Сотим Аваз. “Шажараи турк” ҳайратлари ва сабоқлари

Улуғ муаррихлар

Улуғ муаррихларнинг хокисору ҳақирликлари ҳайратланарлидир. Улар тарих илмлари китоботидан олдин Оллоҳга ҳамду саноларини ҳеч вақт канда қилишмаган. Инсонларни гумроҳликдан халос этиб, ҳидоят йўлига бошлаган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллалоҳу алайҳи вассалам шарафига дуои фотиҳада бўлишган. Ул жанобни ва чориёри босафоларни, уларнинг садоқатли саҳобаларини, зулмат ичра порлаган нур, деб билишган. Агар шундай улуғ эътиқоду ихлос бўлмаганида улар боқий умрга эга бўлган тарихий асарларни ҳам бита олмаган бўлар эдилар. Зеро, хокисорлик ва ҳақирлик ҳам асли улуғворликка дахлдордир. “Факрум-фахрум”, яъни фақирлигим фахримдир, дейишган донишманд бобокалонларимиз.
“…Мен шикаста қалбим котиблик ишида орттирган ноқис илмим билан ўзим учун белгиланмаган ишга киришмаган бўлур эдим” деб ёзади “Сийрат ас-султон Жалол ад-дин Мангубурни” (Султон Жалолиддин Мангуберди ҳаётининг тафсилоти) асарининг муаллифи Шаҳобиддин Муҳаммад ан-Насавий.
Бу иш аслида айнан Насавий учун белгиланганлигини неча-неча замонлар, асрлар кўрсатиб турибди. Акс ҳолда асар шунча вақтдан буён ноёбу танқис ҳисобланиб, оҳори тўкилмаган ёдгорлик сифатида сақланиб қолмаган бўлар эди. Айнан хокисорлик ва шу асосда туғилган журъат ва қатъият муаррихни қутлуғ ишга бошлаган.
Улуғ бобокалонларимиздан яна бири Бурхониддин Рабғузий эса “Қиссаси Рабғузий”нинг аввалида шундай таъкид этади:
“Қисасул-анбиё” бўлса, ўқумоқға кераклик, ўрганмоққа ярағлиғ бўлгай эрди, теб илтимос янглиғ ишорат бўлди эрса нечама ўзумни оғирлаб нафас сақламиш бўлиб ўғур бўлсун теб бу оғир ишга ўғрадимиз”.
Рабғузий ҳам Насавий сингари неча фурсат ўзини шу асарни яратишга чоғлаб, тарих битишга истиҳолалар қилган.
Абулғозий Баҳодирхоннинг “Шажараи турк” асари ҳам улуғ тарихий ёдгорликдир. Муаррих ҳам аввалламбор шундай катта ишга қўл уришдан олдин ўзидан билимдонроқ ва маҳоратлироқ тарихнависни излайди. “Бу тарихни бир кишига таклиф қилали деб фикр қилдук, ҳеч муносиб киши топмадук, зарур бўлди (ва) ул сабабдин ўзимиз айтдук”.
Абулғозий шу асарни битганлиги мутлақо бежиз эмас. Ахир шу даврда юрт тарихини, авлодлар шажарасини узвий бир тадрижий тараққиётда яна ким ҳам шу қадар мукаммал тасаввур қилган бўлур эди. “…Сипоҳийгарликнинг қонуни ва йўсини нечук отланмоқ ва ёрмак ва ёвға ясоқ ясамак, кўп билан юрганда нечук қилмоқ, дўстга, душманга нечук сўзлашмак”, “Маснавиёт ва қасойид ва ғазалиёт ва мулақаттот ва рубоёт ва барча ашъорни фаҳмламаклик”, “Одам аҳлидан то бу дамгача Арабистонда, Эрон, Туронда ва Мўғилистонда ўтган подшоҳларнинг отлари ва умрларининг ва салтанатларининг кам ва зиёдин бўлмаклик” илмларини унинг каби яна ким ҳам эгаллаган?
Юқорида санаб ўтилган ва муаррихнинг ўзи “уч ҳунар” – “кўп нимарса” дея билган билимлар аслида маънавий-маърифий баркамолликнинг, беқиёс салоҳиятнинг тажассуми эди.
Илм-фан, маънавият ва маърифат, арбий салоҳият бобида беқиёс юксакликларга эришган бобокалонларимиз жуда кўп. Лекин уларнинг ҳаммаси ҳам алломалик мақомига эришган дейиш мушкул. Биз деярли ҳар кун тилга оладиган улуғ Ал Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Навоий, Бобур, Нажмиддин Кубро, Баҳовиддин Нақшбанд, Огаҳий ва бошқалар ана шундай сарбаландлик маснадидан жой эгаллаган дейиш мумкин, агар таъбир жоиз бўлса, Абулғозий ҳам ана шундай алломалардандир.

