Янглиш Эгамова: “Таржимонлик санъаткорликдир” (2013)

– Янглиш опа, сиздан даставвал узоқ йиллардан бери ҳамнафас бўлиб келаётганингиз – немис адабиётига қай тариқа меҳр қўйганингиз ҳақида сўрасам. Маълумки, немис адабиёти шарқ адабиёти сингари мустаҳкам илдизларга, кўп асрлик тарихга эга. Айтинг-чи, бу олам сизни қа­чон ва қандай мафтун этди?

– Мен нафақат немис адабиётига, умуман адабиётга болаликдан меҳр қўйганман. Ҳали мактабга бормай турибоқ ака-опаларимнинг “Ўқиш китоб”ларидаги Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Зулфия сингари ижодкорларнинг суратларига қараб номларини айтардим. Саводим чиққанданоқ халқ эртаклари ва достонларини ўқишга киришдим. Ўша 50-йилларда ўзбек тилига таржима қилинган Андерсен, ака-ука Гримм эртак­ларини, ўзбек халқ эртаклари ҳамда достонларини қайта-қайта ўқийвериб ёд қилиб юборган эдим. Ке­йинчалик ўзбек адабиёти намуналари ва жаҳон адабиётидан таржима қилинган йирик асарларни ўқий бошладим. Китоб менинг жону дилим эди. Келгусида адабиётчи бўлишни, бадиий ижод соҳасида нимадир қилишни орзу қилардим. Афсуски, бу орзум амалга ошмади. Немис тили мутахассиси бўлдим. Шундай бўлгач, демак, энди вазият немис адабиётини ҳам чуқур ўрганишимни тақозо этарди. Немис адабиётини ҳам ўша – адабиётга бўлган меҳр билан қизиқиб ўргандим, ўзимга ёққанларини таржима қилдим. Ёшлигимда адабиёт оламида амалга оширишни орзу қилганим “нимадир” эҳтимол бадиий таржималар бўлиб дунёга келгандир…

Немис тили азалдан менинг қисматим шекилли, биринчи синфга борганимда 6 ёшда эдим, мактабга ҳар қандай китобни олиб борса бўлаверади, деган ўйда акамнинг 8-синф “Немис тили” китобини кўтариб борганман. Мактаб остонасига немис тили китоби билан қадам қўйган эдим, мана салкам ярим асрдирки, немис тили ва адабиёти билан машғулман.

– Китобхон сифатида немис тилидан ўзбек тилига бевосита ўгирилган асарларни баҳоли қудрат кузатиб бораман. Кузатишларим асосида шундай хулосага келдимки, бизда немис адабиёти намуналарини аслиятдан таржима қилиш жараёни бошқа тилларга нисбатан анча яхшироқ (ва эртароқ) йўлга қўйилган. Айтайлик, сизнинг таржимангизда ўзбек ўқувчисига тақдим этилган Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” романи, Стефан Цвайгнинг турли таржимонлар томонидан ўгирилган қатор новеллалари, Йўлдош Парда, Мирзаали Акбаров каби маҳоратли ижодкорларнинг таржимадаги изланишлари таҳсинга лойиқ. Мирзаали Акбаров айниқса Ҳерманн Ҳессенинг “Чўл бўриси” романи ва баъзи ҳикояларини маромига етказиб таржима қилди. Ўзбекистон Халқ шоири Эркин Воҳидов рус тилидан ўгирган “Фауст” асари эса Пошо Али Усмоннинг бевосита аслиятдан қилинган таржимасида яна бир бор китобхонлар ҳукмига ҳавола этилди. Айтиш осон бўлса-да, булар аслида кўп йиллик изланишлар, машаққатлар мевасидир. Шундай эмасми?

– Тўғри, бошқа тилларга нисбатан немис адабиёти намуналарини ўзбек тилига аслиятдан таржима қилиш сал эртароқ бошланди. Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” романини немис тилидан таржима қилиб, 1975 йилда чоп эттирган пайтимда ҳали Ўзбекистонда Ғарбий Европа тилларидан бирорта йирик асар асл нусхадан таржима қилинмаган эди. Унгача бошқа тилларда яратилган асарлар, айниқса, ғарб адабиёти намуналари рус тили орқали ўгирилар ва натижада рус таржимони содир этган хатоликлар билан бирга ўзбек таржимони туфайли йўл қўйилган нуқсонлар ҳам қўшилиб, таржима асарининг сифати икки карра ёмонлашар эди.

Кейинчалик немис тили мутахассислари орасидан Йўлдош Парда, Садриддин Салим Бухорий (Аллоҳ уларни раҳматига олган бўлсин), Мирзаали Акбаров, Пошо Али Усмон, Хуррам Раҳимов, Шуҳратхон Имяминова, Ҳафиза Қўчқорова сингари таржимонлар етишиб чиқди ва аслиятдан таржима қилиш анча жонланди. Ёшлигидан Ҳайнрих Ҳайне шеърларининг шайдоси бўлган шоир Абдулла Шер ўша шеърларни аслиятдан таржима қилиш учун немис тилини ўрганди ва Ҳайнрих Ҳайне лирикаси Абдулла Шер таржимасида асл нусхага ҳамоҳанг ҳолда ўзбек тилида жаранглади, журналлар саҳифаларида, алоҳида китоб ҳолида босиб чиқарилди.

