АҚШ электр энергияси бўйича минтақавий ҳамкорликни кучайтирмоқда

Америка Қўшма Штатлари Марказий Осиё минтақавий электр энергияси бозори (CAREM) концепцияси ва истиқболларига қаратилган икки кунлик семинарни қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати хабар беради.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) шафелигида ўтказилган анжуманда Марказий Осиёнинг бешта мамлакатидан келган энергетика соҳаси вакиллари иштирок этиб, сўнгги ўзгаришлар ва айни пайтдаги устувор вазифалар ҳақида ўз тажрибалари билан ўртоқлашишди. Халқаро экспертлар эса электр энергияси бозорида бошқа минтақаларда муваффақиятли амалга оширилаётган энг яхши лойиҳалар хусусида тақдимот ўтказишди.

“Минтақавий электр энергияси бозори нафақат Марказий Осиё халқлари эҳтиёжини қондириш учун арзон энергия билан таъминлайди, балки у келгусидаги иқтисодий ўсиш, энергия хавфсизлиги ва ижтимоий тараққиёт учун ҳам замин яратади. Бундай муҳит минтақавий савдо-cотиқни осонлаштириб, чет эл инвестициясини жалб қилади”, деди тадбирда сўзлаган АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм.

Марказий Осиё мамлакатлари энергетика вазирликлари ва компанияларининг юқори лавозимли вакиллари, Халқаро молия муассасалари ва соҳа экспертлари минтақада электр энергияси савдосини кучайтиришни ўз олдига мақсад қилган ушбу тадбирда иштирок этди.

Анжуман якунида қайд этилишича, минтақавий ҳамкорлик иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни янада кучайтиради, энергетика соҳасига сармояларни жалб этади ҳамда ишончли ва хавфсиз электр таъминотини кафолатлайди.

USAIDнинг Марказий Осиё минтақавий электр энергияси бозори (CAREM) лойиҳаси 2018 йили ташкил этилган бўлиб, минтақа энергетика хавфсизлиги ва иқтисодий ўсишга ёрдам бериш, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишни қўллаб-қувватлаш мақсадида арзон электр энергиясига йўл очувчи платформа саналади. Унинг асосий мақсади барча мамлакатлар учун адолатли ва изчил битимлар, ишлаш қобилиятининг умумий андозалари,  ҳаққоний ва ҳамёнбоп нархлар ҳамда рақобатдош нархлардаги электр энергиясидан фойдалана олишни таъминловчи бирлашган энергетика бозорини яратишдан иборатдир.

USAID  дунёдаги етакчи халқаро ривожланиш агентлиги ва ўзгаришларга туртки берувчи ташкилотдир. У ўз фаолиятида АҚШ миллий хавфсизлиги ва иқтисодий фаровонликни илгари суради, Америка саховатини намойиш этади ҳамда ўзига бўлган ишонч ва барқарорликни таъминлашга йўл очади.

Шу мавзудаги мақолалар:

USAID Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлайди. 25.01.2018

USAID 15 мамлакат олим ва тадқиқотчиларини Тошкентда йиғди. 13.12.2017