Барча тоғдин оғир юкки тарихнинг,
Тарихнинг бўй-басти қўёшга менгзар.
Тарих ерда эмас, у муаррихнинг,
Кифтида ҳар замон чайқалиб яшар.

Бепарволик – кони иллат:

Агар огоҳ сен, шоҳ сен, сен,
Агар шоҳ сен, огоҳ сен, сен.

Ҳазрат Навоийнинг бу сўзлари кўпчиликка таниш. У огоҳликни шоҳлик даражасида улуғлар экан, авлодларга бу фазилат соҳиби бўлишни васият ҳам қилади.
Улуғ бобокалонларимиздан яна бири ўз таҳаллус нисбасини Огаҳий деб қўйганлиги, бу пурмаъно сўзни ҳаётнинг мазмун-моҳияти қадар юксалтирганлиги учун ҳам огоҳлик ҳақида такрор ўйлашимиз керак.

Талаб йўлида кимнинг ихлоси комилдир,
Ҳамиша шоҳиди матлубининг васлига восилдир.

Агар ким астойдил ихлос қўйса, у мақсадига етади демоқда шоир. Агар огоҳлик нуқтаи назаридан қараганда ҳам шундай. Астойдил ихлос манбаи эса ишқ, Ватан, тарих ва илму ижод эканлигини англаш мураккаб эмас.
“Шажараи турк”да ҳам асар муқаддимасидаёқ огоҳлик ва воқифлик зарурияти, бепарволик, лоқайдлик, кони иллат эканлиги ҳақидаги ҳикматга билвосита ҳам бевосита дуч келамиз.
“…Бизнинг ота ва акаларимизнинг бепарволиги ва Хоразм халқининг бевуқуфлиги, бу икки сабабдин, бизнинг жамоатимизни Абдуллохоннинг оталари бирлан бизнинг оталаримизнинг айрилган еридан то бизга келгунча тарихларини битмай эдилар”.
Муаррих аждодларимизнинг, оға-иниларимизнинг авлодлар тарихини битиш сингари мисли йўқ ишга бепарволиғи ва кўп нарсадан огоҳ эмаслигидан изтироб чекади.
Яқин йилларгача юртимиз тарихининг қанчадан-қанча саҳифалари битилмаган ёки титилган, ўчган эди. Унда неча-неча улуғларимиз, қаҳрамонларимиз ўрин топмай келарди. Ўтмишни бузиб кўрсатиш, сохталаштириш қанча давом этди. Фақат мустақиллик эпкини бу фожиавий ҳолатга барҳам берди. Абулғозий армонлари ҳам энди ушаляпти.
Вилоятимизга бундан 15 йил олдин ташриф буюрган қадимшунос Зиё Бунёдов шундай хитоб этганди.
Ҳар бир инсон камида ўзининг ўнта авлоди шажарасини билмоғи керак. Мен ўзимнинг ўн олти авлодимни номма-ном биламан. Бобокалонимиз Бунёд бобо бундан 5-6 аср бурун яшаган.
Яна “Шажараи турк”ка қайтайлик. Абулғозининг бепарволик, бевоқифлик ҳақида сўз юритиши бежиз эмас. Чунки бу иллатлар элу юрт тараққиётига, ўзликни англашга акс таъсир этиши билан бирга яна бошқа иллатларни ҳам туғдиради. Яъни кибру ҳаво ҳамда такаббурликни пайдо қилади. “Шажараи турк”да бу ҳақда кўп таъкидлар бор. Хусусан, Муҳаммад Хоразмшоҳнинг инқирози ва ҳалокати айнан шу иллатлар билан бевосита боғлиқ ҳолда акс этган. “Бизнинг юртимизнинг ҳавосидан ва аҳли Хоразмнинг бебизиоатлигидан ҳеч замонда бўлмаган иш бўлди” дейилган таъкид ҳам охир-оқибатда бепарволикдан туғилган иллатларга ишорадир.
Хулоса қилиб айтганда, Ватан, халқ келажаги, ўзликни англаш йўлида огоҳ, фидокор бўлмаслик мумкин эмас, бу шиор Абулғозий умрининг асосий мазмун ва моҳиятини ташкил қилади. Бу даъваткор сўзлар ҳеч вақт ўз аҳамиятини йўқотмайди. Ҳамма вақт замонавий бўлиб яшайверади. Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида ҳали кўп ишлар олдинда турган ҳозирги вақтда бу шиорга қайта-қайта мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.
Президент стипендиати, Урганч давлат университети талабаси Насиба Собированинг Абулғозий Баҳодирхон ҳаёти ва асарларини ўрганиш юзасидан илмий ишлари унинг ўзига ҳам, бошқа талабаларга ҳам илҳом ва рағбат бағишлаши турган гап.

