Олимлар одамзод 1889 йилдан эътиборан секинроқ фикрлайдиган бўлган, айни чоғда, ижодий қобилиятларини ҳам бой бера бошлаган, деб ҳисоблашмоқда.
Ҳолбуки, инсониятнинг ҳозирги авлодлари жуда кўплаб ажойиб кашфиётлар яратди. Пенициллин, космик кемалар, компютерлар ва ҳатто сунъий юрак ҳам шу авлод томонидан, яъни 1889 йилдан сўнг яратилмадими? Бироқ юқорида тилга олинган ғояни илгари сураётган олимлар фикрига кўра, мантиқан инсон интеллекти геометрик прогрессия бўйича ўсиб бориши керак эди. Яъни биз ҳозир ҳар куни дуч келаётган жуда катта ҳажмдаги ахборотлар оқими ақлий қобилиятларимизнинг тез ўсишига омил бўлиши зарур эди. Бироқ янги тадқиқотлар бу ишончни йўққа чиқарди. Швециядаги Умео ва Амстердам университетлари, шунингдек, Ирландиядаги Корка университет коллежи мутахассислари бугунги кун одамларининг интеллект даражасини 1837 йилдан 1901 йилгача Буюк Британия ва Ирландияда ҳукмронлик қилган қиролича Виктория даври одамлари интелекти даражаси билан қиёслаб ўргандилар. Натижа эса кутилмаган бўлиб чиқди. Аниқланишича, аждодлар биздан кўра анча ақлли, зийрак ва топқир бўлишган экан.
Тадқиқот раҳбари доктор М. Вудлининг иқрор бўлишича, ҳозирги одамларнинг сезиш ва таъсирланиш тезлиги аждодларникидан сустроқ. Ҳолбуки, бугунги кунда таълим олиш имкони катта, тиббиёт эришган ютуқлар ҳам салмоқли, овқатланиш сифати юқори. Буларнинг ҳаммаси миянинг янада самарали ишлашини таъминлаши лозим эди. Бироқ шунга қарамай, ўтган аждодларнинг сезгилари тезлиги 183 миллисекундни ташкил этган бўлса, ҳозирги одамларда бу кўрсаткич 253 миллисекундга тенг экан.
Олимлар одамларнинг интеллект даражасини қиёслаш учун “Викториан даври”ни танлашгани бежиз эмас. Экспертларнинг айтишича, инновациялар даври ва даҳоларнинг кўплаб туғилиши айнан шу пайтга тўғри келган.
Кембриж университети нейробиологлари хулосасига кўра, физика ва физиология қонунлари нуқтаи-назаридан қараганда инсониятнинг интеллектуал тараққиёти ўзининг энг юқори чўққисига етиб бўлган. Мия бундан ортиқ даражада ўса олмайди, чунки бунинг учун оладиган энергия манбаи мавжуд эмас. Такомиллашиш учун омил бўладиган ички ресурслар поёнига етган. Тадқиқотчиларнинг аниқлашича, инсон миясининг янада тараққий этиши учун жуда улкан миқдорда қўшимча энергия ва кислород зарур бўлади. Ҳозирги пайтда буни таъминлашнинг сира иложи йўқ экан.
— Бош мия оғирлиги инсон организми умумий вазнининг атиги 2 фоизига тенг. Шунга қарамай у турли жараёнларни бажариш учун организмдаги умумий энергиянинг 20 фоизини сарф этади, — дейди нейробиолог профессор С. Лафлин. — Биз олиб борган тадқиқотларнинг кўрсатишича, бош мия фикрлаш жараёнлари миқдорини ошириши учун унга қўшимча равишда жуда катта энергия манбаи керак бўлади. Бундан ташқари, шу нарса ҳам маълумки, бош миядаги миянинг турли қисмларини боғлаб турувчи нейронлар тармоғи ҳам янада такомиллашиши учун ички имкониятларга эга эмас. Бош мия бу борадаги барча имкониятларини аллақачон ишга солиб бўлган.