Туркиянинг Анқара ва Истанбул шаҳарларида бир вақтнинг ўзида “Пойтахт маданият йўли” ва “Бейўғлу маданият йўли” фестиваллари бошланди. Туркия маданият ва туризм вазирлиги томонидан ташкил этилган икки йирик тадбир 28 майдан 12 июнгача давом этади.
Фестиваллар доирасида ташкил этиладиган 2000 дан зиёд тадбирда 6000 дан ортиқ санъаткорнинг иштироки кутилмоқда. Хусусан, Истанбулдаги “Бейўғли маданият йўли” фестивали Отатурк маданият маркази олдида ташкиллаштирилган тантанали тадбир билан бошланди. Истанбулнинг майдонлари ва асосий кўчаларида 3 та очиқ осмон остидаги саҳна, 15 та кўча саҳнаси ва 4 та кўча тадбирлари ташкил этилмоқда. Галата минораси, Шишҳане майдони, Француз кўчаси, Томтом кўчаси, Одакуле, Каракўй паром терминали ва бошқа кўплаб жойлар очиқ осмон остидаги саҳналари билан томошабинларга манзур бўлмоқда.
Туркия маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой иштирокида Таксим майдонида мамлакатнинг турли бурчакларидан келган 1500 нафар фотосуратчи иштирокида “Фотомарафон” кўргазмаси очилди.
Фестиваль доирасида истанбуллик санъат ихлосмандлари, болалар ва сайёҳлар театр ва опера спектаклларидан тортиб кино намойишларигача, очиқ ҳаводаги саҳналарда ташкил этиладиган концертлардан тортиб расм кўргазмаларигача бўлган турли маданий тадбирларни томоша қилишлари мумкин. Фестиваль доирасида Туркиянинг ва дунёга машҳур санъаткорларнинг концерт дастурлари ҳам намойиш этилади.
Cирасини айтганда, “Бейўғли маданият йўли” фестивали Истанбулнинг бутун моддий, маънавий ва маданий меросини келажак авлодларга кўрсатишни мақсад қилган лойиҳа сифатида адабиёт, театр, мусиқа, опера, гастрономия, таълим, рассомлик, кино ва бошқа маданият соҳаси вакилларини бирлаштиради.
Анқарада бўлиб ўтаётган “Пойтахт маданият йўли” фестивали доирасида эса шаҳарнинг ўзига хос тарихи ва бетакрор хусусиятлари 4,7 километрли йўл бўйлаб санъат ихлосмандларига кўрсатилади. 16 кун давомида симфоник концертлардан рақс томошаларигача, ҳайкалтарошлик маҳорат дарсларидан спектаклларгача, адабий суҳбатлардан болалар тадбирларигача, кўргазмалардан фильм намойишларига қадар – кенг кўламли маданият ва санъат тадбирлари тақдим этилади.
“Пойтахт маданият йўли” фестивали, шунингдек, турли даврларга оид, жумладан, республикадан олдинги, республика даври ва янги замонавий Анқарани акс эттирган 70 дан ортиқ тематик кўргазмаларни ўз ичига олади.
Фестиваль доирасида Туркия пойтахтининг тимсолларидан бири бўлган Анқара қалъаси, ноёб коллекцияларга эга юз йиллик Онадўли цивилизациялари музейи, 400 йиллик тарихга эга Ҳожи Байрам Валий масжиди, Рим цивилизациясининг монументал иншоотларидан Август ибодатхонаси, шунингдек, маданият ва туризм вазирлиги томонидан реставрация қилинган Анқара расм ва ҳайкалтарошлик музейи, Этнография музейи, Ишбанк музейи, Зираат банки музейи ва бошқа санъат галереялари, тарихий обидалар ва ёдгорликлар санъат ихлосмандларига ўз эшикларини очади.