Огоҳлик юракда уйғонган ғурур,
Ватанни, тарихни севмоқ – огоҳлик.
Элга бепарволик кўргулик эрур,
Элдин бехабарлик эса – гумроҳлик!

Ҳар лафзида эл зикри

“Шажараи турк” яратилганига қадар Шарқу Ғарбда маълум ва машҳур бўлган бир қатор мумтоз тарихий китобот намуналари мавжуд эди. Шулардан энг нодирлари қаторида Бобурнинг “Бобурнома”, Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” Гулбаданбегимнинг “Ҳумоюннома” асарларини тилга олиш мумкин.
“Бобурнома”да, 1505-1506 йил воқеалари ҳақида тўхталганда, Шайбонийхоннинг Хоразмга юриши алоҳида таърифланган. “Хоразм йигитлари бисёр мардоналиклар қилдилар, ҳеч тақсир қилмадилар, андоқ тийрандозлик қилдиларким, борлар қалқондин, жибади, баъзи маҳалда икки жибадин ўткара-ўткара отиб дурдилар. Ўн ой кабалдорлик тортдилар, ҳеч ердин умидворлик бўлмади”, деб ёзади муаллиф.
Бобур жангу жадалда мардоналик кўрсатган хоразмлик йигитларга тан берар экан, келгусида улардан бири ўзи сингари олий мартабали ҳукмдор бўла туриб, ўлмас тарихий асарлар битишини орзу қилган бўлса не ажаб. Ҳар ҳолда у ўз асарларида чуқур ҳурмат ва эҳтиром билан ўн икки марта тилга олган Хоразмда унинг жаҳоншумул мардлигу жасорати ва беназир ақлу идрок ҳамда тафаккури идофасини мутлақо ўзига хос тарзда, шаклу шамойилда қайтадан дунёга келиши учун атиги бир ярим асрча вақт кифоя қилди.
“Бобурнома” ва бошқа дурдоналарни Абулғозий чуқур ўрганганлиги ва яхши ўзлаштирганлиги табиий. “Шажараи турк”да, умуман олганда унинг мутлақо ўзига хослиги ва беназирлигидан қатъи назар, қайсидир жиҳатлари билан, энг муҳими, журъат ва шижоати, матонати, тилининг пухталиги билан Абулғозий улуғ бобокалон донишмандларнинг қутлуғ ишлари ва анъаналарини давом эттирган.
Таниқли олим Герман Вамбери “Абулғозий Баҳодирхоннинг кўпгина ишлари Бобурни хотирга туширади. Жаҳон унинг “Шажараи турк” номли тарихий асари учун миннатдордир”, деб ёзганди ўзининг “Бухоро ёхуд Моварауннаҳр тарихи” асарида. Бунда олим Бобур билан Абулғозийни эл-юртни обод ва озод кўриш иштиёқида астойдил ҳаракат қилган икки давлат арбоби сифатидаги ўхшаш жиҳатларини, айни пайтда, уларнинг тенги йўқ ижод намуналарини назарда тутган, десак мақсадга мувофиқ бўлади.
“Шажараи турк”да Абулғозий халқнинг шажарасини, тарихини тадрижий тараққиётда кўрсатишга интилган. Баённи ихчам, изчил, воқеаларни латифа, ривоят услубида содда ва жозибали қилиб акс эттирган. Туркий халқларнинг 40 га яқин элу элатларини зикр этаркан, уларнинг тарихи, йигитларнинг мардлиги, жангу жадаллардаги жасоратини улуғлайди. “Найман элининг зикри”да у “Бу қадим эл турур, бошлари ва моллари кўп бўлур”, дейди. Бошлари ва моллари, яъни аҳолиси ҳамда чорваси кўп эл, шу давр нуқтаи назаридан, қолаверса, бугунги давр нуқтаи назаридан ҳам, кучли ва қудратли эл демоқчи.
“Қўнқират элининг зикри”да муаррих ажойиб бир тасвир воситаси билан бу элнинг буюк фарзандини шундай акс эттиради. “Чўрлик инисини аяди. Тақи кўнглиндин айтди: Муни андағ отайин кўрксун, аммо зарар топмасун”. Қулоқинда улуғ ҳалқаси бор эди. Ани қасд қилиб отди. Ўқ ҳалқанинг ичидин ўтиб кетди”. Қулоқдаги ҳалқадан ўқини ўтказа оладиган даражадаги мерганлик, авваламбор эл қадимийлигидан, жасоратидан дарак беради.
Бу воқеа қадимги юнон афсоналарини ҳам эслатади. Абулғозий Баҳодирхон бир неча минг йиллик тарих битикларидан ўтмишдаги улуғ халқларнинг қисматидан яхши бохабар бўлган. У ўзи тасвир этган баҳодирликларни тарих сабоқлари сифатида ҳам акс эттиришга интилган.

