– Ҳар қандай миллат адабиётининг каттагина қисмини болалар адабиёти ташкил этади. Болалар учун яратилган асарлар уларнинг мурғак қалби ва тоза руҳиятига мос бўлиши зарур. Шу маънода сизнинг “Сариқ девни миниб”, “Ширин қовунлар мамлакати”, “Беш болали йигитча” каби асарларингиз 20-аср ўзбек болалар адабиётининг катта ютуқлари саналади.
Бироқ сиз ижодингизнинг дастлабки босқичида қалами ўткир фельетончи сифатида танилгансиз. Худойберди Тўхтабоевнинг танқидий назарига дуч келишдан манаман деган арбоблар ҳам чўчигани ҳақида эшитганмиз. Айтинг-чи, машҳур фельетончи қандай қилиб беозоргина болалар ёзувчисига айланиб қолди?
– Саволингиз қизиқ, жуда-жуда қизиқ. Шу билан бирга мураккаброқ ҳам. Шунинг учун ҳам қизиқки, бу савол турли жанрларда қалам тебратган барча ижодкорларга бирдек тааллуқли. Бир хил руҳий ҳолатдан бошқа бир руҳий ҳолатга ўтиш албатта, ўз-ўзидан бўлмайди. Таъкидлаганингиздек, жуда шафқатсиз ҳолатда ёзиладиган фельетондан қувноқ ва беозор болалар адабиётига ўтиб кетишимдан олдин бир қанча ички, яъни руҳий босқичлардан ўтганман. Бундай катта қарор қабул қилиш учун бир-иккита сабаб озлик қилар экан. Шу сабаблардан айримларини санаб ўтсам дейман.
Биринчидан, болалигимда етим қолиб, бувимдан кўп эртаклар эшитганман. 1949 йили Қўқон педагогика билим юртини тамомлагунимча, ишонсангиз, китоб ўқиш у ёқда турсин, китобнинг ўзини ҳам кўрган эмасман. Демак, ҳамиша хурсандчилик, яхшилик билан тугайдиган эртаклар таъсирида униб- ўсганман.
Иккинчидан, меҳнат фаолиятимни беғубор, оқкўнгил, ишонувчан, хаёлпараст болалар ўртасида – мактабда бошлаганман. Яна ҳам очиқроқ қилиб айтсам, биринчи синфларга дарс берганман. Оҳ, ўша йиллар, болаларнинг оқкўнгиллиги, хаёлпарастлигию орзуларга тез берилиши ҳали-ҳали тушларимга кириб чиқади.
Учинчидан, фельетон оламидаги жиноятчилик, қаллоблик, ёлғончилик, қувлик, шумлик, иккиюзламачиликлар шундай кўп эдики, гоҳо дод деб юборгим келарди. Бир фельетончи кечаси ухламай, ҳаётдаги муттаҳамлик, бағритошликка ўхшаш ҳолатлардан нақд 99 тасини ёзиб, эртасига бошқа фельетончига мақтанибди. Ўртоғи “Кўчириб олай, мен ҳам фойдаланаман”, деб илтимос қилибди. Фельетончи “Йўқ, оғайни, мен кечаси билан жонимни қийнаб ёздим, керак бўлса ўзинг ўйлаб ёз”, деб бермабди. Жаҳли чиққан ўртоғи “Бўлмаса, 100-иллат – қизғанчиқликни ҳам ёзиб қўй”, деган экан. Аслида, мен бир сўз билан “иллат” деб аталадиган, санаб саноғига етиб бўлмайдиган ҳолатлар орасида 15 йилдан ортиқ ишладим… Оҳ, беғубор, оқкўнгил болалар ўртасида қачон яшар эканман, деб кўчаларга чиқиб кетган вақтларим ҳам бўларди. Ҳа, жамиятга хавф соладиган турли иллатлар ҳақида ёзардим, уларнинг урчиб бораётганидан фарёд чеккан пайтларим кўп бўлган. Шу ўринда қизиқ бир воқеа ёдимга тушди. Кунларнинг бирида хонамга савдо идораларидан бирининг раҳбари жаҳл билан кириб:
– Гўшт қачон пайдо бўлганини биласизми? – деб сўради.
– Билмайман, – дедим.
