Ўзбек адабиётшунослигининг бугуни ва келажаги кўпчиликни қизиқтиради. Қуйида эътиборингизга ҳавола қилинаётган суҳбатда Ўзбекистон Фанлар дорилҳикмаси Тил ва адабиёт институтининг ёш олимлари иштирок этадилар.
Сувон Мели, филология фанлари номзоди:
— Илм-фан нисбатан қотиб қолган соҳа. Бу айниқса турғунлик даврида янада газак олди. Фикр фикрлиги учун эмас, фалончи томонидан айтилгани туфайли инобатга олинди. Натижада баъзи унвонли, аммо ҳақиқий илмий тафаккурга эга бўлмаган олимлар илм-фан майдонини эгаллаб олдилар.
Агар адабиётшуносликни оладиган бўлсак, унда шундай вазият вужудга келдики, эндиликда нафақат Шўро даврида яратилган етмиш йиллик адабиёт, балки минг йиллик ўзбек адабиётини янгича нуқтаи назарлар асосида том илмий маънода қайта ўрганиб чиқишга тўғри келаяпти. Гап шундаки, қайта қуришгача ҳукмрон бўлган маъмурий-буйруқбозлик тузуми мафкурадан қўл-оёғи чирмаб ташланган бадиий адабиётни тарғиб қилишни талаб этди ва баъзи истисноларни айтмаганда шундай адабиётга эришди ҳам.
Ижодкорларни воқеаликка муайян мафкура нигоҳи билан кўз ташлашга қарийб мажбур қилган расмий тузум ўтмиш адабий меросига нисбатан ҳам, тарихийликка зид бориб бўлса-да, худди шундай нигоҳни тақозо этиб қўйди. Гўё адабий мерос ҳам янги тузумга фойда келтириши керак, деган умумий фикрга мувофиқ, бадиий обидаларни ўз қолипимизга сола бошладик. Натижада, шарқ адабиётининг ўз ички қонуниятлари бир четда қолиб ёки чала ўрганилиб, дейлик Алишер Навоийдан даҳрийликни, Бобораҳим Машрабдан худосизликни, зўрма-зўракилик билан бўлса-да, излаб топдик. Асл Навоий, асл Машраб ўзининг чинакам маънодаги тадқиқини топмади.
Бу билан навоийшунослик ва умуман классик адабиётшунослик фани эришган ютуқларни буткул инкор этиш фикридан йироқман. Шубҳасиз, ютуқлар бор, аммо булар бой маданий меросимиз қаршисида денгиздан томчи, холос.
Акиф Бағир, филология фанлари номзоди:
— Гапираман деса, дардимиз кўп. Қадимги фолклоримизнинг, эски туркий битикларнинг, классик маданий меросимизнинг ўрганилмаган ўнлаб жиддий муаммолари ва йирик ҳодисалари борки, уларни пайқаш ё таъкидлаш учун ҳатто бирор махсус соҳа бўйича мутахассис бўлиш ҳам шарт эмас. Жаҳон ва рус филологиясининг сўнгги ютуқларидан озми-кўпми хабардор одамга ўша муаммолар кундай равшан. Улардан айримларини алоҳида таъкидлашни истардим.
Олайлик, Уйғониш (Ренессанс) даври масаласини. Ғарб Уйғониши ҳақида яратилган уюм-уюм китоблар у ёқда турсин, ёнгинамизда «Гуржи Уйғониши», «Арман Уйғониши» номли тадқиқотларнинг юзага чиққанига сал кам ярим аср бўлди. Тахминан чорак аср бундан олдин машҳур совет адабиётшунослари — Конрад ва Жирмунскийлар Навоий ижоди билан боғлиқ Уйғониш масаласига бизларнинг ҳам эътиборимизни қаратган эдилар.
Хўш, ўзимизда нималар қилинди?! Айрим дастлабки уринишларни қўллаб-қувватлаган ҳолда, бу соҳада бирор-бир салмоқдор тадқиқотни кўрсатишга қийналамиз. Ваҳоланки, Уйғониш мезонларининг ўртага қўйилиши бутун маданият тарихимизга нисбатан янгича қарашларни туғдириши шубҳасиз. Жумладан, Уйғониш йўналишида ва катта Вақт қатламида олиб қаралганда, Алишер Навоий ижодининг кўп асрлик тарихга эга буюк бир адабиёт эканлиги аён бўлади.