Ақлингни чархлайди оталар фикри,
У бир кун эътиқод, номусга дўнар.
Боболар битишган эл-улус зикри,
Қалбма-қалб ўтгувчи қомусга дўнар.

Она Ер илтижоси

Тарихий воқеликлар занжири бўйлаб қадим ўтмишга сафар қилиш охир-оқибатида тафсилотлар достону афсоналарга, инсон тафаккурининг беҳудуд доираларига ҳам сиғмайдиган кечинма ва ҳолатларга бориб тақалади. Бунинг боиси жуда қадим воқеа ва ҳодисалар ҳақидаги маълумотлар, ёзма манбалар деярли сақланиб қолмаганлигида, мавжудлари эса асосан инсон руҳияти, ақлу идроки илоҳиёт билан уйғунлашиб, унга бир ирмоқ сингари қўшилиб кетишидадир. Энг муҳими, бу афсоналарни ким қандай тушунишида эмас, балки улар илм кони, ҳикмат хазинаси эканлигидадир. Шу жиҳатдан “Шажараи турк”даги халқона тилда, оддий услубда баён қилинган афсоналар ҳам беҳад мазмун ва бетакрорлик касб этади.
“Шажараи турк”нинг биринчи бобида шундай афсона келтирилади. Худойи таоло Одам алайҳиссаломни яратиш учун аввал Жаброил алайҳиссаломни, кейин Мекойил ва Исрофил алайҳиссаломларни Ердан тупроқ олиб келиш учун юборади. Улар беқиёс қудрат эгалари бўлишларига қарамасдан, Ердан тупроқ келтира олишмайди. Бунинг боиси эса Ернинг илтижоларидир.
Ер фаришталарга шундай нидо қилади: “ …Мендин олмағил. Анинг учун тонгла одам фарзандлари кўп бўлғандин сўнг бири кофир, бири осий, бири золим ва бири гуноҳкор бўлурлар. Онларни Худои таоло азоб қилур. Мен Тангри таолонинг ғазаби ва азобига тобим йўқдир… ”
Бир қарашда “Шажараи турк”да Ер тилидан қилинган бу нидо жуда ғайритабиий ва оддий туюлиши мумкин. Лекин унинг замирида нақадар катта моҳият ва мазмун, муаррихнинг эътиқод ва ихлоси, авлодларга аждодларнинг, илоҳий руҳиятнинг нидолари, огоҳлантиришлари ҳам ётибди, десак муболаға бўлмайди. Зеро, Абулғозий олий ҳукмдор ва истеъдодли ижодкор сифатида, авваламбор, дину диёнатни, эътиқодни ҳамма нарсадан ҳам устувор билади. Шу сабабли ҳам бутун умрини бағишлаган асар муқаддимасида инсониятни яратган Худои таолога ҳамду сано айтган ҳолда, Ердан, она заминдан ҳикоят бошлайди.
Она замин илтижолари ҳақдаги боб бугунги кун учун ҳам замонавий туюлади. Зеро, бугун ҳам Ер куррасининг нотинч оловли нуқталари талайгина. Қаердадир инсоннинг ҳудбинларча, ёвузларча ҳаракатлари боис уруш таҳдидлари орта бормоқда, террорчилик деган офат-бало қора қўланкадек ҳар ер, ҳар ерда изғиб юрибди. Ундан Ерни, ўз юртингни омон сақлаш бугун чинакам ватанпарварлик намунаси деб баҳоланади, инсоният фарзанди, қолаверса, бир улуғ юрт фарзанди сифатидаги инсоннинг бурч ва мажбуриятларини эслатиб туради. Бу ҳам “Шажараи турк” сабоқларидир.

