29 сентябрь куни Тошкентда Хитой Халқ Республикаси ташкил этилганининг 67 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими ўтказилди. Хитойнинг Ўзбекистондаги элчихонаси уюштирган тадбирда Ўзбекистон парламенти ва ҳукумати вакиллари, хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар дипломатлари, илм-фан, маданият ва санъат намояндалари қатнашди. Маросимда Ўзбекистон ҳукумати номидан Бош вазир ўринбосари Ғулом Иброҳимов иштирок этди.
ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Сунь Лицзе ўз нутқида Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов вафотини Хитой томони чуқур қайғу ила қабул қилганини билдирди.
Дипломат мамлакатлар ўртасида турли соҳалардаги ҳамкорлик изчил ривожланаётганини қайд этди. Икки томонлама савдо айланмаси жорий йил ярмида 3,9 фоизга ўсиб, 1,87 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Хитойнинг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри сармояси эса 6,5 миллиард АҚШ долларига етди.
Иқтисодий жабҳадаги ҳамкорликка мисол сифатида Хитой – Марказий Осиё табиий газ қувури, Қамчиқ довони оша Фарғона водийсига қатновчи темирйўл каби йирик лойиҳаларни эслаб ўтиш мумкин.
Дипломат ўз нутқида жорий йил 4 декабрь куни Ўзбекистонда муҳим сиёсий воқеа – Президент сайлови ташкил этилаётганини эсга олиб, сайлов Конституция ва қонунларга мувофиқ ўтишига ишонч билдирди.
Хитой элчиси маданий-гуманитар жабҳада ҳам ҳамкорлик самарали кечаётганини мамнуният ила қайд этди. Сунь Лицзега кўра, расмий Пекин Ўзбекистон билан анъанавий дўстлик ва стратегик ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантиришга ҳамиша тайёр.
Эслатиб ўтамиз, 1949 йил 1 октябрда Хитой Халқ Республикаси ташкил этилган. Ўша йилдан бери мазкур сана миллий байрам сифатида нишонланади.