– Билмасангиз билиб қўйинг, гўшт пайдо бўлгандан буён, қонхўр арилар гуриллаб келиб гўштга ёпишади. Қассоб қўлидаги гаврон билан бир уради, юз аридан бири ўлади. Бир нафас ўтар-ўтмас ҳалиги гўштхўр арилар ёпирилиб келаверади. Гўшт пайдо бўлгандан буён, қаранг-а, қассоб ва ари ўртасида ана шундай жанг кетади. Чунки ари гўшт емаса ўлади. Савдо ҳам худди шундай. Эрталаб савдога чиқаётган азамат “Шу бугун 100 сўм топмасам уйга қайтмайман” деб енг шимаради. Ўша юз сўмни топиш учун бўйи ва энидан, қайтимидан уради… бас қилинг фельетонни деяпман…
Тўртинчидан, болалар дунёсига янада кучлироқ меҳр қўйишим ва тез-тез соғиниб юрганим – болалар адабиётига кескин ўтиб кетишимга машҳур болалар адиби ва эртакчиси Жанни Родари жанобларининг камина ҳақида айтган илиқ фикрлари ҳам туртки бўлган эди. У Италиянинг Рим шаҳрида ўтказилган, болалар адабиётига бағишланган Халқаро форумда жажжигина бир китобчам ҳақида каттагина гап айтган, “Сеҳрли қалпоқчадаги қувноқ юмор, бой фантазия менга маъқул бўлди” деган сўзлари билан менинг юрагимда ўз мақсадларимга нисбатан ишонч туйғусини уйғотган эди. Буюк ёзувчининг ўша сўзлари иккиланиб юрган ҳолатимга бир аниқлик, ёрқинлик, дадиллик киритгандай бўлди. Чунки ўша кезлари “қўлимни мушт қилиб жиноятчилар билан токайгача олишиб юраман” деган пайтларим ҳам тез-тез бўлиб турарди. Шундай пайтларда устозим Саид Аҳмад шундай дер эди: “Менга қара, фельетончи укам, фельетон нимага ўхшайди, айтайми: фельетон рагаткага кесак солиб, бостириб келаётган танкани тўхтатиб қўйишга интилгандек бир гап”. Устоз “Халқ сўзи” газетасининг 2000 йил, 19 январ кунги сонида эълон қилинган “Истеъдоднинг олмос қирраси” номли мақоласида ижодимга бўлган муносабатини очиқ-ойдин баён этган эди: “Нима бўлди-ю, олтмишинчи йилларга келиб Худойберди ёзишдан бир муддат тўхтаб қолгандек бўлди. Қиссалар ёзмай қўйди. Ўзини фельетончиликка урди. Республика газеталарида кун ора фельетони босиладиган бўлиб қолди. Мен бу болага меҳр қўйган эдим, ундан янги-янги қиссалар кутар эдим. Аммо у фельетон ёзишдан бўшамади. Бу орада болалар адабиётидан бир қадар файз кета бошлаганга ўхшарди. Уни қидириб редаксияга бордим, попирус тутатиб аллақандай суд ҳукмлари, милиция тузган актларга кўмилиб фельетон ёзаётган экан. Худойберди мени устоз деб қўл берган, ёзганларини назаримдан ўтказиб турадиган шогирд эди. Кейинги икки йилда негадир мендан ўзини олиб қочадиган, учрашиб қолганларимизда қандайдир бир гуноҳ иш қилган боладек кўзини яширишга жой тополмай қоларди. Бу ҳолат менга жуда таниш, чунки мен ҳам устоз Абдулла Қаҳҳор олдида худди шундай аҳволга тушгандим. Бу воқеа бир умр эсимдан чиқмайдиган сабоқ бўлган эди.
Минг тўққиз юз қирқ олти, қирқ еттинчи йилларда ҳикоя ёзишни ташлаб, фельетон ёзишга берилиб кетгандим. Назаримда ўша вақтлари бутун Ўзбекистонда мендан машҳур, мендан обрўли ёзувчи йўқдек эди. Сартарошхоналарга мени бенавбат киритиб юборарди, ресторанларда эса мутлоқ нотаниш одамлар емоқ-ичмоқ ҳақини тўлаб қўйишарди. Меҳмондорчиликка борсам дастурхоннинг тўрига ўтқазишар, то ўтирмагунимча қўл қовуштириб “одоб” сақлаб туришарди. Ўзимга ўзим “ҳикоя ёзиб бекорга вақтимни сарфлаб ўтирибман, фельетон ғирт мазза экан”, деб, ўзимдан кетган пайтларим эди. Ана ўшандай учиб-қўниб юрган пайтларимда редаксияга Абдулла Қаҳҳор келиб қолди. Ҳе йўқ, бе йўқ “Ёзувчилар союзидан чиқишга ариза берасизми, ёки ўзимиз чиқараверайликми?” деб қолди. Нима учун унақа деётганига иккиланиб қолдим. Нима учун ариза ёзиб беришим керак? Тилимга гап келмай чайналиб қолдим.
– Нега унақа деяпсиз, домла? – дедим қўрқа-писа.
– Союз аъзоларининг ҳаммаси асар ёзишаяпти, уч йилдан буён бирорта ҳикоянгизни ўқимадим. Демак, сиз ёзувчиликни ташлагансиз, ундай бўлса союзни бўшатиб қўйиш керак.
– Фельетонларимни ўқимаяпсизми?
– Фельетон адабиёт эмас, журналистикага киради.
– Икки ойча бўлди, битта ҳикоям босилганди. Ўқидингизми?
– Ўқиганман, – деди домла. – Ҳикоянгиздан қамоқхонанинг ҳиди келяпди. Фельетон ёзавериб, одамлардан фазилат эмас, нуқсон қидирадиган бўлиб қолибсиз. Адабиёт ўқувчи қалбига нур олиб киради, гўзаллик, одамийлик, раҳм-шафқат, ҳаётга, одамларга муҳаббат туйғуларини уйғотади. Сиз эса одамларда фақат ёмонликни, ёвузликни кўргансиз, аттанг-аттанг, сиздан қанчадан-қанча умидларимиз бор эди.
