Янги авлод овози (Раҳмон Қўчқор, Абдуқаюм Йўлдош, Исломжон Ёқубов, Абдунаби Ҳамро) (2013)

Раҳмон Қўчқор жавоблари:

1. Тан олиб айтиш керакки, ўтган асрнинг 70-йиллари адабиётга кириб келган авлод, ўзидан олдинги ижодкорлар тажрибаларини инкор этмаган ҳолда, миллий адабиётда катта бир тўлқинни ҳосил қила олди. Анвар Обиджон, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон, Муҳаммад Раҳмон, Матназар Абдулҳаким, Муҳаммад Юсуф, Сирожиддин Саййид ва улар тенгдошлари бўлмиш бошқа шоирлар, Хуршид Дўстмуҳаммад, Мурод Муҳаммад Дўст, Тоғай Мурод, Эркин Аъзам, Хайриддин Султонов, Қамчибек Кенжа, Алишер Ибодинов сингари ёзувчилар номи билан “адабиёт паспортини олган” бу авлод, дарҳақиқат, миллат дарду дунёсини ёритишда, унинг эстетик дидини юксалтиришда эътиборга лойиқ изланишлар олиб борди. “70-йиллар авлодидан кейин бизда бошқа адабий авлод шаклланмади” деган гапни ҳам, биринчи галда, ўша авлоднинг бугун бекор юрган вакилларидан кутса бўлаверади. Агар бу гап ростдан ҳам айтилаётган бўлса, дарҳақиқат, уни “иддао” деб атаган маъқул. Чунки биз иззатли номларини санаган ижодкорлар далдаси билан адабиётимиз ҳовлисига Абдували Қутбиддин, Эшқобил Шукур, Зебо Мирзаева, Ҳалима Аҳмедова, Азиз Саид, уларнинг ортидан Иқбол Мирзо, Салим Ашур сингари ўнлаб шоирлар, Назар Эшонқул, Исажон Султон, Абдуқаюм Йўлдошев, Улуғбек Ҳамдам каби истеъдодли ёзувчилар кириб келганидан кўз юмиб бўлмайди. Тўғри, аввалги авлодлардан фарқ қилароқ, бу ижодкорлар яратган асарлар “бир-бирини тўлдирувчанлик” хусусиятига эга бўлмади, муаллифларнинг ҳар бири олам ва одам идрокида ўз йўлидан кетмоқликни афзал билди. Чунки улар ёзишни бошлаган пайтлар ҳаётнинг ўзида ҳам, юзида ҳам мажбурий якранглик барҳам топган, аввал сидқидилдан ишонилган, кейин шубҳа аралаш қаралган аксарият ғоялар, муваққат қадриятлар батамом остин-устин бўла бошлаган давр эди. Қолаверса, бу авлоднинг “хонанишинроқ” бўлиб ўсишига, “идеалини йўқотиши”га, ҳар бири ўз бошига йўл танлашга мажбур бўлишига Алишер Навоий номидаги театрда айнан 70-йиллар авлодининг фаол иштироки, ҳатто сезиларли жонбозлигида кечган ёзувчиларнинг сўнгги съезди ўз таъсирини ўтказганини ҳам унутиб бўлмайди. Шўринг қурмағур бу авлод бугун ўша акаларидан “Биз адабиётдан чиқиб кетгандан кейин пайдо бўлган болалар” деган истеҳзони эшитишга ҳам мажбурки, уларнинг аксарияти бу гапни худди шундай истеҳзо билан, ҳатто шундай деб юрганларга ачиниб қабул қилиши одамни тинчлантиради…

Энди жиддий гапга ўтадиган бўлсак, бугунги адабий авлоднинг ғоявий-бадиий қарашлари бир хилликдан узоқ – ҳаётнинг ўзидек ранг-баранг экани, ижодкорларнинг воқеликни идрок этиш ва уни талқин қилиш усул-услублари бир-бирига ўхшамаслиги, энг муҳими – ёш ўзбек шоир-ёзувчилари дун­ёнинг илғор адабиётларига бўйлашиб ижод қилаётганини сезмаслик мумкин эмас. Агар Абдували Қутбиддиннинг “Изоҳсиз луғат” деган достони адабиётшунослик айби билан изоҳсиз қолиб кетган бўлса, агар Зебо Мирзаева, Ҳалима Аҳмедова, Иқбол Мирзо шеърияти тўғрисида фрагментал мулоҳазалардан нарига ўтилмаган бўлса, агар Назар Эшонқулнинг ўнлаб ҳикоялари чуқур таҳлилларини кутиб турган бўлса, агар Исажон Султон ҳикоялари, “Боқий дарбадар”, “Озод” романлари ёхуд Улуғбек Ҳамдамнинг ҳикоялари, “Мувозанат”, “Исён ва итоат” романларидаги мазмун-моҳиятнинг бафуржа таҳлили учун адабий баҳс майдони ташкил этилмаган бўлса… ижодкорлар айбдор эмас. Демоқчиманки, бу авлоднинг бор эканига ҳали ҳам шубҳа қилиш, унинг изланишларини тумовнинг йўталидек ўтиб кетадиган ҳодиса, деб қўл силташдан кўра, унга тенглашмоқ, уни ихлос-ла ўқимоқ ва уқмоқ, агар қўлдан келса, нафақат миллий миқёсда, балки халқаро эстетик майдонда ҳам унинг тарғиб-ташвиқи билан шуғулланмоқ вақти аллақачон келган.

2. Ижод деганимиз, ҳамма замонларда ва ҳар қандай йўналишда фақат эркинликда юз берадиган ҳодисадир. Ижодкорнинг асар яратишини аёлнинг кўзи ёришига қиёс қилинар экан, ўша дамда ҳар иккиси ҳам ўзини ўраб турган муҳитни, одамлар бу ҳақда нима дейишини эмас, балки ўзини қийнаётган дарддан, оғриқдан тезроқ халос бўлишни ўйлайди. Кейинги ҳамма тузатишу таҳрирлар – боланинг киндигини кесиб, оқ матога ўраш ҳам, қўлёзмадаги илҳом қутқуси билан меъёридан ошган жойларни эпақага келтириш ҳам эркин ижоднинг сўнгги ноталари ҳисобланади. Энди бу улуғ ҳодиса маҳсули бўлмиш асарнинг дунё юзини кўриши бошқа масала. Мана шу ўринда Сиз айтган эркинлик ё бўлади, ё бўлмайди. “Ўтган кунлар”нинг илк нашриёқ бўғилган эркинликдан дарак берарди. Бу гапни “Қутлуғ қон” ҳақида ҳам, Пиримқул Қодиров романларию Шароф Бошбеков пьесалари тўғрисида ҳам айтиш мумкин.

Тўғри, Истиқлол туфайли бизда цензура расман бекор қилинди, бу конституциявий нормага айланди. Оммага ҳавола этилаётган асарларнинг ғоявий-бадиий савияси учун масъулият, аввало муаллиф, қолаверса, уни эълон қилаётган ОАВлари мутасаддилари зиммасига ўтди. Афсуски, бу масъулиятни ҳар ким ҳар хил тушунмоқда. Бир қисм бош муҳаррирлар ўз нашрининг сўнгги саҳифасига “чоп этилаётган материаллар мазмуни учун муаллифлар жавобгар” деган ёзувни қадаш йўли билан ўша масъулиятдан қутилишнигина эмас, балки қандай материал бериб бўлмасин, оммани ўзига қизиқтириш ишини ҳам гўё дўндираётган бўлса, бошқа бирлари сал жиддийроқ материал қўлига тушиши билан ўзига расмий ёхуд норасмий муассис деб билгани идораларга уни ҳавола қилиш, уларнинг доно маслаҳатларига амал қилиш йўли билан “ўзига юкланган вазифани виждонан бажармоқда”. Бошқача айтганда, истеъдодли шоир-ёзувчилар, адабиётшунослар яратаётган барча асарлар оммага ўз вақтида ва оҳори тўкилмай етиб бориши муаммоси ҳали кун тартибидан тушгани йўқ.

Саволнинг иккинчи қисми суҳбатдошларни “қиздириш” учун атай ўйлаб топилгандек туюлди менга. Зеро, “ранг-баранглик деганимиз авлод деган тушунчани инкор этмайдими? Ахир, авлод бўлиш учун муҳитнинг бир хиллигию шунга яраша дунёқарашдаги якранглик ҳам керак бўлади-да” қабилидаги даъволар, устоз Озод Шарафиддинов ибораси билан айтганда, “чепуха гаплар”дир.

Нима учун ранг-баранглик авлод тушунчасини инкор этар экан? Нега авлоддан дунёқарашдаги якранглик талаб қилинар экан? Ахир, дунёқараши, диди, эстетик идеаллари, ижодий услублари ранг-баранг бўлмаса, бу замондошларнинг номи “адабий авлод” эмас, “адабий пода” аталиши керак эмасми? Қайси замонда, қайси авлодда бир-бирини такрорлайдиган икки ижодкорни топасиз? Ахир, ижодкорни шу мақомга лойиқ қиладиган энг асосий мезон айнан ҳеч кимникига ўхшамайдиган дунёқараши, бадиий идроки, эстетик диди эмасми? Фақат Яратган томонидан юқтириладиган мана шу фавқулодда фазилатлар бўлмаса, у одамнинг бошқалардан нима фарқи қолади?

3. Агар адабиётнинг иши, миссияси чилангарнинг касби, вазифасидек осон, “икки карра икки – тўрт”дек жўн бўлганида эди, халқнинг бир-икки эртаги ва ўн-ўн беш ҳикматли сўзи билан масала ҳал бўлар, ибтидодан буён муаммо бўлиб келаётган саволлар аллақачон ечимини топган чиқарди. Адабиёт, ўзи билиб-билмай, Чўлпон айтмоқчи, “бошини зўр ишга бериб қўйган”. Унча-мунча ижодкорни-ку, қўйинг, ҳатто, ҳазрат Навоийдек авлиё зот, бу ишнинг зўрлигидан олтин бошини тебратиб айтганди:

Кўзни ўкуш саъй ила забт этгамен,
Етса кўнгил забтига иш, нетгамен?

(Олдинроқ кетиб айтиш мумкинки, ҳозирга қадар бунёд этилган барча буюк санъат асарлари айнан кўнгил забтига шаҳд этиб яратилган бўлса, адабий-бадиий қабристонларда бир-бирининг устига қалашиб кўмилиб кетган барча ҳашаки нарсалар кўзни забт этмоқдан нарини кўра олмаган косибларнинг “бачки”ларидир).

Аввалги чиқишларнинг бирида таъкидлаганимиздек, ҳазрат бобомизнинг юқоридаги мисраларида гап забт этилмоғи, ҳайратга тўлдирилмоғи лозим бўлган ўқувчи-мухлиснинг кўнгли ҳақидагина эмас, балки адабий асар қаҳрамонининг, демакки, ғоят чигал, мураккаб умуминсоний кўнгилнинг забти – талқини тўғрисида ҳам бормоқда. Уни очиш, инкишоф этиш ҳар қандай истеъдоднинг ҳам қўлидан келавермайдиган ниҳоятда оғир юмуш. Агар эътибор берсак, Ф.М.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романидаги воқеаларни нўноқ ёзувчи бир ҳикоя доирасида юмалоқ ёстиқ қилиши ҳам мумкин эди. (Зеро, роман воқеалари, бор-йўғи, ўн беш-йигирма кун давом этади, холос). Мазкур ўлмас асарда эса бош қаҳрамон Раскольников руҳияти жиноятга қадар, жиноят пайти ва ундан кейинги ҳолатлар фонида шу қадар теран, кутилмаган ракурсларда таҳлилга тортиладики, кўнгли тирик ўқувчи қаҳрамонга қўшилиб сал бўлмаса, ақлдан оза ёзади. Худди шу гапни адибнинг бошқа аксарият романлари, дунё адабиётининг шоҳ асарлари тўғрисида ҳам айтиш мумкин. Умуман, менимча, бир гапни – абадий-эстетик қоидани эсдан чиқармаслигимиз керак: буюк асарлар дунёга ечим бермайди – яшаш қонун-қоидаларидан сабоққа шошилмайди, аксинча, шундоқ ҳам мураккаб ҳаёт муаммоларини баттарроқ чигаллаштиради, яна ҳам тўғрироғи, тирикликнинг қанчалар мураккаблигини унинг оддий назарлар илғай олмаган қирраларига ишора қилиш орқали бўрттириб (ошириб эмас!) кўрсатади, талқин қилади. Шу маънода адабиёт ўзгаларга ақл ўргатиш ҳам, одоб-ахлоққа қуруқ даъват этиш ҳам, яхшиликнинг жўн тарғиботи ҳам эмас. Кимки адабиётдан шу нарсаларни кутса, талаб қилса, бошқа уй эшигини тақиллатган бўлиб чиқади.

Сўзнинг илоҳийлиги, сўз заргарларининг маҳорати ҳақида гапирилганда, биринчи навбатда, бадиий сўз воситасида “олам қалби” (С.Цвейг) пучмоқларига йўл солган ижодкорлар қўлидаги сўз назарда тутилса, ажаб эмас. Ёдингизда бўлса, 1927 йилда Чўлпон ўзи суйган шоир Ҳенриҳ Ҳейнедан бир тўртликни таржима қилган эди:

Ҳамма эснаб турди, қулоқ солмади,
Қайғумни гапириб берган вақтимда.
Мени алқамаган киши қолмади,
Қайғумни назмга терган вақтимда…

Демак, сиз билан бизга, бор-йўғи, товушлар йиғиндисидек жўн бир нарса туюладиган сўз, адабиёт ихтиёрида мутлақо ўзгача функция касб этади, унинг маъно товланишлари юзага келади, у воқелик ва инсон табиатининг очқичига айланади. Кимда қандай, билмадим, масалан, мен Навоийнинг, Гётенинг, Бальзакнинг, Достоевскийнинг, Толстойнинг, Цвейгнинг, Камюнинг, Кафканинг, Сомерсет Моэм…нинг асарларидаги айрим ўринларда бирров нафас ростлаб олишга, ўрнимдан туриб кетишга, ўзимга ўзим бир нарсаларни уқтиришга мажбур бўлиб қоламан. Бунинг сабаби – Сиз айтган “ҳақиқий адабиётда ҳар икки оламга ишора бўлмоғи ва, энг муҳими, бундай адабиёт ҳар икки оламдан маънавий туртки олиб яратилиши”дан бўлса керак. Мана шу даражага етиб бормагунига қадар, асар, у ҳар қанча долзарб, муҳим, қизиқарли мавзуда, энг охирги русумдаги “изм”лар йўлида ёзилмасин, замонлар чегарасидан ўтолмайди, умрбоқийликка эришмайди.

4. Чинакам адабиёт бу курашдан ҳеч қачон уялмаган, четда турмаган. Боя эслаганимиз Навоий достонларидан тортиб, Достоевский романлари, хусусан, унинг “Бесы” (“Жинлар”) асаригача, Жорж Оруэлнинг “1984” романидан Сомерсет Моэмнинг “Париждаги таътиллар” романигача, Пушкин ва Чўлпон шеърларидан тортиб Шавкат Раҳмон изтиробларигача – бари-барида адабиёт эзгулик ҳимоячиси бўлиб майдонга чиққан. Бу борада адабиёт бошқа барча ижтимоий-гуманитар соҳалар олдида тили узун бўлса узунки, асло қисиқ эмас. Одамлар адабиётнинг бу функциясига шу даражада ишониб-таяниб қолганларидан, ҳатто, “ЖЭК”нинг такасалтанг ишчилари қилмишидан озурда бўлган пайтлари ҳам “ёзувчилар қаёққа қараяпти?!” деб иддао қилишгача бориб етишади. Ҳолбуки, Шавкат Раҳмон ўзининг “Иқрор”ида алам-ла қайд этганидек, у жангчи эмасди, у шоир эди!

Бугун ҳам халқимизнинг виждонли ижодкорлари эзгулик ва ёвузлик курашидан, унинг ҳар қандай шаклидан ўзини олиб қочаётганлари йўқ. “Кулгили аҳволга тушиб қолган эзгулик” тўғрисида ҳингиллаётганлар эса аввал ҳам, ҳозир ҳам – ҳеч қачон халқ ва миллат дарду дунёсини англамаган, англолмайди ҳам. “Романтика” дейсиз. Улар чинакам романтика нима эканини биладиларми ўзи? Романтикасиз – учқур хаёл, қулочсиз орзу, балки ҳеч қачон амалга ошмайдиган буюк мақсадларсиз инсониятнинг қорин ғамидан бошқа ғами бўлмаган тўнғиздан не фарқи қоларди?

Дарвоқе, “ҳеч қачон амалга ошмайдиган буюк мақсадлар” деганимда эсимга тушган бир қизиқ фикрни ҳам келтириб ўтай. У америкалик драматург Южин О’Нилники эди, шекилли: “Қўлга киритилиши мумкин бўлган орзуларни ўйлаб яшайдиган одамларни ўша орзуларини амалга ошириб жазоламоқ керак. Чинакам инсонлар ҳеч қачон амалга ошмайдиган буюк орзуларни кўзлаб яшайдилар”, – дейди адиб. Мана шундай чексиз-чегарасиз орзуларсиз, интилишларсиз бир-икки инсон эмас, катта адабиёт, катта миллатнинг сўз санъати қанот қоқа оладими, агар қанот қоқса, унинг парвози қаергача боради? Тўйтепагачами?

5. У ёхуд бу меванинг ҳосилдор, йирик ва хуштаъм бўлиши йўлида селекционерлар нима “айёрликлар”ни ўйлаб топишмайди, дейсиз. Масалан, ҳозир бозорларимизда ўзимизнинг жайдари гилосдан бошқа бу меванинг ҳамма маҳаллий-ажнабий дурагайларини топишингиз мумкин. Кичкиналигимизда дадам раҳматли оиламизнинг ҳар бир аъзоси номига биттадан гилос кўчати олиб келиб ҳовлимизга экканди. Уларнинг ҳаммаси аввалига яхши тутди, уч-тўрт йилдан сўнг мўл ҳосилга ҳам кирди. Бироқ ўшалардан иккитаси ҳеч қанча вақт ўтмай аввал ҳосилдан қолди, кейин бўлса, бирдан қуришга тушди. Шунда дадам бизга тушунтирган эди: “Шу иккаласи қанақа бўлсаям гилос дарахтига эмас, зарангга пайванд қилинган экан, охир-оқибат асли наслига тортди – заранглашиб кетди…”

“Модернизм”, “постмодернизм”, “неомодернизм”, “экзистенциализм” ва улардан ўсиб чиққан барча ижодий йўналишлар у ёхуд бу адабий-эстетик маконда пайдо бўлган, ўша макон об-ҳавосида улғайган, кўпроқ айнан ўша макон атрофида истиқомат қилувчи мухлис дунёқараши ва дидига мос адабий маҳсулот берган ёхуд бераётган методлар ҳисобланади. Мазкур методларда дунё адабиёти ва санъатида чинакам ҳодиса бўлган кўплаб асарлар вужудга келдики, уларни инкор этиш, кўриб кўрмасликка олиш – бориб турган маданий басирлик бўлур эди. Қолаверса, мазкур методларни муаллифлар бекорчиликдан ёхуд олифтагарчилик учун ўйлаб топмаганларини ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Чунки ўтган ХХ аср Ғарб дунёсида ва тақдири унга тарихан туташ бўлган Лотин Америкаси мамлакатлари ва Японияда чакана ижтимоий-сиёсий фалокатлар, шафқатсиз ва меҳрсиз капиталнинг темиртан диктатураси, миллионлар ҳаётини домига тортган жаҳон урушлари, ўшанга қадар жамиятларни тутиб турган қадриятларни ер билан яксон қилган маънавий инқирозлар юз бердими? (Ўтган асрнинг айнан 10-40 йиллари оралиғида!) Бу ҳодисаларнинг бари бирлашиб, инсон руҳиятида ортга қайтмас эврилишларни, синишларни, инсон бўлиб яралганига беҳад пушаймонликларни келтириб чиқарди. (Голливуд киноижодкорлари томонидан реалистик йўсинда суратга олинган “Однажды в Америке” фильми ҳодисаларини эслайлик). Айни шу жамиятларда яшаган, барча маънавий деградацияларнинг жонли ва ҳиссиётли гувоҳи бўлган ижодкорлар анъанавий методлардан кўра, янгича, айни замон ва мафкура руҳига мос (мослашган эмас!) усул-услублар излаши табиий ва ҳатто зарурий ҳодиса эди. Бу жиҳатдан ҳеч қурса, Альбер Камюнинг “Бегона” қиссасини, Франц Кафканинг “Жазо колониясида” ҳикоясини, япон адиблари асарларини, Фридрих Дюрренматнинг “Эшак соясидан чиққан ҳангома” фарс-драмасини эслаш ва хаёлан таҳлилдан ўтказишнинг ўзи кифоядир… Демоқчиманки, Ғарб эстетик такомилидаги табиий жараён меваси бўлмиш бу методларни “қандайдир “изм”лар” деб калака қилиш, менсимаслик сиз билан бизга ярашмайди, обрў ҳам келтирмайди.

Масаланинг иккинчи жиҳати эса, дарҳақиқат, жиддий муҳокамага муҳтож. Яъни бугунги адабиёт ва санъатимизда кузатилаётган, ақли етса-етмаса, диди ўтса-ўтмаса, мана шу методларга тақлидан нарса ёзиш, “санъат асари яратиш” йўлидаги чиранишлар кишининг аввал кулгисини, кейин ғашини келтиради, холос. Боя айтганимиздек, гилоснинг навини янгилаш, ҳосилини мўл қилиш учун у пайванд қилинадиган асос ҳам қандай бўлмасин, гилос навига оид бўлиши шартлиги нафақат табиатга, балки эстетикага ҳам хос бўлган азалий қонуниятдир. Агар озгина диққат қилсак, кўрамизки, ҳатто, барча замонлар ва маконлар учун универсалдек туюладиган реализм методи ҳам Ғарбда ўзига хос қиёфага, Шарқу Жанубда ўзгача шамойилга эга. Дейлик, Қодирий ва Чўлпон романларидаги реализм қатидан шарқона романтизмнинг шоҳи кўйлаги лип этиб ўтиб қолишини сезмаслик мумкин эмас, ахир. Ғарбда кенг қулоч ёзган “шафқатсиз реализм”ни, ҳар қанча тошбағир бўлмасин, бизнинг ёзувчиларимиз оби тобига келтириша олмайди ва бунинг кераги ҳам, бунга эҳтиёж ҳам йўқ.

Афсуски, миллий адабиёт майдонида миллий ижоднинг азалий, анъанавий ва беҳад имкониятларга эга “ўйин қоидалари”ни ўзлаштира олмаётган (бунинг учун, “бор-йўғи” Худо юқтирган истеъдод талаб қилинади, холос!), бунинг уддасидан чиқа олмаслигига ниҳоят ожиз ақли ета бошлаган қаламкашлар “шиғир” ва насрий ёзмаларини ҳар турли шаклу шамойилга солишга бекорга уриниб ётишибди. Ишонмасангиз, синаб билингки, мана шу хил “ижодкорлар” на Камюнинг, на Сартрнинг, на Фромм ёхуд Юнгнинг бирор сатрини тушунишади, мағзини чақа олишади. Улар ҳатто Маяковскийнинг нисбатан ибтидоий футуристик шеъру достонларига ҳам оғзини очиб қарашдан нарига ўтишолмайди. Мана шу ҳолатда Сиз буларнинг нархини, обрў-мартабасини ошириб “бизни қаерга бошлаб кетяпти?” дея хавфсирашингиз сал кулгили туюлади. Сизни безовта қилаётган фақат улар эълон қилишдан чарчамаётган “модернистик асарлар”гина эмас, бу хил муаллифларнинг шахсий “таҳлилчилари”, “кашфиётчилари” томонидан пайдар-пай ёзилаётган мақолалар ҳам эканига ақлимиз етиб турибди. Нима ҳам дейсиз: кўнгилни кенг қилинг. Халқдан чиққан бир “шумроқ” донишманд айтган экан: “Деворни йиқиладиган томонига қараб итаринглар”, деб. Бу “адабий башарали” деворлар, боя айтганимиздек, нари борса, пахсадан қилинган пойдеворга гипсокартондан “монтаж” қилинган, ёмғир сувига-да ювилиб кетадиган гуашда чизилган декорациядек гап: Сиз итармасангиз ҳам бир-икки адабий мавсумдан кейин ўзи нураб кетади…

6. Бу масалада ҳам муаммонинг қўйилишидан тортиб унинг ечимигача бирёқламаликдан нари бўлгани дуруст. Яъни, аслида, санъат – оҳанг, ранг, сўз, жисму жон ўйини – пластикаси – импровизацияси маҳсули саналишини эсдан чиқармаслигимиз керак. Шу ўринда яқинда эшитганим бир ҳангома ёдга келяпти. Санъаткорлар тайёрлайдиган олий ўқув юртига янги ишга борган дўстларимдан бири – аёл киши беозор кулиб “арз қилиб” қолди: “Ака, талабаларини-ку, қўйинг, у ернинг домлалари ҳам сал “анақароқ”. Кеча йўлакда кетаётсам, орқамдан бир кап-катта домла ҳар хил қилиқ қилиб келяпти. Шартта тўхтаб, астойдил ранжиб: “Бу нима қилганингиз, нега менинг юришимни масхаралаяпсиз?” десам, жиддий туриб: “Хоним, мен сизни асло ранжитмоқчи эмасман. Просто… юришингиздан этюд оляпман”, дейди…”

Санъат – Яратган қудратига яралмишнинг буюк тақлиди, истеъдодли тақлиди, бадиий юксак тақлиди экани – унинг аксиомаси саналадики, бусиз “қора сўз” билан “шеърий лутф”нинг, тоғнинг оддий тоши билан “Оёғидаги зирапчани олаётган бола” ҳайкалининг, жайдари хиргойи билан “Чўли ироқ”нинг, ўргатилган фил хартумида бўялган мато билан холстдаги “Жаконда”нинг… фарқи бўлмаган бўларди. Бу ҳол тушунарлироқ бўлиши учун бизга яна чинакам санъатнинг ўзи ёрдамга келади. Масалан, Иқбол Мирзо сўзни мана, қанақа ўйнайди, ўйнатади:

Ҳовузда худойимнинг аксини кўргандайман,
Булутлар ва балиқлар рақсини кўргандайман.
Яшил қуёш, мовий тош, сафсар кўз ёш оралаб,
Одамнинг ва Ҳавонинг нафсини кўргандайман.
Юзимга сувлар урдим, юзимга зулм этдим,
Ўзимга зулм этдим, кўзимга зулм этдим.