Ҳар бир таржимон шу хилда ўзини қизиқтирган соҳага доир ва маълум бир муаллиф асарларини таржима қилишга ҳаракат қилди. Масалан, Садриддин Салим Бухорий ўз руҳий оламига мос келгани учун Гётенинг “Ғарбу шарқ девони”ни ҳамда унинг Муҳаммад (с.а.в.)га бағишланган мақоласини таржима қилган бўлса, Хуррам Раҳимовни эртаклар олами ўзига тортди. У немис халқ эртакларини ўзбек тилига, ўзбек халқ эртакларини немис тилига таржима қилиб Ўзбекистонда ва Германияда чоп эттирди. Йўлдош Пардани руҳий-маънавий олам ўзига жалб этди. У немис исломшунос ва шарқшунос олимаси Аннемарие Шиммелнинг ислом оламида аёллар сиймосини ёритишга бағишланган “Жонон менинг жонимда” номли китобини ўзбекчага ўгирди. Бу диний мавзудаги илмий-оммабоп асар бўлиб, унда мавзуга оид хос сўзлар, атамалар жуда кўп. Жумлалар мураккаб. Шунга қарамасдан, таржима жуда силлиқ чиққан, асар худди асли ўзбек тилида ёзилгандек ўқилади. Бундан ташқари, Й.Парда “Тристан ва Изольда” асарини ўзбек тилига ҳамда Насриддин Афанди латифаларини, немислар билан ҳамкорликда Алишер Навоий ғазалларидан намуналарни немис тилига ўгирди. Шуҳратхон Имяминова асосан ҳажвиялар, кичик ҳажмдаги ҳикоялар таржимаси билан шуғулланса, Ҳафиза Қўчқорова замонавий немис адабиёти намуналарини таржима қилади. Истеъдодли таржимон Мирзаали Акбаровни асосан Гёте ҳикматлари ва Ҳерманн Ҳессе олами қизиқтиради. У Гёте ҳикматлари ҳамда Гёте ҳаёти ва ижодига бағишланган немис тадқиқотчиси Клаус Зееҳафернинг “Йоҳанн Волфганг Гёте: шоир, табиатшунос ва давлат арбоби” номли йирик тадқиқотини ўзбек тилига ўгириб, нашр эттирди. Ҳерманн Ҳессе ҳаёти ва ижодини чуқур ўрганиб, унинг “Чўл бўриси” романи ва қатор ҳикояларини қойилмақом таржима қилиб, ўзбек китобхонига тақдим этди. Тан олиш керак, “Чўл бўриси” романини оддий китобхон сифатида ўқиш учун ҳам анча-мунча чидам керак. Энди уни бутун мазмун-моҳиятини ҳис этиб, она тилида қайтадан ёзиб чиққунча таржимон қандай аҳволга тушадию, нималарни бошдан кечиради, бу фақат унинг ўзига ва Аллоҳга аён. Ана шу заҳматни бўйнига олган одамгина бундай асар таржимасига киришади.

Энди “Фауст”га келсак, бундай мураккаб, буюк асар таржимасига журъат этишнинг ўзи бир қаҳ­рамонлик. Маҳоратда Гёте билан бўйлаша ва беллаша оладиган кишигина бунга журъат қилади. Забардаст шоир Эркин Воҳидов “Фауст”ни рус тилидан таржима қилиб, ўзбек адабиёти хазинасига олиб кирди, ўзбек ўқувчиси “Фауст”ни бадиий жиҳатдан мукаммал таржимада ўқиш бахтига муяссар бўлди. Профессор Акмал Саидов ушбу таржимани буюк жасорат билан тенглаштирди. Бир китобхонлар учрашувида Эркин Воҳидов “Фауст” таржимаси ҳақида гапириб: “Мен бу таржимага киришишдан олдин немис тилини ўрганмоқчи бўлдим. Шунда бир немис менга, “Фауст”ни тушуниш учун немис бўлиб туғилишнинг ўзи ҳам камлик қилади, деди. Шундан сўнг тилни ўрганишдан воз кечдим-да, Гётени ўрганишга, “Фауст”нинг бутун ички оламини ўрганишга киришдим” деган эди. Эркин Воҳидов “Фауст”ни асосан Пастернак ва Холодковскийлар таржимасидан ўгирган. Пас­тернак нусхаси юксак бадиийлиги билан, Холодковс­кий нусхаси эса аслиятга сўзма-сўз яқинлиги билан шоирга кўмак берган.