Абдулла Қаҳҳор бошқа гап айтмади. Хайр ҳам демай чиқиб кетди. Ўтирган жойимда бир замбил лой бўлиб қолавердим. Домланинг гаплари қанчалик аччиқ бўлмасин, ҳақиқат эди, бу гап, бу хил муомала жон-жонимдан ўтиб кетди, фельетончиликни бутунлай ташлаб юбордим. Мана, эллик беш йил бўлдики, домла айтган гапларнинг заҳри танамдан кетмайди. Шу эллик беш йил давомида атиги учта фельетон ёзибман. Очиғини айтсам, ҳикоядан анча қўлим чиқиб қолган экан. Ўзимни ўнглаб олгунимча анча қийин бўлди.
Шу тобда ёшлигим, фельетон “қироли” бўлган пайтимга рўбарў келиб ўтирибман. Худойберди менинг ёшлигим эди, мен қилган хатоларни айнан такрорлаб турган пайти эди. Унда жиндек ҳаво пайдо бўлган, ғурури ҳам анчагина баландда эди.
– Аҳволлар қалай укам? – дедим, нимадан гап бошлашни билмай. У стол тортмасидан ўнтача бир хил ёрлиқларни, дастрўмолга тугилган қўзичоқнинг илигидек бир нарсани аллақандай мақтаниш билан столга қўйди:
– Биласизми бу нима, бу кумуш ҳуштак!
У шундай дея рўмолчани ечиб, ичидан чиндан ҳам кумуш ҳуштак олиб менга узатди.
– Буни ички ишлар ходимлари тўғрисида ёзилган энг яхши материаллар учун мукофотлашган. Чалиб кўринг, битта пуфлаб кўринг, овози ҳам бошқача.
Худойберди бир вақтлар яхши ёзувчи бўлишни орзу қилган, ёзган-чизганлари эртага яхши ёзувчи бўлишига кафолат берадиган талантини битта кумуш ҳуштакка алмаштиришга тайёр турган ва лекин ҳали данаги қотмаган, ўз истиқболига бепарвороқ, уч кўча бошида қаёққа боришни билмай ҳайрон турган “ёзувчи” эди. Унга қанча тушунтирма, қанча насиҳат қилма, ҳамма гаплардан кумуш ҳуштак афзалдек эди. Уни адабиётга қандай қайтариш мумкинлигини ўйлаб ўйимга етолмадим. Бу йўлдан қайтаришнинг бирдан-бир йўли Абдулла Қаҳҳор услуби эди. Худойберди жуда одобли, маданиятли, майин йигит, дилини оғритгим келмади. Менда Қаҳҳор домланинг қаҳри йўқ, боятдан бери унинг жон-жонидан ўтиб кетадиган гапларни ўйлаб ўтирган эдим. Айтишга тилим бормади. Узундан-узоқ лексия бошладим.
– Газета бир кунлик ахборот воситаси. Эртасига ўрнига бошқа газета чиқади. Демак, сен ёзган фельетон ҳам бир кунда ўтмишга айланади. Биласанми, мен икки юздан ортиқ фельетон ёзганман. Қани улар? Ҳамманинг ёдидан чиқиб кетди…
Орадан бир йил ўтиб Худойбердининг қисса ва романлари кетма-кет эълон қилина бошлади…”
Устоз Саид Аҳмаднинг мақоласидан олинган мазкур иқтибос саволингизга тўла аниқлик киритади, деб ўйлайман.
– Машҳур адиблардан бири буюк эртакчи Андерсен ҳақида ёзар экан, шундай дейди: “У катталардан ҳамдард тополмагач, болаларга мурожаат қилди. Болалар уни тушунишларини, унга ачинишларини истади. Аммо у янглишди. Чунки болалар ачинмайдилар, улар ачинишни билмайдилар”. Бундан келиб чиқадики, болалар ёзувчисини болалик оламига боғлаб турадиган қандайдир сабаб, ришта мавжуд бўлади. Сизни болалар учун ёзишга ундаган ички даъват нима?
– Саволингизнинг биринчи қисмида “Буюк болалар эртакчиси Андерсен катталардан ҳамдард тополмагач, болаларга мурожаат қилди” деган гап бор. Тирик одам ҳамиша ҳамфикр, ҳамдард ахтаради, уни тушунадиган дўст излайди. Адабиёт ҳам бундан мустасно эмас. Сенга ҳамфикр ва ҳамдард бўладиган инсонни топиш, сени тушуниб, фикрларингни қувватлайдиган кишини ахтариш аслида катталар адабиётининг ҳам, болалар адабиётининг ҳам бош вазифаларидан бири ҳисобланади. Ҳар қандай ёзувчи, хоҳ катталар, хоҳ болалар учун ёзсин, инсондаги ниманидир тасдиқлагиси, ниманидир инкор қилгиси келади. Тасдиқлаб туриб инкор қилади, инкор қилатуриб тасдиқлайди. Худди ана шу руҳий, ахлоқий ҳолатни ёзувчилар ижобий ё салбий образлар орқали кўрсатишади. Демак, ёзувчи ўз асарида ижобий образларни яратар экан ўзига ҳамдард ахтаради, айтмоқчи бўлган фикрларини мана шу образ орқали ё тасдиқлайди, ё инкор қилади. Худди шу пайтда бир гап эсимга тушиб кетди. Биров менга “Катталарга айтган гапинг, улар бепарво бўлганлари учун, тарвузнинг устидан қуйилган сувдек ўтиб кетади”, деб айтган эди. Бола зоти эса тамомила ўзгача хилқат. Агар у сенга меҳр қўйса, сен айтган гапни, жон қулоғи билан тинглайди, шу гапни сендан эшитгани учун мақтаниб ҳам юради. Худди ана шу маънода буюк Андерсен ҳамдард сифатида болаларни танлаган бўлиши мумкин. Болалар ачинмайдилар, ачинишни билмайдилар, деган фикр менимча баҳсли, мунозаралидир. Чунки болалар буюк эртакчини тушунганлари ва унга ачинганлари учун ҳам унинг асарларини салкам икки юз йилдан буён қўлдан қўймай ўқиб келмоқдалар.