Мана шу ҳовуздаги аксни – Яратганнинг оламдаги ва одамдаги зуҳрини тасвирлаш, буюк қудрат ва ҳеч қачон тўла очилмас руҳоний сир сари одимлаш завқи барча санъат турлари, жумладан, адабиётдан ҳам, худди рассом рангларни ийлагандек, сўзни чийлашни, товлантиришни, ўйнатишни, унинг оддий одам кўзидан пинҳон ранг ва оҳангини юзага чиқаришни талаб қилади. Бу, асло “сўзбозлик” дегани бўлмай, дун­ёга ботиний нигоҳ билан қарай олиш қуввати ато этилган истеъдоднинггина қўлидан келадиган “ўйин усули”дир. Бир нарсани тан олиш керакки, истеъдод улгуржи нарса: берса қўшқўллаб беради – бўлади, бермаса, чираниш-у жилпанглашдан фойда йўқ – бўлмайди. Ана ўша бор нарсани рўёбга чиқариш тинимсиз меҳнатни, изланишни, жон койитишни, ўздан, дунёнинг ўткинчи лаззатларидан воз кечишни талаб этиши эса ҳаммага маълум ҳақиқат, истеъдоднинг яшаш талабидир.

Бизга берилган саволнинг туғилиши сабабини ҳам, албатта, инкор этиб бўлмайди. Яъни, санъатни ўйинга айлантираётган, яна ҳам тўғрироғи – маиший даражадан юқори кўтарила олмайдиган ўйинларни санъат деб тақдим этаётган “маданий косиб”лар ҳаракати одамнинг ғашини келтираётгани, дарҳақиқат, бор гап. Бу масалада айбни нуқул хориждан қидириш, “оммавий маданият” балосини рўкач қилавериш ҳам, охир-оқибат, одамни уятга қолдиради. Мўр-малахдай ёпирилиб кириб келаётган ўша “оммавий маданият”нинг кучли таъсирини инкор этмаган ҳолда, бошқа бир ҳақиқатдан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Бу аччиқ ҳақиқат шундан иборатки, миллий маданий маконда “оммавий маданият”га кенгроқ жой очиш, унинг урчиб-болалаши учун қулай об-ҳаво – муҳит яратиш, бу заминни ҳар турли ўғитлар билан таъминлаш, етиштирилган “мўл ҳосил”ни жозибадор “упаковка”да пайдар-пай бозорга чиқариб пуллашдан манфаатдор кучлар ўзимизда ҳам истаганча топилади. Агар уларни муҳокама минбарларида тингласангиз, ҳаммаси бир овоздан “калкаланган” (“калакаланган” деб айтиш тўғрироқ бўларди!) ўзбек тилида бу ҳодисага қарши эканини бидирлашади, “айрим дўстлари”нинг бу қилиқларини, бор-йўғи, “нима десам экан… ижодий экспериме-е-нт сифатида тушунаман” дейишади. Ваҳоланки, бунақа экспериментлар ўнлаб йиллар давом этаётгани, бу жараёнда миллий санъат ва маданият, адабиёт майдонида тобора чуқурроқ томир отиб бораётган алафлар гуркираб ғовлаётгани виждонли зиёлиларни қийнамаслиги мумкин эмас. Албатта, йиллар ўтиб мазкур ҳодисалар ўзининг объектив баҳосини олиши, бояги манфаатдор корчалонлар тарих чиқиндихонасидан ўзига “муносиб жой” эгаллаши тайин. Бироқ бу орада бир неча авлод эстетик дидининг қашшоқлашиши, уларнинг чинакам санъат билан дурагай томошабозлик фарқига етмай ўтишидек афсусланарли манзара маданий тарихимиз юзида доғ бўлиб қолиши кишига алам қилади.

7. Очиғини айтганда, кўпчилик адабий танқидни ниҳоятда тор, бирёқлама тушунади, у тўғрида шунга яраша фикр-хулоса ясайди. Бундай қараш айрим шоир-ёзувчиларга ҳам ёт эмаслигини шундан ҳам билсак бўладики, улардан бири – ҳар ярим йилда бештадан достонни қойиллатиб, Навоийни ҳам чангида қолдириб кетган, энг синчков муҳаддислар ҳам топа олмаган ҳадисни гўё “топиб”, у билан китобини безаган бир шоир: “Биз шўро замонининг энг ярамас нарсаси – адабий танқиддан, ҳайриятки, қутилдик” – деган гапни айтишгача бориб етганди.

Ҳолбуки, адабий танқид худди адабиётдек қадимий тарихга, эволюцион такомил йўлига эга эстетик тафаккур соҳаси ҳисобланади. Чуқур адабий танқидий мулоҳазалардан иборат мақола ва китоблар худди бадиий асар сингари завқ-шавқ билан ўқилади, қизиқарли баҳс-мунозараларга сабаб бўлади. Бошқача айтганда, адабий танқидчи у ёхуд бу асар таҳлили асносида олам ва одам ҳақида ўзининг ёзувчиникидан кам бўлмаган талқинларини илгари суради, уларни ҳам илмий, ҳам ижодий далиллайди.

Ўзбек адабий танқидчилигининг Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Иброҳим Ғафуров сингари вакиллари етакчилик қилган даври билан бугунги ҳолатини солиштирсак, одамни хурсанд қиладиган нарса кам топилиши бор гап. Мақолаларимнинг бирида “адабиётнинг қанд касаллиги” ҳақидаги мулоҳазаларим билан ўртоқлашган эдим. Назаримда, бу касаллик адабий танқид “танаси”га ҳам аллақачон ўрнашган кўринади. Шунинг учунми, бугунги адабий танқиднинг нигоҳида ёлқин, ҳамласида шиддат, ҳаракатида жўшқинлик кўп ҳам сезилмайди. Адабиёт танасидаги яраларни узиб ташлайдиган тишлар лиқиллаб, касал илдизларни суғуриб отадиган тирноқлар кўчиб қолган. Натижада, адабиёт – доимий парваришга, иҳотага, сергак эътиборга муҳтож инжа боққа, боя айтганимиздек, хоҳлаган бекорчи истаган алафининг уруғини кетмонлаб экмоқда, бу боғ бағрини таниб бўлмас даражага келтиряпти. Кундалик “сариқ” нашрларда “давоми келгуси сонда” экани ваъда қилиниб босилаётган, бир-биридан тубан тўқималарни айтмаганимизда ҳам, китоб дўконларимиз пештахталарида мумтоз адабий мулкни сурбетларча бир четга суриб ўзининг йўғон ва бесўнақай гавдасига жой очаётган “танланган асарлар”, “сайланма”лар, “томлик”лар қўр тўкмоқдаки, ўзини ҳурмат қилган дидли китобхон бу ҳолга ҳайрон боқаётгани аниқ.

Бугун худди ҳар бир қўшиқчининг ёнида ўзининг продюссери, даллоли бўлгани сингари кўпчилик ёзувчи-шоирларнинг ҳам ҳамтовоқ талқинчилари – “адабиётшунос”лари бўлиши кутиладиган ҳолга айланган. Холис, самимий, куюнчак таҳлилу талқин ўрнини “шишадошни қўллаб юбориш”, “кейинги йил мукофот-унвонга илинтириб қолиш” истаги, “бир ердан эканлигини унутмаслик масъулияти”, “нариги гуруҳдагилар ҳужумига қолдирмаслик”дек сергаклик… сифатлари эгалламоқда. У ёғини суриштирсангиз, “олимман” деб юрган, сони анча-мунчани ташкил этадиган биродарларимизда оддий саводнинг ҳам бели чиқиб қолгани, бугунги дунё адабиёти, эстетик тафаккури не уфқларни забт этаётган бир вақтда, уларнинг адабий диди Қаҳҳор домланинг “адабиёт муаллими”ники даражасида экани одамни чиндан қўрқитиб юборади. Бу қандайдир ваҳима гап бўлмай, ўша “мутахассислар” томонидан ёзилган ўнлаб, юзлаб қўлёзмалар билан танишиш асносида юзага келган хулоса, десам ишонаверинг.

Бизга қаратилган эътирозингизни ҳам эшитиб турибман: “Сиз ҳам ўзингизни адабий танқидчи санаб юрасиз-ку, нега ўшаларни номма-ном айтиб “уриб ташламайсиз?” демоқчисиз-да. Аввало шуки, бундай мақолаларни босадиган “муҳаррирнинг марди” (Муҳаммад Юсуф)ни бугун кундузи чироқ ёқиб қидиришга тўғри келаётир. Қолаверса, аввалроқ айтганимдек, ношуд муҳаррирларга доно маслаҳатчилик қилаётганларнинг нозик дидига мослаб нарса ёзиб “тарихда қолгандан” кўра, ёзмай қўя қолган маъқулдек. Ва яна, қолаверса, бу даъватингизга устоз шоиримиз Абдулла Орипов лирик қаҳрамони тили билан: “Мен ўзга манзилга тикканман кўзим…” дея ёхуд яна ўша Қаҳҳор домланинг Саидийси замона Булбулигўёларига қарата айтганидек: “Мен тешик томни ямаш учун дунёга келмаганман” дея жавоб бериш тўғри ва виждонли гап бўлади…

8. “Эски” – “янги” масаласида Сиз билан бизни шакл чалғитмаслиги керак. Шаклий янгилик, бошқачалик ҳали тафаккур, идрок, туйғу янгилиги дегани эмас. Ва, аксинча, масалан, Абдулла Орипов иншо манерасида Ғафур Ғуломона кенгликнинг зуҳур этиши, Шавкат Раҳмон ҳайқириқларида Чўлпоннинг ўчмас овози эшитилишини асло так­рорга йўймаслигимиз лозим. Бу буюк ижодкорларни бирлаштириб-яқинлаштириб турган бошқа нарса – уларнинг чинакам миллийлиги, миллат қалбини, сажиясини кашф этувчилар экани.

Мазкур саволга Назар Эшонқул дўстимиз берган жавобда ҳақ гап айтилибди: ҳар бир чинакам ижодкор, аввало, бетакрор шахс бўлади. Шахс эса завод станоги новидан пайдар-пай тўкилиб турадиган машина детали эмас. Унинг ишловига йиллар, балки асрлар талаб этилар. Ижодкор шахс камолоти учун эса, инчунин.

Пушкиндан мерос бир мулоҳаза бор: агар мен ҳайкалтарошдан мушугимнинг ҳайкалини ясаб беришини илтимос қилсам-у, у менга мушукни қандай бўлса, ўшандоқлигича акс эттириб берса, менда битта эмас, иккита мушук пайдо бўлади, холос, фарқи – бири жонли, бошқаси жонсиз. Чинакам ҳайкалтарош ўша мушукнинг шундай ҳолатини топадики, бу ҳолат, балки бояги тирик мушукнинг ўзига ҳам қизиқ туюлар… Шунга ўхшаб, ижодий оригиналликни таъминлаб турган жавҳарни фақат шакл­дан излаш эстетик идрок чалғишининг бошланишидир.

Замонамизнинг айрим “юксак бадиий дид эгалари”, масалан, Муҳаммад Юсуфни шеъриятда оригинал йўл оча олмаганликда, анъанавийликда айблаб висирлашади. Ҳолбуки, агар холис диққат қаратилса, бу жувонмард шоир ўзидан аввал ижод қилган салафларининг бирортасини, бирор масалада такрорламади. Мана, қўлимда шоир тўпламларидан бири. Уни варақлаб, китобга жамланган шеърлар сарлавҳасини навбатма-навбат ўқийман: “Ватаним”, “Жайрон”, “Меҳр қолур”, “Озода”, “Биз бахтли бўламиз”, “Тузалмайди дардим менинг”, “Мўминжон”, “Лолақизғалдоқ”… Хўш, бу шеърлардаги руҳият, кайфият, дард, ҳолат, иншо усулининг аналогини Муҳаммад Юсуфга қадар ижод қилган минглаб шоирлар меросидан топа оламизми? Айнан мана шу жиҳат бадиий ижоддаги чинакам янгилик, наваторлик, оригиналлик эмасми?

Энди менга гўё янгича усулда ёзаётган, ўқувчи-мухлис – инсон кўнглига умрбоқий ўрнашиб қоладиган асарлар яратиши шарт бўлган “модернчи”ларнинг ҳаворанг китобларидан “эскича” ёзган Муҳаммад Юсуфникидек чинакам иккита шеър топиб беринг-чи.

Дўстим, тушунинг, масалан, Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Жажман”, Назар Эшонқулнинг “Маймун етаклаган одам”, Исажон Султоннинг “Қисмат”, Муҳаммад Шарифнинг “Парвоз” ҳикоялари ўқувчини аввалбошда янгича ҳикоя тарзи билан ўзига тортгандек туюлса-да, ўша ўқувчи ички дунёсини остин-устин қилиб ташлайдиган асл қудрат – бу асарлар замирида ётган, шу пайтга қадар ҳеч қачон бу тахлит талқинини топмаган воқелик, маъно-мазмун ҳисобланади. Бир сўз билан айтганда, истеъдод дарди маҳсули бўлган ҳар бир асар ҳар доим янги, “аввалгиларга ўхшамас” ўзининг шаклу шамойилида туғилади, яшайди ва… шу сифати билан ҳам ўлмай қолади.

9. Боя бир ҳақиқатни эслатдик: катта истеъдодларга ҳамма нарса улгуржи берилади – тафаккур ва идрок кенглиги ҳам, қалб ва туйғу кўлами ҳам, иншо ва изҳор оригиналлиги ҳам. Шундан келиб чиқиб, улар ўзи яшаётган даврнинг маъно-моҳиятини ичидан – илдизидан англайди, абадий ўзгармас курашларнинг янги шаклу шамойилда такрорланаётганини илғайди, дунёга келиши эвазига елкасига юкланган машаққатли вазифани ҳам теран ҳис қилади.

Кўпинча, гигант сиймолар тўғрисида гап кетганда, “тарихнинг бурилиш паллаларида мана шундай улуғ зотлар майдонга келади” деган талқинларни эшитамиз. Менимча, бу таъриф бошқачароқ, аниғи – айнан тескари шаклда берилиши тўғрироқ бўлур эди. Яъни “мана шундай улуғ шахслар тарихнинг – тараққиётнинг бурилишига сабабчи бўлишади, унга мазмун, тақдир бахш этишади”. (Шоир, бу ҳодисанинг бир жиҳатига урғу бериш учун, соф ўзбекча қилиб айтади: “Эгам гоҳо шундай ўйнар қули билан, Гоҳо урар бандасининг қўли билан…”)

Аллома Ғафур Ғулом ижодида учрайдиган замонасозлик руҳидаги айрим шеър­ларни қайта-қайта пеш қилавериш ҳам, балки, кимгадир обрў келтирар, бироқ ўша обрўталаб кимса ўзбек шоири ўтган асрнинг 20-йилларидаёқ “Тилларда бонг уринг янги турмуш-чун, Зеҳн окуркадай оёқ остида” дея шўро сиёсатининг асл иллатини ҳеч кимникига ўхшамас қуйма сатрларда ифодалаб қўйганини ҳам билса, қанийди. Шу маънода, барча фожиали адашишлар, ишонишлар, кейинги афсус-надоматларга қарамай, ҳар қанча чиранилмасин, Ғафур Ғуломлар авлодини “шўро фуқарочилиги”нинг тор, темир рамкасига асло сиғдириб бўлмайди. Ғафур Ғулом, Ойбек, Мақсуд Шайхзода, Миртемир сингари адиблар чинакам ўзбек миллий ижодкорлари эди. Улар давр йўл қўйган ва қўймаган даражада ҳам чин фуқаролик (қизил шўро фуқаролиги эмас!), ҳам ижодкорлик вазифасини адо этганлар.

“Битта ишни амалга ошира туриб, ҳар икки – ижодкорлик ва фуқаролик бурчларини адо этиш мумкин”гина эмас, шартдир! Зеро, фуқаролик дегани паспортдаги ёзувдан каттароқ тушунча бўлиб, у халқпарварлик, миллатпарварлик, ҳақиқатпарварлик, адолатпарварлик сингари ўлмас эзгу туйғуларни ҳам ўз ичига олади. Ижодкор эса мана шу туйғулар эгаси, тарафдори, ҳимоячиси бўлмаса, нимани ижод қилади, унинг кори – ҳунаридан не наф?

10. Севимли шоиримиз Омон Матжон ўтган асрнинг нурсиз кунларида безовта руҳ ҳақида бир шеърий ҳикоя ёзганди. Мазмуни шуки, қоронғи гўр ичида ётган руҳ бир кун ер юзига чиқади. Шунда қабристон йўлида ўзига-ўзи гап уқтириб, недир масалани албатта ҳал этиш шаҳдида бораётган кишини кўраркан, хотиржам қоронғи манзилига қайта бош қўяди: “Ер устида одамлар яшаётган экан!” Орадан юз йилми-минг йилми ўтиб руҳ яна бир бор дунёга чиқади ва кўрадики, бояги йўлда бир кимса – боши хам, кўзи нурсиз, қадди ва қадами эзгин ҳолда ўз-ўзига минғирлаб боряпти: “Гапирганинг билан фойдаси нима, ҳеч нарса ўзгармайди, шундоқ экан, ғовлаб кетмайдими, менга нима?” қабилида. Шунда руҳ қабристон сари чинқириб учади: “Ўликлар, туринг, Ер усти ҳам бизники энди!..”

Ёдингизда бўлса, суҳбатимиз бошида эслаганимиз 70-йиллар авлоди адабиёт майдонида жавлон ураётган пайтлар “Пушкин-1”да жойлашган Ёзувчилар уюшмасида кечадиган муҳокамаларда конкрет асаргина эмас, бир ноўрин қўлланган сўз устида ҳам қанақанги қизғин мунозаралар бўларди. Улар нафақат истеъдодларнинг тобланишига, балки бу майдонга кирмоққа чоғланганларнинг жиддий сергак тортишига, бу макон кўнгилхушлик қиладиган жой эмаслигини англашига, шунга қараб оёқ босишига сабаб бўларди. Нафақат адабиёт газетамиз, балки унга ёндош бошқа нашрлар саҳифалари ҳам адабий-эстетик баҳсларга тўлиқ бўлар, энг муҳими – уларда фақат профессионаллар эмас, балки юзлаб, минглаб дидли китобхонлар ҳам қизғин иштирок этарди. 70-йиллар авлодининг обрўсини ҳозиргача сақлаб турган бир-биридан ўқишли, бадиий бақувват асарлар яратилишида шу ижодий муҳит ролини ҳам эътироф этмоқ инсофдан бўлса керак? Шундай экан, токи адабиёт ва санъат ўз ҳудудида юз бераётган ҳодисаларни ўзи мустақил ва эркин муҳокама қилмагунча, бунинг учун эса шу ишга мутасаддиликни бўйнига олган кишилар зиммасидаги энг муҳим вазифа айнан шу муаммо ечими (юбилейлар ўтказиш, байрам оши ва гўшт тарқатиш, ойлик ва машина бензини лимити билан шуғулланиш … баробарида, албатта!) эканини англамагунча, бир сўз билан айтганда, адабиёт ўзини ўзи тозалаб, тозартириб бориш ҳуқуқини амалга киритмагунча, Сиз айтгандек, “инсонни инсон, миллатни миллат сифатида тикланишига маънавий далда” бўлиш миссиясини бажара олмайди.

 

Абдуқаюм Йўлдош жавоблари:

1. Асл ижодкорларни тақвим саҳифаларига қараб авлодларга бўлиш анъанасига унчалик қўшилолмайман. Назаримда, яқин-узоқ кечмиш ёинки бугунги кун, аввало, адабий кашфиётлари ҳамда қаламкаш Шахслари билан эътиборга молик бўлгани маъқулроқдек. Таассуфки, тилга олинаётган вақт оралиғида бу эътирофга лойиқ асарларнию рутбага муносиб зотларни санай бошласак, қўлларимиздаги бармоқларимиз ҳам ортиб қолади.

Дейлик, бирон асаридаги қаҳрамон тилидан эмас, ўзининг устидан кетаётган суд жараёнида “Мен тўғрилик орқасида, бош кетса “их” дейдирган йигит эмасман!” дея хитоб қилган улуғ Қодирий Шахси қошида ҳайратлар ила бош эгмай бўладими? Партиянинг онгсиз солдати эмаслигини юксак минбарда туриб айта олган Қаҳҳор-чи? Тўғри, ижтимоий эврилишлар юз бериб, ёв қочгач, бу гап Қаҳҳордан бурун ҳам айтилгани борасида даъволар ғимирлаб қолди. Ҳақ гап. Бу гапни Қаҳҳордан олдин ҳам айтишган, Қаҳҳордан кейин ҳам айтишади. Балки “партия” ўрнига “ғоя” тушунчаси ишлатилар, балки “мафкура”. Аммо бу билан моҳият ўзгармай қолаверади. Муҳими – шу гапни АЙТА ОЛИШДА. Агар такрорлаш шунчалик осон экан, ибрат шундоқ кўз олдиларида турганидан кейин ҳам нима учун Қаҳҳорга жўровоз адиблар қатлами пайдо бўлмади, нима учун адабиётимиз осмонидан воқеа бўладиган асарлар ёмғири ёғмади: Қаҳҳор жасорати момақалдироқ бўлиб гумбурлаб қолаверди. Билъакс, бугун ўқисангиз уялиб кетадиган ёстиқдай-ёстиқдай рўмон-қиссалар узлуксиз босилиб чиқаверди. Нима учун қайта қуриш йилларида кўз-кўз этишга арзигулик “Зилзила”дан бошқа чоп этилмаган асар топилмади?..

Айтишларича, 60-йилларда аксарият ёзувчилар “Шу асарим чоп этилиб қолса, Қаҳҳор нима деркан?” деган адабий истиҳола билан ижод қилишаркан. Кейинги йигирма йил ичида мана шу тарздаги истиҳола унутилди. Бунинг объектив сабабларини санаб ўтириш анча вақтни олади, аммо асосийларидан бири, албатта, бу менинг мулоҳазам, адабиётимизда шундай Шахс(лар)нинг тақчиллигидир. Брехтнинг гапларини сал ўзгартириб айтадиган бўлсак, бундай Шахси йўқ адабиётнинг эмас, бундай Шахсга эҳтиёжманд адабиётнинг ривожланиши оғирроқ кечади.

Ўтган асрнинг 80-йилларидан 90-йилларнинг бошларига қадар адабий улоқ публицистика ва “фош этувчи” (моҳиятига кўра, бу ҳам публицистика) асарларда кетди. Бунинг натижасида, адабий жараёнда маълум даражада “оқ доғлар” пайдо бўлди. Бу даврда энди адабиётга кириб келган қаламкашларни ўзимча “адаштирилган авлод” деб атайман. Илло, “социалистик реализм” исканжасида улғайган авлоднинг баногоҳ “қайта қуриш” қозонида қайнашию ўтган етмиш тўрт йил бўралатиб сўкилган нигилистик мақолаларни ҳазм қилиши, айни пайтда, бозор иқтисодиётининг бизга номаълум жиҳатларини тезликда ўрганиб олиши, янги замонга, янги ижтимоий талабларга, янги дид-савияга мослашиши, адабиёт тирикчилик ва обрў воситаси эмас, қисмат эканлигини англаб етиши осон кечмади. Таъбир жоиз бўлса, адабиётда янгиси қурилмасдан туриб эскиси бузилди. Бу талотўпда анча-мунча одамнинг боши айланиб қолиши табиий ҳол эди, деб ўйлайман.

Ниҳоят, пўртана тиниб, сув юзасидаги хас-хашаклар оқиб кетганидан сўнггина “ярқ” этган асарлар ора-сира кўзга ташлана бошлади. Менинг назаримда, узоқ давом этган синовлардан сўнг алоҳа адабиётимизда янги, овози “икки дарё оралиғида” қолиб кетмайдиган авлод пайдо бўлгандек. Ажаб эмас, шу яқин йиллар ичида адабий истеъмолга “Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Исажон Султон, Баҳром Рўзимуҳаммадлар даври” деган истилоҳ кириб келса. Энг муҳими эса – менинг назаримда, албатта – адабиётимизда Эркин Аъзам, Шуҳрат Ризаев тимсолида Шахслар пайдо бўлди…

2. Ижодий эркинликсиз адабиёт иссиқхонада етиштирилган гулга ўхшаб нимжон ва бўйсиз бўлиб қолади. Фақат бу эркинлик сарҳадларини аниқлаштириб, дарҳол Хитой девори билан ўраб олишга шошмаслик керак. Биз учун муҳими – натижа, яъни адабиётимизда воқеа бўладиган асар. Мисол учун, Исажон Султон “Адабиётда тимсоллар даври келди”, дейди, ўзиям турли экспериментларни яхши кўради. Унинг “Боқий дарбадар”, “Озод” романларини ёки Чикагода ўтказилган халқаро танловда юқори ўринни олган “Айвон” ҳикоясини тилга олмаган тақдиримда ҳам, кейинги “Ота қасидаси”ни ўқиб ларзага тушдим. Ҳикоя қандай “..изм”да ёзилгани билан қизиқиб ҳам ўтирмадим, зеро, у менга анъанавий адабиётнинг чўққиси бўлиб туюлди.

“Дунёни бадиий-эстетик қабул қилишдаги яқинлик” борасидаги ташвишлар ҳам ўринсиз-ов. Ўзимча, бир тажриба ўтказиб кўрдим. Баҳром Рўзимуҳаммаднинг бир туркум “бошқотирма” шеърларини олдим-да, ҳар куни фақат биттадан ўқийвердим. Кейин мулоҳаза юритишга уриниб кўрдим: шоир бу мисраси билан нима демоқчи, буниси билан-чи, ўзи айтар гапи борми ва ҳоказо. Ишонаверинг, таассуротлар энг яхши ҳикоя ўқилгандек…

Албатта, эркинлик бор экан, унинг суистеъмолчилиги ҳам бўлади. Қалбидан эмас, қориндан чиқариб ёзаётган битикларини турли ялтироқ “изм”лар қобиғига ўраб бераётган, “санъат – санъат учун, мени юз йилдан кейин тушунишади, ахир, аллақачон постмодернизм босқичидан ҳам ўтиб бўлганман” қабилидаги пуч даъволар қилаётган қаламкашлар ҳам учраб турибди. Бусиз мумкин ҳам эмас, шекилли: тараққиёт тикансиз бўлмайди.

