Доктор Кент Торнбург
Тошкентда овқатланиш масалалари бўйича халқаро анжуман очилди, деб хабар беради АҚШнинг юртимиздаги элчихонаси матбуот хизмати.
Тадбир Орегон саломатлик ва фан университети, Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ва “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси томонидан ташкил этилди.
АҚШ элчихонаси тақдим этган грант асосида уюштирилган машваратда америкалик тадқиқотчилар, юқори лавозимли мулозимлар, тиббий-ўқув муассасалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар овқатланишга оид янги билимларнинг Ўзбекистон аҳолиси саломатлигини яхшилашдаги аҳамиятини муҳокама қилдилар.
Таниқли олимлар нотўғри овқатланиш семириш, қандли диабет, юрак касалликларига олиб келишига доир энг сўнгги тадқиқотлар натижалари билан ўртоқлашдилар. Анжуманда, хусусан, Боб ва Чарли Мур номидаги овқатланиш ва саломатлик институти директори, доктор Кент Торнбург маъруза қилди.
“Овқатланиш узоқ муддатли саломатликни таъминлашда аввалги тушунчаларга қараганда жиддийроқ аҳамият касб этмоқда. Тадқиқотларга кўра, ҳомиладорликдан аввалги ва ҳомиладорлик вақтидаги, эмизиш ва ҳаётнинг биринчи йилларидаги овқатланиш катталарда сурункали касалликлар ривожланиши хавфини аниқлашда муҳим роль ўйнайди”, – деди доктор Кент Торнбург.
Умуман, соғлом овқатланишнинг ўсмир қизлар ва туғиш ёшидаги аёллар учун аҳамиятини кўрсатиш тадбирнинг асосий мавзуси бўлди. Анжуман давомида британиялик шифокор ва тадқиқотчи Дэвид Баркернинг “Она қорнидаги ҳомила озиқланиши” китобининг русча нашри тақдимоти ҳам ўтказилди.
Халқаро анжумандан кўзланган мақсад илм-фаннинг соғлиқни сақлаш ва ўқув амалиёти соҳасидаги сиёсатга таъсирини кучайтириш, аҳоли соғлиғига узоқ муддатли ижобий таъсир кўрсатиш, пировардида эса, Ўзбекистонни соғлом миллатни қандай яратиш мумкинлигини тушунувчи ва амалда қўлловчи етакчи давлатга айлантиришдан иборатдир.
Саломатлик кўраткичлари ва баҳолаш институти нашр этган тадқиқотда қайд этилишича, Ўзбекистон нотўғри овқатланиш туфайли ўлим ҳолати юқорилиги бўйича Европа мамлакатлари рўйхатлари бошида туради. Ўзбекистонда 1990-2006 йилларда юрак-қон томир касалликларидан вафот этганлар сони Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақасидаги қолган барча 51 та мамлакатдагидан ҳам кўп бўлган. Бундай ўлим ҳолатлари эса овқат таркибида натрий миқдори юқорилиги, дон камлиги, оқ ундан тайёрланган маҳсулотлар кўплиги сабаб юзага келган.
Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамаси 2015 йил 29 августдаги 2015-2020 йиллар даврида Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланишини таъминлаш концепциясини ва чора-тадбирлар комплексини тасдиқлаш тўғрисида қарор қабул қилган.