Бугун Тошкентда Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий марказига одам савдосига қарши курашга бағишланган қўлланма ва адабиётлар тақдим этилди. Мазкур маросимда АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниэл Розенблум ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен қатнашди.
Тадбирда, шунингдек, БМТнинг миграция бўйича агентлиги координатори Дейан Кешерович, АҚШ Халқаро тараққиёт агентлининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Жон Риордан, Ўзбекистон расмий идоралари, жумладан, Ички ишлар, Адлия, Меҳнат ва Соғлиқни сақлаш вазикликлари, Давлат божхона қўмитаси ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, қўлланма АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги молиявий кўмагида Халқаро миграция ташкилотининг одам савдосига қарши кураш бўйича лойиҳаси ижрочиси томонидан ишлаб чиқилди. Қўлланмани тайёрлаш жараёни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари миллий маркази ҳамда Бош прокуратураси томонидан мувофиқлаштирилди.
Тадбир асносида Миллий марказ ахборот-ресурс марказига офис ускуналари ҳам тақдим этилди.
Ўзбекистон кейинги йилларда одам савдосига қарши курашга оид асосий халқаро битимларни ратификация қилди ҳамда бу борада миллий механизмни йўлга қўйди.
АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен одам савдосига қарши самарали курашиш учун халқаро миқёсда ҳамкорликни мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлаган. Қайд этилишича, АҚШнинг Ўзбекистон ҳукумати, Халқаро миграция ташкилоти ҳамда Ўзбекистон ННТлари, шунингдек, бошқа донорлар билан ҳамкорлиги инсон ҳурлигига дахл этувчи ушбу мудҳиш жиноятга барҳам бериш ва унга қарши курашга қўшилган ҳиссадир.
Эслатиб ўтамиз, 2017 йил 25 февраль куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов мамлакатимизга ташриф буюрган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё ишлари бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниэл Розенблумни қабул қилди.
Учрашувда Ўзбекистон-АҚШ муносабатлари масалалари ҳамда халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.