Мендан яна, каминани болаларга боғлаб турадиган қандай ички дард борлигини ҳазилнамо қилиб сўраяпсиз. Мени болаларга боғлайдиган ички дардим уларга бўлган битмас муҳаббатим ва ачинишимдир. Йиғлаётган болаларни кўрсам, ёнига ўтириб юпатсам дейман. Яхши ўқимаётган болани кўрсам “эсизгина, шу пайтда вақтини бекорга ўтказмай, кўпроқ ўрганиб, кўпроқ ўқиса, маънавияти бутунроқ ўсади” дея ачинаман. Ҳар бир боладаги Аллоҳ берган қобилият эртароқ очилса яхши бўлади деб ўйлайман. Болалар учун туғилдим, болалар учун яшадим, яна болалар учун яшайвераман деб мақтаниб ҳам юраман. Ёзаётганимда эса кекса ёшдаги одам бўлиб эмас, худди боланинг ўзи бўлиб, ёки яқин ўртоғига айланиб ёзаман. Қайси ёшдаги бола, ёки ўсмир учун асар ёзмоқчи бўлсам ўша ёшдаги бола ё ўсмирлар даврасида бўлишга ҳаракат қиламан. “Жаннати одамлар” романимни ёзаётганимда, кўп вақтимни боғчадаги юқори босқич болалари, мактабдаги биринчи синф ўқувчилари билан ўтказдим.
– Инсон болалик чоғида мўъжиза ва саргузаштларни, ўқувчини ўз ортидан эргаштириб кетадиган ғаройиб воқеаларни ёқтиради. Назаримда, ёш китобхонларни Худойберди Тўхтабоев асарларига боғлаб қўядиган оҳанрабо ҳам шунда… Ижодкор эса асарни ёзиш жараёнида маълум муддат ундаги воқеалар ичида яшайди. Янаям аниқроғи, ёзаётганларига аввало ўзи ишонади. А. Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи устида ишлар экан, Кумуш ўлими ҳақидаги бобни ёзиб тугатгач, ўкириб йиғлагани, “Кумуш ўлди!” дея хитоб қилганини ўқиганмиз. Сўз мулкининг султони Ҳазрат Навоий эса “Лайли ва Мажнун” достони якунида бу достонни “йиғлай-йиғлай тугатгани”ни баён қилади. Асарларингиздаги саргузаштларга, айтайлик, Ҳошимжоннинг сеҳрли қалпоғига ўзингиз ҳам ишониб қолган пайтларингиз бўлганми? Бу воқеаларни қандай ўйлаб топганингиз фақат болаларга эмас, биз катталарга ҳам қизиқ туюлади.
– Исломий таълимотда “чақалоқ мусулмон бўлиб туғилади“ деган ҳикмат бор. Яна бир таълимотда “чақалоқ она қорнида шаклланаётган пайтда Аллоҳ чақалоқнинг қалбига адолат, ҳақиқат, маъсумлик, камолот туйғуларини қўшиб яратади” деган яна ҳам гўзалроқ фикрлар мавжуд. Бу туйғуларнинг ҳар бирини алоҳида-алоҳида олиб, алоҳида-алоҳида таҳлил қилиб, катта-катта китоблар ёзса бўлади, дейдилар. Ана шу бир-биридан гўзал туйғулар ичида алоҳида ўринга эга бўлгани камолот туйғуси ҳисобланади. Камолот туйғуси инсонни юксалишга даъват этиб турадиган буюк туйғудир. Бола ақлини таний бошлаши билан дунёни билишга, атрофини ўраб турган моддий ва маънавий дунёни тушунишга, секин- аста ички бир туйғу таъсирида ўзини ҳам англашга интилади. Бу ҳолат унда табиий бўлади, туғма бўлади. Чунки бу гендан келаётган илоҳий овоздир. Бу пайтда болалар шунақанги серсавол, шунақанги қизиқувчан бўладилар-ки, ҳамма нарсани тезроқ билиб олишни исташади. Тинимсиз савол бериб, баъзан катталарни ҳам безитиб юборишади. Саволларига жавоб олишолмаса, йиғлаб ҳам юборадилар. Чунки мия пўстлоғи остида жойлашган маълум марказ бетўхтов “озуқа” сўраб туради. Унинг озуқаси ёруғ оламга дахлдор билимлардир. Болалик ва ўсмирлик палласининг характерли хусусияти мана шунда. Катталарга берилган саволлар ва олинган жавоблар воситасида бола ёки ўсмирнинг шахси шаклланиб боради.