Навоийгача бўлган туркий адабиёт Уйғониш даври жаҳон маданиятига Навоий даҳосидек миллий ва улкан эстетик ҳодисани етказиб бериш учун камида беш аср (XI — XV) тайёргарлик кўриб келган. Ва Навоийдан кейинги беш асрлик (XVI — XX) адабиёт қанчалик улуғ сиймоларга, буюк асарларга, янги жанрларга, ўзига хос тасвир усулларига, юксак маҳорат сирларига эга бўлмасин, аслида бу улкан Уйғониш даҳосининг, ғоялар ва образлар дунёсини турли шаклларда шарҳ қилишдан бошқа нарса эмас.
Навоий ижодини шу йўналишда ёритишнинг ўзиёқ бир қатор жиддий тадқиқотларни тақозо этмоқда. Умуман жаҳон маданиятининг пойдеворидан бирини ташкил этган туркий Уйғонишнинг моҳияти ва тарихини, фалсафий-эстетик оламини очиб бериш эса бир неча авлоднинг зиммасидаги вазифа бўлиб турибди. Лекин, афсуски, бизда ҳали шу вазифа учун юқори малакали мутахассислар етарли эмас.
Бердак Юсуф, филология фанлари номзоди:
— Худди шу каби ҳолатни ўзбек тилшунослигида ҳам кузатиш мумкин. Маълумки, ҳозир ўзбек тилшунослигида атамалар билан боғлиқ муаммолар талайгина. Ўтмишда ва яқин ўтмишда ҳамма тилларни қўшиб юборишга асосланган нотўғри, ғайриилмий назария асосида ўзбек тилига четдан жуда кўплаб сўзлар зўрлик билан тиқиштирилган эди. Ўзимизда азалдан ишлатилиб келинган сўзлар сиқиб чиқарилиб, ўрнига русча — байналмилалчилик ниқобига бурканган сўзлар киритилди. Сўзлашувда, адабий тилда ишлатилиб келинаётган айрим сўзларга эскирган тамғаси қўйила бошландики, бу билан бундай сўзларни ишлатмасликка, яъни бундай сўзлар ўрнига рус тилидан сўз олишга ишоралар қилинди. Ёки фақат кўчада айрим шахслар томонидан ишлатиладиган ёт сўзларни адабий тилга олиб киришга, уларни адабий тил мулки деб эълон қилишга шошилинди. Бир мисол. Ўзбекча-русча луғатга (1959 й.) «библиотека» сўзи гўё ўзбек адабий тилида ишлатиладиган, ўзлашган сўз тарзида киритилди. Афсуски, бу хато мазкур луғатнинг 1988 йил нашрида ҳам такрорланди.
Эндиги вазифамиз ана шундай хатоларни тузатишдир.
Ҳозир янги ташкил этилган Атамалар қўмитаси анча яхши ишларни бошлаб юборди. Айниқса «Гулистон» жаридаси саҳифаларида «Гулистон» сўзлиги»нинг пайдо бўлиши атамалар қўмитаси ишига йўналиш берди. Ҳозир кўплаб «унутилган» сўзларимиз қайтадан тикланаяпти. Бу албатта адолат ғалабасидир. Бу эзгу ишда жузъий камчиликлар, хатоларнинг бўлиши табиий. Масалан, бизда ҳозир баъзан атамаларнинг соф ўзбекча (туркийча) муқобилини топиш ўрнига форс ва араб калималарига ружу қилиш сезилмоқда. Тўғри, қадимда араб, форс тилларидан ўзлашган сўзларни ҳам олса бўлади. Лекин биринчи ўринда қийин бўлса ҳам атаманинг ўзбекча (туркийча) муқобилини излашимиз ва топишимиз шарт. Мабодо ўзбекча (туркийча) сўз топилмаса, уни ўзбек тили (туркий тил) мазмунида ясаш керак, яъни қўшимчалар ёрдамида, сўз ўзакларини бир-бирига қўшиш орқали янги сўзлар яратмоқ ҳам лозим. Бу биз учун темир қонун бўлиши керак. Масалан, самолёт сўзининг ўзимизда азалдан учқич муқобили бўлгани ҳолда арабча тайёра сўзи тавсия этилмоқда ва ишлатила бошланди ҳам. Шуни ҳам айтиш керакки, учқич атамаси ҳозир ҳам хориждаги ўзбеклар нутқида ишлатилмоқда.