“Фауст” ҳақида рус гётешуноси А.Михайлов шундай ёзган: “Ўлчов нозикликлари билан шуғулланишни Гёте ёқтирмасди, бироқ “Фауст” бунинг тескариси, негаки “Фауст” – шеърий шакллар ва ўлчовларнинг бутун бир қомусидир. Уларнинг орасида юнон фожиаларидаги триметр ва тетраметрлар ҳам, XVIII аср фожиаларидаги гекзаметрлар ҳам, немис халқ қўшиқлари, Данте “Илоҳий комедия”сини ёзишда қўллаган терсина ва бошқа жуда кўплаб шакллар учрайди. Гёте кўнгли тусаган пайтда кутилмаган ва ғаройиб шакл­ларни яратар, аммо ҳаммаси ўз ўрнида бўларди, ҳар гал шоир танланган шакл билан тамоман бирлашиб, ички бир муштараклик ҳосил қилиши лозим эди”.

Агар “Фауст”ни Эркин Воҳидов таржимасида мутолаа қилсак, гётеона шаклий хусусиятлар ундаги чуқур мазмун “билан тамоман бирлашиб, ички бир муштараклик ҳосил қилиши”га гувоҳ бўламиз. Пошо Али Усмон таржимасидаги “Фауст” Холодковский таржимасига ўхшаб кетади. Унда асл нусхадаги барча лисоний унсурлар деярли сақлаб қолинган. Самарқанддаги ёш таржимонлар семинарида Пошо Али оға ўз тажрибалари ҳақида шундай сўзларни айтган эди: “Мен “Фауст”ни таржима қилишдан олдин уни чуқур ўқиб-ўргандим. Кейин барча рус ва бошқа тиллардаги таржималарни йиғиштириб бекитиб қўйдим-да, биргина асл нусхадан фойдаланиб, Гёте билан фақат немис тилида мулоқот қилган ҳолда таржимани бошладим.” Шу тариқа таржимон фожиани шеърий шаклда ўгиргану, бироқ аслиятда нима бўлса, ҳаммасини сақлашга уринган. Натижада таржима тили хийла оғир бўлиб қолган. Аммо ушбу таржима “Фауст” мазмунини тушунишда анча қўл келади. Албатта, ҳар қандай таржима ҳам тинимсиз изланишлар, меҳнат ва яна меҳнат мевалари бўлиб, бу таржимондан ўта фидойиликни талаб қилади.

– Дунё китобхонларини ҳайратга солган, ўз даврининг мураккаб масалалари қамраб олинган “Ёш Вертернинг изтироблари” романини Гёте йигирма уч ёшларида, шарқ мутафаккирлари таърифича “йигитлик айёми”да ёзган. Мазкур асарда у ёшлик изтироблари билан пардаланган чуқур ҳиссий-руҳий, ижтимоий муаммоларни қаламга олади. Сизда бу муҳташам асар таржимасига қўл уриш истаги қандай туғилган? Даҳо Гётенинг улуғвор ижод дунёсига қадам қўйиб, унинг машҳур қаҳрамонларини ўзбекча сўзлатишга журъат этганингиз биз учун жуда қизиқ.

– Гётенинг “Ёш Вертернинг изтироблари” романи жаҳон адабиёти тарихида бошқа бирон-бир асарга насиб этмаган шон-шуҳрат билан йўғрилди. 1774 йил “Вертер” романининг яратилиш йили бўлиб тарихга кирди. Роман босилиб чиққаниданоқ қўлдан-қўлга ўтиб, тез орада юзлаб тилларга таржима қилинди.

Аввало шуни таъкидлаб ўтиш керакки, Гёте адабиёт майдонига кириб келгунига қадар немис тили нафақат бошқа халқлар, ҳатто немисларнинг ўзлари томонидан ҳам қадрланмас эди. Шимолий Германиянинг барча аслзода доираларида француз тилида, Австрияда эса итальян тилида сўзлашишарди. “Фақатгина Гётенинг “Вертер” романи инглизлар ва французлар томонидан ўқиб-ўрганилганидан ҳамда асар Италияга ҳам кириб борганидан кейингина олий даражадаги немис адабиётининг имкониятлари ташқи оламда тан олинди. Гёте насри аста-секин маънавий ҳаётнинг барча жабҳалари учун ифодавий восита намунаси бўла борди… “Биз фойдаланадиган сон-саноқсиз сўз ва бирикмалар Гётесиз назаримиздан четда қолиб кетаверган бўларди” деб ёзади немис олими Ҳерманн Гримм. Мана шу фикрнинг ўзиёқ немис тили ва адабиётининг асосчиси Гёте даҳоси ва “Вертер” романининг жаҳоншумул аҳамияти мислсиз эканлигини кўрсатиб турибди.

XIX асрнинг 30-йилларига қадар Гётенинг “Вер­тер”дан бошқа бирор асари рус тилига ўги­рилмаган эди. Ёлғиз шу роман орқали ҳам Гёте Русияда жуда машҳур бўлган. Китобнинг ўқувчилар қалби ва ру­ҳиятига нечоғлик таъсир этганини таъкидлаш учун Томас Манн ўзининг “Гётенинг “Вертер”и” номли ма­қоласида шундай бир воқеани келтиради: “Бир инглиз анча йиллар кейин Ваймарга келганида йўлдан ўтиб бораётган Гётени кўриб қолиб, кўча ўртасида беҳуш йиқилган экан, негаки “Вертер” муаллифининг нақ ўзини кўриш унинг учун кутилмаган ва ҳайратомуз бир воқеа бўлган”.