Беғубор, ўйинларга тўла болалик тугаб, аста-секин масъулиятли ўсмирлик палласи бошланади. Бу ҳам табиий, бу ҳам камолот туйғусининг қистови.Бу туйғу бола ёки ўсмирнинг ривожланишига қараб, бирида кучсизроқ, бошқасида кучли бўлиши мумкин. Ўсмирнинг оилада, мактабда, ўртоқлари ўртасида эшитганлари уни қониқтирмай қолади. Фавқулодда, жуда қизиқарли ёки қўрқинчли кечинмаларни бошидан кечиргиси келади. Поёнсиз ўрмонда адашиб, сўнг йўл топиб чиқиб кетса, қўрқинчли қароқчилар билан учрашиб уларни енгса, ҳеч кимнинг ақли етмайдиган янги бир машинани кашф қилса, пахтанинг шундай бир навини яратса, кўсак пишиб очилса-ю, лўппи-лўппи пахталар ўз-ўзидан оқиб келиб, хирмонда тўпланаверса. Сигирнинг қорнида сутни пишлоққа айлантирадиган аппарат ихтиро қилса… Хуллас, ўсмир ана шундай хаёлот олами қуршовида яшай бошлайди.Ҳаётда қандайдир ютуққа эришганларни кўрса, уларга ҳавас билан қарайди, ҳатто тақлид қилади. Гоҳо мақсадига эришолмай қолган болалар ва ўсмирлар уйларидан қочиб ҳам кетишади.
“Қасоскорнинг олтин боши” романимни олтинчи синф ўқувчиси ўғлим Бахтиёр ва унинг тенгқур ўртоқларига атаб ёзганман. Романни тарихий саргузашт жанри талабларига риоя қилган ҳолда ёзганман. Номоз Пиримқул ўғлини романнинг қаҳрамони этиб танлаганман. Бу камбағалпарвар, етимпарвар жасур йигит 1870-1907 йиллар ўртасида яшаб, Самарқанд воҳасида камбағаллар ва хўрланганларнинг ёнини олиб кўп жасоратлар кўрсатган тарихий шахс эди. Рус тадқиқотчиси Пиясковский ёзган китобида, “Номоз бошлиқ қасоскор йигитлар Тошкент, Самарқанд, Қарши, Бухоро вилоятларида генерал Сакулский, генерал Фон Гескетларнинг тиш-тирноғигача қуролланган каллакесарларига қарши кураш олиб борган эдилар”, дейилган. Номоз тўдасидаги йигитларнинг кўксидаги туморида:
Не учун дунёга келдик, Яхшини билмасак биз. Не учун дунёга келдик,Яхшилик қилмасак биз, – деган сўзлар қасамёд тариқасида ёзилган экан.
Тарихий манбаларни чуқурроқ ўрганганим, ўша даврларни кўрган кексалар билан кўпроқ суҳбатлашганим сари ўттиз етти ёшида хоинлар томонидан ўлдирилган бу жасур йигитни астойдил, мисоли ўз ўғлимдек яхши кўриб қолдим. Ёзаётган пайтимда унинг ҳар бир хайрли ишидан олам-олам завқ олардим, қийинчиликка тушиб қолса ундан кўпроқ қайғурардим.
Тарихий манбаларда Номоз ҳокимларнинг навкарлари, жазо отрядининг махсус аскарлари қуршовида қолади, ақли, жасорати, топқирлиги сабабли уч юз кишилик аскар қуршовидан эсон-омон чиқиб кетади. Эсон- омон чиқиб кетишгач, йигитларга дам бериб, ўзи ҳам жиндек мизғиб олмоқчи бўлади. Ёнида ҳамиша бирга юрган Кенжа Қора деган йигити унинг бошига тош билан уриб ўлдиради. Тарихий манбаларда Номознинг боши Самарқандга, Фон Гескет жанобларига келтирилган деган гаплар бор. Мукофотланганлар орасида ўзининг ноиби бўлиб юрган Кенжа Қора, Арслонқул деганларнинг номлари ҳам учрайди.
Асарни тугаллар эканман, ўғлимдек бўлиб қолган Номознинг хоинлар томонидан ўлдирилишига келганда ёзолмай қолдим, бир неча кун ёзув столимга яқинлаша олмадим. Уйқум ҳам бузилган, қўрқинчли тушлар кўраман. “Номоз, тур ўрнингдан, қочамиз” деб додлаб туриб кетган пайтларим ҳам бўлган. Руҳий изтироблар исканжасида асарни бир амаллаб ёзиб тугатдим. Лекин бу буюк қаҳрамоннинг руҳи кўз олдимдан кетмай қолди. Охири қўни-қўшниларни йиғиб, қуръон ўқитиб, ихчамгина худойи оши бердим. Шундан кейингина қалбим таскин топди, хотиржам тортдим.
Саволингизнинг иккинчи қисмида Ҳошимжон ҳақида сўрагансиз. Ҳошимжон – бу менинг ўзим, болаликдаги орзуларим, шодликларим, шумликларим, армонларим. Ёзаётганимда бирор воқеани ўйлаб топганим йўқ, турли-туман воқеалар, қувликлару шумликлар ўз-ўзидан оқиб келаверган. Бир ўринда қиқирлаб кулиб, чопқиллаб кўчага чиқиб кетардим, бошқа бир ўринда Ҳошимжон йиғласа, мен ҳам қўшилиб йиғлардим. Ҳозир ҳам гоҳида Ҳошимжонга айланаман, гоҳ саксон ёшли Худойберди бобо бўлиб қоламан.