Булар ҳали ҳолваси. Ана, интернетни очинг, шафқатсизлигу фаҳш, қонхўрлигу зўравонлик тарғиб қилинган “асар”лар ачиб-бижғиб ётибди. Аммо булар монитор-қути ичида-ку, деб хотиржам бўлишга ҳам асос йўқ. Яқинда бир каттагина кутубхонадан “Жаҳон адабиёти” журналининг лоақал биронта ҳам сони топилмади. Аммо жавонларни тўлдириб турган, қалин ялтироқ муқовали, оппоқ-силлиқ қоғозларда чоп этилган жилд-жилд китобларни варақлаб кўриб, ҳушимиз бошимиздан учди. Бу асарлар қандай қилиб бу ерга келиб қолди? Уларни кимлар ўқимоқда?..

Ҳамон эсимда, олтинчи синфдалигимда “Дон Кихот” ҳамда “Гаргантюа ва Пантрагюэль” китобларини олмоқчи бўлганимда кутубхоначи адабиёт ўқитувчимиздан рухсат олиб келишга юборганди. Бу ерда бўлса, ёш цензи олиб ташланган, нимани хоҳласанг, ўшани уйга олиб кетиб ўқишинг мумкин. Мана, сахий муаллифларнинг ўзлари ҳадя қилган китоблар қаторлашиб турибди…

3. Яхши асар ички норозилик ва бир олам орзу-умидлар, некбин ниятлар чоғишган қалб эҳтиёжидан туғилади. “Ура-ура” кайфиятидаги хотиржам кўнгилдан ҳеч қачон икки самимий мисра ситилиб чиқмайди. Агар шундай бўлмаганида эди, сиз айтаётган “совет адабиётининг аччиқ қисмати” даҳрийлик эътиқод даражасига кўтарилган, зиёлилар қони дарё бўлиб оқаётган бир даврда “Уста ва Маргарита”дек дурдона асарга эга бўлмасди. Кўп ҳолларда мафкурага хизмат – баайни уста мусаввир ҳақиқий ижодининг юзасига оддий манзарани чап­лаб қўйгандек – асарнинг ташқи кўриниши, холос, моҳият эса тамомила ўзгача. “Абадият қонуни”ни эсланг. Ёки Қаҳҳорнинг тенгсиз ҳикоялари қачон яратилган? Ваҳоланки, шундай адиб олтмиш ёшга тўлганида “…халқим ва партиям чизган чизиқдан бир энлик ҳам четга чиққан эмасман, умримнинг охиригача халқимга, партиямга содиқ бўлиб қоламан”, дейди. Қодирийдек зот ҳам “Маним ҳақимда ким нима деса десин, лекин мен Маркс ва Лениннинг ҳароратлик шогирдиман, чунки мен Лениндан руҳ олиб, Марксдан илҳомландим”, дейди. Аммо, шукрки, ўсма кетиб қош қолди, бугунги кунда ҳам адабиётимизнинг ҳар иккала Шахсининг абадиятга дахлдор асарлари – уларнинг кўплаб салафларидан фарқли равишда – қўлдан қўймай ўқилмоқда.

Шубҳасиз, адабиётнинг ақл қамраб олиши мушкул бўлган даражадаги улкан миссия – вазифасини ягона “инсоншунослик” атамаси билан изоҳлаб бўлмас. Голливуднинг бир киноси бор. Замондошларимиз фақат оқ ва қора ранг бўлган жамиятга тушиб қолишади. Тасаввур қилинг, ҳамма томон фақат оқ ва фақат қора. Гўзалликнинг на товланиши бор, на тусланиши. Кунлар бир хил, кайфиятлар бир хил, на қувонч бор ва на ҳаяжон; оломон камалак нима эканлигини билмай ўтиб кетмоқда. Адабиётсиз ҳаёт менга мана шу жамиятни эслатади…

4. Бани башар дунёга келибдики, онгли-онгсиз равишда, беихтиёр адабиёт сари интилади, наинки унинг ёнида бўлишга, бу чексиз адабиётни сарҳадсиз қалбига жойлашга интилади. Дастлабки ҳарфлар, тошга ўйилган битиклар, қўшиқлар, достонлар, эпослар – ҳамма-ҳаммаси мана шу эҳтиёж ҳосилаларидир. Инчунин, адабиёт ҳамиша ва ҳар маҳал инсоннинг ёнидадир, бусиз мумкин ҳам эмас, ахир. Адабиётсиз тамаддуннинг ўзи бўлмасди.

Асл адабиёт ҳамиша эзгулик, яхшилик, ёруғликнинг ёнида туриб “жанг” қилади ва бу кураш абадул-абад давом этажак. Бу – туннинг кун билан алмашинишидай табиий ҳол. Маълум вақтлар оралиғида, бу “жанг” жараёнида кечадиган айрим тактик-стратегик вазифалар боис қандайдир жиҳатлар, омиллар олдинроққа чиқиб қолиши мумкин, аммо булар вақтинчалик тадбирлар, холос. Дейлик, ўтган асрнинг саксонинчи йиллари ўрталарида биз Солженициннинг “ГУЛАГ архипелаги” асарининг босма сифати паст, ҳарфлари аранг кўринадиган “самиздат” нусхасини ойлаб навбатда тургандан кейингина ўқиганмиз. Бу асар том маъноси билан шўро даврини, Инсонни “мурватча” деб билган қонхўр Сталиннинг мудҳиш қирғинбаротини кўз олдимизга келтирди-қўйди. Сал кейинроқ чет элга қочиб кетган собиқ КГБ ходими Виктор Суворовнинг “Аквариум”, “Освободитель”, “История ВОВ” сингари асарларини шундай қўлдан қўймай мутолаа қилдик. Ҳа, шубҳасиз, булар жуда қизиқарли китоблар эди. Аммо улар бизга қимматли маълумотлар бериши, фавқулодда “фош этиш” кўлами билан қадрли эди, холос. Биз буларни шошиб ўқиб чиқдик ва яна Еврипид, Данте, Сервантес, Навоий, Машраб, Гёте, Достоевский, Кафка, Жойс, Қодирий ва Қаҳҳор…га қайтдик. Мана асл Адабиётнинг сўлиш билмас куч-қудрати, оҳанрабоси!

Дарвоқе, ўрни келиб қолди, яна бир ҳолатни қайд этиб ўтай. Адабиётимизнинг янги авлоди кекса авлод ўз асарларида ниқоблаб келган кўп ҳақиқатларни дадил айта олмоқда. Ёдингизда бордир, авваллари уруш даври ҳақидаги қайси китобни – муаллифи уруш қатнашчиси бўлган тақдирда ҳам – ўқисангиз, йигитлар кўнгилли равишда Ватанни ҳимоя қилишга қўшиқ айтиб кетар, ортда эса уларнинг севимли ёрлари оқ рўмолча силкиб хайрлашиб қолишарди.

Яқиндагина Ғ.Каримийнинг “Лангар фожиаси” романида урушга чақирилган қишлоқ йигитларининг қабристонда яшириниб юришларини, Н.Ҳошимовнинг “Ўқ ва тиғ” романида эса ўзбек йигитларининг жанггоҳга худди кушхонага ҳайдалган қўйлар каби, қўлларига қурол ўрнига ёғоч милтиқ тутқазилиб (!) ташлашганини ўқидим. Мана, адабиёт қаерда! Ўйланиб қоламан, наҳотки, шу оддий ҳақиқатларни айтиш учун бизга шу-у-унча йил керак бўлган бўлса?

Адабиёт эзгулик учун курашишдан ҳеч қачон уялмайди, номус қилмайди, аксинча, Адабиётни ўша даражага олиб чиқа олмаган, унинг “атомдан зўр кучидан ўтин ёришда фойдаланиб юрган” биз қаламкашлар уялишимиз, номус қилишимиз керак.

Навоийга мурожаат қилайлик:

Беша шерин гар забун қилсанг шижоатдин эмас,
Нафс итин қилсанг забун, оламда йўқ сендек шужоъ.

Кўнглимиздаги моддийликка, ҳузур-ҳаловатга, тўкин-сочинликка бўлган минг бошли қутқуни енга олсак, садоқатли Адабиёт ҳамиша биз билан бўлиб қолади…

5. Ҳаёт ҳалқасининг ўзи узлуксиз янгиланишлардан иборат. Шоир айтганидай, тирилиш фаслида уйғонмасанг – ўласан. Мен бундан йигирма-ўттиз йиллар муқаддам хорижда “Абадий инновация” атамаси ишлатила бошланганини ўқиб, ҳайрон қолгандим. Аммо тез орада бу тизим ҳаётий зарурат эканлигини англаб етдим. Зеро, шиддат билан ўзгараётган ҳаётимизда янги муносабатлар, янгича қарашлар янада тезлик билан шаклланмоқда, турмуш тарзимизга янгидан-янги илм-фан ютуқлари кириб келмоқда. Бугун дунёнинг нариги чеккасида юз бераётган воқеа-ҳодиса орадан икки дақиқа ўтар-ўтмас, бу чеккасида аён бўлади. Адабиёт ҳам ҳаётимизнинг муҳим мазмун-моҳияти сифатида доимий тад­рижий ўсишда, ривожланишда. Шундай экан, янги замоннинг янги талаблари бу соҳада ислоҳотлар заруратини келтириб чиқариши ва бу эҳтиёжнинг воқеликка айланиши табиий бир ҳол.

Фақат бу борада камина – изланишга асосланган ҳар қандай “изм” қатори постмодернизмнинг ҳам яшашга ҳақли эканлигини эътироф этган ҳолда – эҳтимолки, даққиюнусдан қолган қарашлар тарафдориман. Яъни адабиётнинг асосини, пойдеворини реализм ташкил этади. Мустаҳкам пойдевор устига эса янада мустаҳкам ва чиройли бинолар қуравериш мумкин, моҳият эса ўша-ўша бўлиб қолаверади. Яъни усул восита, холос. Мен бу фикримни юқорида И.Султоннинг бир ҳикояси мисолида асослашга уриндим, шекилли.

Мисол учун, Маркеснинг “Бузрукнинг кузи” романини қайта-қайта ўқийман. Аммо нимагадир шу пайтгача бирон марта асарнинг қайси “изм”га тегишли эканлиги хусусида ўйлаб кўрмаган эканман. Муҳими – китобнинг таъсир кучи. Янада соддароқ айтадиган бўлсам, бу борада Қаҳҳорнинг қадим ўгитига қулоқ тутаман: “Янглиш маслаҳатларга амал қилиб асарнинг ғоясини қидирар эдим. Бу ҳам бекорчи уриниш экан. Ҳақиқатан шундай. Асарнинг ғоясини қидиришга эҳтиёж борми? Асар ўқувчига қандай таъсир қолдирса, уни қайси йўлга бошласа, ғояси ўша-да”. Бунда “ғоя” сўзи ўрнига “изм”ни қўйсак кифоя.

6. Яна кўҳна ҳикматга қайтамиз: мақсад воситани оқлайдими? Яъни бизнинг мисолимизда адабий ўйин яхши асарнинг юзага келишига сабабчи бўладими ёки ўйин – ўйин учун бўлиб қолаверадими?

Адабий ўйиннинг адабиётга айланганига эса анча бўлди. Бунинг учун Милорад Павичнинг шов-шув бўлган “Ҳазар луғати”ни эслаш кифоя. Бошидан-охирига, охиридан бошига, эркаклар учун бошқачаю аёллар учун бошқача, мусулмонлар учун бошқачаю насронийлар учун бошқача ўқиладиган бу асар катта-катта ададларда, турли тилларда чоп этилаётганлигининг ўзиёқ кўп нарсадан шоҳидлик бериб турибди.

Биз эса мавзуга тегишли яна бир ҳикматни эслаб ўтамиз: ўйнаб ёзсанг ҳам, ўйлаб ёз.

Яна бир гап. Ишонасизми, яқинда интернетда шляпа шаклидаги шеърни ўқиб қолдим. Туппа-тузук бошқотирма. Ҳар қалай, бир марта қизиқиб ўқишга ярайди…

7. Чумчуқ сўйса ҳам, қассоб сўйсин. Бугунги адабий танқидчилик ҳақида мутахассислар ўз хулосаларини айтишар, мен ўқувчи сифатидаги мулоҳазаларим билан чекланаман.

Нимагадир “танқидчи” сўзини эшитсам, яна ўша Абдулла Қаҳҳорнинг 1940 йили ёзилган “Тортиқ” мақоласини эслайвераман. Ҳаммамиз биламиз, бу мақолада Саид Аҳмаднинг китоби аёвсиз “урилган”. Орадан чорак аср ўтиб эса Қаҳҳор домланинг “Илҳом ва маҳорат самараси” мақоласи пайдо бўлди. Бу сафар Саид Аҳмаднинг “Уфқ” китоби “анчагина романлар орасида ярқираб турган асар” сифатида юқори баҳоланганди. Ўйланиб қоламан, танқид келажакнинг меваси экан, агар Қаҳҳорнинг аёвсиз танқиди бўлмаганида эди, Саид Аҳмад “Уфқ” романини ёзиш даражасига етиб келармиди-йўқми? Балки устоз Қаҳҳор ўз вақтида айтилган танқиди билан бошловчи ҳаваскорнинг келажакда ҳақиқий ёзувчи бўлиб етишишига катта ҳисса қўшгандир?..

Бугунги танқидчиликдан унчалик кўнглим тўлмайди. Эҳтимол, тинмай чоп этилиб турган ўта катта миқдордаги адабий макулатура орасидан ҳақиқий асарни қидириб топиш мушкул кечаётгандир ё ўзбекона истиҳола-андиша устун келаётгандир, ҳар қалай, мунаққидларимизнинг бирон асарнинг сарагини саракка, пучагини пучакка ажратган жиддий таҳлилли мақолаларини топиш тобора қийин бўлиб бораяпти. Куйинчак мунаққидларимиз Йўл­дош Солижонов билан Санжар Со­диқларнинг айрим чиқишлари бундан мустасно, албатта.

Хўш, бунинг сабаби нимада? Фикримча, айрим танқидчиларимиз – ёшидан қатъи назар – ҳалиям “социалистик реализм” қолипларидан чиқиб кета олишмаган. Бундан уч-тўрт йил бурун ғалати воқеа бўлди. Янги асарни ўқиётган устоз танқидчи рўзғор қийинчиликлари, оиладаги йўқчилик тасвирланган ўринларга филнинг хартумидай катта-катта сўроқлар қўйиб чиқди. Шогирд танқидчи эса кўзларини ола-кула қилганча шартта ҳукм ўқиб ташлади: “Бу асар учун муаллифни майдонга олиб чиқиб, пешонасидан отиб ташлаш керак. Бизнинг замонда камбағал қолибдими?” Бу сўзларни эшитарканман, беихтиёр тақвимга қарадим. Хайриятки, йигирма биринчи асрнинг ўнинчи йилида яшаяпмиз, агар ўтган асрнинг ўттиз еттинчи йили бўлганида, бу сиёсий ҳушёр танқидчилар дарҳол “учлик” тузиб, камбағалларни қаламга олишга журъат этган шўрлик муаллифни отувга ҳукм қилишдан ҳам тойишмасди… Бу мавзуга қайтмаслик учун, қистириб ўтиб кетай: асар бошқа танқидчи томонидан ижобий баҳоланди ва китоб бўлиб чиқди ҳам.

Добролюбовнинг жуда яхши сўзлари бор: “Для нас не столько важно то, что хотел сказать автор, сколько то, что сказалось им, хотя бы и ненамеренно, просто вследствие правдивого воспроизведения фактов жизни” (Биз учун муаллифнинг нима демоқчи бўлгани эмас, эҳтимол ғайри шуурий тарзда, ҳаёт ҳақиқатини холис ифодалаш чоғида нима дея олгани муҳим). Демак, танқидчилик, аввало, ижодкорлик, кашфиётчилик ва табиий равишда холислик ва ҳаққонийликдир.

Танқидчи бўлиш осон эмас. Яқинда Й.Солижоновнинг бир мақоласини ўқиб қолган дўстимиз “Домла дев кўринишидаги шамол тегирмонларига қарши кураш олиб бораяпти-да”, деб қолди. Ваҳоланки, Йўлдош акага ўхшаш мунаққидларимиз айнан шамол тегирмони кўринишидаги девларга қарши кураш олиб боришмоқда. Ҳеч ким индамай тураверса, бу адабий девлар даҳшатли даражада урчиб-кўпайиб, катталашиб кетади. Ана ундан кейин уларга қарши курашиш қийин кечади.

Кўнглимдаги яна бир гап, айрим мунаққидларимиз “тухумдан тук қидиришни” бас қилсалар, Худонинг инояти билан фавқулодда гўзал асарга дуч келиб қолганларида буни бемалол ҳайқириб айта олсинлар ҳам. Келинг, яна Брехтга мурожаат этайлик:

“С а г р е д о. Галилей, ты должен успокоиться.

Г а л и л е й. Сагредо, ты должен взволноваться!”

(С а г р е д о. Галилей, сен ўзингни босиб олишинг керак.

Г а л и л е й. Сагредо, сен ҳаяжонланишинг керак!)

Дарҳақиқат, ижодкор Галилей оламшумул кашфиёт қилган лаҳзаларда нега энди унинг дўсти – танқидчи ҳаяжонланмаяпти? Нега у ҳамма нарсадан гумонсираяпти? Ишонаверинг, яхши асар яратиш ернинг ўз ўқи атрофида айланаётганлигини исботлаш билан баробар. Бунинг устига, сиз ҳар қанча инкор этманг, “у, барибир, айланаверади”.

8. Ҳай-ҳай, жуда унчалик эмасдир. Имоним комил, агар сиз таъкидлагандек, “тап-тайёр, асфальтланган, текис, ҳатто айтиш жоиз, чорраҳаларига светафорлар ўрнатилган йўл” бўлганида эди, бу кўчада “оппа-осон” юришни ихтиёр айлаганлар лак-лак босиб келишар ва натижада, на светафорларингиз қоларди, на йўлнинг ўзи; бу оломон қўлида олатаёқ ушлаб турган танқидчиларни ҳам янчиб ўтиб кетиши аниқ эди…

Ҳар бир ошиқ қалб – муҳаббатни янгилайди, дейишади. Ҳар бир ижодкор Адабиёт аталмиш фусункор, сирли, сеҳрли, ўхшаши ва чеки йўқ оламга ўз қалби билан кириб келади, уни ўзича янгилайди.

Адабиёт – умуминсоний бойлик. Навоий биз учун қанчалик азиз бўлса, Шекспир ҳам шунчалар қадрли. Ҳар иккаласи ҳам инсоният учун бебаҳо мерос қолдирган. Шундай экан, умумсайёрамиз миёқсидаги адабиёт ҳақида сўз юритган чоғимизда янгиликка интилиш сал нисбийроқ кўлам касб этади. Яъни бу кўпроқ ижодкорнинг ўз ислоҳотларига интилишидир. Зеро, иш столида ўзини камида Пушкин ҳис қилган ижодкор агар таянч нуқтасини топиб олса, сайёрамизни ҳам ўз ўқидан чиқариб юборишга қодир сезади ўзини. Ўша афсонавий таянч нуқтаси эса – қаламкашнинг истеъдоди…

Ҳар қанча янгиликка интилмайлик, аслида, ҳар қандай янгилик маълум муддат бурун унутилган эскилик эканлиги ёдимиздан чиқмаслиги лозим. Инсоният тарихи Бодлернинг бир мисра шеърига арзимайди, дейишади. Шундай экан, бугун ўтмишга, кечаги кунга қараб қўйиб, сўнг олдинга юриш, янгиликка интилиш жоиздек. Дейлик, “Ака-ука Карамазовлар”нинг ифода усули бир куни келиб эскиришини тасаввур қилиб бўладими? Машрабнинг ўтли ғазалларининг-чи?..

9. Шоир бўлмаслигинг мумкин, аммо фуқаро бўлишинг, демакки, фуқаролик бурчингни адо этишинг шарт. Бу – ҳаммамизга таниш талаб. Бир пайтлар ёзувчиларни “Инсон руҳининг инженерлари” дейишарди, сўнгроқ бу мақом янада юқорироққа кўтарилди: “Миллат виждони”. Виждон ўз бурчини адо этмай яшай оладими?

Сўз – бемисл қудратга эга. Бир оқшомда оддий артиллерия офицери томонидан яратилган “Марсельеза” қўшиғи қанчадан-қанча одамларни курашга илҳомлантирганини эсланг.

Шу сабабли ҳам ижодкор фуқаролик позициясидан ҳеч қачон чекина олмайди, ҳатто ўзи истаган тақдирда ҳам.

Бугун мураккаб замонда яшамоқдамиз. Интеграция жараёнлари жадаллашуви, чегараларнинг шаффофлашуви бутун дунёда янгича бир ижтимоий воқеликни юзага келтирмоқда. Бу ҳам бўлса, “оммавий маданият”нинг узлуксиз давом этаётган хуружи, таъбир жоиз бўлса, босқинидир.

Биз ҳаммамиз “америкача орзу” нима эканлигини яхши биламиз, албатта. Бу – “Золушка” эртагининг замонавий кўриниши. Яъни тенг имкониятлар шароитида инсон нима қилиб бўлса ҳам, қийинчиликларни енгиб ўтиши ва миллион долларга эга бўлиши керак. Камбағалмисан – ўзинг айбдорсан. Омадсизмисан – яна ўзинг айбдорсан.

Мен орзунинг бунақа шакли фақат океан ортидаги “сеҳрли диёр”да яшайдиганларга хос, деб юрардим. Аммо куни кеча бир ёзувчининг янги асарини ўқиб қолдим. Нима эмиш, бир йигит ўзидан беш ёш катта, хунук қизга уйланармиш-да, тўй оқшоми қайнотаси қўлидан “Малуби” калитини олармиш. Тўйдан ўн беш кун ўтар-ўтмас, бу “замонавий куёв” қайнотасини ўлдирармиш. Сўнг эса тоғда хотинини ўлдираётганига гувоҳ бўлиб қолган жувонни ўзига ўйнаш қилиб олармиш… “Америкача орзу”дан нимаси кам бунинг? Ҳам миллион доллар, ҳам машина, ҳам тайёр ҳовли-жой, қўшимчасига эса ўйнаш ҳам…

Аслида эса, мен ёзувчиларимизнинг фуқаролик бурчи “қизил” гапларни ялов қилиб кўтаришда, аввал қандай ёмон яшаганимизнию бугун қандай яхши яшаётганимизни меъдага тегадиган даражада такрорлайверишда эмас, жамиятимизда “ўзбекча орзу”ни қарор топтиришда деб биламан. Бўлсин-да, ўзбекча орзу ҳам! Бошқалардан нимамиз кам бизнинг? Ахир, ҳалол йўл билан, имон-эътиқод, уят-шармни унутмаган ҳолда, бировларни сотмасдан, ўзганинг ҳақига хиёнат қилмасдан ҳам ҳаётда орзу қилинган мақсадга эришиш мумкиндир. “Америкача орзу”ни бутун дунёга Голливуд ёйган бўлса, бугун биз ҳеч бўлмаса, давлат маблағ билан таъминлаб турган “Ўзбекфильм” имкониятларидан фойдаланайлик. Ахир, яхши фильм асосида яхши сценарий, демак, яхши асар ётади…

10. Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари бошларида бўлса керак, бирдан ёмғирдан кейинги қўзиқориндай бодраб чиққан турли табиби ғайблару экстрасенслар ҳаётини имкон қадар ўрганиб, “Телбалар мамлакати” деган бир нима ёзгандим.

Орадан йиллар ўтгач эса, бир муддат “сариқ матбуот”да хизмат қилишга тўғри келди. Ишонаверинг, бу Адабиёт ичидаги “алдабиёт”нинг ўзи улкан бир тизим. Уни манифактура деб аташ мумкиндир ё бўлмаса, тўхтамасдан ишлайдиган линия, конвейер. Хуллас, бу тизимда ҳашар “асар”лар қандай яратилади, улар қай тарзда ишловдан ўтказилади, нечук тарғиб-ташвиқ қилинади, “юлдуз-ёзғувчи” қай усулда ясалади, фалончи-писмадончи ёзувчи-танқидчилар қандоқ сотиб олинади – буларнинг ҳаммасини яқиндан кўриш имконияти туғилиб қолди. Мен бу адабий конвейерда ёлланма ишчи қатори меҳнат қилаётган ижодкорларни кўрдим. Улар емаган сомсага пул тўлардилар: ёзган машқлари чоп этилгунга қадар сарлавҳасидан тортиб мазмунига қадар таниб бўлмайдиган даражада ўзгариб кетарди, ҳамёни тобора қаппайиб бораётганидан мамнун зулук-ношир улардан харидорлар сонини оширадиган, демак, “анавинақа” нарсалар кўпроқ тасвирланган асар талаб қилади, бу талаб бажарилмаса, бояги айтганим, шунақанги саҳналар асарга мажбуран тиқиштирилади. Мен худди шу ерда асарлари “танқиддан тубан” ёзғувчининг “Ўзбек детектив адабиётини мен билан Тоҳир Малик яратдик”, дея керилганига гувоҳ бўлдим. Худди шу ерда аллақачон ўзини “классик” ҳисоблай бошлаган яна бир ёзғувчининг “Фалон бесавод танқидчи менинг асаримни тушунмасдан танқид қилипти. Тамом, энди бу одамга бизнинг нашрларда ўрин йўқ!” деган ҳукмини эшитдим. Бир ҳукмки, шикоятга ўрин йўқ… Айтмоқчи бўлганим, “алдабиёт” салтанатидаги кўрган-кечирганларимни қоралаб қўйганман. Вақти келиб, уларни эълон қиларман.