“Вертер” романида ўша даврдаги “Бўрон ва ҳу­жум” ҳаракатининг олдинги сафида бўлган ёш Гёте ҳар тарафлама илғор фикрли, зукко ва сезгир қалбли йигитнинг гўзал ички кечинмалари, эҳтиросларини ўзида жамлаган қаҳрамон образини яратиш билан шу ҳаракат учун характерли бўлган қирраларни очиб берди: гоҳ жунбушга келувчи, гоҳо ўта тушкунликка, йиғлоқиликка юз тутувчи туйғулар, эҳтирослар эркинлиги, табиат қўйнига интилиш, табиатдан озиқ олиш, ҳаётдаги бир хиллик, кишиларни чегараловчи, та­бақаларга ажратувчи ҳар қандай қонун-қоидаларни инкор этиш, санъатни ва маънавий эркинликни тарғиб қилиш каби муаммолар “Вертер”нинг асосий мағзини ташкил этади. Томас Манн таъбири билан айтганда, француз буржуа инқилоби таъсирида бўлган Европа ёшларига Вертер “порох тўлдирилган идишга тушган учқундек” таъсир қилди.

Орадан кўп йиллар ўтиб, Гёте ўтган умрига назар ташлаб, “Шеърият ва ҳақиқат” китобида шундай ёзган эди: “Бошқаларидан ҳам кўра ушбу асарим менга жунбушга келган ҳалокат чангалидан қутулиб чиқиш имконини берди… Ўзимни баайни юрагидаги дардларни кимгадир тўкиб солган одамдек, енгил, хурсанд, янгича яшашга жазм қилгандек сездим.” Вертернинг қўлидан келмаган иш, яъни “жунбушга келган ҳалокат чангалидан қутулиб чиқиш”га ёзувчи муваффақ бўлди.Табиийки, бунда фақат Шарлотта Буффга бўлган жавобсиз севгигина эмас, балки 1771-1774 йиллардаги шоирни қийнаган руҳий тушкунликлар ҳам кўзда тутилади. Вертер мактубларида гоҳ қайғу-алам гирдобида, гоҳ қувонч тўлқинида битилган гаплар кейинчалик Гётенинг ўзини ҳам ҳайратга солган.

1780 йилнинг 30 апрелида кундалик дафтарига шундай сўзларни битган: “Нашр қилингандан буён энди бошдан-оёқ ўқиб чиқдим ва ҳайратдан ёқа ушладим.” Қайта ўқишга юраги бетламаган шоир: “Турган-битгани оловли ёлқин, буни ўқиш ҳам даҳшат” деб ёзган. У ўз авлодини азоблаган ва ҳолдан тойдирган барча кўргуликларни шахсан бошдан кечирган эди. Бу кечинмалар “Вертер”да гўё акс-садо бўлиб янгради.

Шаклан мўъжазгина, бироқ моҳиятан жуда буюк бу китобни таржима қилишга мени нима ундади? Табиийки, бу таржимага мен дафъатан жазм қилмадим. Одатда бундай ишга жуда катта тайёргарлик талаб қилинади, асосан руҳий тайёргарликни кўзда тутаяпман. Кўп таржимонлар ишни кичик ҳажмдаги ҳажвия, ҳикоялардан бошлашади. Мен эса бадиий таржимани бирданига ана шу романдан бошлаганман. “Вертер”га меҳр менда талабалик йилларимда, романдан катта бир парчани таҳлилий ўқиш дарсида батафсил ўрганган пайтимизда туғилган эди. Бу айни ўша ёшлар уюштирган, Вертер билан Лоттанинг танишувларига сабаб бўлган балл тасвири берилган парча эди. Ёшларнинг рақсга тушишлари тасвири айнан тасаввуримда жонланган, даврада айланаётган Лотта кўйлагининг этаги гўё менинг юзимни елпиб ўтгандек туюлган эди. Қолаверса, қаҳрамон билан характерлар муштараклиги, соф субъектив сабаблар ҳам бунга туртки берган бўлиши мумкин… Хуллас, бу китобни аслиятда қайта-қайта ўқир, Вертер тақдири учун унга қўшилиб кўз ёши тўкардим. Асар менинг юрагимни “жиз” эткизибгина қолмасдан, бутун қалбимни, ўй-хаёлимни эгаллаган эди. Бундай ҳолатда уни таржима қилмасдан бўлмасди. Тўғри, назарий жиҳатдан мен Гётени таржима қилишга тайёр эмасдим, аммо руҳан, бутун шуурим билан тайёр эканлигимни ҳис этгач, бу ишга киришдим. “Вертер” романи ёзилганидан сўнг орадан икки юз йил ўтгач ўзбек тилига ўгирилди. Шундай гўзал асарни аслиятдан таржима қилишдек шарафли ва масъулиятли ишнинг айнан менга насиб этгани – Аллоҳнинг менга кўрсатган инояти бўлса керак. Китоб босилиб чиққан йиллари раҳматлик профессор Акрам Каттабеков уни ўқиб: “Агар Гёте шу романини ўзбек тилида ёзганида эди, худди шундай ёзган бўларди” деган эдилар. Беҳад зукко адабиётшунос томонидан берилган бундай баҳо мен учун катта мукофот эди.