Ўзбек тилида 20—30-йилларда айрим соҳаларнинг анча мукаммал атамалари яратилган эдики, уларнинг аксарияти ҳозир ҳам фаол қўлланилмоқда.
Анвар Жаббор, филология фанлари номзоди:
— Аслида фаннинг ижтимоий соҳаларида кескин ўзгариш рўй бериши ниҳоятда машаққатли кечади. Негаки, мазкур соҳадаги бирор бир ўзгариш талай тушунчаларнинг бир-бирига боғлиқ шаклда «синиши»га олиб боради. Масалан, социалистик реализм методи (айнанлик усули)нинг сунъийлик хусусиятларини, догмаларини очиб бериш синфийлик, партиявийлик, халқчиллик сингари тушунчаларга янгича муносабат билдиришни тақозо этади. Шу сабабдан бўлса керак, адабиётшуносликда ҳам кескин янгиланиш — қайта қуриш ғоят суст бораётир. Фан ривожининг тезкорлик билан амалга оширилишида жонкуяр ташкилотчилик зарур. Янгиланиш ёшларнинг янгича фикрлаш қобилиятига боғлиқ. Ҳозирги шароитда кекса авлод қаршилигига учраётган тараққиёт, асосан, ёшларга ишончсизлик билан қараш шаклида тазаҳҳур бўлмоқда. Бу фикрга истаганча мисолни Ўзбекистон дорилҳикмаси Тил ва адабиёт институтидан ҳам келтириш мумкин.
Сувон Мели:
— Ҳозир айтилган ва давр талаб қилаётган кўплаб вазифаларни амалга ошириш учун ҳар бир илмий даргоҳ фаолиятида кескин бурилиш ясаш талаб этилади. Бизнинг тил ва адабиёт институти маъмуриятига келсак, у ҳозирча бундай кескин бурилиш ясашга қодир эмасдек туюлади. Деярли ҳамма соҳада ҳали ҳам ёшларни (нисбатан, албатта, чунки бир соҳанинг бошини тутадиган бўлгунча илмий ходимнинг ёши ўттиздан ўтиб, қирққа яқинлашиб қолиши аниқ) илмий йўналишларни бошқаришга яқинлаштирмаслик, илмий кенгашни ёшартиришдан чўчиш майли сезилади. Қаторда норинг бўлса, юкинг ерда қолмайди, дейди халқимиз. Аммо норнинг норлигини билиш учун аввал унга юк ортиш керак-ку.
Ҳар бир янги авлод, у табиий ҳолатда ривожланса, фанга ўзигача бўлмаган янги ғоялар, янги ёндашувлар олиб кириши тайин. Шундагина илм-фан олға силжийди. Қисқа қилиб айтганда, илмдаги қайта қуриш ваколати етарли ёшларнинг фандаги етакчилигини таъминлаш демакдир.
Анвар Жаббор:
— Бир неча ўн йиллардан бери қайта-қайта тайинланиб келаётган бўлим бошлиқлари, фан доктори илмий даражасини олгани учунгина ўз ўрнида «мустаҳкам» туриб олиб, ижодий фикрдан кўра кўпроқ жисмоний ҳисобига «ишлаб» келаётган ходимлар «меҳнати», фақат нашрчилик ҳисобига гўё «илм» қилаётган айрим шахслар туфайли фанимиз тобора турғунлик қаърига кириб бораётир. Айрим дастакларга эътибор берайлик. Матбуотдаги фикрларга қараганда, буюк бобокалонимиз Алишер Навоийнинг 20 жилдлик асарларининг нашрида ҳам аввалгилардан фарқ қиладиган янгилик кам; ўзбек тили изоҳли луғатининг тўлдирилган янги нашри ҳам 70—80 минг сўз атрофида бўлиши кўзда тутилаётир (аслида бу икки жилдликнинг бир оз тўлдирилган қайта нашри бўлади холос); рус тилида нашр этилаётган беш жилдлик «Ўзбек совет адабиёти тарихи»нинг эълон қилинган қисмида ҳам лузум янгилик йўқ ва ҳоказо. Илм билан шуғулланиш ноширлик қилиш эмас-ку! Тўғри, фанда қайта нашр килиш йўли самарали ҳисобланади. Бироқ, ҳозирги шароитда ҳар бир нашр имконидан унумли фойдаланиш керак. Зеро, қайта нашрга арзигулик тадқиқотлар зарур.
