АҚШ элчиси замонавий қулликка қарши курашишнинг долзарб вазифаларига тўхталди

30 июль – Одам савдосига қарши курашиш умумжаҳон куни муносабати билан Тошкентнинг “Бродвейи”да  – Сайилгоҳ кўчасида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Одам савдосига қарши кураш бўйича идоралараро комиссия ва Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) ахборот кампанияси ўтказди. Тадбирда АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм ҳам қатнашди.

“Замонавий қуллик ёки одам савдоси деб ҳам номланувчи ушбу иллат энг асосий инсон ҳуқуқлари, жумладан, ҳаёт, эркинлик ва хавфсизликка бўлган ҳуқуқ, қуллик ва тобеликдан озод бўлиш ҳуқуқи, қийноқ ва шафқатсиз ёки камситувчи муносабатдан озод бўлиш ҳуқуқи ҳамда адолатли ва қулай шароитларда ишлаш ҳуқуқларини поймол этади. Шу сабабли Қўшма Штатлар одам савдосига қарши глобал курашни ўз сиёсатининг устувор йўналишига айлантирди”, – деди элчи Розенблюм ўз кириш сўзида.

АҚШ дипломати эркаклар, аёллар ва болаларнинг эксплуатация қилинишига қарши фаол иш олиб бораётган ҳукумат ва нодавлат секторидаги барча ҳамкорларга саъй-ҳаракатлари учун миннатдорлик билдирди.

“Ўзбекистон сўнгги бир неча йил давомида одам савдосига қарши курашда сезиларли ютуқларга эришган бўлса-да, бу кампанияни янада мустаҳкамлаш ва одам савдосига умуман барҳам бериш салоҳияти мавжуд”, – деб таъкидлади АҚШ элчиси Д.Розенблюм.

Халқаро ташкилотлар маълумотига кўра, жаҳонда ҳар йили тахминан 3 миллиондан ортиқ киши одам савдоси қурбонига айланмокда. Йилига 600 мингдан 800 минггача аёллар ва болалар турли алдов йўллари билан чет элларга олиб кетилиб, эксплуатация қилиш мақсадида сотиб юборилмоқда. Жиноий гуруҳлар учун ҳам одам савдоси жуда катта даромад манбаи бўлиб қолмоқда.

БМТ 2013 йилда одам савдоси қурбонлари ҳақида хабардорликни ошириш ва уларнинг ҳуқуқларини тарғиб қилиш ва ҳимоялаш мақсадида 30 июлни “Одам савдосига қарши курашиш умумжаҳон куни” деб эълон қилган.

Қўшма Штатлар 2002 йилдан буён Ўзбекистоннинг одам савдосига қарши кураш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаб келади. Ўтган тўрт йил давомида USAID, ХМТ амалга оширган “Қадр-қиммат ва ҳуқуқлар” дастури орқали ва Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда 1541 нафар одам савдосидан жабр кўрган шахс, муҳожир ва миграция шароитида зўравонлик қурбонларига ёрдам берди. 67 минг дан ошиқ киши, ёрдамга муҳтож аҳоли, шу жумладан, талабалар ва мигрантлар ахборот  кампанияларида маълумот ва маслаҳат олди.

Шу мавзудаги мақола:

АҚШ силга қарши кураш дастури доирасида Ўзбекистонга 730 минг долларлик ускуналар тақдим этди. 19.07.2019