– Ҳар бир давр болаларининг ўз севимли асарлари бўлади. Бугуннинг боласи дунё болалар адабиётининг нодир намуналаридан бўлган Шарль Пьеро, Андерсен, Ака-ука Гриммларнинг эртаклари, Сент Экзюперининг “Кичик шаҳзода”си ёки Николай Носовнинг Билмасвой ҳақидаги машҳур саргузаштларидан кўра аллақандай робот одамча ҳақидаги ҳикояни маъқул кўриши мумкин. Шу маънода болалар ёзувчиси кичик замондошларининг қизиқишлари ва эҳтиёжларидан ҳам хабардор бўлиши зарур. Хўш, 20-асрда болаларни саргузаштларга бой романлари билан обдон ҳайратга солган Худойберди Тўхтабоев янги аср болалари учун қандай асарлар яратмоқда?
– Тўғри айтасиз, кичик ёки катта асарга қўл уришимдан қатъи назар, аввало ёзмоқчи бўлган асарим ўқувчини ўзига торта оладими, завқлантира оладими, ҳайратлантирадими, деб ўйлаб кўраман. Бош масала ўқувчи диққатини ўзига тортиш бўлади. Қалам аҳли ўртасида “Икки марта ўқишга арзимайдиган асар бир марта ўқишга ҳам арзимайди” деган гаплар бор. Техника асри авжига чиқиб бораяпти. “Одамдан кўра ақллироқ” роботлар пайдо бўляпти. Жонли, юзма-юз мулоқотлар ўрнига телевидение, интернет, радио, “зиёнет”лар, телефонлар, уяли телефонларда ширасиз, ҳаяжонсиз кечадиган мулоқотлар кундан-кунга оммалашиб бораяпти. Кино залларидаги тўхтовсиз томошалар, кўчадаги чаласавод рекламалар… ё тавба! Ана шундай нарсалар болалар ва ўсмирларнинг фикрлашига, бора-бора тафаккурига ҳам таъсир қилмаяпти дейсизми? Мактабларда бўлсангиз, ўқувчи болаларнинг сўз бойлигида техникага оид, компьютерларга оид сўзларни кўп учратасиз. Аммо минг афсуски, болажонларимиз она тилимиздаги баъзи сўзларнинг маъносини яхши фарқлай олишмайди. Ахир инсон тафаккури сўз бойлиги асосига қурилади-ку. Қизиқ бир мисол келтирай, 2009 ва 2010 йиллар давомида болалар ва ўсмирларга бағишлаб, ҳаётий воқеалар асосида “Қуёнлар салтанати”, “Қиз талашган ўсмирлар” номли романларни эълон қилдим. Ўзимча қойил қилдим деб мақтаниб ҳам юрдим. Китобларнинг сотилиш жараёнини кузатиб ҳам бордим. Қизиқ, бу асарлар “Жаннати одамлар” номли романимга ёки олдин эълон қилинган романларимга нисбатан ҳам сустроқ сотилаётганини кўрдим. “Ахир долзарб мавзуларда ёзган эдим-ку, нега суст сотилаяпти экан”, деб ўйланиб қолдим. Шу ўйлар сабаб “Пешонасига телевизор ёпишган боланинг саргузаштлари” номли кичик бир қисса дунёга келди. Уни нашриётга топширдим. Натижа эса жуда-жуда қизиқ бўлди. Бу қисса олти ой давомида олти марта нашр этилди. Тавба, ҳар босилганда юз минглаб, икки юз минглаб нусхада чоп этилса-я! Гоҳида китобнинг бу қадар кенг оммалашувига нима сабаб бўлди экан, деб ўйлайман. Эҳтимол бунга “телевизор” ёки “саргузашт” деган сўзларнинг сарлавҳага чиқарилгани сабаб бўлгандир. Бироқ барибир ўйлаб ўйимга етолганим йўқ. Айни кунларда кичик замондошларимни қизиқтирадиган мавзуларни назарда тутиб, “Интернет ичига қамалган бола” деган қиссани ёзишга уринаяпман. Қисса кўпроқ миллий қадриятларни тарғиб қиладиган, ўқувчининг сўз бойлигини оширадиган ҳолатда бўлиши керак. Сеҳрли вируслар пайдо бўлиб интернетни томоша қилиб ўтирган боланинг онги ва қалбини ичкарига тортиб кетди. Бола интернет ичидаги кенгликда ранг-баранг томошаларни кўриб мазза қилаяпти. Ниҳоят бола ташқарига чиқмоқчи, қишлоғига қайтмоқчи бўлган пайтда роботлар йўлини тўсди. Бола қайси миллат вакили бўлса, ўша миллатни миллат қилиб турган камида етмишта белгини билиши шарт экан. Масалан, камида еттита эртак, камида еттита миллий қаҳрамон номини санаши, камида ота авлодидан етти инсоннинг исмини айтиши, камида етмишта мақолни билиши, мамлакатидаги дарёлардан ўнтасини санаб бериши, еттита музейни эслаб қолиши…Хуллас, менинг ҳозирча болажонларга сир бўлиб турган қаҳрамоним мана шундай тўсиққа дуч келиб қолди. Қолганини асар битгандан кейин айтаман.
– Сиз мансуб бўлган авлоднинг болалик йиллари осон кечмаган. Одатда бундай ҳолатда болалар эрта улғаядилар. Сиз эса саксон ёшдан ошганингизга қарамай, болаларча руҳиятни, қалбни асраб қола олгансиз. Матбуот, телевидение ва радиодаги чиқишларингизни кузатиш чоғида буни осонгина пайқаш мумкин. Айтинг-чи, бу муваффақиятнинг сири нимада?
