Туркияда 2016 йил 15 июль тунида юз берган давлат тўнтаришига уринишнинг бир йиллиги бутун мамлакат миқёсида биродарлик ва бирдамлик куни сифатида кенг нишонланмоқда.
Истанбулда йиғилган кўп минг сонли халқ олдида чиқиш қилган Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон мамлакат бирлиги ва келажагини ҳимоя қилиб чиққан ватандошларга миннатдорлик изҳор этди. 2016 йил 15 июль куни Туркия халқ исёнчиларга қарши бир тану бир жон бўлиб курашди.
“Яқинларидан айрилган оналар, оталар, рафиқалар, ака-укалар, сингиллар ва болаларнинг дардига шерикмиз. Эркинлик ва эртанги кун учун жонини фидо қилган ўғлонларнинг номи барҳаётдир”, – деди Туркия етакчиси.
Президент Эрдўғон террорчилар шунчаки ижрочи экани, аслида ушбу улкан фитна ортида қудратли кучлар турганига эътибор қаратаркан, Туркия ҳар қандай ғанимни енгишга қодир эканини эслатиб ўтган.
Ражаб Тоййиб Эрдўғон 15 июль шаҳидларига хотирасига Истанбулда ёдгорлик очилишида ҳам қатнашган.
“Унутманг, Туркия кўп минг йиллик давлатчилик тарихига эга мамлакат. Турк маданияти илдизи 1400 йиллик ўтмишга бориб тақалади. Турк халқи тарих мобайнида турфа синов ва имтиҳонларга рўбарў бўлиб, уларни мардона енгиб ўтган. Биз кўчманчи элат эмас, жипс миллатмиз. Бизнинг кучимиз ана шунда!” – деган Туркия раҳбари.
Эрдўғонга кўра, бу каби синовлар турк халқини янада жипс, янада қудратли, янада иродали қилади.
Қайд этилишича, 2016 йил 15 июль санасида Фатҳулла Гулен бошчилигидаги FETÖ деб номланган ҳарбийлашган террорчи ташкилот Туркияда хоинларча давлат тўнтариши қилишга уринди. Туркия халқи 100 йил аввал Чаноққалъада қандай қаҳрамонлик кўрсатган бўлса, 15 июль тунида ҳам жасорат кўрсатиб, улкан ғалабага эришди.
“Гуленчи-террорчилар турк жамиятини парчалаб ташлаш учун барча имкониятларини ишга солди. Туркияга қарши режаларини амалга ошириш учун Туркияга хайрихоҳ бўлмаган кучлар ёрдамидан фойдаланди. Аммо унутмасинларки, бизни на террорчи ташкилотлар, на улар ортидаги кучлар синдира олади”, – деган Туркия Президенти.
Ражаб Тоййиб Эрдўғонга кўра, 15 июль фитнаси қатнашчиларининг барчаси жазоланиши, ўша машъум кунда шаҳид бўлганлар эса ҳеч қачон унутилмаслигини таъкидлаган.
Туркия Президенти пойтахт Анқарадаги 15 июль шаҳидлари ёдгорлиги очилишида ҳам қатнашган.
Эслатиб ўтамиз, 2016 йил 15 июль куни Туркияда давлат тўнтаришига уриниш рўй берди. Туркия раҳбариятига кўра, мазкур жиноят АҚШда яшаётган Фатҳулла Гулен ва унинг террорчи ташкилоти томонидан уюштирилган. Расмий Анқара АҚШдан Фатҳулла Гуленни Туркияга экстрадиция қилишни сўраб бир неча марта мурожаат йўллаган.
“Ўша кеча cодир бўлган воқеа – Туркия армиясига сизиб кирган ва ўзини “коинот имоми” деб билган бир телба кимсанинг малайлари бўлган хоинларнинг Туркия давлатига қарши тажовузи эди. Ўз миллий парламентини бомбалаган, террористик ташкилотларга қарши курашда олдинги сафларда шижоат кўрсатган полиция махсус кучлари қароргоҳини ер билан яксон қилган, тинч аҳоли устига танк билан бостириб борган, жанговар самолёт ва вертолётлардан ўқ ёғдирган жиноятчилар билан юзма-юз қолган эдик. Тарихимизда бундай ваҳшийлик бўлмаган эди”, – дея бир йил аввалги фожиани ёдга олади Туркия Бош вазири Бинали Йилдирим.
Туркия Қуролли кучлари ичига сизиб кирган ва FETÖ террорчи ташкилоти аъзоси бўлган ҳарбийлар томонидан амалга оширилган давлат тўнтаришига уринишнинг мақсади Президент Ражаб Тоййиб Эрдўғонга суиқасд уюштириш, конституцион тузум ва парламент тизимини ағдариш эди.
Давлат тўнтаришига уриниш вақтида 250 киши шаҳид бўлган, 1500 дан ортиқ киши жароҳатланган. Ҳарбий исён халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланган.
Ўн минглаб туркияликлар демократияни ва ҳокимиятга сайлов орқали келган ҳукуматни ҳимоя қилиш мақсадида кўчаларга чиқди. Шу тариқа халқнинг мисли кўрилмаган қатъияти ва жасорати боис давлат тўнтаришининг олди олинди.
Собир Салим
Шу мавзудаги мақолалар:
Меҳмет Акаржа: “Туркияни парчалаб ташламоқчи бўлган кучларнинг умиди чиппакка чиқди”. 17.10.2016
Владимир Аватков: “Фатҳулла Гулен Россия ва Марказий Осиёга дўст бўлмайди”. 17.08.2016
Туркия: 15 июль фитнаси қатнашчилари жазосиз қолмайди. 18.07.2016