017 йилда Ўзбекистонда тахминан 1900 киши шу касаллик туфайли вафот этган.
Шу мавзудаги мақола:
Алан Мельцер: “Диний эркинлик ҳимоя қилинмаган жойда экстремизм илдиз отади”. 30.10.2018