Умуман олганда эса, мен “кўнгилочар адабиёт”ни адабий дид, савия, маънавият аталмиш улкан тириклик дарахти илдизига қўйилган ва аста-секин портлатиладиган механизми ишга туширилган бомба бочкаси, деб биламан…

 

Рисолат Ҳайдарова жавоблари:

1. “Адабий авлод” дея ном берилган тушунча ХХ асрда, шу юз йилликда шаклланган совет даври адабиёти тарихида юзага келганини унутмаслик керак. Бу ҳодиса жамият ҳаётида рўй берган ўзгаришлар, юзага келган маълум бир ижтимоий шарт ҳамда шароитлар натижаси, шунингдек, ижод аҳли мансуб бўлган даврдаги устувор ғоя, фикр, мақсад, баъзан эса мафкуранинг қолдирган изи билан боғлиқ, деб ўйлайман. Айнан мана шу устувор ғоя, мафкура сабабли ҳар бир даврдаги ижод аҳли кўнглини бирлаштириб турувчи умумий бир мақсад, орзу ёки дард уйғониб, шу омиллар ўша замон адабиётининг қиёфасини яратди. Шунданми, ижод аҳли адабиётга авлод-авлод бўлиб киради, деган фикр ўрнашиб қолди. Бу йўл ўз-ўзидан адабий статистикага олиб боради. Адабиётда статистика керакми ўзи? Майли, бизда “адабий авлодлар” деган тушунча бор эканми, шу нуқтаи назардан туриб, аҳволни таҳлил қилиб кўрайлик.

70-йиллардан кейин бизда адабий авлод шаклланмади, деган иддао тўғрими ёки йўқми, деган саволга жавоб топиш, бунинг сабабларини айтиш учун, аввало, 80-, 90-, ва ниҳоят, 2000-йиллар ижтимоий ҳаётига баҳо бериш, шу даврларда кишилар онгида рўй берган ўзгаришлар жамиятга қай тарзда таъсир кўрсатгани, ёки жамиятдаги ўзгаришлар кишилар дунёқарашида қандай тўнтаришлар ясагани, буларнинг бари ижод аҳлига, энг муҳими, уларнинг ғоявий-эстетик қарашларига қай тарзда из солганини аниқлаш керак бўлади. Ахир, ҳар бир ёзувчи (нафақат ижодкор, балки оддий инсон сифатида ҳам) ўзи яшаётган даврнинг фарзанди эканми, даврга хос ижтимоий тўлқинларнинг зарбини елкасида ҳис этмай қолмайди.

80-йилларнинг иккинчи ярми, айниқса, 90-йилларнинг биринчи ярми ижтимоий ва сиёсий ҳаётда инқилобий ўзгаришлар рўй берган замон, ижтимоий ҳаёт таҳлилчилари яратган атама билан номлаганда, “ўтиш даври” бўлгани маълум. Тарихдан биламизки, мана шундай олағовур замон, ҳукмрон идеаллар қулаган, иқтисодий, ижтимоий асослар ўрнидан силжиган бир палла зиёлилар, хусусан, ижодкорлар учун саволлар ва мана шу саволларга жавоблар излаш пайти бўлади. Чунки аввалги маънавий ва эстетик қарашлар таназзулга учраган (бу жараён чуқур инсоний изтиробларга, баъзан эса фожиаларга олиб келишини тарих қайта-қайта таъкид қилган, буни такрорлаб ўтиришнинг ҳожати йўқ), давр эса янги талабларни олға суряпти. Жумладан, янги даврнинг ғоявий-эстетик қарашларини яратиш зарур. Лекин қандай қилиб? Бир жиҳатдан қараганда, ҳаммаси осон ва равшандек. Асрлар давомида шаклланган миллий қадриятлар, ҳавас қиларлик мумтоз адабиёт, жаҳонда эътироф этилган тарихий сиймолар, демакки, пойдевор учун барча зарур таянчлар мавжуд. Аммо мустаҳкам пойдевор ҳали юксак кошона бунёд этилди, дегани эмас! Бу иш енгиллик билан амалга ошмайди. Умрида бир марта бўлсин уй қуриб кўрган одам буни яхши билади.

Шундай даврда 70-йиллардаги каби авлоднинг шаклланиши мумкин ҳам эмас. Чунки кўриб ўтганимиздек, шароит ўзга. Бугунги кунда жаҳон миқёсида маданиятларнинг яқинлашуви, уйғунлашуви, ижтимоий дардларнинг глобаллашуви кузатилмоқда, адабий йўналишлар, шакл ва услубларда ҳам турли маданиятларга хос бўлган жиҳатларнинг синтезлашиб кетаётганини кўряпмиз. Бу ўринда ҳар бир миллий адабиётдаги авлодларга хос бўлган устуворлик ҳақида сўз юритиб бўлмайди. Ҳозирги пайтда нафақат услуб, балки ғоя, йўналиш, концепция, муҳими, муҳит, дунёқарашларда турфалик бор экан, шу чоққача онгимизда яшаб келаётган, ғоявий-эстетик қарашлари мутаносиб келувчи авлодлар тушунчаси шу қадар ножоиз кўринади.

Университетда таълим олган кезларимиз адабий авлодлар ҳақида сўз кетганда, “фалон давр адабий авлоди” деганда қатор-қатор номлар санаб кетиларди. 80-йиллар авлоди ёки 90-йиллар авлоди деганда қатор-қатор номларни санай олмаётган бўлсак, бизда жараён депсиниб турибди, дея хулоса қилиш бир ёқлама фикр бўлади. 80-йилларнинг иккинчи ярмида эълон қилиниб, даврнинг маълум қолипларига тушиб бўлган адабий шакл ва қарашларни бузиб юборган “Ёзнинг ёлғиз ёдгори” (Хайриддин Султон), “Уруш одамлари” (Назар Эшонқул) қиссаларини, “Ухлаётган одам” (Равшан Файз) достонини, Муҳаммад Юсуф, Эшқобил Шукурнинг шеърларини, болалар адабиётида том маънода ўзгариш ясаган Анвар Обиджоннинг “Баҳромнинг ҳикоялари” шеърий туркумини эслаш кифоя. Биз тушунган даражадаги адабий авлодлар бўлмаган ўша даврларда ҳам майдонга ўз овози билан кириб келганлар БОР ЭДИ!

Афсуски, майдонга кириб келиш бошқа-ю, у ердан нохос четга чиқиб қолмаслик, белбоғни олдириб қўймаслик ёки Яратганнинг иродаси билан “эрта сўнган юлдуз” бўлиб қолмаслик бошқа гап экан.

Ҳозир эсласам, мен билан биргаликда талаба бўлган, адабиёт майдонини орзу қилган, матбуотдаги чиқишлари билан умид уйғотган қатор тенгдошларим ён-атрофимда йўқ. Бирлари “рўзғор” аталмиш ғорга кириб кетганча, қайтиб чиқолмади, бирлари замоннинг саволларига жавоб тополмаганидан ҳаммасига қўл силтаб қўя қолди, бирлари “ўтиш даври”дан буёғига йўл тополмади, қанақадир сиёсий қарашлару оқимлар билан биргаликда оққанча кетди! Эврилишлар даври мана шундай, қарама-қарши оқибатларга олиб келар экан.

Бугун атрофимда ижодга жиддий қарайдиган, ҳақиқий бадиий асар яратишга уринаётган, менинг ҳавасимни келтириб, шаклан ғаройиб, тамомила янгича мазмун ва услублар билан романлар ёзаётган сафдошларим борлигидан шукур қиламан. Ён-веримда мағизни унутиб, шакл ортидан қувганлар ҳам, олди-қочди, ур-сурларни ёстиқдай китоб қилганлар ҳам, аввалги тўпламларида чоп этилган шеърларини тўплаб, ортига икки-учта шеърини тиркаб китоб ясаб юрганлар ҳам бор. Эълон қилинаётган асарларнинг жанри, йўналишлари борасида ҳам ранго-ранглик мавжуд. Шеъриятда ким япончасига хокку, танка ёзcа, ким ғарбча оҳангларни афзал билиб, станс, сонет, насрий шеър битяпти, кимлардир насрда синергетик ҳикоя, мини роман каби номларни афзал билмоқда. Булар жаҳондаги анъаналарга яқинлашишга уринишларнинг бир неча хил кўринишлари. Бу уринишларнинг қай бири яшаб қолиши ҳақида бугун ҳукм чиқариш имконсиз. Чунки буни вақт кўрсатади.

Сўнгги ўн-йигирма йил мобайнида ижтимоий ҳаётда юз берган ўзгаришлар адабий жараёнга шу қадар таъсир кўрсатган, ёзилаётган асарларнинг мавзуси, йўналиши, шакли ва услублари, ҳатто концепти шу қадар турфа ҳолатга келганки, бир қарашда киши ҳозирги адабиётимизнинг қиёфасини бор бўйича англаб ололмайди. Англаш учун эса шу чоққача миямизда яшаб келган “рамка”лардан сал четроққа чиқиб олиш керак бўлади.

2. Асли ҳар бир миллатнинг адабиётида ранг-баранглик бўлиши керак. Мавзу, жанрга оид ўзгаришлар, услуб ва шаклдаги ранг-баранглик ижод эркинлиги борлигидан дарак беради. Лекин эркинлик ҳадсиз-чегарасиз нарса эмас. Унинг чегараси ахлоқ ва масъулият деб аталади. Агар шу чегара бузиб ўтилса, бошбошдоқлик келиб чиқади. Ёзувчи эркинлик билан бошбошдоқликни фарқлай олмаса, бундан даҳшатлироқ нарса йўқ. Эркинлик бу – мавзу, услуб ва шакл изланишлари имконияти, ҳаётни, дунёни бадиий жиҳатдан идрок этиш йўлидаги уринишлардир. Шу боис ҳақиқий янгилик яратган ёзувчиларни кўрганда ҳавасим келади.

Бугун ёзувчилар бирон бир адабий услуб, ғоя ёки мафкура билан чеклаб қўйилаётгани йўқ. Лекин бу имкониятни ким қандай тушуняпти? Ҳамма гап шунда. Муҳими – мағиз. Агар мағиз йўқ бўлса, қанчалик чиройли шакл берманг, безаманг, ёзилган “нарса” (ҳикоя, қисса ёки роман эмас, айнан “нарса”) бемазалигича қолаверади. Мен истеъмолдаги ўша “изм”ларга шу нуқтаи назардан қарайман. Ўша “изм” адабиётни бойитишга хизмат қилса – жуда яхши. Агар истеъдодсизлик, маънавий қашшоқликни яширувчи бир ниқоб бўлса, афсус… Шу маънода мен кўпроқ реалистман. Қўлимиздан келса, ҳозирги ўша “изм”ларни адабиётимиз ривожига хизмат қилдирайлик. Бу ишни эпламасак, кулгига қолиб нима қилдик?

Адабиёт ривожини кузатсак, ғалати бир парадоксни учратамиз. Даврлар, эстетик дунёқарашлар, адабий услублар қай даражада тараққий этмасин, “замона қаҳрамони” ҳақидаги тасаввурлар қанчалик ўзгармасин, бош мезон ўзгармай қолавераркан. Яъни – адабиётда инсонпарварлик, ахлоқ ғояси етакчи бўлиб туравераркан. Мана шу икки тамо­йилни бузишга қаратилган “нарса”лар адабиётнинг зиёнидир.

Масалага шу нуқтаи назардан туриб қарасак, ҳаммаси ўрнига тушади, менимча. Чунки адабиётнинг бош мезони бор-ку! Унга анъанавий усулда бордингизми, модернча ёки супермодернча қадам биланми, математиклар тили билан айтганда, “қўшиш ва кўпайтиришда амалларнинг ўрни ўзгаргани билан натижа ўзгармайди”.

3. Инсон шунчаки биологик маҳсулот эмас. Инсоннинг яралиши, бу дунёга келишининг ўзи катта сир-саноат, қарангки, Оллоҳ ўз бандасини бошқа икки банданинг инон-ихтиёри ва муҳаббати воситасида яратади, шу оламга келтиради. Бундан ортиқ мўъжизани тасаввур қилиб ҳам бўлмайди. Шу боис аждодларимиз яратган адабиёт инсонга буюк моҳият сифатида қараган, Оллоҳ ўзи яратган мавжудот орасида фақат инсоннигина юксак поғонага кўтарган, Яратган инсоннинг суратида ва сийратида ўз аксини кўради, инсон шу боис ҳусн бобида ҳам “мазҳари сунъи илоҳ”дир, дея таъкид қилиб келган.

Менимча, адабиёт моддий олам саволларига руҳий оламдан қувват олган ҳолда жавоб излаши лозим. Шу маънода адабиёт ҳар турли сиёсий атрибутикадан халос бўлиши керак. Яъни мамлакатда иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар йўлида бирон-бир ҳаракат бошланган заҳоти ишлаб чиқариш масалаларини акс эттирадиган қисса ва романлар ёзилиши, адабий қаҳрамонлар бирон-бир сиёсий партия фаоли бўлиши, фақат сиёсий ғоялар билан яшаши, партия иши учун саломатлигидан айрилиши ёки ҳаётини қурбон қилиши (Павел Корчагин каби), яқинларидан воз кечиши шарт эмас (ҳолбуки, бизга мана шунақа адабий қаҳрамонларни намуна қилиб кўрсатишарди).

Лекин бу – адабиёт ижтимоийликдан йироқлашади, дегани эмас. Инсон руҳият маҳсули – муҳаббат сабабли яралиб, моддий дунёга келгач, ўзи яшайдиган муҳитнинг узвий бир бўлагига айланади. Энди у жамият кишиси бўлиб қолади. Ёзувчи инсон сифатида ўз даврининг намояндаси, ўз жамиятининг аъзоси бўлдими, унга шу замоннинг “муҳри” тушмай қолмайди, демак, ёзганларидан шу даврнинг нафаси келиб туради. Шу маънода ёзувчи “беш кунлик дунё” одамига айланади. Лекин “беш кунлик дунё” одами ҳисобланган ижодкорнинг абадиятга дахлдор бўлиши мумкин эмас эканми? Менимча, ёзувчининг асарлари даврлар оша яшашга қодир эканлигини билдирадиган муҳим мезонлар бор. У ҳам бўлса, ёзувчининг ўз ижоди билан ўқувчини комиллик сари бир неча қадам олға ташлашга ундай олгани, ўзлигини танитишга кўмак бергани, миллат дардини тилга чиқара билгани, ўз она тилининг бор гўзаллигини намоён қилгани, халқини дунёга танитолганидир.

4. Адабиёт ўзининг тарихий ўрнини ўзгартиргани йўқ. У ҳамиша эзгулик томонида эди, ҳозир ҳам шундай. Лекин шу ўринда “ғалати” бир жиҳат борки, буни айтмаса бўлмайди. Бу – эзгулик деганда ким нимани назарда тутганлигидир.

Бир вақтлар “роман шайдоси” бўлган чоғларим совет ва ўзбек совет адабиётида яратилган (лоф эмас!) олтмишдан ортиқ романни ўқиб туширганман. “Ўтган кунлар”, “Навоий”, “Ўтрор” каби ўлмас асарларни бу ҳисобга қўшмаяпман. Номи ва сюжети ғира-шира ёдимда қолган “Машъал”, “Бинафша атри”, “Фидойилар”, “Тошкентликлар”, “Чотқол йўлбарси” ва ҳоказо ва ҳоказо “замона” романларидан ҳозир қай бири тирик? Мана шу романларнинг бош қаҳрамонлари ҳам жамият учун яшаган, эзгулик йўлида ўз нуқтаи назари бўйича курашган одамлар эди. Масалан, қайси бир романнинг қаҳрамони – Дилдор исмли қиз большевик ёрига ён босиб, ўз акасини тутиб бермоқчи бўлади. Яна бир романнинг персонажларидан бири – бойнинг хотини яширинча ўз эрига хиёнат қилиб юрарди, кунлардан бир кун бойвучча аёл “севгилиси”дан хиёнат кўриб ақлидан озади. Кейин қизил командир сабабли ахлоқ йўлига кириб, ўша командирга хотин бўлади-да, янги эри билан биргаликда собиқ эри – бойнинг ҳовлисига кириб ўрнашиб олади. Турган гап, бойнинг бошқа хотинлари собиқ кундошларини қувиб солмоқчи бўладилар. Шунда келин-куёвларнинг эшигини қўриқлаб ўтирган мазлум халқ вакиласи – фаол аёллардан бири “большавойнинг оиласи”ни ҳимоя қилади. Бу каби сюжетларни яна санаш мумкин. Лекин етарлидир, деб ўйлайман. Ёзувчининг, қолаверса, ўша замон сиёсатининг назарида булар эзгулик учун курашган ижобий қаҳрамонлар эди.

Бугунги кунда ижобий қаҳрамон, салбий қаҳрамон деган тушунчалар ўртасидаги чегара яққол чизилиб, “мана у” деб кўрсатиб қўйилаётгани йўқ. Биз эртакларда тасвирлангандек, салбий қаҳрамонни оламдаги бор иллатларни ўзида жамлаган хунук бир одам, ижобий қаҳрамонни эса ҳар жиҳатдан мукаммал, ҳусни ҳам, феъли ҳам гўзал бир киши, деб қабул қилмайдиган бўлдик. Чунки реал ҳаётда, кўпинча, бунинг аксини кўряпмиз. “Нима яхшию,нима ёмон?” деган саволнинг жавоби осон эмаслигига ҳам ишонч ҳосил қилганмиз. Бунга замонавий дунёдаги ҳаётнинг ўзи мураккаб ва чигаллиги, яшаш учун кураш масаласи борасидаги қарашларнинг турли-туманлиги сабабдир.

Ҳаётнинг ўзида мазкур шу икки қутб ўртасидаги олишув ҳамон давом этиб келяпти. Фақат бу курашнинг шакли ўзгарган, холос. Ҳар бир жиҳатга ёдимизга синггиб кетган анъанавий тушунчаларга қараб баҳо бераётганимиз сабабли эзгулик йўлида курашиш бизга соғлом мантиқдан узоқ тутим бўлиб туюлаётган бўлса, эҳтимол.

5. Агар тарихга мурожаат қиладиган бўлсак, “постмодернизм” атамаси модернизмга бўлган муносабатни белгилаш маъносида 1934 йилда (Ф. де Онис “Испан ва Лотин Америкаси шеърияти антологияси” китобида), Европанинг маданият ва диндаги ҳукмронлиги ниҳоя топганини таърифлаш сифатида 1947 йилда (файласуф А.Тойнби “Тарихни англаш” китобида) тилга олинган эди. Адабиётга нисбатан эса бу атама 1971 йилда қўлланилган (АҚШ олими Ихаб Хассан томонидан). Шунинг ўзидан жаҳон маданиятидаги кайфиятларни қанчалик кечикиб “юқтирганимизни” билиш мумкин.

Постмодернизм дунё маданияти олаётган нафасми ё шунчаки урфми, буни тушуниш учун, аввало, постмодернизм ҳодисасининг ўзини англаб олиш зарур.

ХХ асрда жаҳонда кечган ва модернизмнинг туғилишига сабаб бўлган ижтимоий ва сиёсий воқеаларни такрорлаб ўтирмайман, бу ҳаммага маълум. Постмодернизм эса модернизмга, шунингдек, жўн оммавий беллетристикага қарама-қаршилик сифатида майдонга келган. У ҳамма нарсани ўйин шаклига ўраб, оддий ўқувчи ва маърифатли ўқувчи ўртасидаги масофани текислаб боради. Албатта, бунда оддий ўқувчи маърифатлилик даражасига кўтарилмайди, балки маърифатли ўқувчининг даражаси қуйига туширилади.

Постмодернизм маданияти асосида янги маънодаги эзгулик ғоялари ётади. Постмодерн деб аталадиган маданият ўзининг мавжудлиги билан ўзигача ҳукмрон бўлиб келган эзгулик ғояларидан ҳаммабоп (бошқача айтганда, универсал) эзгулик ғояларига ўтилганлигини таъкид қилади. Янгича эзгулик доирасига инсониятдан ташқари, ҳайвонот, наботот, коинот, хуллас, бутун олам киради. Постмоденистларнинг ҳақиқий идеали коинотдир (қадим юнон мифологиясида қора коинот, яъни космос хаос деб аталганини унутмайлик). Шу боис постмодернистик асарларнинг асосида хаос, яъни ниҳоясизлик, чексизлик, эркинлик ётади. Хаоснинг яна бошқа маъноси бетартиблик эканини ҳам эсдан чиқариб бўлмайди.

Постмодерн талқинларнинг кўплиги принципига таянади, дунёнинг ниҳоясизлиги ниҳоясиз талқинларнинг табиий натижасидир, деб ҳисоблайди, постмодернизм фалсафаси ҳақиқатлар кўп дея таъкидлайди, тарихга бўлган қарашларни қайтадан кўриб чиқади. Бунда тарихга бўлган қарашлардаги мунтазамлиликни, ижтимоийликда нарса ва ҳодисаларнинг сабабга кўра боғланишларини, тугаллик ғояларини инкор қилади.

Ёш ҳамкасбларим ўз шеър ва ҳикояларини постмодернистик асар, деб тақдим қилганларида юқорида ёзилганларни эътиборга олишганмикин?

Менимча, Улуғбек Ҳамдам қўйган саволга жавоб бериш, яъни постмодернизм бугунги ўзбек адабиёти мисолида нималарда кўринаётганини аниқлаштириш учун, аввало, постмодернизмнинг ўзига хос хусусиятларини кўриб чиқиш лозим.

Россиялик тадқиқотчи И.Голованова постмодернизмнинг саккизта хусусиятини санаб ўтади. Булар: интертекстуаллик (бу онгли равишда келтирилган кўчирмалар ёрдамида янги матн яратишдир, натижада тугалланган, мазмун жиҳатидан яхлит, маълум бир муаллифга тегишли бўлган матн эмас, балки бизнинг тасаввуримизда муаллифи йўқдек туюладиган матн олинади), пародиялаш ва истеҳзолилик (ўқувчида туғилиши мумкин бўлган ақида ва қоидаларнинг шаксиз ва шубҳасизлигига шубҳа яратиш йўли билан ҳақиқатни қайта идрок қилиш, ўз-ўзини пародия қилиш), матннинг кўп даражали қилиб тузилиши (ўз-ўзидан кўчирмалар келтириш, стилистик ва сюжет қайтариқлари, битта муаллифнинг ижоди ичида кўчиб юрувчи образлар, лавҳалар, рамз­лар), “ўйин усули” (исталган нарсага нисбатан ҳазилнамо ибора ва ифодалар, кўп маъноли сўз ўйинлари, товуш ва жой номлари билан боғлиқ турли найранглар яратиш; бунда ўқувчи мутолаани ўйин деб қабул қилади, битта маъно ортидан иккинчи, учинчи ва ҳ.к. маъноларни излайди), ризома (рамзий лабиринт бўлиб, сюжет қурилиши аниқ бир марказий ўқ атрофига жипслашмайди, балки чигал, тасодифий бўлиб туюладиган қурилмага эга бўлади), жанр ва услуб синкретизми (бу ҳам ўйин принципи билан ифодаланади, “синкретизм” атамасининг маъносидан келиб чиқилиб (бунинг маъноси моддаларнинг дастлабки, қоришиқ ҳолати демакдир), жанр ва услуб даражаларининг қоришиб кетиши),“театрга хослик” усули (оммавий ва оммабоп маданият техникасидан фойдаланиб, асарга оммавий истеъмол нарсаларига бериладиган чиройли ёрлиқ, реклама кўринишини бериш ва шу билан бирга аввал яратилган асарларнинг сюжетларини истеҳзоли изоҳлаш), анъанавий “муаллифлик нуқтаи назари” тушунчасининг ўлиши (ҳикоя қилишдаги тартибсизлик, парча-пурча ҳолида ҳикоя қилиш таассуроти атайин яратилади).

Шуларга қараб, кейинги йилларда яратилган, постмодернистик руҳда, деб баҳоланган бир неч­та асарларни таҳлил қилдим. Уларда постмодернизмга хос унсурларга ўхшаб кетадиган баъзи белгиларни учратган бўлсам-да, бу асарларни постмодернистик ҳикоя, қисса ёки роман деб айтолмайман. Дейлик, Мурод Човушнинг “Ҳеч” қиссасидаги воқеликни уч ўлчамда кўришга, воқеликни баён қилишда онг оқими усулидан фойдаланишга уриниш постмодернизмнинг саккизинчи хусусиятини эсга солади. Аммо бу ҳали постмодерн эмас. Сабаби оддийгина, Мурод Човушнинг қиссасидаги ҳикоя тартибсизлиги атайин қилинган эмас, балки тилга нисбатан ҳафсаласизлик оқибати. Хуршид Дўстмуҳаммаднинг “Шабада” ҳикояси борасида бўлган бир баҳсда ҳам бу асарни постмодернистик дегувчилар бўлган эди. Тўғри, ҳикоядаги реаллик ва фантастиканинг ёнма-ёнлиги, кўп ўринларда детективга ўхшаб кетадиган сирлилик постмодернизмнинг жанр ва услуб синкретизми хусусиятини ёдга солади. Бироқ бу ҳам постмодерн дегани эмас. Чунки ҳикояда мазкур хусусиятга хос бўлган ўйин принципи йўқ. Бу каби мисолларни яна келтириш мумкин.

Албатта, 80-йилларнинг охири, 90-йилларнинг бошидаги ижтимоий воқелик, эски ақидаларнинг фош бўлиши ва бошқа қадриятларнинг юзага келиши, жамиятимизга Ғарбдан оммавий маданиятнинг жадаллик билан кириб келгани, ҳозирги кунда “Умумжаҳон тўри” воситасида ахборот оқимига тушиб қолганимиз, “супер…”, “гипер…” тасвир, куй, сўз, ахборот ва ҳ.к. экранларимизни, кўчаларимизни, ҳатто қўлимиздаги телефонимизни эгаллаб бораётгани постмодерн туғилиши учун замин бўлиб хизмат қилиши мумкин эди. Лекин шунда ҳам бизда постмодернизм ривожланиб кетмади. Чунки биздаги менталитет, қонимизга синггиб кетган Шарқ фалсафаси постмодернизмни сингиштира олмади.

Сўнггида яна бир жиҳатни таъкидлашим зарур. 90-йилларнинг охирларига келмасданоқ дунёда постмодернизм ўз умрини яшаб бўляпти, деган қарашлар чиққан эди. Ҳозирги даврни мутахассислар “постпостмодернизм”, яъни постмодернизмдан кейинги давр деб баҳолашмоқда. Бунинг сабаби, постмодернизм ҳам бир маданий даврдан иккинчисига ўтиш босқичи эканлигидадир. Жаҳон адабиёти тарихига разм солсак, бир адабий давр кетиб, ўрнига бошқаси келаётганда оралиқда ўзининг хусусиятлари билан модернизм ва постмодернизмга ўхшаб кетадиган таълимотлар майдонга келганини кўрамиз. Тарихий тажриба маълум бир қадриятлар тизими бўлмаган маданият барқарор бўлмаслигини кўрсатади. Биз бошқа ҳодисадан, масалан, пала-партиш, дидсиз “нарса”ларни постмодернизм ёрлиғи билан тақдим қилиш каби иллатлардан ташвиш чекишимиз лозим.

