Ҳаёт қандай сирдирки, қандайин сеҳрдирки, яшаганинг сари яшагинг келаверади. Бу чексиз сокинликни, бу чексиз ҳадсизликни англашнинг чеки-чегараси йўқ.
Аммо… Ҳаёт кимга қанча умр берилганлигига эмас, ким қандай яшаганлигига, меҳнатига, интилишига қараб қадрлайди, тақдирлайди, тарих зарварақларида мангуликка муҳрлайди
Бугунги суҳбатдошимиз Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги қошидаги “Қалқон” студияси бадиий раҳбари, Ўзбекистон халқ артисти Ёдгор Саъдиев бугунни ўтмиш ва келажак билан боғлаб турли жанрларда ишланган филмларда, спектаклларда бир-биридан бутунлай фарқ қиладиган бетакрор образлар яратиб, қалбларга орзу-умидлар олиб кирсам, деган эзгу-истаклар билан яшайди. У ҳар қандай вазиятда ҳам театр ва кинога эътиқод қўйиб, уни жондан азиз билиб, ҳаётини унга бағишлаб, улкан мақсадлари чўққиси сари интилади.
Айниқса, таниқли Ёзувчи Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асарининг муваффақият қозонишида ҳам режиссёр, ҳам продюссер, ҳам актёр сифатида Ёдгор Саъдиевнинг ҳиссаси катта.
— Мен, — дейди у “Шайтанат” бадиий филмида Асадбекнинг ички дунёсини очиб бера олган актёр Ёдгор Саъдиев, — ўзим бош қаҳрамонни ижро этганим учун филм муваффақият қозонди, деб эмас, бу ютуқнинг сири — актёрлар ҳамда операторнинг маҳоратида деб биламан.
— Ёдгор ака, “Шайтанат” бадиий филмида Асадбекнинг образини яратиш жараёнида қаҳрамонингизнинг ботиний ва зоҳирий оламига сингиб кетганлигингизни кўпчилик эътироф этишмоқда. Назаримда, Тоҳир Малик ушбу асарини худди сиз учун ёзгандек…
— Гапнинг очиғи, Асадбек билан характеримда яқинлик бор эди. Шунинг учун табиатим сажиясида содир бўлган ўзгаришларнинг ҳеч бири менга ҳалал бермади. Ёдгор Саъдиев Асадбек бўлиб ўйнадию, Асадбек Ёдгор Саъдиев қиёфасида яшади… Тоҳир Малик ҳам шу одам ўйнаши керак, деган фикрда бўлган, сезишимча.
— Айни пайтда “Шайтанат”нинг давомини суратга олиш жараёни қандай кечаяпти?
— Филмнинг охирги серияларини суратга олиш жараёни ниҳоясига етиб қолди. Томошабинлар учун муҳим янгиликлардан бири – кейинги серияларда янги актёрлардан Нозим Тўлахўжаев, Улуғбек Қодиров, Ботир Муҳаммаджоновлар иштирок этмоқдалар. Кинода Асадбек билан Манзуранинг болалик ҳаётини кўнгилдагидек очиб берадиган актёрларни топишда, танлашда бироз қийинчиликларга дуч келаяпмиз.
Кейинги пайтда “Шайтанат”даги ҳар бир образ одамларни ҳаяжонлантирмоқда. Турли баҳс-мунозарага, муҳокамага сабаб бўлмоқда. Тоҳир Маликнинг ушбу асари 1980 йилдаги воқеалар ёритилганлиги, уларнинг барчаси бадиий тўқима образ эканлигини ёдда тутмоғимиз лозим.
— Сизнингча, ҳақиқий кино қандай бўлмоғи керак? Ҳақиқий актёр-чи?