Мана, ярим асрдирки, талабаларга немис тилини ўргатиш билан бир вақтда бадиий таржима билан шуғулланаман. Немис тилида ижод қилувчи ёзувчилардан Бруно Апиц, Волфганг Борхерт, Фриц Вюртле асарларини аслиятдан ўзбек тилига ўгирдим. Лекин Гётенинг ҳаёти ва ижодига мен ўзгача бир меҳр билан қарадим, уни чуқур ўрганишга ҳаракат қилдим. Ана шу уринишларим самараси ўлароқ унинг яна бир романи – “Ҳамроз диллар” менинг таржимамда босилиб чиқди. “Ёш Вертернинг изтироблари” романининг қайта ишланган учинчи нашри ва “Ҳамроз диллар” романи биргаликда “Муҳаббатнома” номи билан “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририятида нашрдан чиқди (2013). Унга муаллиф ҳаёти ва ижоди, ана шу икки роман, уларнинг таржималари ҳақидаги илмий кузатишларим ҳамда немис тилидан таржима қилинган Гёте ҳақидаги замондошларининг хотиралари ҳам илова қилинган. Китоб ҳозирги кунда сотувга чиқарилган.

– Бадиий таржима – мураккаб ҳодиса. Мураккаблиги аввало шундаки, таржимон асар муаллифининг мушоҳадаларини, уни қийнаган ҳасратлар ёки аксинча қувонтирган шодлик­ларни асарнинг янги ўқувчиларига тушунтириб бериши зарур. Менимча, бу жараёнда тил билишнинг ўзи камлик қилади. Айтинг-чи, эл­қатори таржимон билан санъаткор таржимон ўртасидаги фарқ нималарда кўринади?

– Бадиий таржима – юксак санъат. Таржимон эса, худди ёзувчи сингари санъаткор. У бошқа тилда би­тилган бадиий асарни шакл ва мазмун бирлигини сақлаган ҳолда ўз она тилида қайта яратади. Улар ўртасидаги фарқ шундаки, ёзувчида эркинлик катта: у истаган мавзуда, истаган услубда, истаган сўз ва ибораларни қўллаб ёзаверади. Бироқ таржимон имкониятлари чекланган, у таржима қилаётган асар мавзуси, ғояси, муаллиф мақсади, услуби, тил хусусиятларидан четга чиқолмайди, шу имкониятлар доирасида ўз тили қонуниятларидан келиб чиққан ҳолда асарни қайтадан ўз тилида ёзиб чиқади. Бу жараён “қайтадан ёзиб чиқади” деб айтишгагина осон. Аввало, бадиий таржимада икки тилни, айниқса она тилини мукаммал билиш талаб қилинади. Бироқ тил билишнинг ўзи камлик қилади. Таржимон бадиийликни ҳис этиши керак. Ўзи таржима қилаётган асарга хос бўлган бадиий-тасвирий воситаларни, унинг услубий қирраларини, бадиий бўёқларни она тили имкониятларидан унумли фойдаланган ҳолда таржима ўқувчисига етказа олиши, бир сўз билан айтганда, бадиий асар яратиши лозим. Таржимон шу асарни ёзишда ўз муаллифи қандай ҳолатга тушган бўлса, худди ўша ҳолатга тушиши керак. Битта мисол: Гёте дўсти ва котиби Эккерманнга: “Вертер шундай зотки, мен сақоқуш янглиғ уни ўз юрак қоним билан озиқлантирганман” дейди. Демак, таржимон ҳам ўша қаҳрамонни ўз юрак қони билан озиқлантирмоғи зарурки, акс ҳолда таржима ўқувчи қалбини забт этолмайди. Гёте “Вертер” романини йиғлай-йиғлай ёзган экан, мен ҳам уни йиғлай-йиғлай таржима қилганман. У ҳали китоб бўлиб чиқмаган пайтларда баъзан дўстларим даврасида йиғлай-йиғлай ундан парчалар ўқиб берардим. Бундай ҳолат ўз-ўзидан юзага келмайди. Буни сўз билан ифодалаш қийин, фақат ҳис этиш лозим. Сирасини айтганда, ҳақиқий бадиий таржима унинг илоҳий ҳузур ва азобларини том маънода бошдан кечиргандагина яратилади. Буни худди актёрнинг ролга кириш ҳолатига қиёслаш мумкин. Таржимон ҳам ижод жараёнида бутунлай ўзини унутиши, асар ичига бутунлай кириб кета олиши керак. Ўшанда миясига гўзал ифодалар ўз-ўзидан қуйилиб келаверади ва у ҳам китоб қаҳрамони сингари гоҳ кўтаринки ҳис-туйғулар, гоҳ кўз ёшлари ва изтироблар оламига сингиб кетади.