6. Санъат айтиладиган ҳар бир гапни чиройли ифодалаб бергани учун ҳам санъатдир. Адабиёт ифода санъати эканми, унда ўйин ҳам бўлмай илож йўқ. Лекин ҳамма гап чиройли ифода қилишга арзийдиган дарднинг, бошқача айтганда, мағизнинг мавжудлигида.

Фикрини ва дардини оригинал йўсинда айтиш йўлидаги шаклий изланишларга мен ижобий қарайман. Мақсад – ўзидаги дардни ўқувчига “юқтириш”, уни ҳамдард қилиш, инсонийлик сари етаклаш бўлса, ҳамма нарсани санъатга айлантиришнинг ҳеч бир ёмон томони йўқ. Мисол учун, Сент-Экзюперининг “Кичкина шаҳзода”си ҳам, аслида, рамзлардан, ишоралардан иборат асар. Лекин ёзувчи бу асари билан жаҳон адабиётини янги шакл ҳамда рамзлар билан бойитди, холос.

Ёки Исажон Султоннинг “Айвон” ҳикоясини мисол тариқасида келтирсам. Исажоннинг бу уринишини шунчаки шакл изидан қувиш деб айтолмайман. Чунки ҳикоя охирида “тилла балиқ-ку, ўз отасини хўрлагани учун шу кўйга тушибди, ўз болаларига ем бўлибди, шуни кўра-била туриб, балиқни сўйиб қозонга ташлаган аламзада бу болаларни энди нима кутаркин?” деган жиддий савол мавжуд. Шарқда “қайтар дунё” тушунчаси ҳам борки (буни Европада бумеранг таъсири деб аташади), бу ҳеч бир нарса бежавоб қолмайди, деганидир. Аммо токайгача? Қачонгача ёмонликка ундан ўтган ёмонлик билан жавоб қайтараверилади? Бу ҳолда инсон ёвузлашиб кетмайдими? Мақсад – мана шу саволни қўйишдир.

Юқоридаги саволга жавоб бериш пайтида мен постмодернизмдаги “ўйин усули” ҳақида ёзгандим. Таъкидлашим керакки, бу тарзда “ўйин” яратиш учун ёзувчи ёки шоирда билим, истеъдод бўлиши керак.

Тўғри, матбуотда пайдо бўлаётган зоҳиран чиройли, ботинан бўш, пуфакка ўхшаш шеърларни, бир қарашда оригинал шаклий изланишлар маҳсули бўлиб туюладиган, лекин жиддийроқ таҳлил қилганда, шилдироқ қоғозга ўралган қуруқ қутига ўхшайдиган ҳикоялар, қиссаларни кўрганда, хаёлдан худди шу саволдаги хавотирлар кечади. Аммо бу “нарса”лар ҳақидаги сўзим алоҳида.

7. Бизда адабий танқидий мақолалар аксарият бир қолипда битилади. Аввал асар бироз ёки анча мақталади, сюжети баён қилиб берилади, кейин бир озгина ё кўпгина қилиб камчиликлари айтилади. Бизда танқидчи деганда асарни танқид қиладиган ёки мақтайдиган киши тушунилади, шекилли.

Эҳтимол, адабий танқидчи, деган атаманинг ўзидан воз кечиш зарурдир? Адабиётшунос деган сўзнинг ўзи етарлидир балки? Ёки бошқа соҳаларда қабул қилинган таҳлилчи (аналитик) атамасини қабул қилсакми? Бир қанча соҳалар, масалан, иқтисод, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда аналитиклик касби бор. Бундай кишилар шу соҳанинг мавжуд муаммоларини таҳлил қилиб, истиқболи, келажакдаги ривожланиш йўналишлари ҳақида мулоҳазалар билдирадилар, тавсиялар берадилар. Агар танқидчи деган сўзнинг моҳиятини танқидда деб тушунсак, у ҳолда, юқоридагидек йўл тутишимиз лозим.

Бугунги кунда адабий танқиднинг қиладиган ишлари жуда кўп. Таҳлил этилмаган қанчалаб услублар, йўналишлар, ўз баҳосини олмаган қанчалаб асарлар бор! Майдонга кириб келаётган ёшларнинг ижоди ҳам шу пайтга қадар муносиб ва холис баҳоланган эмас. Кўп ёшлар анча-мунча китоб чиқариб, каттароқ асарларини эълон қилиб, ёши ҳам қирқларга боргандагина адабиётшуносларимизнинг эътиборига тушади.

Адабий танқид ҳозирги пайтда қўлга киритиб бўлинган ютуқларни қайд этиш билан кифояланиб қоляпти. Лекин ўзи адабиётнинг ютуқларини кўпайтириш устида ишлаётгани йўқ. Бу нима дегани? Бу адабий танқид адабиётнинг софлиги учун қайғуриши, ўқувчиларда бадиий дидни шакллантириши, дўконларни тўлдириб юбораётган “тижорат” роман ва қиссаларига ўзининг дадил муносабатини билдириши, ҳақиқий шаклий изланиш билан шаклбозликни фарқлаб ажратиши ҳамда бу ҳақда ўзининг фикрини айтиши демакдир. Мана шуларни адабиётимизнинг ютуқлари кўпайишига ҳисса қўшиш, дейилади.

Ҳар йили Ёзувчилар уюшмасида наср кенгашининг йиллик ҳисобот йиғилиши ўтказилади. Бир йил ичида эълон қилинган ҳикоя, қисса ва романлар ҳақида сўз боради. Лекин эътибор берсак, танқидчиларимиз матбуотда мана шу йиғилишда тилга олинган романлар ёки қиссаларнинг ўндан бирига ҳам муносабат билдирмаган бўладилар.

Мана шундай йиллик йиғилишлардан бирида адабиётшунос олимларимиздан бири Саломат Вафонинг ўн йилча аввал эълон қилинган қиссаси – “Сулаймоннинг узуги”ни мақтаб, “нега ҳозир шу қисса ҳақида ҳеч ким индамади?”, дея савол ташлади. Мен “домла, бу қисса эълон қилинганига анча бўлган, йиғилиш ўтган йили чоп этилган асарлар ҳақида-ку?” деган эдим, дом­ла паришонхотирлик билан “Яхши асар бўлгандан кейин кеч бўлса ҳам гапириш керак-да!” дея сўзини давом эттираверди. Баъзида шунақа кулгили воқеалар ҳам бўлиб туради…

8. Аслида, ҳар бир шоир ёки ёзувчи янгилик яратиш умидида яшайди. Лекин ҳеч бир янгилик бўм-бўш, тақир жойда туғилмайди. Фалсафадаги “ҳеч нарса йўқдан бор бўлмайди, бордан йўқ бўлмайди”, деган назария ҳам бежиз яралмаган.

Биз истаймизми, йўқми, аждодларимиз яратган анъана ва қадриятлар ўзига хос “ген мероси” сифатида онгимизга ва онг остига сингишиб кетган. Ҳар қанча тиришсак ҳам, “ген мероси” иштирокисиз бирон-бир арзирлик асар ёза олмаймиз. Зеро, тараққиёт моҳиятан мавжуд қонуниятларга таяниб илгарилаб боради. Жараён ривожланиб борар экан, мавжуд қонуниятларнинг энг яшовчани, “мағзи тўқ”лари қолади, пучлари эса замон ғалвиридан тушиб кетаверади. Янгилик мана шу мағзи тўқ эскилик устига қурилади. Менимча, адабиётдаги эски ва янги ўртасидаги кураш рамзий мазмунга эга, яъни бу “кураш” табиий танланиш асосида ривожланиш деган мезонга кўпроқ мос келади.

Ёш ёзувчи ва шоир сафдошларимнинг янгича ёзишга уринаётганларини мен табиий ҳол деб биламан. Чунки ҳар бир давр адабиётида шакл, услуб ва тамойил фарқлари бўлиши керак. Даврлар бошқа бўлганидек, шу даврларда яратилган адабиёт ҳам аввалгиларидан сифат жиҳатидан ажралиб туриши зарур. Зотан, тараққиётнинг муҳим шарти, кейинги авлодлар аждодларнинг кашфиётларини ўзлаштирган ҳолда улардан бир-икки қадам олға силжишларини назарда тутади.

9. Ижодкорнинг қаламидан тўкилган ҳар битта сўз гарчанд оддийгина бир лола ёки бойчечакка доир бўлса-да, чоп этилгандан кейин миллатнинг сўзига айланади. Демак, унинг битган сатрлари фақатгина шахсий дардлар қўним топадиган макон эмас. Ёзувчи ё шоир инсон сифатида ҳам, ижодкор сифатида ҳам ижтимоий ҳодисадир. Чин маънодаги ижодкор буни ҳамиша теран тушунган. Рауф Парфи:

Юлдузларга мен ҳам қарайман,
Юлдузлар – самовий бир хаёл.
Мен кўпроқ заминга ярайман,
Менга керак ердаги ҳаёт,

– деганда, аввало, ўзининг замин фарзанди эканлигини назарда тутган, деб ўйлайман. Ижодкор ҳатто оддий инсон сифатида ҳам жамиятдан ташқарида бўла олмайди. У қайси бир даврда яшамасин, ХХ асрнинг серғалва йиллари бўладими ёки ҳозирги мустақиллик кунларими, ўша вақтнинг кишиси сифатида замоннинг бор залворини ҳис қилмай қолмайди. Ўзгача бўлиши ҳам мумкин эмас.

Мисол учун, XIX асрнинг охири – ХХ аср бошларига келиб, “Беғам ҳаёт” (“Валенсиг­яча ҳикоялар”), “Апельсин боғларида” ҳикоялар тўпламлари, “Толедо ибодатхонаси”, “Чақирилмаган меҳмон” романлари билан Европага танилган испан ёзувчиси Висенте Блас­ко Ибаньес табиат, ўзаро инсоний муносабатлар, оддий деҳқонларнинг ҳаёти мавзуларини ўзи учун етакчи деб билган эди. ХХ асрнинг биринчи ярмидаги ижтимоий олағовурлар бошлангач, ижод билан бирга ноширлик, ҳуқуқшунослик ва сиёсий фаолият билан ҳам фаол шуғулланади. 1923 йилда Испанияда ҳарбий диктатура ўрнатилгач, ёзувчи Францияга муҳожирликка жўнаб, умрининг қолган йилларини фалсафий-психологик романлар яратиш билан биргаликда, шахс эркинлиги учун курашишга бағишлаган.

Хорват ёзувчиси Ранко Маринкович ўзининг дадил эркпарварлик қарашлари туфайли итальян фашистлари томонидан Феррамонте лагерига ташланган (ҳолбуки, у коммунист эмас эди). Оддий бир инсон Ватани бошига тушган оғир кунлар сабабли кўриши мумкин бўлган жамики ғам ва аламларни тортган. Бугунги кунда Хорватияда энг яхши новелла учун Ранко Маринкович номидаги мукофот таъсис этилган.

Нобель мукофоти совриндори, серб ёзувчиси Иво Андрич фашистлар Германиясининг собиқ Югославияга босқини бошланган дастлабки кунлардан (1941 йил апрель) то Ватани Иккинчи жаҳон урушининг сўнгги йилида (1945) озод бўлгунга қадар уй қамоғида ётади. Айнан шу ҳибсда ётган кунларида, кейинчалик ХХ аср насрининг энг яхши асарлари, деб тан олинган “Дринадаги кўприк”, “Травния солномаси”, “Ойимқиз” романларини яратади (афсуски, бу ёзувчиларнинг асарлари ўзбек тилига таржима қилинмаган. Шу туфайли кўп ўқувчиларимиз уларнинг ижодидан бебаҳра). Жаҳон адабиётидан бу каби мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Мазкур ёзувчилар битта ишни амалга ошира туриб, яъни ижод қила туриб, ўзларининг ижодкорлик ва фуқаролик бурчларини адо этганлар. Шавкат Раҳмон “рубобий шеърлар” ёзишни орзу қилиб, “жангчи ва зобит” бўлганидан алам чеккан бўлса, 70-йилларда бу савдо виждонли ҳамма ижодкорнинг бошида бор эди. Ахир, ижодкор кўнглида ҳамиша инсоний бурч деган туйғу уйғоқ. Фуқаролик ва ижодкорлик бурчи эса мана шу инсоний бурчнинг ажралмас бўлагидир.

10. Жаҳонда “беллетристика” деган атама мавжуд. Бу ўқилиши осон, енгил ҳазм бўладиган новелла, роман ёки қисса. Йўналиш сифатида унинг ҳам ўзига яраша меъёрлари бор. Беллетристика ўзининг яшашга ҳақли эканини аллақачон исботлаган, йўқса, Агата Кристи ёки Анн ва Серж Голонларнинг романлари унутилиб кетган бўларди. Таъкидлаш керакки, беллетристика ҳеч қачон жиддий адабиёт билан беллашишга даъво қилмаган, доимо ўзининг ўрнини яхши билган, шу боис беллетристика ижод қиладиганлар ўзларини ёзувчи деб эмас, беллетрист дея аташган.

Бизда беллетрист деган номдан уялишади, шекилли, ўзларини бирйўла оммабоп ёзувчи деб атаб қўя қолишади. Шунинг учун бизда дурустгина беллетристика ўрнига ёмонгина “омма адабиёти” пайдо бўлди.

Бир эътибор беринг, “омма адабиёти” намуналари қандай матбуотда босиляпти? Бунақа адабиётга “эҳтиёж” қандай пайдо бўлдию унинг урчиб кетишига нима сабаб бўлди? Мен бу ҳодисани бизда “бульвар матбуоти” пайдо бўлиши билан боғлагим келади. Айнан кўнгилочар нашрлар газета бозоридаги рақобатга чидаш, “синиб” қолмаслик учун олди-қочди, одамларнинг эътиборини тортадиган сарлавҳали “асарлар”га эҳтиёж сезди. “Оммабоп ёзувчилар” чақириққа “лаббай” деб жавоб беришиб, масъулиятни ҳис қилган нашрлар қабул қилмайдиган ҳикоя ва қиссаларини тақдим этишди. Ноширлар эса ўз маҳсулотларини тезроқ сотиш умидида газеталарнинг биринчи саҳифасига “Адашган қиз”, “Йўлдан озган ўғил”, “Олтин васвасаси”, “Бойлик талвасаси” қабилидаги сарлавҳаларни чиқариб, газетхонларни чорлай бошлашди…

Ҳозир китоб дўконлари ва расталарида Исҳоқжон Нишоновнинг ўтган ва шу йил ичида нашр қилинган “Афғон шамоли”, “Град операцияси”, “Қасоскор қашқирлар” деган китоблари сотиляпти. “Град операцияси” романлар серияси ёки роман-сериал бўлиб, 2012-2013 йилнинг ўтган даври ичида шу сериянинг бешта алоҳида романи нашр қилинибди. Мен бу китобларнинг адабий қиммати ҳақида баҳс юритмайман. Фақат шу чоққача ҳеч ким конвейер усулида ишлаб, жиддий асар ярата олмаганини айтмоқчиман. Биламизки, конвейер бир қолипдаги ва андозадаги маҳсулотни кўплаб ишлаб чиқаришга ихтисослашган технологик мослама. Санъат асари эса фақат ягона нусхада, вақт, меҳнат сарфлаб, қунт ва сабр билан яратилади.

Бир мартагина ўқиладиган енгил-елпи “адабиёт”нинг умри қисқа, жиддий адабиётнинг залвори бу каби “асар”ларни босиб кетади, деб ишониб ўтиравериш ярамайди, деб ўйлайман.

Менимча, “омма адабиёти” қаршисида бақувват устундек бўлиб жиддий адабиётнинг туриши” камлик қилади. Ўқувчиларда болалик давридан бошлаб бадиий дидни тарбиялаш, ҳақиқий адабиётни тарғиб қилиб бориш зарур. Бу борада ўқув муассасалари ва маданият масканларида китобхонлар билан ўтказилаётган адабий учрашувларнинг ўзи кифоя эмас. Адабий газета ва журнал, альманах нашрларининг ададини кўпайтириш, бунинг учун уларнинг нархини пасайтириб, оддий ўқувчининг чўнтагибоп қилиш (бу иш иқтисодий жиҳатдан қимматга тушади, чунки нашрнинг таннархига кирадиган харажатларни камайтириш ёки арзонлаштиришнинг иложи йўқ, фақат бу харажатларни ниманингдир ҳисобига қоплаб бориш, иқтисодчилар тили билан айтганда, “зарарларни камайтириш” талаб этилади), нафақат босма матбуот, балки радио ва телевидение ҳам жиддий адабиётни кўпроқ ташвиқ қилиши лозим. Адабий жараёндан бохабар қиладиган, ўсмирлар, ёшларнинг адабий дидини ўстиришга хизмат қиладиган эшиттириш ва кўрсатувлар кўпайиши керак. Афсуски, ҳозир бундай эшиттириш ва кўрсатувлар йўқ даражада. Бугунги кун ёшлари ва ўсмирларининг қизиқишларини инобатга олган ҳолда, жиддий адабиёт тарғиботи ва ташвиқотига интернет нашрларни ҳам жалб қилиш, бу иш кенг миқёсда ташкил этилиши зарур. Бу тадбирлар иқтисодий жиҳатдан қанчалик қиммат турмасин, амалга оширмаса бўлмайди. Чунки маънавиятнинг оқсаб қолишидан келадиган зарарни миллиардлаб маблағлар билан ҳам қоплаб бўлмай қолади.

 

Исломжон Ёқубов жавоблари:

1. Поэтик ижодни вақт, ҳаракат ҳамда фазога кескин боғлиқ тарзда англаш унинг қонуният ва механизмларини тўла тасаввур этмасликдир. Илло, бугунги кунда адабий-эстетик тафаккур жамият салоҳият даражаси, интеллектуал потенциалини белгиловчи муҳим эстетик категория сифатида идрок этилмоғи лозим. Шундагина жамият моддий ва маънавий томонлари узвий алоқадорлик, ўзаро таъсирда доимий ўзгариб, ривожланиб бориши тўғри англанади.

Ҳар қандай ўзгариш фикр ва кайфиятдан ибтидоланади. Воқеа-ҳодисалар ривожида узлуксизлик мавжуд экан, ижтимоий жараёнлар муайян омил ва манбаларга нисбатан сабабу оқибат сифатида намоён бўлади. Демак, даврнинг инсон фик­ру кайфиятига таъсири ҳам узлуксизликда олиб қаралмоғи, унинг миллий ва минтақавий аҳамияти умуминсоний, умумбашарий қадриятлардан хорижда кузатилмаслиги керак.

Маълумки, ҳар қандай ўзгариш ҳаракатдир. Шундай экан, ўзаро таъсир ва мураккаб алоқадорликдан ташқарида нафақат табиий, балки ижтимоий ва эстетик ўзгариш ҳам содир бўлмайди. Илло, ҳодисалар ягона қонуниятли оламий ҳаракат жараёнидан иборат. Биламизки, қадимий афсонаю эртаклардан эпик асарларгача халқимизнинг эрк ва озодлик ҳақидаги орзу-ўйлари акс этган ва бу жараён бирор муддат тўхтамаган. Демак, тафаккур (бутун) ва мустақиллик (натижа) ўртасида бевосита ва билвосита тарзда доимий сабабий алоқадорлик мавжуд. Шунинг учун ҳам эркка ташна тафаккурий интилишлар ўтган асрда гоҳ маърифатпарварлик, гоҳ жадидчилик сифатида бўй кўрсатиб, ниҳоят мустақиллик тарзида тотли мева берди. Айни пайтда, бу ижтимоий ҳодиса миллий тафаккурни жаҳоний миқёслар сари юксалтирди. Зотан, сабаб ва натижа бир-бирига ўтиб туриши билан характерланади.

Бугун тобора юксалаётган тараққиёт шиддати инсон ва жамият муносабатлари, хусусан уни поэтик идрок этиш шакл­ларини бир қадар мураккаблаштирди. Бизнингча, бу ғоятда табиий жараён. Чунки ҳар қандай ривожланиш ҳаракатнинг сифат жиҳатидан янги турларини вужудга келтиради. Демак, поэтик ижод ҳам мураккаб алоқадорлик маҳсули. Бизнинг объектив ёндашувимиз унинг шаклий кўринишларидаги муҳимни номуҳимдан ажратиш, табиий-функционал, ижтимоий-генетик ва поэтик жиҳатдан далиллаш асосидагина кечиши мумкин. Мустақиллик йилларида яратилаётган асарларда ижод аҳлининг фикр ва кечинмалари акс этмоқда. Бизнингча, қаламкашлар ижодий идроки мазмуни бир хиллашуви мумкин эмас. Улар табиий сийрати, маънавий-маданий даражаси, қизиқиши, бадиий маҳорати, шунингдек, билим савияси, маслагу дунёқарашини шакллантирган ижтимоий-генетик факторларга боғлиқ тарзда юзага қалқиб чиққан мотивацияси ҳамда эстетик идеалга ёндашув позицияси муайян фарқланишни келтириб чиқаради. Бу жараёнда ижодкорнинг эмоци­онал ҳолати ҳам муҳим роль ўйнайди. Шубҳасиз, ёзувчи, шоир, драматург зарур ахборотларни замон ва макон шакллари ёрдамида қабул қилади. Бироқ ижодий феномен имконлари муайян объектив вақт бирлиги билангина чегараланмайди. Бадиий идрок предметли, танланган, яхлит структуравий, ўзгармас ва англанган жараён.

Адабиёт тарихи – халқ интеллектуал тафаккури тарихи. Бадиий адабиёт барча замонларда умумэстетик маданиятни шакллантиришга хизмат қилиб келган. Бозор иқтисодиёти даврида умумэстетик маданиятни юксалтириш эҳтиёжи ҳар қачонгидан ортган экан, адабиётнинг комил инсонни тарбиялаш функцияси чуқурлашиб, миллий санъатимиз ижтимоий ҳаётдаги роли ортиб бораверади. Бадиий-эстетик онг воқеликни гўзаллик, олижаноблик, фожиалилик ва кулгулилик категориялари асосида қайта ишлайди, ундан санъат асари яратади. Шунинг учун ҳам бадиий асар субъектив воқелик, яъни ўз ижодкори ички дунёси, хаёл-тасаввури инъикосидир. Дунё индивидуал тарзда қабул қилиниб, муносабат алоҳида тарзда билдирилар экан, ижодий кредо ҳам индивидуалдир.

2. Ҳеч бир замон ва маконда масъулият туйғусидан йироқ асл санъаткор бўлмаган. Назаримизда, “бир хиллик” дан қочиш ижтимоий муҳит ва унинг доминант дунёқараши эмас, кўпроқ истеъдод даражаси, иймон бутлиги, адабий завқ қаноатларига дахлдор тушунчалар. Чунки ҳатто қатағон чиғириғи авж пардаларида бўлган ўтган асрда ҳам Фит­рат, Ҳамза, Абдулла Қодирий, Ойбек, Ҳ.Олимжон, Ғ.Ғулом, М.Шайхзода, А.Қаҳҳор, Миртемир ва бошқа кўплаб истеъдод соҳиблари “йўлини топиб” ўзларини қийнаган изтироб-ўртанишлар, ғам-андуҳлар, қувонч-шодликларни ифода эта олишган. Бадиий матн меҳварига ботин нигоҳини қаратмай, “андишанинг номини қўрқоқ” билиб, айрим адабий фигуралар соясига пояндоз солишга уриниш тенденциозликдан бўлак нарса эмас.

Фитрат шеърларининг ўз даврида “электр қуввати каби кучли таъсир этиши” (С.Айний) шоир кўнглидан отилган ўтли ҳайқириқ ва фиғонга йўғрилган башариятни эрк ва озод ҳаволар насими сари юксалтирмоқ ғоявий нияти, оҳанги ҳамда ёрқин шакли билан боғлиқ. Табиат ва жамият сирли пучмоқлари, қайноқ ҳаёт уммонидан Фитрат кўнглига инган ва сатрларга тўкилган қайғу-ҳасратли сўзлар ҳароратидан шоир руҳий рағбати таваллуд топган. Публицистик руҳи ҳар қанча бўртиб кўринмасин, шакл ва поэтик сержилолик, мажозийлик, самимият, лирик майинлик, ўйчанлик сингари талай жиҳатлар Фитрат шоирликнинг муқаддас бурчини ўксик қалбларни нурафшон этмоқ тарзида англаганини кўрсатади. Шоир шеъриятини ичдан нурлантириб турган жиҳатлар қадим туркий шеърият, халқ оғзаки ижоди намуналари билан бир қаторда, усмонли турк назмида кенг қўлланилган шеърий вазнларни дадиллик билан қўллаш, янгича оҳанг ва услуб сари талпиниш эди. Агар Фитратнинг ижтимоий-психологик драма, трагокомедия, драма, трагедия, опера либреттоси сингари жанрлардаги изланишларига хос серқатлам рамзийлик, башоратона ишоравийлик ва теран фалсафийлик англаб етилса, драматург ижтимоий иллатларни инсон табиатидаги ноқисликлар тадқиқи билан уйғунлаштира олгани, маънавий қашшоқлик замирида туғилган жаҳолатга қарши исён руҳини ифода этгани, айниқса, бўртиб кўринади. Биргина “Абулфайзхон” мисолида кузатилганида ҳам, замон ва макон чегаралари умуминсоний муаммолар сари мислсиз кенгайгани, Афросиёбдан Раҳимхонгача, Сиёвушдан Абдумўминхонгача бўлган улкан бир даврдаги миллат фожиаси назарда тутилиб иш кўрилгани аён бўлади.

