28 декабрь куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Туркиянинг юртимиздаги янги элчиси Аҳмет Башар Шенни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи сиёсат маҳкамаси матбуот хизмати хабар беради.
Фавқулодда ва мухтор элчи Аҳмет Башар Шен вазир Абдулазиз Комиловга ишонч ёрлиғи нусхасини топширган.
Мулоқот асносида айни вақтда икки мамлакат ўртасида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар соҳаларда дўстлик ва шерикчиликка асосланган ҳамкорликни ривожлантиришга имкон берадиган конструктив ва очиқ муносабат ўрнатилгани қайд этилган.
Жорий йил 17-18 ноябрь кунлари Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Самарқандда Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев билан музокаралар ўтказган эди. Вазир ва элчи учрашувида олий даражадаги ана шу музокараларда эришилган келишувларни амалга оширишга доир аниқ масалалар муҳокама этилган.
Самарқанддаги музокараларда Ўзбекистон ва Туркия Ташқи ишлар вазирликлари ўртасида сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказиш юзасидан келишувга эришилган эди. Абдулазиз Комилов ва Аҳмет Башар Шен учрашувида сиёсий маслаҳатлашувларни ўтказиш вақти ва мазмуни бўйича ҳам фикр алмашилган.
Туркиянинг Ўзбекистондаги янги элчиси Аҳмет Башар Шен 1967 йилда туғилган. 1988 йили Анқара университетининг Сиёсатшунослик факультетини тамомлаган. Дипломат, шунингдек, Истанбул университетида Европа Иттифоқи ҳуқуқий тизими, Штутгарт университетида эса сиёсатшунослик ҳамда олмон тили ва адабиёти йўналишларида таҳсил олган. Туркия ташқи сиёсат маҳкамасидаги фаолиятини 1996 йили бошлаган. Шу тариқа у 20 йил давомида Ташқи ишлар вазирлигининг турли бошқармаларида, шунингдек, Туркиянинг Берлин ва Минскдаги элчихоналарида, Нью-Йоркдаги бош консуллигида масъул вазифаларни бажарган. Аҳмет Башар Шен Ўзбекистонга келгунга қадар (2012-2016 йиллар) Туркиянинг Берлиндаги бош консули сифатида фаолият юритган.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йил февралдан Туркиянинг Ўзбекистондаги элчиси сифатида иш бошлаган Намик Гюнер Эрпул жорий йил декабрда юртимиздаги дипломатлик фаолиятини тамомлаб ватанига йўл олди.
Собир Салим