– Ойбек домла “уруш йилларининг ҳўкизига ҳам жабр бўлган” деган иборани жуда ўринли ишлатган. Ҳа, биз уруш йилларида улғайган болалар болалигимиздаёқ қарий бошлаганмиз. Уруш йилининг барча машаққатлари болалар елкасига тушган десам, ишонаверинг. Ота-онадан жудо бўлиш, оч-наҳор қолиш, бир бурда нон учун бир-бири билан муштлашиш, оиладаги фарзандларнинг бир калишни навбатма-навбат кийиб мактабга қатнашлари, бурга ва бит обдон урчиган ўша даврларда ерга олов ёқиб, кўйлакни оловга қоқиб-қоқиб олиш уруш йилларига хос манзаралардир. Бироқ бу гаплар бугунги болаларга эртак бўлиб туюлади.
Лекин бу машаққатларни енгишда раҳматли боболаримиз, жаннати бувиларимизнинг қалбидаги гўзалликлар муҳим рол ўйнаган. Боболар қўлига ток қайчи олиб қаровсиз қолган оилаларнинг токларини кесиб берарди. Бувилар зоғора ундан атала пишириб оч қолган оилаларга улашарди.
Бир воқеани айтай, 1943 йили очарчилик, қаҳатчилик авжига чиққан пайти эди. Ўгай акам туз конига бориб, катта кўк эшагимизга қоп-қоп туз юклаб келиб, қишлоқларга сотарди. Оиламизда оз бўлса-да қут-барака бор эди. Раҳматли онам “Бир ҳовуч шолини олиб чиқиб туясизлар, ош қиламиз” деди. Навбатма-навбат кели атрофида айланганимизни кўрсангиз. Ниҳоят ош дамланди. Раҳматли онам бўлса “қўлни ювиб танчага ўтиринглар, тиловат қиламиз” деди. Тиловат қилинди ҳам. Тиловат қилиб ҳовлига чиқсак қозон йўқ, ўша пайтдаги югур-югурни кўрсангиз. Шуниси қизиқки, ош еётганимизда биров халақит бермасин деб кўча эшикни ичкаридан беркитиб қўйган эдик. Бир маҳал ўгай акам боғ томондан “манави калишни кўринглар, Раҳимнинг калиши, Раҳимнинг калиши” деб чопиб келди. Ҳаммамиз Ўғил холамнинг уйига югурдик. Ҳеч қулфланмайдиган эшиклари қулф эди. Акам кучли эди, эшикни уриб очди. Кирсак, қозондаги ошнинг дам товоғи энди очилаётган экан, димоғимизга ош ҳиди урди. Бечора онагинам “Ўғил хола, Худога шукр, шу ошни бирга еймиз деб ният қилгандим. Раҳим, иккита лаган келтир, аёллар алоҳида лаганда, ўғил болалар алоҳида лаганда ейди”, дедилар. Ўша куни икки аёлнинг бирданига йиғлаганини кўрдим. Улардан бири онам, иккинчиси Ўғил холам эди. Эртасига Ўғил холам бир қоп кўмир чиқариб юборибди. Назаримда, менинг қалбимни ўша мудҳиш йилларнинг яхши одамлари сақлаб қолган бўлса керак.
– Бугун миллатимизнинг кенжа бўғини учун нашр этилаётган китоблардан бир қарашда кўнгил тўлгандек бўлади-ю, аммо миқдор ўзгаришларининг сифат ўзгаришларига мос келмаётганлиги одамни ранжитади. Яъни, болаларга аталган китоблар орасида “алдагани бола яхши” қабилида ёзилганлари ҳам кўп. Болалар учун ёзаётган адиб эса миллат келажаги олдидаги маънавий жавобгарлигини унутмаслиги керак. Бу борадаги фикрларингиз.
– Бир маҳаллар Болтиқ бўйи республикаларига, болалар адабиёти кунларига борардик. Бу мамлакатларда ёзувчи деганда болалар ёзувчилари назарда тутилар экан.Латвияга борганимизда, ўттиз нафар ёзувчидан йигирма тўрттасини болалар ёзувчиси деб таништирганлари эсимда. Ҳайрон қолган эдик. Қайси мамлакат иқтисодий жиҳатдан ривожланган бўлса, ўша мамлакатда болалар адабиёти ҳам ривожланганига кўп бор гувоҳ бўлганман. Демак, дунёнинг ривожланган мамлакатларида болалар ва улар учун ижод қиладиган ёзувчиларга эътибор жуда катта. Бир мисол айтай: машҳур болалар ёзувчиси Сергев Михалков касал бўлиб ётганда, уни кўргани ҳукумат бошлиғи Путиннинг борганини телевизорда кўрсатишди. Норвегиялик машҳур эртакчи она Асти Лингирен вафот этганда бутун мамлакат бўйлаб бир кунлик мотам эълон қилинди… Албатта, мамлакатимизда ҳам ижод аҳли учун, айниқса ёш ижодкорлар учун яхши шароитлар яратилган. Шароит яхши-ю, адабий маҳсулотларнинг сифати ҳақида бир нарса деёлмайман. Яхши десанг, яхши дейишга арзимайди, ёмон десанг, борини ҳам ёзмай қўйишлари мумкин. Келинг, булар ҳақида кейинги суҳбатларимизда гаплаша қолайлик.