“Убайдулланома”, “Туҳфаи хоний”дан “Гамлет”гача кузатилган Фитрат драмалари М.Шайхзода ва бошқалар учун ибрат мактаби бўлди. Хусусан, соҳибқирон Амир Темур мавзусига мурожаат этган бирорта адиб “Або Муслим” ва “Темур сағанаси” ни четлаб ўтолмади. Шу маънода, адабиётимизнинг барча тур ва жанрларида Фитрат-Шайхзода-Муҳаммад Али; Шайхзода-Муҳаммад Али-Тўлқин Ҳайит; Чўлпон-Ойбек-Асад Дилмурод; Ойбек-Шайхзода-Икром Отамурод тарзидаги учлик, яъни аждодлар ва авлодлар давомийлигига хос изчиллик мавжуд. Бу борада дунёқараш ва кўнгил яқинлиги, сўзга эргашиш ҳавасидан туғилган жасорат муҳим роль ўйнайди. Фикримиз далили сифатида Чўлпон-Ойбек-А.Мухтор-Э.Воҳидов-А.Орипов-Р.Парфи-И.Отамурод-Фахриёр тарзидаги сўзга садоқатнинг шоён издошлигини келтириш мумкин.

Айни пайтда, ошуфта диллар робитаси Фузулий-Қодирий; Навоий-Ойбек; Навоий-О.Мухтор; Румий-Х.Дўстмуҳаммад; Румий-И.Отамурод; Огаҳий-М.Абдулҳаким жуфтликлари каби замонлар оша тикланиши ҳам мумкин. Бу ҳол баъзида нафақат шахслараро, балки эндиликда тафаккур тарзи ва адабий воситага айланган жанрлар мисолида ҳам кузатилади. Жумладан, бугунги кунда миллий адабиётимизда мифопоэтик тафаккурга эътиборнинг ортиши яққол кўзга ташланмоқда. Зотан, даврлар ўтган сари эзгу сўзнинг авлодлар кўнглига қайта кўчиши, инсон ва жамият маънавий ҳаётига кириб боришига кучли эҳтиёж сезилади. Абадиятга дахлдор СЎЗни соғинган Матназар оға: “Кўп ҳам давроннишин бўлаверма, юр, Ҳазрат Навоийга кетамиз”, дея чорлаганидек, ижод аҳли кўнгли доимо ўзгаришларга мойил, покиза насим эпкинларига эҳтиёжманд. Улар ўз ихтиёрини ғурур ва сурурга лиммо-лим ҲАҚ СЎЗ соғинчи илкига топширган қавм. Қаламкаш истак-ройишлари руҳият пучмоқларида томир отиб етилади. Шу маънода, уларни вулқон портлаши ёхуд қор кўчкисига қиёслаш мумкин. Қисман унутилган ёхуд мутлақо нотаниш манзиллар, демакки, янгича шакл­лар истак-соғинчи поэтик яратиқ бўлиб моддийлашаркан, замон ва замондошлар кўнглига кўчади. И.Отамурод “Сопол синиқлари” достонида ҳақли эътироф этганидай, бу кўчиш: “макондан маконга, онгдан онгга ва руҳдан руҳга” тарзида содир бўлади.

М.Али роман-тетрологиясидаги тарихий шахс ва бадиий талқин имкониятларининг бениҳоя кенгайиши, О.Мухтор яратган романлардаги шаклий-услубий изланишлардан ажратиш мумкин эмас. М.Али, О.Матжон, Х.Салоҳ, Ч.Эргаш, И.Отамурод, Қ.Раҳимбоева достонлари ҳам лиро-эпик асарларимиз сони ва салмоғини белгилашга изн беради. Айни пайтда, У.Назаров ҳикоялари ва “Чаён йили” романи, Э.Самандар драма ва трагедиялари катта насрдаги изланишлари, С.Сиёевнинг “Аҳмад Яссавий” романи, Ў.Ҳошимовнинг халқимиз тарихий қисмати бадиий умумлаштирилган ҳикоя ва романлари шу улкан бинога қўйилган муносиб ғиштлардир. М.Бобоевнинг носир ва драматург сифатидаги мероси, М.Жалил самимий, табиий ҳамда сокин лирикаси, М.Аъзам ҳаётий ва жозибадор шеърлари, Г.Жўраева муҳаббату ҳижрон туйғусига вобаста ашъорлари, Т.Адашбоевга хос қисқа ва лўндалик, манзара яратиш ҳамда ҳазил-мутойибага мойиллик, А.Обиджон майин, истеҳзоли ва заҳарханда кулгига йўғрилган шеърий ва насрий асарлари, О.Ҳожиева шеърларида кузатилувчи меҳрибон аёл туйғулари, Ҳ.Худойбердиева лирикасидаги инсон ва борлиқ муносабатлари талқини, А.Шер ёзувларидаги мушоҳадакорлик ҳақида ҳам худди шундай илиқ сўзлар айтиш лозим. З.Аълам ҳикоя ва қиссаларидаги жозиба, А.Суюн қайирмаларидаги дидактика, Х.Султонов насридаги мозий нафаси, М.Муҳаммад Дўст, Х.Дўстмуҳаммад, А.Дилмурод, А.Аъзам, Э.Аъзам насридаги янгича тафаккур кишиси тимсоллари ифодаси, Т.Мурод асарларидаги табиий шалоладай оқувчи оҳангдорлик, Ш.Бошбековга хос жиддий комизм, Х.Даврон ҳикоя ва қиссаларидаги илмий тафаккур излари, Ш.Раҳмон меросидаги лирик-фалсафий теранлик, М.Юсуф шеърларидаги ростгўйлик, Фахриёр асарларидаги безовталик ва куюнчаклик, С.Саййид битикларидаги Ватан тимсолининг халқона талқинлари, И.Мирзо қалб ҳарорати ифодаланган силсилали туйғулар изҳори ва бошқа юзлаб мисолларсиз адабиёт аталмиш оркестр мукаммал симфониясини тасаввур этиш мумкин эмас.

Олис вилоятда яшаб ижод қилганига қарамасдан, М.Абдулҳаким она сайёрамизнинг ҳар битта жилвасида минг битта дунё кўра олган иқтидор соҳиби эди. Шоир “Ёлғиз япроқ” (шеърлар, достон) китобчасида “Боғ” ва “саройга” қиёсланган сайёрамизни “гулим” деб эркалайди. Бокира табиатга нисбатан шафқат қаҳат бўлганлигини кўрган лирик қаҳрамон қалби дарахтдан ажрала олмаган – ўз ибтидосига боғлиқ барг каби титрайди. Соҳир табиат гўзаллигини шоир ўзича, тамомила янгича оҳангларда кашф этади: “Менинг ҳеч кимим йўқ баҳордан бошқа”, деб ёзади. Атиги бир мисрадаёқ туғилиш, яшаш ва ҳаётнинг теран маъноси ҳақидаги шоир эстетик идеаллари мужассам.

Хуллас, бадиий асар ижодкор ва борлиқ муносабатидан юзага келувчи маҳсулот, адабиётда энг кам ўзгарадиган нарса эса мавзудир. Чунки ҳар бир қаламкаш ўз-ўзига берадиган: “Мен кимман?” деган саволдан ташқарида биронта мавзу бўлиши мумкин эмас. Бадиий ижод табиати мазмунан ўзгарар экан, у ўзига хос шакл, образлар олами ва ифодага эҳтиёж сезади. Шунинг учун ҳамиша янги жанрлар вужудга келган, такомиллашган ёхуд истеъмолдан чиққан. Айни пайтда, ҳар бир алоҳида жанр табиатида муттасил сифат ўзгаришлари содир бўлиб келган. Бадиий ижодда индивид роли муттасил ортиб борар экан, муайян жанр анъанавий канонлари ҳақида гапириш ўринсиздир. Зотан, жанр хусусиятлари конкрет асар ва унинг табиатига кўра намоён бўлади. Мустақиллик даври адабиёти жанрлар тизими ранг-баранг бўлиб бораётган экан, бу мавжуд анъаналар ўзлаштирилаётгани ва адабий алоқалар фаоллашгани натижасидир. Мустақиллик даври ўзбек адабиёти миллий бадиий-эстетик тафаккурнинг ҳаракатдаги босқичи. Бинобарин, ҳали муттасил ўзгаришда бўлган жанр канонларини қатъий белгилаш ва жанрлар системаси ҳақида тугал назарий қарашларни илгари суриш мумкин эмас. Демак, гап жанр бадиий воқеликни ташкиллаш принциплари (поэтик матрица)нинг энг умумий, нисбатан турғун эстетик белги-хусусиятлари ҳақидагина бўлиши мумкин.

Ижтимоий-руҳий воқелик ва борлиқни яхлит идрок ҳамда поэтик ифода этаётган сўз санъаткори адабий-бадиий анъанадан ташқарида ҳаракат қилолмаганидек, унинг доирасида қолиб ҳам кетолмайди. Чунки илдиз, дарахт танаси, шохлари, барги ва меваси ҳар бири алоҳида-алоҳида моддийлик. Ҳатто ҳар бир япроқ бир-бирини зинҳор такрорламайди. Аммо асл моҳият илдизда. Зотан, мустаҳкам ва теран томир бўлмаса, юқорида саналганларнинг биронтаси ҳам мавжуд эмас. Бинобарин, биз ботин нигоҳимизни томир ришталаридан узмаган ҳолда, ҳар япроқда кўринган, ҳар қатрада жилваланган олам атрофида чарх ураётган барча оламларни идрок эта олишимиз лозим. Шундай экан, услуб қуруқ ерда пайдо бўлмаганидек, у янгиланмас экан, ижодий индивидуаллик ҳам мавжуд эмас. Демакки, конкрет ўқувчи тафаккур даражаси ва эстетик дидига мўлжалланган яшовчан асар ҳам юзага келмайди.

Ижодий тафаккур ва руҳ эркинлиги доимо мақсадли, англанган ва, бинобарин, чеклангандир. Адабиёт-санъат ўз табитига кўра ижтимоий, дунёни бадиий-эстетик қабул қилиши ва ифода этишига кўра ҳамиша модерндир. Шундай экан, ҳеч бир миллий адабиёт ҳеч бир даврда кенг маънодаги “синтез”дан хориж бўлолмайди. Миллий поэтик тафаккур ҳосиласи бўлган бизнинг бугунги адабиётимизда ҳеч қандай “изм” йўқ ва бўлиши мумкин эмас. Агар мавжуд бўлса, у ўзбекизм деган дилимизга яқин ифодадир. Бинобарин, ўзбек адабиёти ҳар бир яратиғида мавжуд анъаналар негизида туриб ўзини фикран, руҳан, ифодавий жиҳатдан янгилайди. Шу тариқа миллий-эстетик тафаккур жаҳоний миқёслар сари кенгайиб, тозариб бораверади. Ўз навбатида, дунё адабий-эстетик фикрини ҳам муайян даражада ўзгартиради.

3. Ҳар қанча либоси мавзун кийдирилмасин, миллий адабиёт пировардида ота-боболаримиз ўлмас обидаларида битиб қолдирган, муқаддас китобларда келадиган жавоблар дурустлигини тасдиқлайди. Чунки ҳар бир авлод бадиий-эстетик онгию қалби ўз инсонлик моҳиятини англаш, ҳис қилиш сари йўналгандир. Ҳар бир ижодкор ўз “мен”лиги кўнгил ҳоллари, шуурий миқёслари қамраган ҳудудларни маҳорати даражасига кўра ифодалайди. Демак, гап анъанага кийдирилган либос нечоғлик ярашиқли, фикр ва туйғу қамрови миқёслари қанчалик энига, бўйига ўсган, теранлик касб этганлиги ҳақида бўлиши мумкин.

4. Ижод ва ижодкорлик мавжуд экан, адабиётдаги “жанг” бирор муддат тўхташи мумкин эмас. Поэтик маҳорат амалий тажриба асосида ўзлаштирилишига қарамасдан, асл истеъдод ва иқтидор Яратганнинг инояти – ёлқиндан улуғ қалбга тушган шуъла. Сўз – тингловчига муҳтож қалбнинг ўз ҳоллари ҳақида қардоши билан мулоқоти. Унинг ногаҳоний тарзда ёришган кўнглидаги завқ ва ҳайрати, хаёл ва хотираси, номаи аъмоли ҳақида Тангрига муножоти. Даҳо сўз санъаткорлари айтганидек, панжасига панжа урмоқ маъносида қаламнинг аъмоли курашдан иборат. Бинобарин, мазкур кураш муайян ғоя ва ижтимоий манфаатлар ҳимоясидангина иборат эмас. Чунки ижод – кўнгилга тушган уруғ ниш уриши, онгдаги фикр ва қалбдаги ҳис-туйғулар асрори, алоҳида инсон муҳаббати ҳамда изтиробли адашув ва тазаррулари баёни. Ижод руҳда туғилган кайфият ва ҳайрат ифодаси эканлиги учун, чинакам ижодкор ҳаёти ўз асарлари таркибий қисмидир.

Мустақиллик йилларида дунёни бадиий-эстетик қабул қилиш мезонларимиз, поэтик завқимиз шиддат билан ўзгарди. Дунёни рамз ва ишоралар тилида идроку ифода этишга интилиш кучайди. Зоҳиран бир-бирига унчалик боғланмаган моҳиятга ишора қилиш ва китобхон қалбу тафаккурини ўша ишоралар билан мулоқотга чорлаб, унинг сезимларию онгига таъсир этиш орқали англамларини шакллантиришга уриниш кучайди. Бундай яратиқларда муаллиф онгу руҳониятидан ибтидо олиб акс­ланаётган моҳият индивидуал китобхон фаол иштироки, бадиий-эстетик баландлик даражасига кўра турли ракурсларда бўй кўрсата бошлади. Чунки эндиликда, одам боласи босиб ўтган тафаккур йўлини фикран ва хаёлан кечинмоқ воқеликни қаҳрамон ботинига кўчирди. Шу боис, муайян асар салмоғи ҳам ўқувчи ички нигоҳи нечоғлик теран ҳамда диди қанчалар ингичкалигигига боғлиқ тарзда намоён бўла бошлади. Адабий қаҳрамон ва муаллиф хаёл-хотира-туш-реаллик синтезидан иборат борлиғини қайта кечиниш акти ўқувчи фаол ҳаракатини тақозо этмоқда. Замон ва макон тиғизлиги мажозийликни ифодага кўчиришни зарурат даражасига кўтарди.

5. Ўтган асрнинг 60-80-йилларидаёқ Европа ўз бадиий маданияти мазмуний ўзгаришларини қайта фикрлашга эҳтиёж сезган эди. Шубҳасиз, постмодернизм поэтик тафаккурга у ёхуд бу ҳодиса ўз ички сабабларига кўра (спонтан) юзага келиши, субъект ва тасодифларга алоҳида эътибор қаратиш каби катта имкониятлар олиб кирди. Унинг ҳақиқати бениҳоя кўп (вариатив) ва субъектив. Дунё англанувчи субъект (плюралистик борлиқ). Предмет ва ҳодиса микротаҳлил қилиниши, матнни тушуниш муҳимлиги ҳақидаги аксарият қарашлари асосли. Чунки муайян асарда тасвирланган воқелик моҳияти аввалдан мавжуд эстетик канонлар асосида эмас, балки муносабат негизида англанади. Биз уларни кўриш ва ҳис қилиш асносида тафаккур қиламиз. Демак, нуқтаи назар ракурсни белгилайди. Нуқтаи назарлар қанча бўлса, асардаги воқелик ҳам шунчадир.

Бироқ постмодернизм ҳозирги цивилизация ижтимоий-маданий ва фалсафий асослари (рационализм, тарихийлик, объективлик, мантиқийлик, макон ва замон, қадрият, анъана, тажриба ва бошқалар)га танқидий рефлексиядир. У турлича қарашлар: марксизм, ницшечилик, фрейдчилик қоришмасидан иборат (экликтик) мураккаб жараён. Постмодернистик инъикос умумийлик мумкин эмаслигини исботлаш, метафизикани инкор қилишга йўналтирилган. У инсон интилиб келган барча нарсаларни сароб деб билади. Шу маънода, унинг “манифести” бизнинг классик фалсафий тушунчаларимиз, Ҳақ ва ҳақиқат ҳақидаги эътиқод-маслагимизга мутлақо зиддир. “Модерн”, “пост ёхуд постпост модерн” кайфият бир вақтнинг ўзида барча соҳада, миллат тафаккури ва кўнглида кечувчи жараён. Аслида, бизда бундай ҳодиса содир бўлмади. Аксинча, реализмнинг изчил кенгайиши доирасидаги услубий “ўзлаштириш”ларгина кузатилди.

Бизнингча, ҳар бир миллий адабиёт муайян заминда бир пайтлар яшаган ҳамда ҳозирда умргузаронлик қилаётган халқ турли қатламлари маънавий-руҳий олами кўзгусидир. Шубҳасиз, жаҳон адабиёти илғор анъаналарига хос адабий шамоллар эпкини эркаламаган ҳар қандай биқиқ адабиёт ўз тасвир усул-воситаларини янгилай олмайди, яшовчанлигини йўқотади. Аммо ўз замини насимларини ташувчи миллий қиёфага эга қаҳрамонлари мўралаб турмаган, улар безовта қалб ва қиёфалари рўйи рост акс этмаган адабиёт ҳам эстетик таъсирчанликдан маҳрумдир.

Шукурки, миллий адабиётимизда юзага келаётган анъанавий ва ноанъанавий асарлар хоҳ реал, ҳоҳ нореал тарзда бўлсин, инсон мавжудлигини олам уйғунлиги негизида янгича ракурсда идрок этмоқда. Миллий роман тараққиётининг айни босқичида яратилаётган аксарият асарларда реаллик ва ирреаллик синтезлашмоқда. Масалан, Муҳаммад Алининг анъанавий йўсинда битилган “Улуғ салтанат” тетралогиясини миф, эртак, достон сингари жанрлар ва туш мотиви табиатида кузатилувчи хаёлий нореал тасвирлару рамзий ифодалардан ажратиб тушуниш қийин. Чунки бу ўринда адиб анъанага янгича ёндашиб, нарсаларнинг миллий қаҳрамон тийнати ва умуминсоний моҳиятига монанд жиҳатларига эътибор қаратган. Умуман, ўзбек романий тафаккури халқ ҳаёт тарзи, маънавияту эътиқоди талаби, бениҳоя рангдор хаёлоти, руҳи ҳамда фикрлаш тарзи доминантлиги заминида дунёвий шаклларда оламу одамга муносабатини ўзгартирмоқда. Ўзбек романнавислари илғор авлоди инсоннинг ўз Яратувчисига, дунёга, жамики мангу ва ҳудудсиз нарсаларга муносабатини ифодалашга интилишмоқда.

6. Завқли ифода ва ўзига хос шаклларнинг илдизлари тошбитиклар қадар қадимий. Қолаверса, бизга нотанишдай туюлаётган аксарият шаклбозликлар жаҳон адабиётида қачонлардан буён мавжуд анъаналар “ўзлаштирилиши”, холос. Бугун баъзан таржималарни ихтиро тарзида тақдим қилишдан андиша қилмаслик ҳоллари ҳам кузатилади. Умуман эса, ”ўйнаб айтсанг ҳам, ўйлаб айт”, деганида доно халқимиз ҳар нарсада меъёр бўлиши лозимлигини назарда тутган. Санъаткорона тасвир, муносиб ифода, мақбул шаклнинг фикр жозибасига хизмат қилишини унутмаган. Бинобарин, эзгу ният сўзга, сўз амалга кўчаркан, ибтидоси эзгулик эканидан роз айтгувчи нафосатли сўзгина дардманд дилларга гўзаллик ва завқ улаша олади.

7. Билиш субъекти саналувчи танқидчи фаолияти натижаси бўлмиш талқин бадиий матн зоҳиридан ботинига томон тобора чуқур йўналтирилиши ва унга тўла мувофиқ келиши лозим. Мунаққид хоҳиш-иродасига мавқеъ берилган нуқтада холислик барбод бўлади, умумэстетик меъзонлар бузилади. Демак, танқидчининг билим, қобилият, қурб ва имкониятлари ҳар қандай манфаатдорликдан юксак туриши унинг шахслик даражаси, иймон-эътиқодига боғлиқдир. Шарқ фалсафий-эстетик тафаккури уқтиришича, инсоннинг бандалик мақомида “хом сут эмган”лик бор. Шу боисдан, чин ҳакамлик қилиш унинг аъмоли эмас. Зотан, одам боласи ўз руҳий билимлари билан объектларга хос чексизликни қамраши имкондан хориж. Инсон онги мутлақ ғоянинг таркибий қисми. Бинобарин, қисмнинг бутун ҳақидаги фикри оҳиста ва вазмин бўлиши зарур. Демоқчимизки, чинакам бадиий асарда ижодий илҳом онларига дахлдор маънавий-руҳий баландлик моддийлашади. Унга билдирилаётган муносабат танқидчигагина эмас, балки умуминсоният манфаатларига зид бўлмаган миллат, жуғрофий макон, минтақа, дин, эътиқод ва жамиятга дахлдордир. Бугунги кунда ана шундай ижтимоий-эстетик тафаккур услубининг тобора барқарорлашаётгани кишини қувонтиради.

Албатта, барча мунаққидларимиз ҳам ўз хоҳиш-истакларини енгиб ўтишга қурб топяпти, дейиш қийин. Начора, ижтимоий-ахлоқий моҳиятни ўзида мужассам этувчи индивид сифатида алоҳида шахс бўлиб шаклланиш жараёни жўнгина ҳодиса эмас. Агар мунаққид тиғиз муносабатлар тизими билан қамраб олинган қисқа умрида ижтимоий-тарихий тажрибага зид бораркан, унинг “ақидапарастлик”, “провинциализм”, “авторитаризм”, “эгоизм” сингари нохуш муносабатлар доирасида қолиб кетиши, ўз манфатлари қули ва бошқа турфа иллатлар қурбонига айланиши тайин. Энг ачинарли жиҳати шундаки, бундайлар наздида фазилатлар нуқсон, нуқсонлар эса фазилат бўлиб кўринади.

Адабий жараёнда анъана ва новаторлик ўртасида диалектик алоқа мавжуд. Зотан, ҳар қандай бадиий-эстетик янгилик адабиёт тараққиёти ички омилини таъминлаши, бадиий тафаккур ривожига сезиларли таъсир этиши ва ниҳоят, анъанага айланиши билан характерланади. Демак, истеъдодли сўз заргари ўз даври учун муҳим бадиий-эстетик эҳтиёжларни чуқур ҳис этади. Улар маънавий-руҳий оламида берган акс садоларни тинглар экан, анъанага эҳтиромли муносабатда бўлади. Шу асосда мазмуний, шаклий, ифодавий, жанрий, ритмик-интонацион ва бошқа новаторликлар юзага келади. Илло, адабиёт ривожини ворислик билан бир қаторда, поэтик фикр ва туйғу ҳаракатининг юқорироқ шакл ва ифодаси сари талпиниш белгилайди. Демак, ижодкор шахсини белгиловчи услуб категорияси шунчаки поэтик инкор эмас, балки моҳиятан инкорни инкор қонунига асосланади.

Шахсан мен юқоридаги қонуниятдан хорижда қандайдир эски ва янгилар кураши мавжудлигини билмайман. Ҳар бир янги яратиқ бетакрор тили ва услубига эгалиги билан оригиналлик касб этади. Қолаверса, “адабий анъана” дегани “ижодий фаолият учун намуна бўла олувчи қаймоқ қисм” ни англатади. Бугун ўтмиш адабиётига ижодий муносабат нисбатан фоллашуви, жаҳон поэтик тафаккури сари юз буриш жадаллашуви пировардида салафлар тажрибасини ўзлаштириш долзарблашгани белгисидир. Адабий жараённи кузатаётган ҳар киши яхши биладики, ҳозирги ўзбек адабиётига бир неча авлод вакиллари самарали улуш қўшиб келишмоқда. Бизда тақир ерда бунёд бўлаётган адабиёт мавжуд бўлмаганидек, ворисийликка боғланмаган, ютуқларни ижодий ўзлаштирмаган авлод ҳам йўқ. Бордию шундай ҳодиса содир бўлса, адабий қиёфасизлик юзага келарди. Адабий анъана замини бўлмаган (хусусан, реализм ёки романтизм бағрида куртак­лари етилмаган) бирорта “бегона” жанр, услуб, адабий йўналиш ёки оқимнинг бизда илдиз отиши, миллий адабиётни бойитиши ва трансформацияга учраши мумкин эмас. Кимки ўзи мансуб бўлган адабий мактаб, кенгроқ маънода адабий йўналиш дастури, миллий адабиётимиз ривожи моҳиятини чуқурроқ англаб етмаган тақдирдагина ғоявий-эстетик қарашлари, ижодий принципларини мутлақо янгилик деб билиши мумкин.

9. Адабиёт кўнгил сокин буржларига сафар асносидаги биринчидан: туюлган қаноат, соғинилган эрк, эзгу ният, мунаввар орзу, тотли энтикиш, самимий изҳор, беғараз ишонч, бетаъма мурувват, беадоқ умид, бетимсол сабр, кечиккан тазарру, фузун хаёл, нажоткор таскин, мусаффо кулгу. Иккинчидан: безовта ўй, шикаста изҳор, сўнгсиз қайғу, ғамгин изтироб, эзғин нола, адоқсиз нафрат, маъюс хотира ва ҳоказолардир. Ҳар иккала ҳолатда ҳам бу маскан юрак амри, дил истаги ҳамда ҳис-туйғу, кечинмалар манбаи бўлган кўнгилга дахлдордир. Адо этилиши мажбурий бўлган вазифа – бурчни ўтамоқ “мажбурий”лиги ва кўнгил тилакларига садоқат ўртасида зиддият мавжудми. Албатта, инсоният тарихида собиқ шўролар тузуми сингари қалам кўнгил истагига кўра юрмайдиган даврлар ҳам бўлган. Аммо мен жадид адабиёти вакиллари ўз кўнглига зид бориб, давр тақозосига кўра яшаб ўтганлигига ишонмайман. Чунки жадидчилик моҳиятан кўнгилларда куртак ёзиб, сўнг адабиёт ва жамиятга кўчган. “Кеча ва кундуз” мисолидаёқ аён бўладики, Чўлпон ўттизинчи йилларнинг иккинчи ярмигача заҳматидан қаноат туймай қалам сурмаган. Ш.Раҳмон “рубобий” шеър­ларни орзулаши эса концептуал фикр-туйғу эмас, балки оний кайфиятдир. Демак, гап маслак ижтимоий негизининг умуминсоний, миллий ва кўнгилга яқин моҳиятига дахлдордир. Назаримизда, реализм доирасида истеъдод билан битилган чинакам бадиий асарлар учун бундай дуалистик ҳақ талашишларига эҳтиёж йўқдай кўринади.

