“Истиқлол фидойилари: Мунаввар қори”
Сценарий муаллифи: Наим Каримов
Режиссёр: Ғайрат Шодмонов
Ўрта Осиё жадидчилик ҳаракатининг йўлбошчиси, ХХ аср ўзбек миллий матбуоти ва янги усулдаги миллий мактаб асосчиси, янги миллий театр ташкилотчиларидан бири, адиб, шоир, мураббий, муҳаррир, маърифатпарвар, жамоат арбоби Мунаввар қори Абдурашидхон ўғли 1878 йилда Тошкент шаҳрининг Шайх Хованд Тоҳур даҳаси Дархон маҳалласида мударрис оиласида туғилди. Отаси Абдурашидхон Сотиболдихон ўғли мударрис, онаси Хосият отин Хонхўжа Шораҳимхўжа мударрис қизи отинойи бўлган. У оилада учинчи ўғил бўлиб, катта акалари Аъзамхон (1872—1919) ва Муслимхон (1875—1954) муаллим бўлишган. Отасидан ёш етим қолгани туфайли дастлабки таълим-тарбияни онасидан олган. Сўнг ўз даврининг машҳур ўқитувчиси Усмон домладан илми қироат ва тажвидни ўрганиб, ҳофизи Қуръон бўлган. 1885—90 йилларда Бухородаги Мирараб мадрасасида таҳсил олган, аммо таҳсилни охирига етказмай, Тошкентга қайтиб, Дархон масжидида имомлик вазифасини бажаради.
Мунаввар қори ХIХ асрнинг охиридан бошлаб жадидчилик ҳаракатларида фаол иштирок эта бошлади. 1901 йилда ўз ҳовлисида, кейинчалик Тошкентнинг турли даҳаларида жадид мактабларини очади.
1904 йилдан ижтимоий-сиёсий, маданий ҳаётга аралаша бошлаган. 1906 йилдан «Ўрта Осиёнинг умргузорлиги, тараққий», «Тараққий» газеталарида адабий ходим. Шу йили ношир ва муҳаррир сифатида «Хуршид» газетани ташкил этган. «Шуҳрат» (1907), «Тужжор» (1907), «Осиё» (1908) газеталарини ғоявий бошқарган ва адабий ходим вазифасини бажарган. Сўнг «Садойи Туркистон» (1914—15) газетасида масъул муҳаррир муовини, «Ал-ислоҳ» журнали (1915—17)да муҳаррир, «Нажот» ва «Кенгаш» (1917) газеталарида масъул муҳаррир.
У 1909 йили Тошкентда “Жамияти хайрия” уюшмасини тузади ва “Турон” номли жамиятни очади. Мунаввар қори 1906-йилда дастлабки ўзбек матбуоти намуналаридан бири “Хуршид” газетасини нашр этди. Кейинчалик “Нажот”, “Кенгаш” газеталарида бош муҳаррир, “Садойи Туркистон”да эса бўлим муҳаррири бўлиб хизмат қилади.