Гарчи ер пойингда ҳозиру, бедор,
Билгилким, бўлолмас лоқайд, бепарво.
Ахир оёқлар бор, теккан жой гулзор,
Ахир қадамлар бор, тиғ каби гўё.

Азалдан мўътабар

Тарихий асарларда аёллар сиймоси кўп ҳам акс этмагандай туюлади. Аммо бир қарашдагина шундай. Аслини олганда барча воқеа-ҳодисалар, эврилишлар, хонлару бекларнинг, саркардаларнинг ҳаётлари замирида мўътабар аёллар қиёфалари ҳам бевосита, ҳам билвосита акс этиб туради. “Шажараи турк”да ҳам бунга мисоллар оз эмас.
“Ўғузхоннинг дунёга келганлигининг зикри”да муаллиф бағоят меҳру ихлос билан таъриф этган, туркий кўплаб элу элатларнинг бобокалони дея эътироф этилган миллий қаҳрамоннинг келгусидаги бутун шон-шавкати, юксак мартабаларга эришуви Ўзхоннинг қизи билан боғлиқдир. Бу бокира қиз ўз умрини мусулмончиликка, эрига меҳру садоқатга бағишлайди. Ўғузхонга қарата “Сен не йўлда бўлсанг, мен шу йўлда бўлайин” дейди. “Ўғузхон ани кўп севар эрди” дея таъкидланади асарда.
Ҳатто ўз отаси, мусулмончиликни тан олмаган Қорохон Ўғузхонни овда юрганида тутиб ўлдиришга қарор қилганида Ўзхоннинг қизи унинг жонини сақлаб қолади. Яъни, душманлар фитнасидан уни хабардор қилади.
Қиссадан ҳисса шуки, агар оқила ва тадбиркор рафиқаси ғанимлар туғдирган кулфатларга қалқон бўлмаганида Ўғузхон ҳалок бўлиши мумкин эди. Яъни улкан тарих узилиб қолиши хавфи туғиларди. Ўзхоннинг қизи мардлик ва жасорат, садоқат кўрсатиб, бунга йўл қўймади.
“Шажараи турк”да сўз юритилган тарихий шахслар ҳақида маълумотларда уларнинг хотинлари зикри алоҳида ўрин эгаллайди. Масалан, “Ўгадой Қооннинг тўрт мўътабар хотуни… бор эрди. Улуғ хотунининг оти Бурақчин, иккинчи хотуни Туракина Маркит халқидин эрди”. Бу таъкидларга аёлларга нисбатан қўлланилган “мўътабар”, “улуғ” сўзларининг ўзида уларнинг нуфузи ва эътибори мужассамлашган.
Абулғозий Баҳодирхон ўз онаси ҳақида алоҳида тўхталган. “Эмди онамиз тарафин айталиг. Онамизнинг оти Меҳрибону хоним…”
“Ёдгорхонда отамиз билан онамизнинг отаси қўшулдур. Олти ёшқа етканда онамиз ҳақ раҳматига кетди”.
Кўплаб тарихий ёзма манбалар сингари “Шажарайи турк” ҳам аёлларимизнинг азал-азалдан улуғу мўътабарлигидан такрор далолат беради.

Кимки ишқ йўлинда бир бор бўзлаган,
У ушбу дунёни, ҳаётни кўзлаган.
Сўнгра бутун умр ифтихор билан,
Онадан гап бошлаб, аёлдан сўзлаган.

«Шарқ юлдузи», 2017 йил, 7-сон