10. “Жиддий” ва “омма” адабиёти деган тушунчалар қалам аҳлини истеъдод ва истеъдодсизларга, поэтик фикр ва ифода тарзига масъуллар ва маҳсулотни сотишни кўзловчиларга, китобхонни ҳам хослар ва авомга ажратиб қарашни тақозо этади. Бундай қараш илгарилари ҳам мавжуд эди. Қизиғи, ўша пайтларда фольклор асарлари оммавий бўлгани ҳолда, бундан ҳеч ким, ҳеч қачон нолимаган. Англашиладики, тараққиёт шиддати, фан ва техника ривожи оммавийлик мазмунини ўзгартирган. Шундай экан, гап биринчидан, адабий таълимга эътибор, китобхонлик савиясини ошириш орқали интеллектуал ўқувчилар миқдор ва сифатини янада юксалтиришга келиб тақалади. “Хос”лар салоҳиятига шубҳам йўқ. Аммо ҳозирча уларнинг “аристок­рат” ва “элита” эмаслигини эътироф этиб, оммадан ўсиб чиққани ҳолда, унга янада яқинроқ бўлишни тузукроқ эплашга журъати етмаётгани ҳам маълум. Зотан, жиддий адабиёту санъат тараққийси ва тарғиботи хушёр жамоатчилик ҳимоясига муҳтож. Буни теран ҳис қилиб, ишларни шунга мувофиқ тарзда йўлга қўйиш бугунги кун тартибидан тушган эмас. Иккинчидан, муттасил ривожланишда бўлган поэтик тажриба китобхон дидини юксалтириш, нафосат туйғусини ўстириш асносида маданий аурани мустаҳкамлай боради. “Енгил адабиёт”да меъёр масаласи англаб етилади. Шуниси аниқки, “кўнгилхушлик” кўнгилни бездиради ҳам. Замон, қалб, тафаккур кўзгуси бўлмиш бадиий тил алоҳида асарлар ва алоҳида адиб учун хос ҳодиса. Сўз муносабат воситаси, уни ҳис этмоқ эса, эстетик дид камолоти билан боғлиқдир. Миллий чизгилар ёрқин ифодаланган асарларни сунъий адабиётга қарши қўйиш, адабий жараёнда кузатилаётган чучмаллик ва яланғоч тасвирлардан илмий-адабий иқлим ва жамоатчилик ихлосини қайтариш йўлида уринишлар изсиз кетмайди. Адабий жараёнда кечаётган бу каби тозаришлар қалам аҳли давр солномасини яратишдаги ўрни, сўзга эргашиш масъулиятини англаётгани, бу борада йиғилиб қолган адабий-эстетик муаммоларга жиддий эътибор қаратаётгани, ижодкор шахсияти, маънавий интизомига хос изчилликка интилаётганини кўрсатади. Афсуслар бўлсинки, қалам аҳли ижод лабараториясига олиб кирувчи битиклар бизда нисбатан кам. Устоз сўз санъаткорлари маҳорат мактаби ва эътирофларига бўлган эҳтиёж эса ғоят беқиёсдир.

Умуман, мен китобсевар халқимиз авом эмаслиги, адабиётга муносабат муаммоси ижобий ҳал этилишига ишонаман. Ижодкорликка даъвогар кимса миллий ва умуминсоний моҳиятда ҳис қилган ҳақиқатларини инсон қисмати орқали ифода этиш, китобхонлар тафаккурини поклаш, руҳиятини ингичкалаштиришдан муҳимроқ вазифаси йўқлигини англамоғи зарур. Демак, қизғин фаолият маҳалида сусткашлик ва хаёл суришдан фидоийлигу шижоат афзалроқ.

 

Абдунаби Ҳамро жавоблари:

1. Мен, гарчи адабиётшунос олим ёки танқидчи бўлмасам ҳам, бир қаламкаш сифатида журнал саҳифаларида кўтарилган масалаларга ўз муносабатимни билдириш, шу баҳонада кўпдан ўзимни ўйлантираётган фикрларни ўқувчилар билан ўртоқлашишни ният қилдим. Аввало, бугунги кун учун жуда зарур масалалар ўртага қўйилганини таъкидлашни истардим. Энди бугунги адабий авлод масаласига келсак, менимча, у ­бор ва имкон қадар ижод қиляпти. Ўзингиз айтганингиздек, ҳар бир янги адабий авлоднинг ўз кредоси бўлади. Бўлиши зарур ҳам. Бўлмаса, у “адашган авлод” ёрлиғини тақишга мажбур. Назаримда, нафақат бугунги адабий авлоднинг, балки барча замонлардаги қўлига қалам тутган ижодкорнинг олдида битта савол туради: нимани ёзиш керак ва қандай ёзиш керак? Тўғри, давр эврилишлари ёзувчи ёки шоирни баъзан публицистикага бошлайди, у “чарх авзойи”га қараб, позициясини ўзгартиришга мажбур бўлади. Аммо замона қай тарзда турланиб тусланмасин, ижодкорнинг асосий вазифаси ўзгармай қолаверади: у инсон кўнгли ва руҳини тадқиқ этишга мажбур. Аслида, Адабиётнинг зарурати нимада, сўз санъати керакми ўзи? Албатта, керак! Унинг зарурлиги шундаки, у Тангрининг қудрати билан одамзод кўнглининг тубида, онгости дунёси қаърида яшириниб ётган ёвузлик унсурларининг урчиб, юзага чиқишига, оламни зулмат қоплашига йўл қўймаслиги лозим. Барча даврларда ҳам унинг энг асосий вазифаси инсониятни эзгуликка етаклаш бўлиб келган ва шундай бўлиб қолиши керак.

Бугунги адабий авлод ижоди ҳам бундан мустасно бўлмаслиги керак. Бадиий сўз қиммати, қудрати ва унинг масъулияти ўзгаргани йўқ. Тўғри, сўз ва мушоҳада эркинлиги масаласида бугунги қаламкаш ўзининг салафларидан пешонаси ёруғроқ, буни қадрлаш керак. Қолаверса, ҳар бир авлод олдида кўндаланг турган муаммолар бугун ҳам мавжуд. Бугунги қалам аҳлининг асосий бурчи, менимча, гўзал фикрни гўзал тарзда айтиш, шу орқали ўқувчилар дилида эстетик завқ уйғотишгина эмас, ана шу имкониятларни берган замонни авайлаб асраш ҳамдир. Тинчлик ва ижод имконияти бўлмаган жойда кўп нарсага эришиб бўлмайди. Хулоса шуки, ижодкорлар мансуб бугунги авлод олдида ҳам яхши ёзиш, шу орқали ўқувчида ҳайрат уйғотиш, кўнгил ва руҳият қатламларидаги сирларни очиш, шундоқ ҳам ғамзада бўлган дунёни одамзоднинг ёвузлигидан огоҳ этиш, уни ҳушёрликка чорлаш вазифаси турибди.

2. “Изм”лар ҳамиша бўлган, бундан кейин ҳам бўлади. Лекин одамзоднинг феъли шунақа: у бир хилликдан тез зерикади, янги ва қийинроқ мушкулотлар ахтара бошлайди. Назаримда, турли адабий оқимларнинг пайдо бўлишида нафақат ижодкорлар, барча замонлардаги ҳукмрон мафкуралар ҳам ўз “ҳисса”ларини қўшишган. Соцреализм бунга мисол бўла олади.

Ранг-баранглик авлод деган тушунчани асло инкор этмайди, ҳаётда ҳар ким суйган ошини ичади. Дунёни бадиий-эстетик идрок этишда якранглик бўлмаслиги керак, аслида. Агар шундай ҳолат юз берса, билингки, қайсидир оқим ҳукмронликка эришиб, бошқаларининг овозини бўғишга бел боғлаган. Ҳар бир инсон, жумладан, ижодкор ҳам, шахс, индивид экан, у дунёни ўзгалардан айрича тасаввур этади ва ўз билганича фаҳмлаб, унинг акс-садосини кўнглию руҳига ўзига хос тарзда қабул қилади. Бир хил фикрлайдиганлар, дунёни бир рангда кўрадиганлар жамияти ё мустабид салтанат ва ёхуд биороботлар мамлакати бўлади. Бу фикрлар эса “бугунги адабий авлод” деган тушунчани асло инкор этмайди, аксинча, имкониятларга бой авлод шаклланиб келаётганини тасдиқлайди, холос.

3. “Ҳақиқий адабиётда ҳар икки оламга ишора бўлмоғи ва, энг муҳими, бундай адабиёт ҳар икки оламдан туртки олиб яратилмоғи керак…” Улуғбек, бу менинг айни кўнглимдаги гап. Мана шу фикрнинг ўзи жанрлар ва адабий оқимлар ўртасидаги Хитой деворининг нураб бораётганини кўрсатмайдими? Модомики, ўн саккиз минг олам мавжуд, Инсон эса коинот гултожи экан, нега биз ҳамон бу “гуноҳкор замин”дан йироқ кетолмаяпмиз? Нега ҳануз “мистика, фантастика” деб, айрим асарларга, уларнинг муаллифларига беписанд қараймиз? Алпомишнинг ўн тўрт ботмонли, пайкони тоғ чўққисини ўпириб кетган парли ёйи лазерга, Гўрўғлининг қиндан чиққанда қирқ газ чўзилувчи шамшири фантастик асарлардаги қурол-нейробластерга ишора эмасми? Ҳазрат Навоий “ойнайи жаҳоннамо” орқали нима демоқчи эдилар? Узр, сезиб турибман, сиз кўпроқ руҳий олам кашфини назарда тутгансиз, мен бироз “майдалашдим”, лекин барибир… Эсимда, Маркеснинг “Танҳоликнинг юз йили” асарини илк бор ўқиганимда “Нега китобнинг бошига унинг фантастик роман эканлигини ёзиб қўйишмабди?” дея ҳайрон бўлганман. “Дон Кихот”, “Гаргантюа ва Пантагрюэл”, “Граф Монте Кристо” сингари асарларга бугунги “компьютерлашган авлод” болалари ишонмаса, ажабланмаслик керак. Аммо биз ишонамиз, шу боис ҳам улар асрлар бўйи яшаб келяпти.

Шоҳ Машраб айтмоқчи, “онқадар нурга тўлиб” ёзсагина, ижодкор “Тоқ, Арш, Курсию Лавҳ”ни худди рўпарасида тургандек кўра олади. Бироқ таассуфки, бобомерос ҳадик, мўъжизага ишонмаслик ва ҳайратнинг сўнгани йўлимиз, қўлимизу тилимизни боғлаб турибди ҳамон. Кўнгил уйини яхшилаб тозалаш керак, шекилли… Улуғлар ҳам бу мақомга бирданига эришмагандирлар, шундай экан, турли экспериментлар қилаётган ёшларни тушунишга уриниш лозиммикан, деб ўйлайман.

Голливуд фильмларидан бирида (бош ролни Жет Ли ижро этган) бир шахснинг бир неча ёндош оламларда мавжудлиги, фақат параллел дунёларда унинг касби, феъл-атворию мақсади турлича эканлиги ҳақида ҳикоя қилинади. Мана коинот теранлиги, мана сизга тириклик жумбоғи… Менимча, одамзод – сирларнинг ҳам сири, уни кашф этиш учун ҳар қандай восита ўзини оқлайди. Аслида, илоҳиёт, фалсафа, адабиёт, санъатнинг мақсади кабилар ИНСОННИНГ КИМЛИГИНИ БИЛИШга қаратилган эмасми? Шундай экан, туш ҳам, онгости дунёсидаги информацион қатлам, яъни аждодлар хотираси ҳам, башорату кароматлар ҳам “Қайдан келдигу қайга кетурмиз?” дея бошини чангаллаб турган инсонни англашда ва англатишда ижодкорга кўмак бериши аниқ.

4. Бу ҳақда, худди бошқалар каби, мен ҳам кўп ўйлайман. Бир қарашда, адабиёт бугун ҳам Эзгуликнинг ёнида туриб, Ёвузликка қарши курашаётгандек. Адиблар умуминсоний ғояларни тараннум этиб, асарлар битишяпти, ижобий қаҳрамонларни ўқувчиларга ибрат қилиб кўрсатишмоқда, кимлардир ана шу асарлардан тегишли хулосалар чиқараётир. Булар бари яхши, албатта. Бироқ бугун кўп такрорланаётган бир фактдан ҳам кўз юмиб бўлмайди: кўчаки қиссахонлик (бульварная чтиво) “Мен ҳақиқий адабиётман!” деган даъво билан чиқмоқчи. Ҳафтасига битта “китоб” чиқариб, ўзини Толстой санайдиганлар кўпайиб бораётир. Чинакам детективнинг кўчасини етти маҳалла наридан айланиб ўтадиганлар ўзларини ушбу жанр қироли ҳисоблаб, “сариқ матбуот” саҳифаларини тўлдиришмоқда. Ва, энг ёмони, ёшларнинг кўпчилиги айнан шунақа битикларни ҳақиқий адабиёт, деб ўйлашяпти. Бу – жуда хавфли ҳолат. Бу – “оммавий маданият” тегирмонига сув қуйишдан бошқа нарса эмас.

Энди чинакам миллий адабиёт кимнинг ёнида эканлигига келсак, менимча, у фақат ва фақат инжа сўзни теран тушунадиган, завқи баланд, ҳайратлари тирик ва яхшиликнинг ғалабасига ишонадиган ўқувчилар ёнида туриши лозим. “Мен ўз сўзим билан дун­ёни ўзгартира оламан!” деб ишонч билан ёзадиган адибга ишонадиган ўқувчи ҳамиша топилади. Тўғри, чин адабиёт муҳиби ҳам, “сариқ матбуот” шайдоси ҳам халққа бирдек мансуб, аммо адабиёт ўз қадрини билганлар билан бирга бўлади. Демак, адабиёт бугун Эзгу Ниятнинг ёнида. Нима учун? Чунки гўзаллик жуда нозик бўлади, у ҳамиша муҳофазага муҳтож. Ана шу толмас муҳофиз эса Адабиёт деб аталади.

5. Постмодернизм ҳали ўзбек миллий адабиётига сезиларли таъсир кўрсатгани йўқ, менимча. Икки-уч роману қисса, беш-ўнта ҳикоя билан унинг таъсирини яққол англаш қийин бўлса керак. Эҳтимол, мен янглишаётгандирман, бироқ ҳар қандай адабий оқим, аввало, макон излайди. Ўзининг миллий менталитетидан буткул айрилиб, аросатда қолган бирор миллат умргузаронлик қилаётган ҳудудда улар ҳосилдор заминга тушган уруғдек гуркираб ўсиши мумкиндир, балки. Бироқ ўзбекнинг бой миллий-маданий мероси бор, миллатнинг генида ўзига хослик, бошқаларга ўхшамаслик бор, унинг онгости дунёсида буюк боболарнинг МИЛЛИЙ меросига дахлдор қадриятлар ётибди. Мисол: бугун турли эстрада гуруҳларининг шовқин-суронли, жазавага тўлиқ чиқишларига ирғишлаётган ўсмир қирққа киргандан сўнг албатта “Муножот” ёки “Қаро кўзим”ни истаб қолади. Нега? Чунки унинг қонида бор бу иштиёқ. “Суяк суради” дейди халқ бундай ҳолни. Постмодернизм ҳам юқорида айтилгандек, дунёни ва инсонни англашга бўлган уринишлар жараёнида адабиёт дуч келган бир восита, холос. Ушбу оқимда ижод қиладиганлар орасида ўзим ёқтирадиган ижодкорлар ҳам талайгина, инкор этмайман. Баҳром Рўзимуҳаммад шеърларини яхши кўраман. Лекин узр сўраган ҳолда айтай, насрда ҳали постмодернизмга мансуб бўлган, юрагимни жизиллатган асарга дуч келмадим. Билмадим, балки мен пойтахтдан олисда яшаб, адабий жараёндан орқада қолгандирман. Ишқилиб, агар Мавлоно Румий ва ҳазрат Навоий дастурхонидан тўкилган ушоқларни териб ва унга бироз ранг бериб, ўқувчига тақдим этаётган Ғарб носирларига эргашиш (тақлидчига тақлид қилиш) постмодернизм саналса, менинг бу оқимга унча майлим йўқ. Бир нарсани аниқ биламан: оёғи миллий заминдан узилган ҳар қандай санъат тури ҳалокатга маҳкум. Дарахтнинг баргига қанча сув пуркаманг, агар илдизи қақроқ ер қаърида бўлса, қуриши аниқ. Мен бошқа оқимлар қатори постмодернизмнинг ҳам ўзбек адабиётида яшашга тўла ҳаққи бор, деб ўйлайман. Лекин бир куни келиб унинг етакчи оқим бўлиб қолишига ишонмайман.Чунки миллат руҳи оғриниброқ қабул қилган нарса бу заминда узоқ яшай олмайди. Яшаган тақдирда ҳам эътибор топиши даргумон.

6. Аслида, “оммавий маданият” деган бало, ўша Сиз айтаётган, ўйинлик хусусиятидан озиқланмасмикан? Хавфсирашингизга тўла асос бор, деб ўйлайман. “Сен ўйлама, сен учун бошқалар бош қотиради, сен бемалол айшингни суравер” қабилидаги “имтиёзлар” бера олгани туфайли ҳам бу маккор “маданият” ёшлар орасида тарқалиб, тобора хавфли тус олаётир. Лекин ишонаманки, юксак маънавиятли халқ бу каби ўткинчи ўйинларга кўпда эътибор ҳам беравермайди. Бир ижодкор дўстимизнинг “Мени бир йиғлат!” деган севимли ибораси бор. СЎЗ билан, дардли қўшиқ билан йиғлашни истайди у. Йиғлаб, руҳини покламоқчи, кўнглини бўшатмоқчи. Лабиринт ёки бошқотирма асар билан одамни йиғлатиб бўлмайди, унинг асабини эговлаш мумкин, холос. Машраб бобомиз айтган гап ҳамон долзарб: “Дилда дардинг бўлмаса, дарди саримни кавлама”.

7. “Бугунги ўзбек адабий танқиди мавжуд ҳақиқатни қай даражада ўзида акс эттирмоқда?” деган саволга мен бир холис ўқувчи сифатида “60-70 фоиз атрофида” деб жавоб берган бўлардим. Фикримни далиллашга уриниб кўраман: аввало, Сиз айтган “холислик даражаси” ўртачадан пастроқ, назаримда. Шахсий муносабатлар етакчи планга чиққандек. Қолаверса, “сиздан угина-биздан бугина” деган тамойил кучайиб бораётир. Агар Фалончиев ўз газетасида Пистончиевнинг ҳикоясини чоп этса, Пистончиев бошқа нашрда унинг асарларини шедевр даражасига опчиқиб мақтайди. Яъни қўл-қўлни, иккови бирлашиб юзни ювади. Иккинчидан, танқидчилар ва адабиётшунос олимларимиз фақат пойтахт адабий муҳитини эмас, вилоятлардаги аҳволни синчковлик билан кузатиб боришлари керак, деб ўйлайман. Мен ўзим вилоятда яшаб, ижод қилаётганим учун бу гапни айтаётганим йўқ. Айтмоқчиманки, вилоятлардаги ёзувчилар орасида ҳам бақувват асарлар битаётганлари талайгина, улар ҳам ўз холис баҳосини олишга ҳақли. Уларнинг айби пойтахтдан олисда яшаганими?! Улар Тошкентда китобини чоп эттиролмайди ёки ижоркорларнинг кўпчилигига хос бўлган, табиий уятчанлик боис ўз қобиғига ўралиб яшайверади. Демак, агар адабий танқид назарига тушмаса, улар орасидан янги Қаҳҳор ёки Рауф Парфи етишиб чиқса ҳам, биров билмайди.

Жасоратли адабий танқид етишмаётганлиги ҳам бор гап. Тан олиш керак, аксарият қалам аҳлининг тирикчилиги ўзига ярашароқ. Лекин “шиғир” ёзишга ҳавасманд бойваччалар ҳам топилиб турибди. Чўнтаги қаппайган шунақалар бир бечора шоирга фалон пул бериб, китоб ёздиради, ўз номидан чоп эттириб, бутун мамлакатга тарқатади. Табиийки, шоир бу китобни наридан-бери, “кўнглидан эмас, қорнидан чиқариб” ёзади. Ана шу “асарлар”ни ким баҳолаши керак? Ёки бўлмаса, юқорида айтилган “детектив усталари”нинг китоблари қай тарзда, қачон ва ким томондан холис баҳоланди? Мен бундай ҳолни учратганим йўқ.

8. Янгича ёзиш ҳақида ўйлаш билан янгича ёзиш ўртасида катта фарқ бор. Ҳар бир ижодкор (агар у чинакам, дилда дарди бор ижодкор бўлса) адабиётни муҳаббатга қиёслайди, “они янгортаман” (уни янгилайман) деб ўйлайди. Менимча, бу уринишнинг тағин бир сабаби – ижодкор кўнгли ва руҳиятидаги буюкликка бўлган пинҳон даъвогарлик. Яшириб нима қилдик, ижод кишисининг дил тубида, энг яширин қатламларида “мен буюкман” деган бемаъни иддао ётади. Бу туйғу уни чинакам улуғлик чўққисига кўтариши ҳам, хароб қилиши ҳам мумкин.

Мамлакат мустақилликка эришганига 22 йил бўлди, лекин кўпчилик ҳамон улуғ боболар номини санаш ва улар билан оғизда фахрланишдан нарига ўтгани йўқ. “Ҳой, барака топгур, сен ўзинг қайси ишни қойил қилиб қўйдинг?” дейдиган валломат қани? Менимча, ниятни яхши қилиб, белни маҳкам боғлаган кўйи эзгу амалларга уриниб кўрган маъқул. Бирда бўлмаса, бирда нимадир чиқиб қолар, ахир?!

Давомийлик, ворисийлик ҳам керак, акс ҳолда, янгига маҳлиё бўлиб, миллий заминдан оёғимиз узилиши мумкин. Лекин, менимча, ворисийлик тақлидга олиб келмаслиги шарт. Чунки энди иккинчи Қодирий ҳам, Тоғай Мурод ҳам туғилмайди. Адабиётга “ксеронусха”нинг кераги ҳам йўқ. Топиб айтилган гап: эскига суянган кўйи, унинг замирида янгини яратиш. Назаримда, энг мақбул йўл шу.

9. Менимча, бу ўринда масалани унчалик чуқурлаштиришга ҳожат йўқ. (Чунки сўз деган нарса лабиринтга ўхшайди, кўпайган сари кўпроқ чалкаштираверади). Агар қаламкаш ўз бурчини ҳалол бажарса, унинг битикларидан лоақал битта мажруҳ кўнгил шифо топса, демак, у ўз фуқаролик бурчини бажарган бўлади. Ижодкорнинг ижоди эзгуликка, Ватан равнақига, миллат тараққиётига хизмат қилсагина, унинг ижодкорлик бурчи фуқаролик бурчи билан уйғунлашиб кетади.

10. Бу саволнинг жавобига юқорироқда ҳам тўхталгандим. Масалан, санъат мисолида олиб қарайдиган бўлсак, Бухорода “Шашмақом” – хослар санъати”, “Мавриги” – омма санъати”, дейдиганлар ҳам бор. Унда, Навоий хослар шоирию Яссавий омма шоири бўладими, дегингиз келади. Жиддий адабиёт ва “омма адабиёти” пайдо бўлаётгани, афсуски, бор гап. Чинакам истеъдод билан битилган асарларни кенг тарғиб қилиш, халққа, айниқса, ёшларга етказиш жуда муҳим. Назоратни кучайтириш, “сариқ матбуот”нинг томорқасига тош отиш билан ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Ҳақиқий адабиётни “кўчаки қиссахонлик”дан ҳимоялашнинг ягона йўли барчага бирдек манзур бўладиган яхши асарлар ёзиш ва уларни имкон қадар тарғибу ташвиқ этишдир.

Мухтасар фикр шуки, чинакам ГЎЗАЛ БАДИИЙ СЎЗ ҳамиша ҳам бўйга етган қиздек нозик ва ҳимояталаб бўлиб келган. Мезонлар, қадриятлар ўзгарадиган, меъёрлар унутиладиган замонларда-ку, инчунин. Тарихнинг бурилиш паллаларида адабиётга ҳамиша қийин бўлади. Адабий танқид ўз вазифасини бажариши лозим. Адабиёт ўзлигини асраб қолиши учун телевидение, радио ва интернетдан ҳам унумли фойдаланиши керак.

 

Хурсандбек Тўлибоев жавоблари:

1. ХХ асрга келиб, адабиёт ўзининг мавзу-мундарижасини ғоят тезлик билан ўзгартириб юборди. Бу кайфиятга ўтишнинг бош сабаби ҳам Ғарб ва Шарқ ўртасидаги адабий алоқалар, миллатлар ва элатлар ўртасидаги ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий ҳодисаларнинг ўзгариши натижасида, деб қаралади. Чунки жадид шоирлари “замон билан яшамоққа”, бир хилликдан воз кечмоққа шай турдилар. Бунинг асосий сабаби, аввал “достон ўқиб юргувчи халқ”ни саводли қилишнинг усул ва йўсинларини ўйлаб топдилар. “Турон труппаси” ва “Чиғатой гурунги” адабий ташкилотларининг фидойи аъзолари – жадид шоиру ёзувчилари, мунаққиду муҳаррирлари ўзларига бурч деб билиб, сидқидилдан бажаришга киришдилар. Шўро сиёсатининг ғайримиллий ҳаракатларини вақтида теран анг­лаб, унга қарши чоралар кўра бошладилар. Надоматлар бўлсинким, мафкура йўриғида қамчи тутган каслар халқнинг фаол адибу зиёлиларини халқнинг душманига айлантириб, минглаб инсонларни йўқ қилиш пайига тушдилар. Ва улар бу мақсадга эришди ҳам. 60-йилларга келиб, янги бир адабий авлод вояга етди. Уларнинг наздида дунё “тилла балиқча”нинг ҳовузига ўхшаб кўринарди. Уларнинг англаб етган комил ғоялари жадид адибларининг орзули мақсадларини давоми бўлиб қолди. 70-йилларда Мурод Муҳаммад Дўст, Хайриддин Султонов, Эркин Аъзам, Аҳмад Аъзам, Шавкат Раҳмон, Усмон Азим, Хуршид Даврон каби ёзувчи ва шоирлар бу ғояларга янгича шакл ва ифода бағишладилар. “Бу элнинг каттакон кунлари кўпдир” (Ш.Раҳмон), “Ўзингни аяма, бешафқат бўлғил” (У.Азим) сингари сатрлари билан ижод аҳлинию адабиётсеварларни ўзига жалб қилди. Тез орада 80-йиллар авлоди келди. Тан олиш керак, 80-йиллар авлодининг ижоди ҳалигача адабий танқид ва адабиётшунослик томонидан тўлалигича ўрганиб бўлинган эмас. Унда рамзий-мажозий ўзига хос кўринишларни кузатамиз. Ниҳоят, истиқлол даврига келиб, 60-йиллар авлодининг йирик вакиллари Э.Воҳидов, А.Орипов, М.Али, Р.Парфи, Ш.Холмирзаев, Ў.Ҳошимов ўз вақтида орзулаб ёзолмаган асарларини ёзишга киришдилар. Шоирларимиз эса ўзлари талпинган идеалларни тараннум қилувчи шеърларини ёзишни давом эттирди, дейиш мумкин. Бу идеал улкан ғоя ва орзумиз бўлган мустақиллик ва унинг қадр-қийматини теран анг­лаб етиш тушунчаси эди.