“Вертер” хатлардан иборат – эпистоляр роман. Унда улкан муҳаббат тилга олинган. Бундай асарни таржима қилиш учун ўзига хос тайёргарликдан ҳам ўтиш керак бўлади. Масалан, менда ҳали “Вертер”ни таржима қилиш режаси туғилмасдан олдин кундалик дафтар тутардим, нималарнидир ёзишни яхши кўрардим, ёзишдан эринмасдим. Ҳаётимда юз берган энг қизиқ, қимматли воқеаларни кундаликка муҳрлардим. Кўп ўқирдим. “Вертер” таржимасига киришишдан олдин муҳаббат мавзусига бағишланган кўплаб китобларни ўқиб чиққанман. Айниқса, ўзбекчага таржима қилинган Тургеневнинг “Оталар ва болалар”, “Дворянлар уяси”, “Ася”, “Арафа”, “Баҳор тошқинлари” номли қисса ва романларини ўқиш катта самара берган. Таржима жараёнида ҳам кундалигимга қалб кечинмаларимни қайд этиб борганман. Мана, қаҳрамон билан бирга чеккан изтиробларим акс этган сатрлардан айрим намуналар: “16.XI.1969. Бу китобнинг охирги саҳифалари мени ҳам қаҳрамонга қўшиб ўлдириб қўядими, деб қўрқаман. Уни оддий китобхондек ўқиш бошқа-ю, ҳар бир сўз, ҳар бир жумла мазмунини ҳис этиб, таржима қилиш бошқа экан!… Маржон-маржон кўз ёшларим Вертер ва Лоттанинг кўз ёшларига қўшилиб кетяпти. Ҳеч бир кимса менинг қалб туғёнларимни ҳис этолмайди…” “18.XI.1969. Улкан севгига ҳамиша ўлим ҳамроҳ бўлиб юрармиш… Бугун ҳузурли ва айни пайтда машаққатли ишимни ниҳоясига етказдим. Сўнгги варақни ўгиришда чинакам дод солиб йиғладим, гўё энг яқин кишим вафот этгандек. Бир сатр ёзаман-да, ортиқ кучим етмай йиғлашга тушаман. Бир оз ўзимни тутиб олгач, яна ёза бошлайман… Эҳ-ҳе, ким ҳам ҳис эта оларди менинг ҳолатимни! Бу маъносиз сўзларнинг ҳеч нарсани ифодалай олмаслиги-ку турган гап!..”

Чингиз Айтматов айтганидек, “таржима – му­ҳаб­бат фарзанди”. Таржима қилинаётган асарни юракдан севмай туриб яхшиси таржимага киришмаган маъқул. Айниқса, жаҳон мумтоз адабиёти намуналари таржимаси катта масъулият талаб қилади. Таржимон бир зум ҳам кимни таржима қилаётганини, қанчалик шарафли вазифани ўз зиммасига олганини, ўша буюк асарни буюклигича ўз халқига тақдим қилиши, бу иш жуда катта меҳнат, сабр-тоқат, чидам талаб қилишини, буни уддалаш жасорат билан тенг эканлигини ёдда тутиши керак. Ўзида шунга куч ва иқтидор сезсагина, руҳан, қалбан шунга тайёр бўлсагина таржима учун қўлга қалам олиши дуруст бўлади. Менимча, санъаткор таржимон шу жиҳатлари билан ўртамиёна таржимондан фарқ қилади.

– Одатда таржимонларимиз аввал ҳам таржима қилинган асарга камдан-кам ҳолларда мурожаат этишади. Рус адабиётида “Ҳамлет” трагедиясининг элликдан ортиқ таржима вариантлари бўлиб, улар орасида энг машҳурлари Борис Пастернак ва Михаил Лозинскийларнинг таржималари экан.

Асарнинг бир нечта таржима вариантлари бўлиши адабиёт учун қанчалик фойдали?

– Бир асарнинг бир тилга турли таржимонлар томонидан ўгирилиши, менимча, ижобий ҳодиса. Бунда мутаржимлар бир-бирларидан тажриба ўрганишади. Таржималарни қиёслаш жараёнида ҳар бир нусхадаги ютуқ ва камчиликлар яққол кўриниб туради. Ким бадиийликка интилгану, ким сўзга қул бўлиб қолган, кимда ёзувчи услуби маромида қайта тиклангану, кимда ўзидан қўшишлар ва муаллиф фикрини ўзгартиришлар кўзга ташланади – шу ва шу сингари жиҳатларга баҳо бериш имкони туғилади. Бу таржималар ичидан энг яхшилари йиллар, ҳатто асрлар ўтиб ҳам яшаб қолаверади. Ўзбек таржимачилиги тарихида ҳам бунга мисоллар топилади. Масалан, Саъдий Шерозийнинг “Гулистон” асарини XIV асрда Сайфи Саройи, XIX асрда Огаҳий, XX аср бошларида Муродхўжа домла Солиҳхўжаев, шу аср ўрталарида Ғафур Ғулом билан Рустам Комиловлар таржима қилишган. Адабиётшуносларнинг фикрича, шулардан энг яхшиси Сайфи Саройи таржимаси экан. Академик В.Жирмунский “Гёте рус адабиётида” номли монографиясида “Вертер”нинг XVIII асрдаги рус таржимонлари ҳақида қизиқарли маълумотларни келтиради: “”Вертер” таржимасига “Дўстона адабий жамият” деб номланувчи тўгарак аъзоларидан Андрей Тургенев ва Алексей Мерзляковлар бир вақтда киришишади ва иш натижалари билан бир-бирларини мунтазам хабардор қилиб туришади.” Қани энди бизда ҳам шундай ижодий мусобақалар бўлиб турса! Ёш таржимонларнинг ҳудудий семинарларида ёшлардан бир нечтаси Ҳайненинг “Лирик интермеццо”, “Лорелай” шеърларини таржима қилганларига гувоҳ бўлдим. Майли, ҳаракат қилаверишсин, ўқувчи ўша таржималардан энг етугини қабул қилади. Узоққа бормайлик, шу йилнинг ўзида Жорж Байроннинг “Дон Жуан” поэмаси рус тилидан Сулаймон Раҳмон ва инглиз тилидан Абдулла Шер таржималарида “Жаҳон адабиёти” журналида эълон қилинди. Шуниси таҳсинга лойиқки, шоир Абдулла Шер “Дон Жуан”ни аслиятдан ўгириш учун инглиз тилини ўрганган.

