Марказий Осиё журналистлари 15 июль куни исёнчи ҳарбийлар нишонига айланган TRT студиясида бўлишди

Марказий Осиё ва Озарбойжонда фаолият юритувчи журналистлар жорий йил 15 июль куни Туркияда амалга оширилган давлат тўнтаришига уриниш пайти исёнчи ҳарбийлар нишонига айланган TRT телестудиясини бориб кўришди. TRT корпорациясининг Янгиликлар ва спорт дастурлари бўлими масъул ходими Фотиҳ Шаҳингўз журналистлар билан учрашувда давлат тўнтаришига уриниш Туркия халқи учун катта имтиҳон бўлганини қайд этди.

Фотиҳ Шаҳингўзнинг ҳикоя қилишича, 15 июль куни Туркияда давлат тўнтаришига уринган ҳарбийлар аввало TRT телеканалини эгаллашни режалаштирган. 100 га яқин исёнчи аскар телекомпания ҳудудига бостириб кириб, журналистларни гаровга олган. Сўнгра дикторни Туркияда ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтгани хусусидаги баёнотни ўқиб эшиттиришга мажбурлаган.

“Ўша куни Туркияда демократия яна бир карра синовдан ўтди. Фатҳулла Гулен бошчилигидаги террорчи ташкилот тарафдори бўлган ҳарбийлар сўз эркинлиги ва фуқаро ҳуқуқларига зид равишда журналистларга тазйиқ ўтказди. Аммо халқнинг бирдамлиги ва якдиллиги туфайли қўпорувчи ташкилот ғаразли ниятини амалга ошира олмади. Ўша кеча ўз халқи ва давлатига қарши қурол кўтарган ҳарбийлар баёноти ўқиб эшиттирилган студияга “15 июль Миллат студияси” деб ном бердик.  Ўйлайманки, замонавий Туркия тарихида бурилиш ясаган мазкур воқеа асло унут бўлмаслиги лозим”, – деди TRT корпорациясининг Янгиликлар ва спорт дастурлари бўлими масъул ходими Фотиҳ Шаҳингўз.

15 июль кунги давлат тўнтаришига уриниш вақти FETÖ террорчи ташкилоти тарафдорлари баёноти ўқиб эшиттирилган студия

TRT – Туркия радио ва телевидение корпорацияси (Türkiye Radyo ve Televizyon Kurumu) 1964 йилда ташкил этилган. Корпорация Европа, Осиё ва Африка мамлакатлари бўйлаб турли тилларда радио ва теледастурлар узатиб келмоқда. Корпорация тизимида айни вақтда 13 та телеканал, 15 та радиоканал ва ўнлаб вебсайт фаолият юритмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё ва Озарбойжон журналистларининг TRTга ташрифи Туркия Бош вазири ҳузуридаги Матбуот ва ахборот бош бошқармаси шафелигидаги “Тарих ва миллий бирликни англаш” дастури доирасида ташкил этилди.

Собир Салим