2. Бугун биз яшаётган дунё VUCA деб номланмоқда. Демак, (volatiliy (беқарор), uncertainty (ноаниқ), complexity (мураккаб), ambiguity (кўп қиёфали) ўзгарувчан дунёда ижодкор ҳам замон билан ҳамнафас бўлишга, унинг кайфиятига, ўзингиз айтганингиздек, ташҳис бармоғини пульсига қўйиб ижод қилмоғи керакка ўхшайди, назаримда. Ҳамма замонларда бир хил “изм”лардан бошқа бир “изм”лар дунёга келганидек, замонавий ижодкор ҳам ўзининг истеъдод ва фикр салоҳиятидан келиб чиқиб ижод қилмоқни кун заруратига айлантирган. Шундай қилсагина адабиётда ўзининг ўрнига эга бўлади, деган тасаввур йўқ эмас. Чунончи, барча “изм”лар моҳиятида – инсонни англаш ва унинг қалбига янги мазмун олиб кириш, яшашга, ҳаётга ўргатиш, қайсидир маънода ёлғизликдан қутқариш, унга мадад бўлиш, керак бўлса, ҳеч ким ўргата олмаган сир-билимларни етказишдан иборат. Айниқса, ёшлар ижодидаги изланишлар кишини қувонтирадиган даражада эмас. Ижодкорда муҳим саналадиган – бошқаларга ибрат, кези келганда, устоз бўладиган фазилатларнинг биз қатори ёшларнинг баъзиларида кузатилмайди. Нега шундай? Бунинг жуда кўп сабаблари бор, деб ўйлайман. Асосийси – ўрганиш ва изланиш. Шуни эплай олмаган ҳаваскордан бундан ортиғини кутиб бўладими? Авлодларни проф. Ҳ.Болтабоев улар яратган асар қаҳрамонларидан излаган маъқулмикин, деган таклифни ташлаган эди. Назаримда, бу бир томонлама қараш. Адиб яратган қаҳрамон ўз қалбининг барча томонларини қамраб ололмайди. Авлоднинг ҳал қила оладиган қудрати шундаки, унинг яратган асарларини ўқиб, унга муҳаббат қўйган замон кишиси ўша авлоднинг кетидан эргашган эди бир замонлар. Бугун ҳар ким “ўз қалбининг колумби” (О.Матжон). Ижодий эркинликнинг оғир масъулиятини унутиб қўйиб, фаҳш, найрангбозлик каби иллатларни “қаҳрамон” қилиб кўрсатаётган “ёзувчи”лар чиндан ҳам мисқоллаб йиғилган қадриятларнинг илдизига болта уришмоқда. Бу каби тушунчаларнинг топталиши натижасида инсоният бора-бора катта муаммоларга юзма-юз келмайдими?.. Хусусий газеталарга алоҳида эътибор бермоқ керак. Унда берилаётган ҳикоя ва қиссаларда шунчалик ёлғон ва фирибгарликларни “асар”га айлантираётган ҳаваскорлар кўпайиб кетдики, ҳатто номларини ҳам санаб адашасан, киши. Чинакам адиблар куйинчаклик қилаётган бир пайтда бу каби ҳаваскор қаламкашлар ёзган асарлар бодраб ётса, ана шундан оғири йўқ. Майли ёзсин. Ўзбек менталитетига хос оҳангда ёзсин. Уларнинг маданиятимизни бузишга ҳақлари борми?

“Изм”лар ранг-баранглиги ҳам адабиётнинг тараққий қилаётганидан шаҳодат беради. Чунки ранг-баранг, боя айтганимиздек, VUCA дунёсидаги истеъмолчи инсон ўзи истаган нарсани харид қилиш илинжида яшайди. Хусусан, китобларни танлаб ўқигувчи китобхон бугун негадир детектив ва ясама сюжетли киноқиссаларни севиб мутолаа қилмоқда. Бунинг асосий сабаби, ўзингиз адабий суҳбатларда урғулаганингиз каби, ҳаётга прагматик ёндашмоқдир. Жиддий адабиёт ва у олиб чиққан мавзулар ҳақида бош қотиришга вақтлари йўқдек гўё.

Яхши асарларни тарғиб қилишга хизмат қиладиган тадбирларни янада кучайтириш керак. Бу йилги “Китобхонлар байрами” кўрик-танловининг амалий натижаси минглаб китобхонларнинг сони ортишига туртки бўлди, деб айтиш мумкин.

3. Доим такрорлаб юрадиганим Румийнинг ибратли фикри бор, яъни “Ҳамма ўз эҳтиёжларининг ёнида яшайди”, дейди. Баъзан ўйлаб қоласан: мен ҳам бу дунёга сафар қилгани келган инсонман, нега ўзимнинг истеъдодимдан унумли фойдаланиб, жамиятга, халққа бир яхшилик қилиш орзусида иккиланиб қолавераман. Бунинг учун инсон нима қилиши керак? Албатта, китоб ўқиш ва уқиши лозим. Тўрт мисра шеърни яхшилаб ёзиш учун неча бор тер тўкишга тўғри келади. Ёғоч ўйиб, кетмон дастак тайёрлаш учун одам қанча куч сарфлайди. Буларнинг замирида инсонга умид ва рағбат бағишлайдиган бирдан-бир восита борки, унинг исми муҳаббатдир. Ҳар ким ўз касбини теран тушунса, ҳунаридан завқ туйса, ҳайратланса, қувонса, демак, у инсон қилган ишларининг моҳиятида, мағзида эзгулик туради. Ҳар қандай эзгу иш муҳаббат туфайли содир бўлади. “Муҳаббатсиз киши одам эмасдир” деганида Нодира шуни назарда тутган бўлса керак! Одамзод ҳар доим ўзи яратган нарсалардан завқланади. Ижодкор ёзган асаридан қанчалик хурсанд бўлса, ундан китобхон шунчалик фойда топади, ўзини танийди, тақдирига янги-янги мазмунлар бағишлайди. Буларнинг барчасида яхшилик ва эзгулик мужассам. Балки ҳаваскор адиблар ҳам бу ҳақда жиддий ўйлаб кўришлари керакдир. Яхши кўрган соҳам бўлгани учунми, шахсан ўзим адабиёт кишисини учратиб қолсам, ундан ўзимда йўқ нарсаларни ўргангим келади. Албатта, юрагида эзгулик туйғуси бор инсондан ёмонлик чиқмайди. Сўнгги пайтлари тушга ишора адабиётлар яратилмоқда. Туш, бу оламнинг у оламга сафаридир, балки. Нима бўлган тақдирда ҳам, ҳар икки оламда инсон ўзининг қилган амаллари билан қадр топади, сийланади. Яхшилик қилса, албатта, яхшилик қайтади, ёмонлик қилса, бунинг жавоби ҳам ёмонлик бўлади. Шунингдек, ижодкор ҳам ўз халқининг комил фарзанди бўлишни истайди. Биз бу каби масалаларда якдиллик билан ҳаракат қилсак, ўз адабиётимизнинг шарафли йўлларини давом эттира оладиган авлодни тарбия қила оламиз.

70-йиллар авлодининг адабиётимиздаги қилган ўзгаришлари чинакам жасорат намунаси эди. “Ўлдир, ичингдаги хоинни ўлдир”, деб Шавкат Раҳмонлар авлоди мардона чиқди. Назар Яхшибоевнинг аччиқ қисматидан сўз очган Мурод Муҳаммад Дўст элга танилди. Эркин Аъзам, Хайриддин Султонларнинг ҳикоя ва қиссалари маърифат ва маънавиятга чанқоқ дилларга умид бағишлади. Демак, адабиёт ҳар қанча тўсиқ ва қаршиликларга учрамасин, авангард адибу шоирларимиз ботинида ўткир сўзу ҳақиқатни билиш, англаш ва ҳис қилиш мезонлари билан суғорилган юксак ғоялар яшар экан. Буларни ёзиш ўша даврда нечоғли қийин бўлишига қарамасдан, улар баҳоли қудрат ўз асарларида ёритишга ҳаракат қилардилар. Энди мустақиллик яратиб берган чексиз неъматлар, шароит ва йўллардан фойдаланиб, асл адабиётимизнинг буюк келажаги хусусида жиддий бош қотириш пайти аллақачон етиб келди. Бу ҳодисага оз эмас, йигирма йилдан ошяпти. Мен асл адабиёт йўлида фидойилик қилиб, ҳалол тер тўкиб ишлайдиган жонкуяр авлод етишиб келаётганига ишонаман. Фақат ҳозирги ёшларга оқсоқол адибларимизнинг жиндек эътибори бўлса бас, дегим келади.

4. Бизни ўраб турган бу рубъи маскунда эзгулик ва ёвузлик ўртасидаги кураш абадийдир. Буларнинг барчаси адабиёт аталмиш сирли кўчага олиб кирилганда ранго-ранг­лашиб, бошқача тусда жилваланади. Даҳо Толстой ўз кундалигида ушбу фикрларни авлодларга васият қилиб кетгандек: “Ҳар бир ёзувчи ўз асарини қабул қиладиган идеал китобхонларни назарда тутиши зарур. Бундай идеал китобхонлар нимани хоҳлашини аниқ тасаввур қилиш лозим, агар бутун дунёда иккита шундай ўқувчи топилса, – фақат улар учун ёзиш керак.” Толстой “улар” деганида адабиётга фидоий ва ундан ўз қалбига яқин маъно-мазмун қидирадиган ўқувчини назарда тутган бўлиши, табиий. Дарҳақиқат, инсоният учун хизмат қилаётган борлиқдаги жонли ва жонсиз нарсалар ҳамма замонларда – эзгулик ва ёвузликнинг курашидан иборат. Ҳозирги кунда адабиётни шу икки тушунчани тарғиб ва таҳлил қилиш санъати десак, етарли эмасдек. Янги учинчи минг йиллик – технотрон эра кишиси адабиётга бугуннинг кайфиятидан келиб чиқиб баҳо бермоқда. Бир пайтлар суюмли бўлиб ўқилган асарларни бугун ўқисангиз, сабрингиз чидамайди. Чунки адибнинг муҳим гапи кечаги кун учун ғоят суюмли ва муҳим эди. Бугун эса бошқа бир маънога эҳтиёж мавжуд. Демак, умрбоқий асарлар ҳар куни, ҳар лаҳзада яратилмас экан. Эзгулик ва ёвузлик тарғиб қилинарди авваллари. “Нима яхши-ю, нима ёмон” мазмунидаги одамзоднинг кундалик ташвишлари билан боғлиқ шеъру достонлар жуда кўп ёзилган. Авваллари китоб ўқимай туриб бирон мақсадга эришиш қийин бўлган. Бугун эса компьютер билмасдан туриб эришиш мушкул бўлиб боряпти. Ижод аҳли мана шу икки оралиққа кўприк ташлайди. Биз баркамол жамиятни барпо этиш йўлида тинимсиз саъй-ҳаракатлар олиб боряпмиз. Юзлаб тадбирлару танловлар ташкил қилаяпмиз. Президентимиз И.Каримовнинг “Адабиётга эътибор, маънавиятга – келажакка эътибор” рисоласидаги теран мазмунга эга фикрларни ўзимизга бурч ва масъулият қилиб олиб, ижод қилиш даркор. Ахир, адабиётнинг келажаги бугун улғайиб келаётган ёшларнинг ҳам қўлида эканлигини унутмаслик керак. Ёшлар бугун нима иш билан банд? Ўзларига вазифа деб берилган ишларни бажаришнинг нечоғли уддасидан чиқишяпти? Булар муҳим саволлардир.

5. Адабиёт – эртанинг башорати, деган гапларга энди-энди тушуниб етгандекман. Ардоқли адибимиз Шукур Холмирзаев бундан роппа-роса йигирма йиллар олдин бир адабий суҳбатида: “Келажакда ҳикоя, қисса ва роман каби жанрлар ривоят, ҳикоят тарзида бўлади. Чунки ҳамма жанрлар ўзининг умрини яшаб бўлди, энди ҳикоялар ўрнига ҳикоятлар устун келади. Ҳа-ҳа, инсоният ўз аслига қайтади. Бунга жуда оз қолди”, деган эди. Бугунги адабий жараёнда пайдо бўлаётган баъзи ихчам асарлар менга ушбу фикрлар тасдиғидай кўринади.

“Ҳар қандай изм…” Бу фикрларни кўпчилик адабиётшунослар турлича талқин қилишмоқда. Устозлар йўлидан бориб, фикр билдирадиган бўлсак, моҳиятан бир нарса устида тортишаётгандек бўламиз. “Изм”, менимча, илмнинг ривожланиши натижасида турфаланади. Ҳар ким, ўз истеъдод қудратидан келиб чиқиб асар ёзади. Кунимизда ўзини модернист санаб юрган шоир ёки ёзувчи шу йўсинда халқнинг ичига кириб бораман деса, адашади. “Ўткан кунлар”ни ўқиб “роман”ни таниган халқнинг авлодларимиз, ахир. Демак, роману қисса, ҳикояю драма бўлсин, барибир, унинг асл ўзаги сиз эътироф этган ва алоҳида таъкидлаган – реализм билан ниҳояланади. Зулматда адашиб қолган одам алалоқибатда ёруғликка бўлган умид ва ишончи қанчалик мустаҳкам ва қатъий бўлса, теран товланишлар, метафоралар, истиоралар, кинояларга бурканган воқелик ҳам шунчалик ўқувчи қалбида реаллик билан тўқнашади. Шу метафоралар орқали китобхон ўзининг кўнгил туйғуларини тарбиялайди. Дардига дардкаш, ҳасратига шерик ахтаради. Бу эса адабиётнинг ҳаёт билан боғлиқлиги ва шу заминда яшаётган жамиятнинг қайноқ қўйнида яшаётганлигидан шаҳодат беради. Кунимизда қўлма-қўл бўлиб, такрор ўқилаётган “Шовқин”, “Бозор” постмодернча услубда ёзилса, ўзининг ўқувчиларини бунчалик кўп топа олмасди. Шунинг учун ҳам китобнинг ўз тақдир йўли, умри ва ҳаёти борлигига ишонгинг келади…

6. “Ўйин”, “кўнгил очар машғулот”га айланиб бораётгани адабиётдаги ҳақиқий ДАРД­нинг майдалашуви билан белгиланса керак, деб ўйлайман. Дард – иждокор учун сув ва ҳаводек гап. Дарди йўқ одам қўлига қалам олиб нима қилади?.. Адибларнинг сўз қўллаш маҳорати, ифода услубидаги алоҳидалик, бир даврга мансуб воқеликни инкишоф қилиш тамойилларидаги ранг-барангликнинг юксалиши билан ҳам ўлчаниши мумкин. Айтиш жоиз, бугун айрим ижодкорлар ижодни фақат ёзишдан иборат, деб биладигандек. Ёзиш билан ёзишнинг ҳам фарқига кўп-да эътибор беришмаяпти. “Ўйин” ва “бошқотирма”ни эслатадиган асарлар кундалик турмушимизда унчалик аҳамият касб этмаса-да, “бозор адабиёти” деган оламда ошиғи олчи. Балки одамзод вақти келиб ўзига яқин бўлган кечмиш воқеларни истаб қолар, кунлар, йиллар ўтиб, “оғриқлар ва изтироб­лардан” бино бўлган асарларга эҳтиёж сезар.

“Ўйин”га берилиб кетиб…”, бу фикрлар замиридаги ҳақиқат чиндан ҳам ҳар биримизни ташвишга солади. Чунки адабиётни “қисмат” билган адибларимиз бир умр изтироб қўйнида яшаган. Уларга одамзод ДАРДи билан ёлғиз қолиш саодат ҳисобланган. “Сиғиниш”, “илтижо”лар чинакам адибнинг умр мазмунига айлангани учун бундай оғриқли туйғулардан кечиб кетолмаган.

7. Танқидчи асардан нима ахтаради? Фазилатми ё қусур? Эстетик завқни ҳис қилиш даражасида қалб кўзи очиқми, руҳонияти соф ва покми? Бугун шу саволларга жавоб бериш мушкул бўлиб қолди. Бугунги танқидчилик ҳақиқатдан ҳам “ўзининг вазифасини” бажармаяпти. Докторлик диссертацияларда ҳам, номзодлик ишларида ҳам ўқиб кўрилса, шоир ёки ёзувчи даражасига кўтарила олмаган, ўша номни тўлиқ оқлай олмаган адиб­ларни ҳам кўкларга кўтариб мақташаяпти. Бу ғоят ачинарли ҳол. Буюк адабиётимизни хом-хатала асарлар билан тўлдиришга ҳаққимиз йўқ. Бизнинг танқидчилик ҳозирги адабий жараённинг сара намуналарини танлаб олиб, оммага таништириши, керак бўлса, баҳолаб, уларни чет тилларига таржима қилишга тақдим қилишга кўмаклашиши зарур. Бугун биз шундай паллада яшаяпмизки, танқид соҳасида кўндаланг бўлиб турган муаммоларни тўлалигича ҳал қилишнинг уддасидан чиқолмаяпмиз.

“Танқидчи холис бўлиши зарур” дейишади. Ҳақ гап! Лекин холисликни қандайдир шахсий масалаларга айлантириб юбориш ҳоллари кўпроқ учраб туради. Агар адиб ёки шоирнинг феъли ёқмаса – асарлари ҳам йўққа чиқарилади. Ёзувчи нима қилсин, Худо берган феъл-да, деб кетолмайди… Агар шундай қилса, вазият яна бошқа тус олади. Танқидчи ана шу нарсаларни бир чеккага суриб қўйиб, яхшисини яхшига, ёмонини ёмонга ажратиб, саралаб, баҳолаб, керак бўлса, тушунтириб берсин! Шундагина китобхон ҳам, ёзувчи ҳам адабиёт аҳли муҳаббатига мушарраф бўлади…

8. “Эски” ва “янги” тушунчалари ҳақиқатдан ҳам адабиётнинг ривожланишига ижобий маънода таъсир ўтказса керак, деб ўйлайман. Нега деганимизда “эски” ифода шакллари, услуб ва тасаввурлар ўз даврининг воқелигини ёритишда ғоят муҳим бўлган. Давр тубдан ўзгарди деяпмиз-у, ушбу хос кайфиятнинг ўсишида “янгилик” бўй кўрсатади. Бугун ахборот замонида яшаяпмиз экан, кунимизда қўлма-қўл бўлиб ўқилаётган асарнинг эртага ҳеч нарсага арзимай қолаётгани барчамизни ташвишга солади. Бир пайтлар Чўлпоннинг “бир хил, бир хил, бир хил…” деган фикрига жавоб ахтаришга уринган танқидчиларнинг ўзлари ҳам “бир хиллик”ни инкор этиш даражасига етиб борган. Чунки “бир хил”лик адабиётни юксалтирмайди. Адабиёт, худди инсон бармоқлари изи бир-бирига ўхшамагани каби ранг-баранг ва бетакрордир. Лекин моҳият битта: ўзликни англаш ва унга даъват. Ўзликни “ўз” сўзи билан ёнма-ён қўйиб талқин қилганимизда миллатнинг қиёфасини манзаралаштириш мумкин бўлади. Бугуннинг “янги”си кечанинг “эски”сидан тамомила узоқлаб кетолмайди. Фақат унга бошқача тўн кийгизишга интилади, холос! Ахир, ҳамма замонларда муҳаббат тирикликнинг меваси дея қадрланади. Хемингуэй эса ёзувчи учун тўртта адабий ва абадий мавзуни борлигини айтади. Бошқаси эса шу тўртта унсурнинг атрофида жам эканлигини исботлаш йўлидан боради.

“Янги”ча ёзишни ўзига фазилат деб билган ижодкорки бор, ёзсин, аммо ўқувчига бир завқ берсин, эстетик жиҳатдан тарбия олишига ёрдам бўлсин. Улуғ адибларимизнинг шарафли йўлларини матонат билан давом эттираётганлар оз! “Эски”ни инкор этмаган ҳолда, “янги”ни яратиш ҳар бир ижодкорнинг бурчи саналиши лозим. Асл адабиётимизнинг ўқ илдизи ва моҳиятининг асл манбаи мумтоз адабиётимизнинг нодир намуналаридир, дегим келади. Халқ достонларидан тортиб, Мавлоно Румий, Навоий, Машраб, Огаҳий каби улуғларимизга мурожаат этаяпмиз, ҳар бир воқелик бағрига уларнинг фикрларини келтираяпмиз. Демак, янгича ёзилаётган асарларда мумтоз адабиётимизнинг нодир намуналари фонида туриб тасвирлаш одат тусига кирмоқда. Модернизм ҳам, постмодернизм ҳам мумтоз адабиётимизнинг бағридан сув ичмоқда. Воқелик битта – қалбга хос барча қувончу ташвишларни, нафрату муҳаббатни бутун мураккаблигича инкишоф қилиш. Булар бугунги адибларимизнинг кўпчилигида кузатилаётган ҳодисадир.

9. Ижодкор учун ҳар иккиси ҳам муҳим, деган бўлар эдим. Ёзувчи ёзган асарлари билан қадр-қиммат топади. Ўзимиз ҳам атрофда бўлаётган “яхши-ёмон” нарсаларга бефарқ бўлмасликка мудом интилиб яшаймиз. Ҳамманинг кўнглини имкон қадар кўтаришга, керак бўлса моддий-маънавий қувватлашимизга баҳоли қудрат ҳаракат қилиб яшаймиз. Ижодкор – қалбнинг кашшофи. Унинг барча одамлардан ажралиб турадиган битта фазилати бор. У ҳам бўлса, кўнгил кишиси эканлиги. Маърифатли бўлишга чақириш ҳар бир ижодкорнинг бурчи. Оммавий маданиятни қурол қилиб олган баъзи кимсалардан огоҳ бўлишга ҳар куни ҳаракат қиламиз. Энг асосий ҳабиб – бадиий асар эканлигини тушунтиришга киришамиз. Ижодкор ўта бурчли инсон бўлиши керак. Айтган сўзига, ёзган асарига ўзи жавоб бермаса, ўзи амал қилмаса, бошқалар нетиб қулоқ солсин! Муқаддас ўгитларда: Агар ноҳақликни кўрсанг, қўлинг билан унга қарши бўл, бунга ҳам қодир эмасанг, тилинг билан унга қарши бўл, буниям эплолмасанг, дилинг билан унга қарши бўл, дея уқтирилади. Ижодкор учун бу ўгит ғоят муҳим. Ушбу ибратли фикрни ҳаёт шиорига айлантирган ижодкорки бор, мақсадига, ойдин орзуларига албатта эришади.

10. Енгил асарларни адабиёт санаётганлар қаттиқ янглишади. Жамиятнинг комил фуқаросидан тортиб, ҳамма аъзоларигача бу ҳақда қайғурмоғи керак. Бу йўналишда қалам сураётганларнинг пешқадамлари ҳисобланмиш Нуриддин Исмоилов, Каримберди Тўрамурадов, Азамат Қоржововлардир. Азамат Қоржовов асли самарқандлик. “Дубайдаги минг бир кеча”, “Гўрдан чиққан қиз”, “Қил устидаги тақдир” ва ҳоказо асарларида бадиий юк йўқ. Ёзувчининг ўзи Дубайга бормаган-ку, нетиб “Дубайдаги минг бир кеча”ни тасвирлайди?.. Холиёр Сафар, Нигина Ниёз кабилар ҳам шу йўсинда ижод қилишади. Ёки “Бекажон”, “Ҳордиқ”, “Даракчи”, “Сўғдиёна” каби ранго-ранг хусусий нашрларда берилаётган “бозорбоп” “қисса”ларни (аслида, қисса эмас!) ўқиган китобхон Аҳмад Аъзам, Назар Эшонқул, Абдуқаюм Йўлдош, Собир Ўнар, Луқмон Бўрихон асарларини ўқийдими? Бундай ўқувчилар “оммавий маданият”нинг моҳиятини тушунишмайди. Бугунги ёшлар фейсбук ёки “Одноклассник” сайтларидаги воқеаларга ўч. Жиддий адабиёт ўқилмаяпти эмас, ўқиляпти, фақат аудиторияси кичрайди. Бозор адабиётининг эса ошиғи олчи. Ҳар куни битта қиссани тамомлаб, тезда газетада босиб, эвазига саҳифасига йигирма беш минг сўм гонорар олаётган қаламкашларнинг мақcади бошқа. Майли, ёзсин, лекин одамларга нафи тегадиган қилиб ёзса эди. Олмон исломшунос олимаси Аннемария Шиммел қайд этишича: “Оналар баъзан фарзандларини урсалар ҳам шундоқ ургиси келгани учун ёки уриб ҳузур қилиш учун эмас, балки уни ёмон йўлдан қайтариш, тўғри йўлни топиб олишида кўмаклашиш учун уради”. Гап адабий танқид – ҳалол танқид ҳақида. Чинакам санъат аҳли, асл адабиёт яратиш ёки шуни асраб-авайлаш истагида фидойиларча ёниб-яшаётган замондош адибларимиз бор. Уларга шу заҳматталаб, мураккаб ҳаёт йўлларида ҳар биримиз, (кўпроқ она тили ва адабиёти фани мутахассислари) ҳамроҳ, ҳабиб бўлишимиз лозим. Шундагина биз Чўлпоннинг “Адабиёт надур?” деган мангу саволига жавоб топиб биламиз.

“Шарқ юлдузи” журнали, 2013 йил.