— Кино шундай сеҳрли бир кўзгуки, унда акс этган ҳар бир лаҳза ҳаққонийлиги билан томошабинларнинг эътиборини тортади. Бир сўз билан айтганда театр ва кино тарбия ўчоғи. Демак, театр ва кино асарлари томошабинни ортидан эргаштириши керак. Биз инсон руҳиятига йўл топиб, қалбларда ҳаётга муҳаббат уйғота оладиган, уни эзгуликка, кези келганда, жасоратга ундайдиган, кайфиятини яхшилашга куч-қудрат бахш этадиган руҳият муҳандисларимиз. Бунинг учун бадиий филм мавзу, ижро, бадиий талқин жиҳатидан юксак талаблар даражасига жавоб бера олиши муҳим. Мени қувонтирадиган муҳим ҳодиса мустақиллик шарофати билан қанчалаб ўзбек миллий филмлари экран юзини кўрмоқда. Лекин минг афсуски, кино оламида ўртамиёна, суратга олинган филмлар ҳам учраб турибди. Айниқса, кейинги пайтда ҳаётнинг сийқаси чиққан икир-чикирлари, енгил-елпи ишқий саргузаштлар акс эттирилган мавзуси ҳар хил бўлса-да, моҳиятан бир хил филмлар кишининг ғашига тегади. Аммо саҳналаштиришга, суратга олишга арзийдиган яхши драмалар, бадиий асарлар келаяпти. Шу билан бирга мен хоҳ театрда, хоҳ кино оламида ижод қилмасин умидли санъаткорлар Абдураҳим Абдуваҳобов, Тоҳир Саидов, Лола Элтоева, Раъно Шодиева ўйнаган ролларни ҳурмат ва меҳр билан кузатиб бораман. Улардан келажакда умидим катта.
— Пиримқул Қодиров романи асосида саҳналаштирилган “Юлдузли тунлар” спектаклида сиз яратган Заҳириддин Муҳаммад Бобур образи вақтида катта шов-шувга сабаб бўлганди. Бобур қиёфасини кинода ҳам ўйнаш кўнглингизда борми?
— 1967 йилда Театр ва рассомчилик институти (ҳозирги Маннон Уйғур номидаги Ўзбекистон Давлат санъат институти)да таҳсил олаётган пайтимда биринчи марта “Мирзо Улуғбек” спектаклида Фаранг элчиси, “Дилбарим” филмида Абдусалом образини ижро этганимдан сўнг, Бобур сиймосини яратиш энг катта орзуимга айланган эди. Яратган ролларим ичида Бобур образи ҳаётимдаги энг унутилмас ва энг ҳаяжонли образдир. Энди йиллар давомида кўнглимда Бобурнинг образини кинода яратиш орзуси бор. Биласизми, Бобур Ҳиндистонда туриб, Андижондан қовун кутади. Мана шу сюжетнинг ўзида бир олам маъно мужассам. Айни пайтда Бобур ҳақида ёзилган тарихий китобларни мутолаа қилаяпман.
— Яна қандай янги филмлар устида ишлаяпсиз?
— Ёзувчи Тоҳир Маликнинг “Иблис девори”, “Мурдалар гапирмайдилар” асари асосида кино олишни режалаштиряпман. Яқинда томошабинлар эътиборига ҳавола этиладиган “Иблис девори” бадиий филмида бугунги кунда одамлар ўртасида кўтарилган меҳр-оқибат, ота-она, ака-сингил, қариндош-уруғлар ўртасидаги муносабатлар, муаммолар ёрқинроқ очиб берилган.
— Йўл-йўлакай олинган филмлар талабчан томошабинларнинг талабини қондирмаяпти. Савияси саёз филмлар кўпаяверса, қачон ўзбек кино санъати жаҳон бозорига чиқади?
— Кинода турмушнинг сохта тафсилотлари билан, кўзбўямачилик қилиш билан шуҳрат қозониб бўлмайди. Агар ўзбек санъати тарихига бир назар ташласак, жаҳон кино санъати билан беллашадиган ўзбек филмлари жуда кўп. Ҳозирги суратга олинаётган киноларнинг бир нуқсони – кўпроқ ёшлар ҳаётига бағишланяпти, юқорида таъкидлаганимдек, ишқ-муҳаббат мавзуси доирасида чегараланяпти. Ёшлар муҳаббат туйғулари юксак тушунча эканлигини унинг обрўсини тўкиб қўймаслигини хоҳлардим. Бир пайтлар устозларим Сора Эшонтўраева, Наби Раҳимов, Шукур Бурхонов, акам Хайрулла Саъдиевдан саҳнага шунчаки чиқмасликни, шунчаки рол ўйнамасликни ўрганганман. Актёр ташқи қиёфаси ва ички дунёсига мос келадиган образни яратса, муваффақиятли чиқади. Ёш актёрлар катта устозлардан маслаҳат олиб саҳнага чиқса “тобланади”, ўз йўлини топади. Мен кўп йиллардан бери тақдирини кинога, театрга бағишлаган, бетакрор образлар яратиб, халқнинг меҳр-муҳаббатини қозонган маҳоратли актёрларни айни кучга тўлган паллада театр, кинодаги асосий образларини ўйнашларини истардим. Ўшанда биз юракларни ларзага соладиган образлар яратиб, ўзбек кино санъатини жаҳонга кўтаришимиз мумкин.