– Бугун юртимизда таржимачилик соҳа­си­нинг ривожланиши учун барча имкониятлар етарли. Шунга мос равишда таржимонларнинг ёш, навқирон авлоди етишиб келмоқда. Матбуот саҳифаларида ёшларнинг инглиз, немис, япон, корейс, хитой тилларидан бевосита ўгирилган таржималарини кўриб қувонасан киши. Лекин мазкур таржималарнинг аксарияти нуқсондан холи эмас. Ёш таржимонлар услубий хатоларга, ғализликларга йўл қўйишади. Чет тилини пухта билганлари ҳолда она тилимизнинг луғат бойлиги, ўзбекона сўзларнинг маъно товланишларидан бехабарликлари сезилиб қолади.

– Дарҳақиқат, ҳозир ёшларнинг билим олишлари, чет элларга чиқишлари, хорижий тилларни ўр­ганишлари, ижод қилишлари учун барча имкониятлар эшиги очилган. Бу имкониятлардан қай даражада фойдалана билиш энди ёшларнинг ўзларига боғлиқ. Ке­йинги пайтларда ёшлар орасида кўп бўляпман. Тошкентдаги Гёте институтида “Таржимонлар ҳаракатда” лойиҳаси доирасида немис тилидан ўзбек тилига таржима қилувчи ёш таржимонларнинг ҳудудий семинарлари ташкил этилмоқда. Шундай семинарлар 2013 йилда Тошкентда, Самарқандда, Андижонда бўлиб ўтди. Мен ўша семинарларда маслаҳатчи-таржимон ва таржимашунос сифатида иштирок этдим. Тан бериш керак, ниҳоятда иқтидорли, юрагида ўти бор, янгиликка ташна ёшлар ўсиб келмоқда. Орқамизда қолиб, биз қилолмаган ишларни давом эттирадиган ёшларимиз борлигидан жуда севиндим. Уларнинг чет тилларини мукаммал билишлари, ўша тилларда бемалол гаплаша олишларини кўриб фахрланиб кетдим. Демак, немис тилидаги асарларни аслиятдан ўзбек тилига, ўзбек ёзувчи, шоирларининг асарларини немис тилига бемалол ўгира оладиган ёш таржимонлар авлоди етишиб келмоқда. Самарқандлик умидли таржимон Ойбек Остонов асосан ўзбекчадан немис тилига таржима қилиш билан шуғулланади. У А.Қаҳҳор ҳикояларини таржима қилиб, “Der Granatapfel” (“Анор”) номи билан чоп эттирди. Ҳозир Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссаси таржимасини нашрга тайёрлаш билан банд. Бундан ташқари, немис тилидан бевосита таржима қилувчи Собиржон Юсупов, Давронбек Мамарасулов, Ойбек Арабов сингари кўплаб иқтидорли ёшлар ўзбек бадиий таржимачилигининг эртанги кунини таъминлашларига умид бор. Д.Мамарасулов таржима қилиб “Жаҳон адабиёти” (2012 йил 1-сони) журналида чоп эттирган Стефан Цвайгнинг “Шахмат новелласи” анчагина ижобий шов-шувларга сабаб бўлди. Фақат улар битта ҳикоя ёки шеърни таржима қилиб, матбуотда эълон қилгач, шу билан тўхтаб қолмасликлари, янги-янги асарларга қўл уришлари, ўз устида тинмай ишлашлари лозимки, шундагина бадиий таржимадек машаққатли ижод майдонида нимагадир эришиш мумкин.

