Абдулла Орипов. Ҳаётга қайтиш (видео)

ҲАЁТГА ҚАЙТИШ

Ёнимда айтмагил бахт деган сўзни,
Танамда ногаҳон титроқ бошланар.
Тутиб туролмайман асло ўзимни,
Юрагим зўриқиб, кўзим ёшланар.

Ахир мен умримни ишониб роса
Ўша бахт йўлида сарфлаганим рост.
Ўтди у давронлар, ўрнида эса
Бир уюм ваъдалар қолдилар, холос.

Агар бўлсанг менга чиндан хайрихоҳ,
Дўст деган сўзни ҳам қилмагин такрор.
Кўксимдан вулқондек кўтарилар оҳ,
Инсонни дўсти ҳам айлар экан хор.

Қоронғу тунларда кўтариб машъал,
Дўст дея ўзимни урдим кулфатга.
Улар-чи, бир куни топиб куч, амал,
Ўзимни отдилар ўша зулматга.

Муҳаббат қанчалар сеҳрли калом,
Руҳингга суянчиқ, тоза, бокира.
Мен-чи, унутганман уни батамом,
Бул ажиб сўзни ҳам эслатма сира.

Муҳаббат деганда кўзимга энди,
Жафо кўринади, вафо кўринмас.
Дилдаги оловли ҳислар ҳам тинди,
У ёруғ хаёллар барҳам топган, бас.

Дейман, алданмасин ҳаётда инсон,
Саволи қолмасин зинҳор бежавоб.
Саробга айланса агарда армон,
Ҳатто бир нарса ҳам кўрингай хароб.

Лекин ишонаман, тоғлар юксалиб,
Дарёлар гувиллар мен учун яна.
Тағин ҳаёт қайтар гулдурос солиб,
Яна севги қалбда қилгай тантана.
03.04.2015

Абдулла Орипов