Маълумки, замонасозликни касб қилиб олган айрим адабиётшуносларимиз қайта қуриш даврида ҳам биринчилик байроғини қўлдан бермасликка тиришиб келаётирлар.
Акиф Бағир:
— Афсуски, замонасозлик, «улоқ»ни олишга ишқибозлик, қочаётган «ёв»нинг кетидан «ботир»лик қилиш каби шов-шувли йўллар билан фанни олға силжитиб бўлмайди. Олимнинг ҳақиқатга нисбатан собитқадам туриши, ўзидан олдинги ютуқларни чуқурлаштириш асосида доим илмий янгиликка интилиши фанда кўп нарсани ҳал қилади. Бу жиҳатдан ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас. Оддий бир мисол. Абдулла Қодирийнинг «Ўтган кунлар» романига таниқли шарқшунос Бертелснинг юксак баҳоси ҳаммамизга яхши таниш. Лекин ўйлаб кўрайлик-чи, адабиётшуносликда шу баҳонинг яна ҳам чуқур ифодаси ва исботи йўналишида «Ўтган кунлар»дай ноёб намунанинг ўзига хос ва яхлит ғоявий-эстетик оламини, шу романчилик мактабининг, дейлик рус ёки Ғарб романчилигидан фарқли томонларини кўрсатиб берувчи бирор жиддий тадқиқот борми? Лоақал, Л. Толстойнинг «Уруш ва тинчлик» романи ҳақидаги ишларни эсга олайлик.
Ахир, қаердаги олди-қочди, замонасоз мавзулардан кўра, фанга ҳам, халққа ҳам керакли муаммоларни ўрганишга қачон киришилади?! Бепарволик шу даражадаки, ушбу давра қатнашчилари томонидан кейинги беш йиллик учун институтнинг давлат иш режасига «Ўтган кунлар»нинг поэтикаси» номли мавзуни киритишга қанчалик ҳаракат қилинмасин, бунга ҳозирча эришилгани йўқ.
Бердак Юсуф:
— Ҳақиқатдан ҳам тадқиқот қилишга арзигулик асарларни ўрганишни йўлга қўйиш керак. Тилимизнинг тақдирини ўйлаган ҳар бир киши унинг ривожланиши учун бошқа муҳим манбалардан фойдаланишни йўлга қўяди. Сўз олиш манбаи сифатида қадимги ёзма ёдгорликлардан унумли фойдаланиш лозим. X — ХХ асрларда яратилган обидаларимизнинг ҳали кўпи ўрганилмаган, чанг босиб ётибди. Бизнинг жумҳуриятимизда, айниқса, X—XIV асрларда яратилган ёзма обидаларнинг тилини ўрганиш ишлари жуда суст. Бизнингча, биринчи навбатда юқорида кўрсатилган даврлар ёзма ёдгорликларининг изоҳли луғатини тузиш керак. Бундай луғатлар бизга кўп нарсалар беради. Жумладан, ундан жуда кўплаб «эскирган», чанг босиб ётган соф туркий сўзларни чангини қоқиб, қайтадан тирилтириб, истеъмолга киритиш мумкин.
Сувон Мели:
— Инқилобий даврда яшаяпмиз. Адабиётшуносликда бундай инқилобий вазифа ярим аср давомида шууримизга қаттиқ ўрнашиб қолган ақидалардан буткул халос бўлиб, ҳеч қандай тўсиқларсиз эркин фикрлаш йўлига ўтиш тариқасида бўлади, дейиш мумкин.
Адабиётда кескин бурилиш деганда нима тушунилади?
Мамлакатда таркиб топган маъмурий-буйруқбозлик маҳкамаси нафақат халқ хўжалиги, иқтисод ёки табиатни, балки инсон маънавиятини ҳам ҳалокат ёқасига келтириб қўйди. Бундай умумий таназзулдан, табиийки, адабиёт ҳам четда қолмади. Ҳозирги асосий иш адабиёт ҳеч кимга хизматкор эмас, балки ҳақиқатни излаш эканлигини аввал мутахассисларга, кейин халққа сингдиришдир. Адабиёт ўз-ўзича қийматга эга, ушбу қийматни топиш, тадқиқ этиш илм кишисининг бурчидир.