– Бугун ўзбек болалар шеърияти ривожига ҳисса қўшаётган ижодкорлар талайгина. Лекин болалар ёзувчиларига келганда Худойберди Тўхтабоев, Эркин Малик… деймиз-да, тўхтаб қоламиз. Озгина истиҳола билан сўрамоқчи бўлганим шуки, Худойберди Тўхтабоевнинг меҳнаткаш қаламига ворис бўла оладиган бирорта мард топилармикан?
– Жуда ҳам муҳим масалани ўртага қўяяпсиз. Қани энди бу масалани мамлакатимиздаги барча матбуот органлари ҳам дадил кўтариб чиқса. Ахир дарсликдан бошқа китобни қўлига ушламаган болалар ва ўсмирлар кўпайиб бораяпти-ку. Тўғри, ҳозирда ҳар учта қиздан биттаси шоира, тўртинчи-бешинчи синфдаёқ китобларини чиқараяпти. Ёзувчилар уюшмасининг “Ижод” фондидан камида йигирмата ижодкорнинг йигирма мингтадан китоби чоп этилмоқда. Шулардан биттаси, нари борса, иккитасигина насрга бағишланаяпти. Демак, йигирмадан бири насрга тўғри келаяпти. Аброр Қўшназаров, Динора Раҳимова сингари ўғил-қизларимизнинг кичик-кичик қисса ва ҳикояларини, тўқиган эртакларини ўқиб бораяпман. Лекин булар катта адабиёт олдида қилинаётган кичик-кичик машқлар холос. Булардан умидим катта, ворис бўладиларми-йўқми, буни айтолмайман. Қани энди, ўзим билан баҳслашадиган шогирдларим бўлса-ю, ана шулар билан хурсанд бўлсам.
– Ҳар қандай адабиёт тараққиёт сари одимлар экан, жаҳоний тажрибаларга суянади. Сизнингча, ўзбек болалар адабиёти дунё болалар адабиётининг қайси тажрибаларига мурожаат қилиши мумкин? Худойберди ака, бу саволга болалар учун таржима қилинаётган асарлардан келиб чиқиб жавоб берсангиз яхши бўларди.
– Бир ёзувчидан адабиётшуносларимиз ҳадеб уни ўқидингизми, буни ўқидингизми, деб сўрайверганларида “мен ўқувчи эмас, ёзувчиман” деган экан. Мен ҳам шунга яқинроқ жавоб қайтарсам. Аввало, бизда болалар адабиётига оид таржима асарлар жуда кам. Борларини ҳам кам ўқийман. Ўзим учун танлаб олган ёзувчиларим кўп. Рус ёзувчиларидан оғир, босиқ характерлар яратувчи Алберт Лҳанов, қувноқ, ҳазилкаш ёзувчи Николай Носовни яхши кўраман. Айниқса, унинг Билмасвойи дунёни забт этганидан хурсанд бўламан. Италян эртакчиси Жанни Родарини кўп жиҳатдан ўзимга устоз қилиб олмоқчиман-у, лекин ҳалигача уддасидан чиқолмайман. Жанни Родари бобога ўхшаб қиссалар, эртаклар ёзиш ҳаракатидаман.
– Даҳо шоир Гётенинг шундай сўзлари бор: “Эллик йил китоб ўқидим. Лекин бу жараёнда билганим ҳеч нарсани билмаслигим бўлди”. Сиз эса олтмиш (балки ундан ҳам кўпроқдир) йилдан буён китоблар билан ҳамнафассиз. Адабиёт сизга нима берди?
– Тўғри савол беряпсиз, киши қанча узоқ яшаса, шунча кўп ўқиса ҳам, шунча кўп нарсани билса ҳам, яна тўхтамай ўқишга, билишга интилаверар экан. Ёшингиз ўтган сари яна ва яна кўп нарсани билгингиз келаверади. Немис файласуфи Гегел: “Мен ҳеч нарсани билмайман деган сўзни биламан” деган экан. Ҳа, дунё кенг, манъавий дунё олами ҳам чексиз ва чегарасиз. Мана энди, коинот оламининг кенглиги ҳақида тушунчалар кўпайиб бораётган пайтда кичкина уй ичида ўтириб кўп нарсани биламан дейиш ноқулай бўлар экан. Хўш, адабиёт менга нима берди? Адабиёт оз бўлса ҳам дунёни танитди, оз бўлса ҳам ўзимни ўзимга танитди.
– Худойберди ака, суҳбатимиз сўнггида яна анъанага содиқ қоламиз: “Ёшлик” журнали мухлисларига тилакларингиз.
– Ёшлик журнали мухлисларига қуйидагиларни айтмоқчиман:
Биринчиси: ўзингизга қаттиқ ишонинг.
Иккинчиси: майда-чуйда мақсадлар қурбони бўлманг.
Учинчиси: олдингизга қўйган мақсад ва ниятингиз жуда улкан бўлсин. Масалан, тўққизинчи синф ўқувчиси “катта бўлсам албатта мана шу мактабга директор бўламан” деб ният қилсин. Мақсад қанча буюк бўлса, Аллоҳ шунга яраша куч-қудрат ато этади.
Суҳбатдош: Гулноз Мўминова
“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 1-сон.