АҚШ элчиси Самарқандда тадбиркор аёллар фаолияти билан танишди

АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Ҳеник ҳудудлар бўйлаб сафари доирасида “Samarqand Art House”га ташриф буюрди. Ушбу муассаса USAIDнинг аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш бўйича “CraftLab” лойиҳасини амалга ошириб келмоқда.

АҚШ элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, Ж.Ҳеник тажрибали ҳунарманд ва тренерлардан бизнесни ривожлантириш, электрон тижорат, логистика ва молиявий кўмак йиғиш бўйича таълим олган аёллар билан учрашиб, уларнинг маҳсулотларини кўздан кечирди.

Самарқанд сафари давомида дипломат “Сабр” нодавлат ташкилотига ҳам ташриф буюрган.

“АҚШ элчихонаси тадбиркор аёллар салоҳиятини ошириш ҳамда уларга бозор таҳлили ва кредит дастурларида ёрдам беришга қаратилган ННТ лойиҳаларини қўллаб-қувватлашдан фахрланади. Аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш ҳар қандай мамлакатда иқтисодий фаровонлик учун муҳимдир”, – дейилади элчихона хабарномасида.

АҚШ ҳукумати Ўзбекистонда USAID орқали Агробизнесни ривожлантириш бўйича 3,4 миллион долларлик ташаббус ва минтақавий Тадбиркорлик ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш лойиҳалари орқали қишлоқ жойларда аёлларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтиришни қўллаб-қувватламоқда.

Аввал хабар берганимиздек, Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси доирасида ҳунармандчилик корхоналари ва якка тартибдаги ҳунарманд аёллар фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида бизнес ғоялар танлови эълон қилинган. Лойиҳа доирасида ажратилган маблағ корхоналар ва ҳунармандлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга қўшимча қиймат қўшиш, янги бозорларга чиқиш, иш ўринлари яратиш, савдо ҳажми ва даромадни ошириш каби мақсадларга сарфланмоқда.

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистонда ёшлар бандлигини таъминлашни қўллаб-қувватлаш мақсадида 10 миллион долларлик дастурни ҳам ишга туширган.

Агентлик Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини такомиллаштириш мақсадида Тадбиркорлик кодексини тайёрлашга ҳам кўмак бераётгани хабар қилинган.