— Айтишларича, сиз болалигингизданоқ спорт билан мунтазам шуғулланиб турар экансиз…
— Отам оламдан ўтгач, икки ойдан кейин мен туғилганим учун исмимни Ёдгор деб қўйишган. Ҳаётнинг машаққатли қийинчиликларини, турли хил савдоларини бошдан кечириб, онам ёлғиз ўзи бизни тарбиялади. Кўнглимда спортга меҳр уйғотди. Спортнинг барча турига қизиқаман. Мақтанишга йўймангу, бир пайтлар тан олинган спортчи эдим. “Пахтакор” футбол жамоасига дарвозабон ҳам бўлганман. Бир қарашда навқирон, тетик, соғлом кўринишимда спортнинг ҳиссаси бениҳоя. Мен барчанинг спортни севишларини, мунтазам шуғулланишларини истардим.
— Оилангиз ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз…
— Бахтим шуки, менинг битта хотиним бор. Зайлихон Саъдиева — санъатшунос. Ижодимга ҳам кўп қайғуради. У тушкунликка тушганимда олиб чиқиб кетадиган ҳақиқий умр йўлдош. Икки фарзандим бор. Ҳабубилла ва Мунисхон. Иккаласи шарқшунос — араб филологияси бўйича мутахассис. Ҳар иккаласининг ҳам оиласи бор. Омадлиман деб бежизга айтмадим. Бунда оиламнинг роли бор. Худо иймонли, инсофли фарзандлар билан диёнатли келин-куёв берган. Тўртта набирам бор. Азизбек, Аслбек, Зарина, Маҳбубахон.
Улар менинг — бахтим.
— Миллий матбуотимиз ҳақида фикрингиз қандай?
— Мустақиллигимизнинг 16 йили давомида мамлакатимиздаги оммавий ахборот воситалари юртимизда кечаётган ҳар бир жараённи эркин, ҳаққоний, воқеалар қозонида қайнаб ҳозиржавоблик билан амалга ошираётганлиги диққатга сазовордир. Фикр, сўз эркинлиги бор жойда, тараққиёт бўлади. Мен ҳар доим газеталарни мунтазам кузатиб бораман. Газета саҳифаларида чоп этиладиган мақолаларнинг савияси мени қувонтиради. Шу билан бирга кўча газеталарининг кўпайиб бораётганлиги, уларнинг асосий мақсади қайсидир санъаткор ҳақидаги миш-мишларни тўқиб, халқнинг маънавий савиясини саёзлаштираётганлари ҳам йўқ эмас. Аммо бир кун оммавий маданият, оммавий маънавият, этика-естетика шаклланади. Ўшанда матбуотнинг ҳам сараги саракка, пучаги пучакка чиқади.
— Бугун юртимизда муқаддас Қурбон ҳайити байрами, саноқли кунлардан кейин Янги йилни ҳам нишонлаймиз. Юртдошларимизга байрам тилакларингиз?
— Қурбон ҳайити — муқаддас байрам. Савобли ишларни ҳар ким кўпроқ қилиши керак. Бу байрам билан юртдошларимизни қутлайман. Янги йилни эса ҳар йили ҳаяжон билан кутаман. Қалбимда алланечук туйғулар кечади. Янги йил кимнидир бир йилга улғайтирса, яна кимнидир умрига умр қўшади. Энг асосийси инсонга берилган вақтнинг қадрига етайлик. Қалбимиз эзгуликларни соғиниб яшасин. Янги йил хонадонларимизга тўкин-сочинлик, юртимизга тинчлик-омонлик олиб кирсин.
Адиба Умирова суҳбатлашди
“Ҳуррият” газетасидан олинди (2008).