Акиф Бағир:
— Кескин бурилиш деймизу лекин шу бурилиш, энг аввало, фанни ташкил қилиш ва ҳақиқий илмий муҳит яратишга боғлиқ. Институтда турли авлод вакилларидан, айникса, ёшлар орасида ўзбек филологиясининг истиқболи учун қайғураётган илмий ходим лар кам эмас. Лекин шу йўлда ҳам қатор қийинчиликлар мавжуд. Айниқса, маҳсулотнинг сифатига бўлаётган бефарқ муносабатга чидаш қийин.
Ишончим комилки, пахта яккаҳокимлиги жумҳуриятимиз иқтисодий ҳаёти учун қанчалик қимматга тушган бўлса, ҳажм (листаж) яккаҳокимлиги адабиёт фанининг сифатига ва демакки, халқнинг маънавиятига камйда шунчалик зарар етказган. Касофат 6000000 рақамининг аянчли оқибати сифатида иқтисоддаги қўшиб ёзишлар фош қилинди, лекин асосан ҳажмга қараб рағбатлантиришнинг мажбурий натижаси бўлган фандаги қўшиб ёзишлар ҳали ҳам авжидан тушмаяпти.
Албатта, бу масала бир кун эмас, бир кун жиддий кўтарилади. Лекин ўшанда нима деймиз, яна минбардан туриб ҳамма айбни замонга ағдараверамизми: «…Замон ёмон эди, замон қийин эди…?! Ваҳоланки, замонни ўз номи билан қайта қуриш деб қўйибди. Бунинг устига давлат аҳамиятига эга муҳим ҳужжатларда ижтимоий фанларда аҳволни тубдан яхшилаш ҳақида салмоқли гаплар бўлаяпти. Шундай экан, фаннинг ташкилотчилари ва мутасаддилари бошқа манфаатлардан юқори туриб, илмий маҳсулотни сифатсизлик балосидан қутқариш йўлларини ўйлашса, бўлмайдими? Ахир, адабиётнинг ўзида гўзал бир ҳикоя олди-қочди романдан кўра халқ учун фойдали бўлганидек, адабиёт ҳақидаги фанда ҳам бир зўр мақола серсув рисоладан кўра илм учун аҳамиятли эмасми?! Лекин шу оддий ҳақиқатни тан олиш ўрнига ҳатто ўша қаппайган ишларни рўкач қилиб, улардан ибрат олишга чақиришади.
Сифат масаласининг етакчи ўринда турмаслиги қатор бошқа иллатларни келтириб чиқаради. Олайлик ўзимизнинг Адабиёт назарияси ва адабий алоқалар бўлимидаги вазиятни. Бўлимда илмий ишлар муҳокамаси кўпинча юксак савияда ташкил этилмайди, шу боис уларга холисона баҳо берилмайди, ходимларга уларнинг илмий салоҳиятидан кўра бошқа «хизмат»ларига қараб муносабат билдирилади ва ҳоказо.
Умуман институтда имконияти сезилиб қолган ёшларга нисбатан бир бегона муносабат мавжуд. Илмий ва ихтисослашган кенгаш йиғилишларида муҳим масалалар юзасидан ёшларнинг фикр ва таклифлари етарлича инобатга олинмайди, баъзан эса ҳатто уларнинг оддий гапириш ҳуқуқи камситилади. Албатта, қойилмақом баҳоналар билан. Хуллас, чинакам илмий муҳитга эришмасдан туриб фанда инқилобий ўзгаришлар ясаш қийин.
Бердак Юсуф:
— Илмий муҳитнинг иллатлари, айниқса, институтда ёшларга ўгай муносабат ҳақидаги гапларга тўлиқ қўшиламан. Бизда мустақил фикрга эга бўлган одам ҳеч кимга ёқмайди. Айниқса, айтгани-айтган, дегани-деганга одатланган маъмуриятга. Маъмуриятнинг қош-қовоғига қарамай ўз фикрини айтишга журъат қиладиган ёшларнинг косаси оқармайди. Бир мисол: яқинда бўлиб ўтган институт бошланғич партия ташкилотининг ҳисобот-сайлов йиғилишида ҳақиқий илмий муҳитни яратишга қаратилган амалий таклифлар билан чиққан олимларнинг ҳаммаси бюро аъзолигидан чиқариб ташланди. Уларнинг аксарияти ёшлар эди.
