Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, Беруний номидаги давлат мукофоти соҳиби «Жаҳон адабиёти» журнали бош муҳаррири, профессор Озод Обидович Шарафиддинов 1929 йил 1 мартда Қўқон шаҳрининг Охунқайнар қишлоғида дунёга келди.
1951 йилда Ўрта Осиё давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини битиргач, Москвадаги Жаҳон адабиёти институтининг аспирантурасида таҳсил олиб, номзодлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилди.
Озод Шарафиддинов 20-асрнинг 60-йилларидан адабиётшунос сифатида танилган. Озод Шарафиддинов — ҳозирги ўзбек адабиётшунослиги, танқидчилиги, таржимачилигининг етук намояндаси. Унинг бадиий адабиёт муаммоларига бағишланган ўткир мақолалар, айниқса, «замон, қалб, поэзия» китоби ўзбек адабиётига янгича нафас олиб кирди. Унинг тадқиқотлари адабиётни нуқтаи назаридан тадқиқ этган. Унинг тадқиқотлари адабиётни миллий ғоялар ва адабий қонуниятлари асосида таҳлил қилишга бағишланган. «Адабий этюдлар» (1968) китобида ижодкор шахси ва унинг бадиий асардаги ўрни масалалари талқин қилинган. «Яловбардорлар» (1974), «Истеъдод жилолари» (1976) тўпламларига киритилган илмий мақолалари адабий ижоддаги анъаналар, мумтоз адабиётни ўрганиш воситалари ва жаҳон адабиётини ўрганиш муаммолари хақида. Адиб «Биринчи мўъжиза» (1979), «Талант – халқ мулки» (1979), «Адабиёт-ҳаёт дарслиги» (1980), «Ҳаёт билан ҳамнафас» (1983), «Гўзаллик излаб» (1985) асарларида ўзбек шеърияти, насри ва танқидчилигининг муҳим муаммоларини ёритган. Шарафиддиновнинг мунаққидлик фаолиятида икки давр кўзга ташланади. Биринчи давр шўро тоталитар тузумида кечган бўлиб, унда адабиётни тоталитар мафкура ғояларидан ҳимоя қилиш, адабий қонуниятлар асосида тадқиқотлар олиб бориш муаммолари тадқиқ этилган (« Заҳарханда қаҳқаҳа», 1962; «Ҳаётийлик жозибаси, схематизм инерцияси», 1979; «Юртин мадҳи бўлди сўнгги сатри ҳам», 1979; «Шеър кўп аммо шоир-чи?», 1983). Иккинчи давр мунаққид фаолиятида асосий давр бўлиб, у истиқлол йилларидаги ижодини қамраб олади. Шарафиддинов «20-аср ўзбек адабиёти тарихи» ўқув дастури (1997), «20-аср ўзбек адабиёти» (1999) дарслиги муаллифларидан.