Зулфия. Бу оқшом (видео)

БУ ОҚШОМ

Бу оқшом пориллар дил нурингизда,
Дийдор бахти насиб яна Сиз билан.
Турибман, азизлар, ҳузурингизда
Ҳамон ўтлиғ кўнгил, ёруғ юз билан.

Ҳамон мулкимдаги сийму зарим – шеър.
Сочимда, чеҳрамда йиллардан нишон,
Саждагоҳим танҳо Ватан, Она Ер,
Орзуларим карвон, сарбоним – ишонч.

Ҳамон ота-онам, икки жаҳоним
Азиз ёди аро шикаста, бутман
Ишқим – алангадир, қордир ҳижроним
Саксон йил ловуллаб сўнмаган ўтман.

Иккита кўзимга икки қорағич –
Мунисим Ҳулкарим, алпим омоним
Ширин набиралар ҳаётдан тортиғ
Ҳар бири жонига пайванддир жоним.

Номлари , ёдлари пайғамбар монанд
Ҳазрат устозларим – теран илдизлар,
Мен ундан жон олиб кўкарган дарахт,
Меваси – қалбимдан отилган сўзлар.

Ҳикматлар бағрида дур, марваридим
Аждодларим менга ифтихор, ғурур
Шу мавжлардан томган нуқра умидим
Шоира қизларим бахш этган сурур.

Бу назм боғига киролмас хазон,
Бизни маҳф этолмас завол лашкари,
Мен кетсам мунғаймас умрим ҳеч қачон,
Бу боғлар – бир боғлар бўлади ҳали…

Ҳамон эътиқодим – ҳақиқат, ҳақдир,
Сўзлайман, юзимни тутиб Каъбага,
Емира олмайди ўткинчи тақдир,
Осуда ўтади руҳим абадга.

Эъзозлар, ардоғлар учун ташаккур
Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.
Тонгларингиз кулсин дориломон, ҳур,
Бахтим шул – ўзбекнинг Зулфиясиман.

Зулфия