“Қўғирчоқ” номли олмон овозсиз фильми Бухоро, Қарши ва Термиз шаҳарларида намойиш этилади. Премьера Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан Ўзбекистон Маданият вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилмоқда.
Фильм “Сўғдиёна“ ўзбек миллий чолғулари камер оркестри бадиий раҳбари ва дирижёри, профессор Феруза Абдураҳимова томонидан яратилган мусиқий композициялар жўрлигида намойиш қилинади.
Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси хабарига кўра, фильм намойиши Бухоро (Бухоро вилояти мусиқали драма театри, 24 ноябрь соат 17:00), Қарши (Қашқадарё вилояти мусиқали драма театри, 26 ноябрь соат 17:00) ҳамда Термиз (Сурхондарё вилояти мусиқали драма театри, 28 ноябрь соат 17:00) шаҳарларида бўлиб ўтади. Кириш бепул. Картина ўзбекча таржима билан кўрсатилади.
“Қўғирчоқ” фильми берлинлик таниқли режиссёр Эрнст Любич томонидан 1919 йилда суратга олган. Эрнст Любич (1892–1947) трагик ва сатирик оҳангларга бой комедик фильмлар суратга олган атоқли олмон режиссёри ҳисобланади. 1922 йилда Ҳолливудга кетгунга қадар у қисқа муддат Германияда ижодий фаолият юритган.
Бир соат давом этадиган ушбу фильм комедия жанрида бўлиб, унинг мухтасар мазмуни қуйидагича: бадавлат бароннинг жияни унинг мол-дунёсини мерос қилиб олиш учун уйланиши талаб этилади. Лекин жияннинг мутлақо уйлангиси йўқ. Вазиятдан чиқиш учун у одамга ўхшаш қўғирчоқ билан сохта никоҳдан ўтишга қарор қилади. Бироқ айни никоҳ арафасида қўғирчоқ синиб қолади! Нима қилмоқ керак? Қўғирчоқ ясовчи устанинг қувноқ қизи отаси янги қўғирчоқ ясагунча, қўғирчоқ ролини ўйнаб туради. Хўш, бароннинг жияни ва қўғирчоқ устаси қизининг тақдири қандай кечади? Фильмни тўлиқ кўриб бу саволларга жавоб топиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Германия элчихонаси бир неча йил аввал режиссёр Эрнст Любич суратга олган яна бир кинодурдона – “Чиғаноқлар маликаси” номли овозсиз комедияни ҳам намойиш этган эди.
Шу мавзудаги мақола:
Германияда суратга олинган овозсиз кинодурдона Жиззах ва Гулистонда намойиш этилади. 16.12.2016