Анвар Жаббор:
— Гап институтимизда қайта қуриш қандай кетаётганлиги хусусига келиб тақалар экан, яна бир масала устида тўхталмай ўтишнинг иложи йўқ. Бизда ҳамон бошқарувни ёшартириш ишида жиддий қадамлар ташланмаяпти. Масалан, институтнинг илмий Советида ёшлар деярли йўқ. Ёки, бўлим бошлиқлари ичида ёши 45 дан ошмаган бирорта ҳам олим йўқ… Докторантуралар бериш ҳам муайян режа, дастур орқали эмас, ҳамон эскича усул — таниш-билишлик ёки шахсий садоқатга қараб амалга оширилмоқда. Акс ҳолда тобора малакали мутахассислари камайиб кетаётган тилшуносликнинг айрим соҳалари бўйича докторантура ўрни берилмаётганлигини қандай изоҳлаш мумкин?!
Бундай вазият институтдан кўплаб ёш мутахассисларнинг кетиб қолишига сабаб бўлаётир. Натижада айрим илмий йўналишлар батамом йўқ бўлиб кетиш хавфи остида қолмоқда.
Ҳақиқий илмий муҳит бўлмаган жойда сохта илмийлик авж олади. Масалан, адабий алоқаларни ўрганиш фақат илмий унвон олиш зарурати туфайли «амалга оширилаяпти». Таржимашуносларимиз ҳақида ҳам шу фикрни айтиш мумкин. Акс ҳолда кейинги йилларда ўзбек тилига ўгирилган жаҳон адабиётининг гўзал намуналари («Илоҳий комедия», «Фауст», «Шоҳнома», «Евгений Онегин» ва бошқалар)нинг асосли тадқиқдан четда қолишини қандай тушуниш керак?! Бунга ўхшаш мисоллар кўп. Биз буларнинг айримларини эслаб ўтаяпмиз холос.
Хуллас, қайта қуриш ўз-ўзича давом этиб кетаверадиган жараён эмас. Уни изчил, катта сабот ва қунт билан ривожлантириб бориш керак. Бу ишни эса фақат ёшлар олиб боришга ҳақли. Чунки унинг самаралари ва аччиқ хатоларини бошдан ўтказиш ёшларнинг бўйнига тушади.
Сувон Мели:
— Хуллас, олдинда қиладиган ишлар кўп. Янгиланиш осон кечмаслиги тайин. Будун маънавиятининг ўчоқларидан бири бўлмиш тил ва адабиёт илми янги даврга муносиб бўлиши зарур. Умидимиз борки, келажакда шундай илм яратилади.
Суҳбатни Абдусаид Нур ёзиб олди.
Редакциядан: Мазкур давра суҳбати турғунлик йиллари жамиятимизнинг бошқа соҳаларида бўлгани каби ўзбек тилшунослиги ва адабиёшунослигида ҳам чуқур асорат қолдирганлигидан далолат беради. Баҳсда аниқлик киритилиши керак нуқталар бўлиши мумкин. Лекин давра суҳбатининг мақсаду моҳиятида тилимиз ва адабиётимиз ҳақидаги фаннинг келажаги учун жиддий қайғуриш ётганлиги кўриниб турибди. Бу жиҳатдан унда кўтарилган муаммолар, жумладан, илмда янгича қарашларга ва ташаббусларга йўл очиш, фан даргоҳида соғлом ижодий муҳит яратиш, илмий маҳсулнинг сифатига алоҳида аҳамият бериш, қайта қуриш йўлида иқтидорли ёшларнинг имкониятидан унумли фойдаланиш ва илмий бошқарувни ёшартириш зарурати каби муҳим масалалар Ўзбекистон Фанлар дорилҳикмаси ҳамда А. С. Пушкин номидаги Тил ва адабиёт институти раҳбариятининг эътиборини тортади ва бу соҳада жиддий амалий тадбирлар белгиланади, деб ўйлаймиз.
«Гулистон» журнали, 1990 йил, 9-сон