Ўша семинарларда гувоҳ бўлганимдек, айрим ёш таржимонларда ўзбек тилида бадиий мушоҳада юритиш иқтидори сал сустроққа ўхшайди. Бу нуқсондан холи бўлиш учун улар: ўзбек тилида забардаст сўз усталарининг оригинал ва таржима асарларини кўп ўқишлари, улардан сўз қўллаш маҳоратини, сўзларнинг маъно товланишларини ўрганишлари, шоир-таржимонлар эса, кўп шеър ёд олишлари керак, бусиз санъаткор таржимон даражасига етиш мушкул. Таржимон аввало ўзи таржима қилмоқчи бўлган асарнинг услуби, тил хусусиятларидан келиб чиқиб таржимага қўл уриши керак. Акс ҳолда таржимада услубий ғализликлар, тишга тегадиган ҳолатларнинг юз бериши турган гап.

– Суҳбат якунида яна Гётега қайтсак. Гётени ўзбек китобхонига бир қадар ёвуқлаштирадиган ҳолат унинг Шарққа мафтунлиги, шарқ адабиётига нисбатан чексиз муҳаббати бўлса керак. Буюк шоир ижодидан ўрганган энг гўзал фазилатларни санаб бера оласизми?

– Менинг назаримда Гёте, бир томондан, етиб бўлмас юксак чўққи, буюк даҳо бўлса, иккинчи томондан, гўё ҳар биримизга ҳамдард, ҳамфикр бўлиб, шундоққина рўпарамизга ўтириб, ҳаёт мушкулотларидан қутулиш йўлларини ўргатувчи маслаҳатгўй дўстдир. Гётега хос бўлган барча хислатлар, фазилатлар ана шу икки қутб ўртасида макон топган. Гёте шундай тиниб-тинчимас, билимга ташна, ўрганишдан толиқмайдиган, олов қалбли Инсон бўлганки, у эгалламаган билим, у қўл урмаган соҳа, у юз бурмаган макон, у қизиқмаган мавзу қолмаган, деса бўлади. Шунинг учун, Шарқ шеъриятини, маданиятини, Қуръони Кариму Ҳадиси шарифни, ислом динию Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ҳаётини ўрганиб, илмий ва бадиий асарлар, бутун бир девон яратганига ҳайрон қолмаса ҳам бўлади. Гётени ўқийверасиз, ўрганаверасиз, қанча ўргансангиз, шунча сиз билмаган қирралари очилаверади. Унинг ижоди жавоҳирларга тўла бир уммон, ҳар ким ундан иқтидори етганча олади. Мен унинг барча асарларини ўқиб-ўргандим, иқ­тидорим етганча таржималар қилдим, лекин ҳали ўрганмаганим кўп. Айниқса, унинг шогирди, дўсти ва котиби Йоҳанн Петер Эккерманнинг “Гёте билан гурунглар” асарини таржима қилишим Гётени англаш йўлида мен учун катта мактаб бўлди. Гётени ҳар тарафлама англашни истайман, деган одам шу асарни ўқиши керак. Унда тилга олинмаган соҳаю мавзунинг ўзи йўқ.

Гётедан нималарни ўрганса бўлади? Унинг энг улуғ фазилати: миллатпарварлик, ўз юрти, ўз тили ва адабиётига чексиз муҳаббат, шу билан бирга, бошқа халқларга, уларнинг адабиёти ва маданиятига ҳам чуқур ҳурмат билан қарашни; узлуксиз ҳам ақлий, ҳам жисмоний ҳаракатда бўлишни; бошлаган ишни охирига етказишни; гўзалликка, табиатга ошуфталикни; иродалиликни; яратувчилик фазилатини; дўстларга меҳр ва садоқатни; аслзодаларга хос дабдабаларга интилмасликни; талантли ёшларни қўллаб-қувватлашни ва бошқа кўплаб фазилатларни ўрганиш мумкинки, уларнинг саноғига етиш қийин.

– “Ёшлик” журнали мухлисларига тилакларингиз. Янглиш опа, шу ўринда ёшларга немис адабиётидан қайси ижодкорларнинг асарларини ўқишни тавсия этасиз?

– “Ёшлик” журнали мухлисларига китобхонлик бахтини, билимга ташналикни тилайман. Китобга меҳр қўйган одамдан ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Кўп ўқиган одам кўп билади, оёғи остидаги замини мустаҳкам бўлади. Шунча илм ва билим эгаси бўлган Гёте: “Мен ҳеч нарса билмаслигимни биламан” деган экан. Демак, одам қанча кўп билса, билмаган нарсаси шунчалик кўп бўлади ва у билиш учун тинмай олдинга интилишда давом этаверади. Гётега хос хислатларни эгаллаш учун унинг асарларини, ўзбекчага таржима қилинган “Фауст”, “Ғарбу шарқ девони”, “Ёш Вертернинг изтироблари”, “Ҳамроз диллар”и, “Ҳикматлар”ини, шунингдек, Низом Комил таржимасидаги Ремаркнинг “Уч оғайни”, “Эсизгина ёшлигим” романларини, Ҳерманн Ҳессенинг “Чўл бўриси”ни, Ҳафиза Қўчқорова таржимасидаги Женни Эрпенбекнинг “Макон истаб” романини ҳамда ўзбек адабиёти йирик намояндаларининг асарларини мутолаа қилишни тавсия этган бўлардим.

Суҳбатдош: Гулноз Мўминова

“Ёшлик” журнали, 2013 йил, 12-сон.